Туркия ватандошлари учун виза тартиби соддалаштирилиши ишбилармонлик ва сайёҳликни кенгайтиради

Ўзбекистон Туркия ватандошлари учун виза тартибини соддалаштирди. Эндиликда Ўзбекистонга ишбилармонлик ёки туристик мақсадда ташриф буюрувчи Туркия ватандошлари учун виза уч кун ичида расмийлаштирилади. Бу борада Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 21 октябрь куни қарор қабул қилган. Мазкур ҳужжат Ўзбекистоннинг Туркия билан сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техник ва маданий ҳамкорлигини жадаллаштиришга қаратилган.

Янги тартибга кўра, Ўзбекистонга ишбилармонлик мақсадида ташриф буюрувчи Туркия ватандошларига бир йилгача муддатдаги кўп марталик визалар уч иш куни давомида (ҳужжатлар қабул қилинган кун ҳисобга олинмаганда) Ўзбекистоннинг хориждаги муассасалари томонидан расмийлаштирилади. Шу тариқа Ўзбекистондаги юридик шахсларнинг таклифнома юборишни сўраб мурожаат қилиш талаби бекор қилинди.

Ўзбекистонга сайёҳ сифатида ташриф буюрувчи Туркия ватандошларига бир ойгача муддатдаги визалар ҳам уч иш куни давомида расмийлаштирилади. Бу борада ҳам сайёҳлик ташкилотлари таклифномаларни тақдим этиш талаби бекор қилинди.

Туркия 2007 йилда Ўзбекистон билан виза тартибини бекор қилган бўлиб, Ўзбекистон фуқаролари ушбу мамлакатда 30 кун давомида виза расмийлаштирмасдан юриш ҳуқуқига эга.

Расмий Анқара Ўзбекистон ҳам Туркия ватандошлари учун виза талабини бекор қилишини эслатиб келаётган эди. Хусусан, Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлут Човушўғли ўтган йил ноябрда Ўзбекистонга сафари арафасида ўтказилган матбуот анжуманида иккиёқлама визасиз тартиб ўзаро ҳамкорликка ижобий таъсир кўрсатишини таъкидлаган.

Мутахассисларга кўра, Туркия ватандошларига виза тартибининг соддалаштирилиши биринчи навбатда савдо-иқтисодий муносабатларнинг кенгайиши, ишбилармонликнинг ривожланишига хизмат қилади. Айни вақтда юртимизда Туркиянинг 500 га яқин фирма ва компанияси фаолият юритмоқда. Тўқимачилик, қурилиш, меҳмонхона бизнеси, фармацевтика ва хизмат кўрсатиш каби соҳаларда фаолият юритаётган турк ширкатларида 50 мингга яқин ишчи ўрни яратилган. Виза тартибининг соддалаштирилиши эса Ўзбекистонда Туркия компаниялари сони ошишига олиб келади.

Сўнгги янгиликларга кўра, Тошкент марказидаги 80 гектар майдонни эгаллайдиган Tashkent City халқаро ишбилармонлик марказини ҳам Туркиянинг Tabanlıoğlu Architects компанияси меъморлари бунёд этади.

Виза тартибининг соддалаштирилиши ўзаро сайёҳлар алмашувини кенгайтиришга ҳам хизмат қилади. Аввал хабар берганимиздек, жорий йил 13 сентябрь куни Ўзбекистон туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов ва Туркия маданият ва туризм вазири Нуман Куртулмуш Хитойнинг Чэнду шаҳрида, БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти анжумани доирасида учрашган. Музокараларда жорий йил ноябрда Туризм бўйича ўзбек-турк қўшма комиссияси таъсис этилиши маълум қилинган.

Умуман, Туркия раҳбарияти Ўзбекистоннинг туризм бўйича имкониятларини юқори баҳолайди. Жумладан, Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон 2016 йил декабрда Йилдирим Боязид университети талабалари билан учрашувда туркиялик талабаларнинг Бухоро ва Самарқандга саёҳатини уюштиришни таклиф этган эди.

2016 йил 18 ноябрь куни Самарқандда бўлган Ражаб Тоййиб Эрдўғон Имом Бухорий, Имом Мотуридий мақбаралари, Гўри Мир қадамжоси, Мирзо Улуғбек, Шердор, Тиллакори мадрасаларини зиёрат қилган эди. Ушбу сафардан мутаассир бўлган давлат раҳбари Бухорони Бурсадан, Самарқандни Кўнё ва Истанбулдан айро тасаввур этиб бўлмайди деган хулосага келган.

“Бухоро ва Самарқандни зиёрат қилиб, бу шаҳарларнинг ҳар бир гўшасидаги санъат асарларига мафтун бўлмасликнинг, ҳайрон қолмасликнинг иложи йўқ. Бу жиҳатдан, Бухорони Бурсадан, Самарқандни Истанбул ва Кўнёдан айро тасаввур қилиб бўлмайди. Мен ушбу университетимиз ректорига қулай фурсатда ўша шаҳарларга талабаларимизнинг саёҳатини уюштиришни таклиф этаман”, – деган эди Ражаб Тоййиб Эрдўғон талабалар билан учрашувда.

Туркия ватандошлари учун виза тартибини соддалаштириш тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга сафари арафасида чиқарилгани рамзий маънога эга. Туркия иқтисодиёт вазирлиги хабарига кўра, Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёевнинг 25-27 октябрь кунлари давом этадиган ташрифи Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон таклифига кўра амалга оширилмоқда.

С.Салим