“Ислом давлати” террорчи ташкилоти сафида уруш олиб борган жангарилар эндиликда PYD ва YPG гуруҳлари таркибида бегуноҳ инсонлар қонини тўкмоқда. Бу ҳақда Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Анқарада ўтган маҳаллий кенгашлар раислари билан учрашувда маълум қилган. Туркия етакчиси, шунингдек, PYD ва YPG гуруҳларини тинчлик йўлида ҳаракат қилаётган ташкилот сифатида талқин қилиш хато эканини ҳам таъкидлаган. PYD террорчи ташкилоти PKK тўдаси билан ҳаммаслак экани НАТО кўмагида ўтказилган тадқиқотларда тасдиқланган.
Ражаб Тоййиб Эрдўғон террорчи ташкилотларни шахмат тахтасидаги пиёдага ўхшатиб, ёвузлик устидан чинакам ғалабага эришиш учун қўпорувчи гуруҳлар ортидаги кучлар фитнасига барҳам бериш муҳимлигини уқтирган.
PKK, PYD, YPG – уч номдаги бир ташкилот?!
YPG жангарилари
Расмий Анқара кўпдан бери PYD (Демократик иттифоқ партияси) ва YPG (Халқ мудофааси отрядлари) хатарли ҳаракатлар эканидан огоҳлантириб келмоқда. Хўш, ушбу икки ташкилотнинг хатари нимада?
Хабарингиз бор, PKK (Курдистон ишчи партияси) неча йиллардан буён Туркия фуқаролари ва давлат муассасаларига қуролли ҳужумлар уюштириб келмоқда. Жангари партия, айниқса, 2016 йилнинг июлидан фаоллашиб кетганини кузатиш мумкин. Ўшандан буён PKK уюштирган ҳужумларда 500 нафар тинч аҳоли ва 800 га яқин хавфсизлик кучлари вакили ҳалок бўлган. Ўз навбатида, Туркия ҳуқуқ идоралари амалга оширган операцияларда 8000 га яқин PKK жангариcи ўлдирилган.
АҚШ ва Европа Иттифоқи PKKни террорчи ташкилотлар рўйхатига киритган. Аммо Ғарбнинг кўплаб мамлакатлари, хусусан, АҚШ 2003 йилда Суриядаги курдлар томонидан ташкил этилган PYDни (Демократик иттифоқ партияси) PKKга алоқадорлигини рад этиб, уни қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Таҳлилларга қараганда, PYD – Курдистон ишчи партиясининг Суриядаги шахобчасидир. Мазкур гуруҳ PKK раҳбари Абдулла Ожаланнинг буйруғи билан 2003 йилда ташкил этилгани маълум. Кузатувчиларга кўра, YPG (Халқ мудофааси отрядлари) эса PYDнинг жанговар қаноти ҳисобланади. Айни пайтда ҳар икки ташкилот Курдистон ишчи партияси террорчиларига алоқадор эмаслигини айтиб келади. Бир қатор экспертлар наздида эса, учала ташкилот ҳам бир мақсадни кўзлаб фаолият юритиб келаётир. Масалан, Amnesty International ташкилоти 2015 йил 13 октябрда эълон қилган ҳисоботда YPG Суриядаги араб ва туркманларга қарши ҳарбий жиноятлар содир этгани хусусида сўз боради. Хавотирли жиҳати шундаки, Суриядаги бошбошдоқлик боис PYD ва YPG жангарилари ўз фаолиятини қонунийлаштиришга уринаётир.
Контрабанда, наркотик савдоси ва рэкет
Диёрбакирда PKKга қарши намойиш
“PYD жангарилари Ироқ ва Суриядаги хаосдан фойдаланиб, қурол-аслаҳа сотиб олмоқда. Бундан ташқари, улар Ироқ армияси, шиа исёнчилари, пешмерга кучлари ва Асад тарафдорларининг қурол-яроғига ҳам эга чиқмоқда”, – дейди Туркия Сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий тадқиқотлар жамғармаси (SETA) эксперти Жан Ажун Онадўли ахборот агентлигига берган интервьюсида.
АҚШ 2014 йилдан буён PYD гуруҳига қурол ва ўқ-дори етказиб бераётгани маълум. Эксперт Жан Ажунга кўра, АҚШ ва айрим Ғарб мамлакатлари PYD аъзоларига етказиб бераётган қурол-яроғ ва ҳарбий техника ҳам охир-оқибат PKK жангарилари қўлига тушмоқда. Айни чоқда, туркиялик таҳлилчи ҳам PKK ва PYDнинг илдизи бир эканини таъкидлаган.
Расмий Анқара кўп йиллардан буён PKK нафақат Туркия миллий бирлиги ва давлатчилигига, балки бутун минтақа барқарорлигига таҳдид эканидан огоҳлантириб келади. Таҳлилларга қараганда, контрабанда, гиёҳвандлик моддалари савдоси ва рэкет мазкур террорчи гуруҳнинг асосий даромад манбалари бўлиб қолмоқда. PKK биргина наркотик моддалар савдосидан йилига 1,5 миллирд АҚШ доллари миқдорида даромад олиши ҳақида маълумотлар бор. Туркия хавфсизлик кучлари террорга қарши курашни кучайтираётган бир пайтда PKK чет элдаги фаолиятини жонлантиришга уринмоқда.
Кузатувчиларга кўра, PKK террорчилари айрим Ғарб мамлакатларида қўпорувчи эмас, жабрдийда сифатида қабул қилинаётир. Расмий Анқара буни ўта хатарли ҳол деб ҳисоблайди. Туркия раҳбарияти PKK ва бошқа террорчи тўдаларга асло шафқат қилинмаслигини таъкидламоқда.
Cобир Салим