16 апрель куни Туркияда ўтган президентлик ваколатларини кенгайтиришга доир референдумнинг дастлабки натижаси эълон қилинди. Онадўли ахборот агентлиги хабарига кўра, 99,9 фоиз бюллетенлар ҳисобланганидан кейин 51,2 фоиз электорат (24 325 985 киши) президентлик бошқаруви учун, 48,8 фоизи (23 189 021 киши) унга қарши овоз бергани маълум бўлган.
Мамлакат бўйлаб 167140 сайлов участкаси ташкил этилган. Овоз бериш ҳуқуқига эга 55 миллион 319 минг 222 нафар фуқаро рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 87,28 фоизи ўз конституциявий ҳуқуқидан фойдаланган.
Конституциявий ислоҳотларнинг ташаббускори, мамлакат Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Истанбулдаги сайлов участкасида овоз бераркан, мазкур референдум мамлакат тараққиёти учун муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаган.
Референдумнинг дастлабки натижалари эълон қилинганидан кейин Истанбулда чиқиш қилган Президент Эрдўғон халқ ўз келажаги учун овоз берганини қайд этган. Давлат раҳбари ўз чиқишида 16 апрелни Туркия учун тарихий сана деб атаган ва референдумда бутун халқ ғалаба қозонганига урғу берган. Туркия етакчиси мамлакат бир тану бир жон бўлиб ҳар қандай машаққатларни енгиб ўтишига ишонч билдирган.
Мамлакат бош вазири, Адолат ва тараққиёт партияси раиси Бинали Йилдирий ҳам референдумнинг дастлабки натижаси эълон қилингач, Анқарада чиқиш қилган. Ҳукумат раҳбари овоз бериш жараёнида қонунбузарликлар қайд этилмаганини маълум қилган ҳамда Туркия халқини тарихий ғалаба билан табриклаган.
18-моддадан иборат конституциявий қонун Туркия Президенти ваколатларини кенгайтириш ва унинг мақомини кўтаришни кўзда тутади. Бунга кўра, Президент фармонлар қабул қилиш, вазирларни тайинлаш ва бўшатиш ваколатига эга бўлади. Амалдаги Бош вазир лавозими эса бекор қилинади. Бундан ташқари, қонун Қуролли кучлар ва махсус хизматларнинг бевосита Президентга бўйсунишини назарда тутади.
Янги ўзгаришларга кўра, давлат раҳбари бирор партияда аъзо бўлиб қолиши мумкин (амалдаги қонунчилик Президентнинг бирор партияга мансублигини истисно этади). Мамлакат етакчиси беш йилдан икки ваколат муддатига сайланиш ҳуқуқи эга бўлади.
Сирасини айтганда, ҳокимиятдаги Адолат ва тараққиёт партияси таклиф этаётган Конституциявий ўзгаришлар Туркиянинг парламент бошқарувидан президентлик тизимига ўтишини англатади.
Шунингдек, янги лойиҳага мувофиқ, Туркия Буюк Миллат Мажлиси депутатлигига сайланишга оид ёш чегараси 25 ёшдан 18 ёшга туширилади, парламент аъзолари сони эса 550 нафардан 600 нафарга оширилади.
Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон кўпдан буён амалдаги парламент бошқаруви ўзини оқламаётгани, бугунги қалтис шароитда энг мақбул ечим президентлик тизимига ўтиш эканини таъкидлаб келмоқда. Туркиянинг амалдаги етакчиси президентлик бошқаруви мамлакат тараққиётини янада жадаллаштириб, бошқарув самарадорлигини оширади, деб ҳисоблайди.
“Анъаналаримиздан улги олиб, Туркия учун мақбул президентлик тизимини амалга киритиш вақти келди. Бу мамлакатимизнинг янада жадал тараққиётига хизмат қилади”, – деган эди Ражаб Тоййиб Эрдўғон Қатарнинг “Ал-Жазира” телеканали орқали чиқишида.
Эрдўғоннинг таъкидлашича, янги Конституция ва президентлик бошқаруви давр талаби саналади ва бу тизим бутун халқ манфаатларига хизмат қилади. Пировардида эса президентлик бошқаруви Туркияни қудратли мамлакатга айлантиради.
Эслатиб ўтамиз, конституциявий тузатишлардан сўнг Туркияда парламент ва президентлик сайловлари 2019 йил 3 ноябрда бўлиб ўтиши кўзда тутилган.
Собир Салим
Шу мавзудаги мақола:
Туркияга президентлик бошқаруви қандай афзалликлар беради? 25.02.2017