24 февраль куни Ўзбекистон Бадиий академияси Икуо Ҳираяма халқаро маданият карвонсаройида “Япон таомлари макет намуналари” кўргазмаси очилиш маросими бўлиб ўтди. Икки мамлакат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишланган тадбирда Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ёшинори Фужияма қатнашди.
“Кунчиқар мамлакатнинг ошхонаси жуда оддий, аммо нозик дидли, мазали ва бениҳоя ранг-барангдир. Унинг асосий қонун-қоидалари ўрта асрлар Хэйан даврида шаклланган ва ҳозиргача сақланиб келмоқда. Япон таоми 5 гоми таъмидан иборат бўлиши лозим – ширин, шўр, аччиқ, нордон ва ўткир. Мазкур мамлакатнинг ошпазлари моҳирлик ва зукколик билан олтинчи ўзгача таъмни ҳам очиб берадилар. Бутун дунё япон ошхонасини соғлом овқатланишнинг эталони деб ҳисоблайди”, – дейилади Икуо Ҳираяма халқаро маданият карвонсаройи сайтида чоп этилган хабарда.
Япон ошхонасига мансуб суши (хом балиқдан тайёрланган таом) мамлакатимизда ҳам кенг тарқалган. Бундан ташқари, сашими, онигири, темпура, рамен, удон, соба, мисо каби таомлар Кунчиқар ўлка пазандалиги намуналари саналади.
2013 йилда васёку – япон анъанавий пазандалиги ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мерос рўйхатига киритилган.
Япон анъанавий таомларининг мумдан ясалган макет ҳамда фотосуратлари намойиш этилаётган кўргазма жорий йил 14 мартгача давом этади.
Аввал хабар берганимиздек, Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ҳамда Япониянинг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ёшинори Фужияманинг жорий йил январь ойидаги учрашувида икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги доирасида бир қатор тадбирлар ўтказилиши маълум қилинган эди.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Япония Ўзбекистон мустақиллигини 1991 йил 28 декабрда тан олган. 1992 йил 26 январда ўзаро дипломатик муносабатлар ўрнатилган. Икки томонлама робиталар дўстлик, ўзаро ҳурмат ва ишонч тамойиллари асосида қурилган. 2002 йилдан ташқи ишлар вазирликлари ўртасида доимий равишда сиёсий маслаҳатлашув ўтказиб келинмоқда.
Япония юртимиздаги ислоҳотларга хайрихоҳ ва кўмакчи давлат сифатида эътироф этилади. Кунчиқар ўлка мамлакатимизга кўрсатган молиявий-техникавий кўмак 4,1 миллиард доллардан ошади. Мазкур маблағ соғлиқни сақлаш, таълим, энергетика, транспорт, коммуникация ва бошқа соҳаларда ижтимоий аҳамиятли лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилган.