Пойтахтимизда 30 ноябрь куни Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг “Туркманистон – Буюк ипак йўлининг юраги” номли китобининг тақдимоти ўтказилди.
Шу муносабат билан ташкил этлган тадбирда дипломатик корпус вакиллари, олимлар, профессор-ўқитувчилар ва талабалар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Туркманистоннинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Шири Шириев, Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сунь Лицзе нутқ сўзлаб, ушбу асарнинг аҳамияти ҳақида фикр билдирди.
Ушбу китоб Буюк ипак йўлининг шаклланиш тарихи, Шарқ ва Ғарб ўртасидаги савдо-иқтисодий, ижтимоий алоқаларнинг ривожланиши, маданий-гуманитар ҳамкорлик масалаларига бағишланган. Асарда савдо йўлида Марказий Осиё давлатларининг тутган ўрни, ўзаро ишонч ва тенг шериклик асосидаги ҳамкорлик, яхши қўшничилик анъаналари ҳақида сўз боради. Китоб Туркманистон давлат нашриёти томонидан туркман, инглиз ва рус тилларида чоп этилган бўлиб, у “Жайҳун бўйлаб”, “Қадимги Марв”, “Сарахс ва Анау оралиғида”, “Нисадан Деҳистонгача”, “Қадимий Дашовуз ерларида” ҳамда “Мўъжизавий дунё” каби олти бўлимдан ташкил топган.
Муаллифи ўз асарида Туркманистоннинг иқтисодий муваффақиятлари, миллий иқтисодиётнинг стратегик соҳаларидаги катта лойиҳаларни амалга оширилиши ҳақида батафсил фактларни келтиради. Замонавий Туркманистоннинг ижтимоий-иқтисодий соҳадаги асосий йўналишлари, туркман жамияти олдида турган мақсад ва вазифаларни белгилаб беради.
– Буюк ипак йўли нафақат савдо йўли, айни пайтда халқлар ўртасида маданий-маърифий ҳамкорлик воситаси бўлган, – дейди Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ўқитувчиси Зебо Зарипова. – Ўзбек ва туркман халқлари ўртасидаги тил, маънавий-маърифий қадриятлар ва урф-одатлар ўртасидаги яқинлик ҳам фикримизга мисол бўла олади. Мазкур савдо йўлининг замонамиз талаблари доирасида қайта тикланиши мамлакатларнинг иқтисодиёт, савдо, таълим, транспорт, маданият, сайёҳлик каби соҳалардаги алоқаларини янада жонлантириш имконини беради.
Китобда минтақамиз давлатларининг дўстона муносабатларини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.