Пойтахтимиздаги “Болажон” маданият ва истироҳат боғида китобхонлик тарғиботига бағишланган акция ўтказилди. “Бирга китоб ўқийлик!” шиорида ташкил этилган ушбу акцияда ўқувчи ва талабалар, китоб мухлислари иштирок этди.
Китоб акциясида турли нашриётлар ўз кўргазмаларини ташкил этишди. Ушбу кўргазмалар орқали юзлаб ёшлар таниқли ёзувчи, шоирлар тавсияси асосида тафаккур хазинасини бойитишга хизмат қиладиган бадиий, илмий адабиётларни арзон нархларда харид қилиш имконига эга бўлди.
Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, “Intellect” китобхон ёшлар клуби ва бошқа ҳамкор ташкилотлар ташаббуси билан ўтказилган ушбу китоб акцияси доирасида қизиқарли интеллектуал танловлар ҳам ташкил этилди. Жаҳон ва ўзбек адабиётининг дурдона асарлари асосида тузилган ютуқли саволлар ўйини жуда қизиқарли кечди.
Истеъдодли ёш шоир ва шоираларнинг баҳру-байт ўйини ҳам йиғилганларнинг олқишига сазовор бўлди. Китоб акцияси якунида иштирокчилар бу каби лойиҳаларнинг аҳамиятини эътироф этишди ва уни янада кенгроқ даврада ташкил этишга келишиб олдилар.