Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TİKA) Амир Темур халқаро жамоат фонди биносини қайта таъмирлаб жиҳозлади. Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали маросимда Туркия Бош вазири ўринбосари Йилдирим Туғрул Туркеш, Туркия Иқтисодиёт вазири Ниҳат Зейбекчи, TİKA Президенти ўринбосари Меҳмет Сурейя Эр, Туркиянинг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмет Башар Шен ҳамда савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилишида иштирок этиш учун Тошкентга келган туркиялик бошқа меҳмонлар, ўзбекистонлик тарихчи олимлар, илм-фан ва маданият намояндалари иштирок этди.
Туркия ҳукумати раҳбари муовини ўз нутқида Соҳибқирон Амир Темурнинг дунё тарихидаги ўрнига юксак баҳо берди.
“Амир Темур 35 йиллик ҳукмронлиги давомида барча юришларида ғалаба қозонди. Хитойдан Деҳлига қадар ярим Осиёни, Ироқ, Сурия ва Измирга қадар бутун Онадўлини ягона байроқ остида бирлаштирди. Каналлар қурдирди. Буюк шаҳарларни тижорат йўлларига боғлади”, – деди Йилдирим Туғрул Туркеш.
TİKA Президенти ўринбосари Меҳмет Сурейя Эр ҳам тантанада нутқ сўзлаб, ушбу лойиҳа турк ва ўзбек халқлари ўртасидаги қардошлик ва дўстлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш хизмат қилишини қайд этди.
Бундан ташқари, TİKA ҳомийлигида Самарқанд давлат университети Ўзбек филологияси факультети талабалари ва изланувчилари учун тил лабораторияси ҳам ташкил этилди. Янги лаборатория TİKA Президенти ўринбосари Меҳмет Сурейя Эр, Самарқанд давлат университети Рустам Холмуров ҳамда TİKAнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари, профессор Сулаймон Кизилтопрак томонидан очиб берилди.
Маросимда TİKA ҳомийлигида амалга оширилаётган лойиҳалар икки қардош мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим ўрин тутиши таъкидланди.
Туркия Бош вазири девони ҳузуридаги Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги 1992 йилда ташкил этилган. TİKA Туркиянинг халқаро майдондаги ўзига хос тимсоли сифатида дунё ҳамжамияти ҳурматини қозонган.
TİKAнинг Тошкентдаги ваколатхонаси Ўзбекистон ва Туркия ҳукуматлари ўртасида имзоланган ҳамкорлик шартномаси доирасида 1994 йил 20 майда очилган. Ваколатхона иқтисодий, техникавий, ижтимоий ва маданий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган лойиҳа ва дастурларга кўмак бериб келмоқда. Маълумотларга қараганда, TİKA ўтган салкам чорак аср мобайнида Ўзбекистонда 700га яқин лойиҳани муваффақиятли амалга оширди.
C.Cалим
Шу мавзудаги мақола:
Сулаймон Кизилтопрак: “2017 йилда ҳам йирик лойиҳаларни амалга оширишни ният қилганмиз”. 08.04.2017