Католиклар йўлбошчиси Иоанн Павел иккинчи узоқ хасталикдан сўнг, оламдан ўтди. У билан видолашиш учун Ватикандаги Авлиё Пётр майдонига ўн минглаб одамлар йиғилди.
Иоанн Павел II ўзининг папалиги даврида кўплаб «биринчи» деган номга сазовор бўлган. У тарихдаги биринчи поляк Рим папаси ва сўнгги тўрт юз эллик беш йил мобайнида Рим католик черковининг итальян бўлмаган раҳбари саналган.
58 ёшида рим папаси этиб сайланган Карол Войтила асрнинг энг ёш папаси эди ва у тарихда энг узоқ вақт Рим католик черковини бошқарган папалардан бири ҳамдир.
Иоанн Павел II жуда ҳам одамохун ва кўпгина тилларни билган, матбуот юлдузига айланган биринчи папа ҳисобланади. Уни юздан ортиқ давлатларда миллионлаб одамлар олқишлашган ва дунёнинг қаэрида бўлмасин, папанинг қиёфаси ҳаммага таниш бўлиб қолган эди.
Иоанн Павел IIнинг жасурлиги ва қатъияти унга катта обрў келтирди, аммо шу билан бирга, кўплаб танқидларга ҳам учради. У Рим католик черкови ичида ўзгача фикрлашни ҳам чеклаб келган.
Охирги йилларда католик ёзувчилар ва баъзи епископлар Римнинг қаттиқ назоратидан норози бўлишган, деб хабар беради БиБиСи ахборот агентлиги.
Ўтган йил октябрида ўз папалигининг 25 йиллигини нишонлаган Иоанн Павел II 1981 йилда суиқасддан зўрға омон қолган эди. Сўнгги йилда эса паркинсон хасталиги унинг мажолини қуритган, папа гапиришга ҳам қийналиб қолганди. Аммо, у Яратган ўзига бир вазифа юклаган, деб ишонарди ва шунинг учун ҳам истеъфога чиқиш ҳақидаги чақириқларга қулоқ солмади. Ўзининг таъбирича, сўнгги нафасига қадар Худо томонидан юкланган вазифани адо этишда давом этди.
Рим папаси ҳақсизлик, қашшоқлик ва урушнинг ашаддий танқидчиси бўлиб, бу йўлда у Ғарбу Шарқда ҳеч кимни аямаган.
У черков сиёсатида аввалги папаларга нистабан очиқчасига бирдамлик йўлини тутди ва бошқа динлар, ислом ва яҳудийлик билан яхшироқ муносабатларни йўлга қўйди ва папалар тарихида илк бор масжид ва синагогага қадам қўйганди.
Рим папасининг асл исми Карол Войтила бўлиб, у 1920 йил, 18 майда Полшанинг Вадовице шаҳрида таваллуд топган. 1964 йилда Краков шаҳрининг архиепископи этиб тайинланади. Орадан уч йил ўтиб кардинал мақомига лойиқ топилади ва 1978 йилда Рим папаси этиб сайланади.
У тарихда энг узоқ папалик қилган уч папанинг биридир. Буни замона имкониятлари билан ўлчаймизми ва ё Иоанн Павел ИИнинг ажабтовур ғайрати биланми, у жаҳоннинг 104 мамлакатига ташриф буюрган. Жумладан, Озарбайжон, Арманистон ва Қозоғистонда бўлган…
Рим папасининг таржимаи ҳоли ўта бой ва қизиқарли… Иккинчи жаҳон уруши даврида нацистлар Полшани истило қиларкан, Краковда бўлажак папа ўқиб турган университетни ёпишади.
Бўлажак папанинг қизиқишларидан бири театр бўлган, уни масалан, ўша даврдаги замондошлари ажойиб актёр сифатида ҳам хотирлашади… Етмишинчи йиллар охирларига келиб, папаликка сайланганидан кейин, таъбир жоиз бўлса, католик дунёсида бонг урган черков қўнғироқлари садоси, ўша пайт коммунистлар қўлида бўлган Полша ҳукумати учун даҳшат садолари бўлиб туюлган. Черков қўнғироғининг садолари, динсиз Москвага етиб боргани ва коммунист доҳийларнинг пайтавасига қурт туширгани маълум…
Айниқса, 1979 йилга келиб Рим папаси ўзининг илк сафарларидан бири сифатида ватани Полшани танлагани ва уни Варшавада бир ярим миллион поляклар олқишлагани Шарқий Европада коммунизмга хавф етилиб келаётганидан дарак берган бўлса, эҳтимол…
1981 йилда папанинг жонига қасд қилинади. Суиқасд ортида булғорлар ва алал-оқибат КГБ тургани ҳақида хабарлар урчий бошлайди… Нима бўлганда ҳам, ўшанда Рим папаси, бу суиқасддан омон қолишини Тангрининг инояти деб қабул қилгани тайин, дейди БиБиСи ахборот агентлиги папа ҳақида фикр билдириб.
1986 йилда у жаҳоннинг барча дин вакилларини Ассиси шаҳарчасига йиға билди. Асосий кўтарилган ва кўрилган масала динлараро иноқлик ва тотувлик эди.
Босния уруши даврида мусулмонларни қатл қилган сербларни аёвсиз танқид қилгани ва Ислом билан насронийлик ўртасида ўзига хос кўприк қуриш амаллари ва унданда каттароқ ниятлари жаҳон миқёсида олқишларга сазовор бўлди.
БМТ бош котиби Кофи Аннан папанинг ўлимидан қайғуриб гапирар экан, «Папа мен каби урушда ҳар икки томон ҳам енгилади, деган фикрда эди», деди.
Иоанн Павел II жума куни дафн этилди.
Шарифа МУРОДЖОН қизи тайёрлади.