Қўшилмаслик ҳаракати Арманистон ҳамда Озарбойжон ўртасидаги Тоғли Қорабоғ зиддиятини Озарбойжон давлати ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва халқаро миқёсда тан олинган чегараларига риоя этган ҳолда ҳал этишга чақирди. Trend агентлиги хабарига кўра, Қўшилмаслик ҳаракатининг Венесуэлада бўлиб ўтган саммити якуний ҳужжатида мазкур нуқтаи назар акс этган.
Халқаро машваратда Озарбойжон номидан мамлакат Ташқи ишлар вазири Элмар Мамадёров қатнашган.
Қўшилмаслик ҳаракатига аъзо давлатлар БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюциялари қабул қилинганига қарамай, Қорабоғ зиддияти ҳал этилмай келаётганини таассуф ила қайд этган. Таъкидланишича, бу ҳолат халқаро ҳуқуқ меъёрларининг бузилишига олиб келиб қолмай, Озарбойжон суверенитетига ҳам дахл қилмоқда.
Саммит якунида Қўшилмаслик ҳаракатининг 2019 йилдаги машварати Бокуда ўтиши маълум қилинган. Шу билан бирга, 2019-2022 йилларда халқаро тузилмага Озарбойжон раислик қилиши кутилмоқда.
Қўшилмаслик ҳаракати ҳарбий блокларда қатнашмаслик тамойилига кўра 120 давлатни бирлаштирган халқаро ташкилотдир. Ҳаракатга 1961 йилда 25 давлат томонидан асос солинган. Озарбойжон 2011 йилдан Қўшилмаслик ҳаракатининг тенг ҳуқуқли аъзоси саналади.
Қўшилмаслик ҳаракати саммити якуний ҳужжатидан келиб чиқиб, Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Ҳикмат Ҳожиев баёнот берди. Унга кўра, ЕХҲТ Минск гуруҳи ҳамда Арманистон Қўшилмаслик ҳаракатининг Тоғли Қорабоғ бўйича позициясини эътиборга олиши лозим.
Ҳ.Ҳожиевга кўра, халқларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи бошқа мамлакатларнинг ҳудудий яхлитлиги бузилишига сабаб бўлмаслиги даркор.
“Бу эса Арманистоннинг Озарбойжон ҳудудини оккупация қилганини ушбу тамойил билан хаспўшлашга уриниши буткул асоссиз эканини яна бир карра тасдиқлайди”, – дейди Озарбойжон ТИВ расмий вакили Ҳ.Ҳожиев.
Эслатиб ўтамиз, расмий Боку Тоғли Қорабоғ ва унга туташ 7 та туман (Озарбайжон ҳудудининг 20 фоизи) Арманистон қуролли кучлари томонидан босиб олинган деб ҳисоблайди ҳамда қўшни давлат ҳарбийлари оккупация қилинган ҳудуддан чиқиши лозимлигини талаб қилади. Арманистон эса тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси манфаатларини ҳимоя қилиб келади.
Гарчи 1994 йилда келишув имзоланган бўлса-да, тўқнашувлар рўй бериб туради. Таҳлилчилар тинчлик келишуви жуда мўрт экани ва исталган пайт тўқнашув рўй бериши мумкинлигидан хавотир билдиради.
Расмий Бокуга кўра, Тоғли Қорабоғ муаммоси БМТ Хавфсизлик Кенгаши 1993 йил 30 апрель, 1993 йил 29 июль ва 1993 йил 14 октябрда қабул қилган резолюциялар асосида тинч йўл билан ҳал қилиниши лозим.
Шу мавзудаги мақола:
Тоғли Қорабоғ музокарасига тан олинмаган давлат жалб этилмайди. 12.06.2016