13 ноябрь куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасида озарбайжонлик таниқли ёзувчи ва драматург Юнус Ўғузнинг “Малика ва жодугар” китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда асар муаллифининг ўзи ҳам иштирок этиб, ўзбек китобхонлари саволларига жавоб берди.
“Малика ва жодугар” романида Озарбайжон тарихининг энг мураккаб палласи – Сафавийлар давлати инқирозига оид воқеалар қаламга олинган. Муаллиф Мозандарон маликаси Хайринисонинг кечмиши орқали сафавийлар сулоласининг инқирози, сарой фитналари, адолат ва эътиқод йўлидаги курашларни очиб берган. Асарни шоир ва таржимон Усмон Қўчқор ўзбек тилига ўгирган.
“Ҳозирга қадар туркий халқлар тарихига оид бир қатор романларим чоп этилди. “Малика ва жодугар” асари ҳам шу туркумдаги романлар сирасига киради. Тарихий мавзуга кўп мурожаат қилишимнинг боиси бор: асарларим орқали туркий халқларнинг дунё тамаддунидаги беқиёс ўрнини кўрсатиб беришни хоҳлайман”, – дейди ёзувчи Юнус Ўғуз.
Ҳозирга қадар адибнинг “Аттила”, “Амир Темур”, “Шоҳ Таҳмосиб”, “Нодиршоҳ” каби тарихий романлари жаҳон тилларига таржима қилиниб нашр қилинган. “Амир Темур” номли икки китобдан иборат дилогия 2013 йили Тошкентда ҳам чоп этилган.
“Бошқа туркий миллатлар қатори ўзбек халқи ҳам дунё цивилизациясига улкан ҳисса қўшган, буюк тарих яратган. Мен ўзбекларнинг тарихини ўз тарихим деб биламан. Улуғ саркарда ва ҳукмдор Амир Темур ҳақидаги романим ўзбек халқининг шонли тарихига эҳтиромим ифодасидир”, – дейди озарбайжон адиби.
Тақдимотда қайд этилишича, ёзувчи “Малика ва жодугар” романида ҳам тарихий ҳақиқат ва бадиий тўқимани маҳорат билан уйғунлаштира олган.
“Озарбайжон ва ўзбек халқи муштарак ўтмиш ва уйғун маданиятга эга. Халқларимиз кўп асрлардан буён дўсту қардош бўлиб яшаб келади. Айниқса, икки давлат мустақилликка эришганидан кейин ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди. Адабиёт ва санъат эса асрлар мобайнида халқларимиз ўртасида маънавий кўприк бўлиб келган. Шу маънода, ёзувчи, драматург ва файласуф Юнус Ўғуз ўз ижоди билан дўстлигимизни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда”, – дейди Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази раҳбари Самир Аббосов.
“Малика ва жодугар” романи тақдимоти INFOLIB–2015 тадбири доирасида Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази ва Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси томонидан ташкил этилди.
Собир Салим