Тошкентдаги “Китоб олами” маърифий марказида озарбойжонлик таниқли ёзувчи ва олим Юнус Ўғузнинг ўзбек тилида чоп этилган “Султон Алп Арслон” романи тақдимоти бўлиб ўтди.
Ҳайдар Алиев номидаги Озарбойжон маданият маркази ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда фан, маданият, санъат ва адабиёт намояндалари, таниқли шоир ва адиблар қатнашди.
Юнус Ўғуз қаламига мансуб тарихий роман ўзбекчага шоир ва таржимон Усмон Қўчқор томонидан ўгирилган.
Ҳайдар Алиев номидаги Озарбойжон маданият маркази раҳбари Самир Аббоснинг қайд этишича, Юнус Ўғузнинг 40 дан зиёд асари 20 дан ошиқ мамлакатда нашр қилинган. Хусусан, “Аттила”, “Нодиршоҳ”, “Шоҳ Таҳмосиб”, “Турк тарихига янгича назар”, “Қадимги Онадўли ва Озарбойжон турклари” каби асарлар муаллифга шуҳрат келтирган.
Тақдимотда сўз олган олим ва таржимон Бобохон Шариф, шоир Мирпўлат Мирзо, журналист Рустам Жабборов, профессорлар Саодат Муҳаммедова ва Иброҳим Йўлдошев, Ўзбекистон-Озарбойжон дўстлик жамияти ижрочи директори Эркин Нуриддиновлар ёзувчи Юнус Ўғуз нафақат Озарбойжон, балки турк оламида эътироф қозонганини қайд этдилар.
Тадбирда қатнашган Юнус Ўғуз романнинг яратилиши ва таржима жараёни ҳақида сўзлаб берди. Учрашув қатнашчиларига муаллиф дастхати қўйилган китоб тарқатилди.
Эслатиб ўтамиз, “Султон Алп Арслон” – ёзувчи Юнус Ўғузнинг ўзбек тилида чоп этилган учинчи романидир. Бунга қадар адиб қаламига мансуб “Амир Темур” ҳамда “Малика ва жодугар” асарлари Тошкентда нашр этилган.
Шу мавзудаги мақола:
Юнус Ўғуз: “Мақсадим – туркийларнинг дунё тамаддунидаги ўрнини кўрсатиш”. 16.11.2015