Жорий йил 6-8 октябрь кунлари Нукус шаҳрида илк бор Европа кинофестивали бўлиб ўтди. Маданий тадбир Европа Иттифоқининг юртимиздаги ваколатхонаси томонидан “Ўзбеккино” миллий агентлиги ва “Қорақалпоқкино” минтақавий ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Фестиваль очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Сабур Нагметов, “Ўзбеккино” миллий агентлиги Бош директори Фурқат Зокиров ҳамда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари, элчи Эдуардс Стипрайс иштирок этди.
“Европа киноси фестивали ЕИ делегациясининг энг муҳим ва кўламдор маданий лойиҳаларидан бири ҳисобланади. Мазкур лойиҳа орқали ўзбекистонлик томошабинлар Европа киносаноати янгиликлари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлмоқдалар. Зеро, кино Европа Иттифоқи мамлакатларининг маданий ўзига хослигини намойиш этувчи санъат туридир. Бу йил кинфестиваль жуғрофияси кенгайиб, пойтахтдан ташқарида – Нукус ва Навоийда ташкил этилаётганидан хурсандман. Кино бошқа санъат турлари каби чегара билмайди. Кинофестиваль Европани Ўзбекистон минтақалари билан боғловчи маънавий кўприк бўлишига тилакдошман”, – деди элчи Эдуардс Стипрайс.
Нукусдаги фестиваль давомида томошабинларга Буюк Британия, Германия, Швейцария, Финландия ва Франция киноусталари суратга олган 6 та бадиий, ҳужжатли ва анимацион фильм намойиш этилди. Улар орасида нуфузли халқаро киномукофотларга сазовор бўлган картиналар бор.
Европа кинофестивали 2013 йилдан буён Тошкентда ўтказилиб келмоқда. Мазкур маданий тадбир илк бор пойтахтдан олисда – мамлакатимиз минтақаларида ўтказилмоқда.
Шу мавзудаги мақолалар:
Европа Иттифоқи элчиси Ўзбекистон билан ҳамкорликни қандай баҳолайди? 06.05.2017
Юрий Штерк: “Асл кино халқларни ҳаммаслакка айлантиради”. 23.05.2015