Музокараларда вице-президент Маргаритис Схинасга ЕИнинг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотт Адриан хоним ҳамроҳлик қилди. Фото: ЕИ ваколатхонаси
25 ноябрь куни Европа комиссияси вице-президенти Маргаритис Схинас бошчилигидаги делегация Тошкентда бир қатор муҳим учрашувлар ўтказди.
Нуфузли делегация раҳбари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, транспорт вазири Илҳом Маҳкамов, бош вазир маслаҳатчиси Меҳриддин Хайриддинов ҳамда ички ишлар вазири ўринбосари Нажмиддин Тўрахўжаев билан музокаралар ўтказган.
Хусусан, президент Шавкат Мирзиёев билан учрашувда Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган. Ўзбекистон президенти матбуот хизматига кўра, ЕИнинг юқори мартабали вакили давлатимиз раҳбарига Европа кенгаши раиси Шарль Мишель ва Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйеннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказган.
Қайд этилишича, икки томонлама мулоқотлар, шу жумладан иқтисодиёт, қонун устуворлиги, демократик янгиланишлар, инсон ҳуқуқлари, хавфсизлик ва бошқа устувор йўналишларда ҳамкорлик фаоллашмоқда. Ўзаро савдо ҳажми жадал ортмоқда, Европа етакчи компанияларининг илғор тажрибаси ва технологияларини жалб қилган ҳолда йирик инвестиция лойиҳалари устида иш олиб борилмоқда. Таълим, хавфсизлик соҳаларида, терроризм ва наркотрафикка қарши курашиш борасида муҳим қўшма дастурлар амалга оширилмоқда.
Вице-президент М.Схинас ЕИ Ўзбекистон учун дўст эканини таъкидлаган ва хавфсизлик, чегараларни бошқариш соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш истагини билдирган. Европалик юқори мартабали меҳмон Ўзбекистонни минтақадаги хавфсизлик ва барқарорлик маркази ўлароқ эътироф этган.
ЕИнинг юртимиздаги делегацияси матбуот хизматига кўра, вице-президент Маргаритис Схинас ташриф давомида ўзбекистонлик ҳамкорлар билан икки томонлама алоқалар қаторида Беларусь режими томонидан ЕИга қарши олиб борилаётган гибрид ҳужум масаласини ҳам муҳокама қилган. Хусусан, М.Схинас Ўзбекистон аэропортларидан 6 мамлакат фуқаролари Беларусга парвоз қилиши чеклангани учун миннатдорлик билдирган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 17 ноябрдан Ўзбекистон ҳудуди орқали Ироқ, Сурия, Яман, Ливан, Ливия ва Афғонистон фуқаролари – транзит йўловчиларнинг Беларусь Республикаси ҳудудига киришига ҳамда уларга авиачипталар сотилишига вақтинчалик чеклов ўрнатилди.
Қайд этилишича, айни пайтда Беларусь маъмурияти Яқин Шарқдан келган мигрантлар воситасида ЕИга гибрид ҳужум уюштирмоқда.
Аввал хабар берганимиздек, 22 ноябрь куни Душанбе шаҳрида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашган Европа комиссияси вице-президенти, ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Жозеп Боррель ҳам музокаралардан кейин “Twitter”даги постида Ўзбекистоннинг айрим транзит йўловчилар учун Минскка парвозларни чеклагани ва одам савдосининг янги йўналишини ёпгани учун миннатдорлик изҳор этган эди.