КХШТ бўлинмалари Қозоғистонда. Бу ҳолат тарихдаги қайғули ҳодисаларни ёдга солди

Қозоғистонда жорий йил январь ойи бошида рўй берган оммавий норозилик ва беқарорлик сабаб мамлакат раҳбарияти Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан (КХШТ) ёрдам сўради. Шу тариқа 6 январь куни қўшни Қозоғистонга мазкур ташкилот тинчликпарвар қўшини киритилди.  КХШТ кучлари таркибида 100 нафар Арманистон ҳарбийси ҳам бор.

Бу ҳол айрим таҳлилчилар томонидан эътирозли қабул қилинди. Гап шундаки, юз йил аввал Туркистон ҳудудида арман дашноқлари томонидан хунрезлик амалга оширилган эди. Хусусан, 1917 йил ноябрь ойида эълон қилинган Туркистон мухторияти айнан мазкур кучлар томонидан қонга ботирилгани маълум. Шониёз Дониёровнинг “Мухторият қисмати” деб аталган мақоласида ҳикоя қилинишича, “Дошноқцутюн” номли махсус отрядлар иштирокида Фарғона водийси халқи бошига тарих кўрмаган ваҳшийликлар солинган.

Бошқа бир муаллиф Марат Ҳасановнинг ёзишича, ўша фожеали кунларда Қўқонда 3000 киши ҳалок бўлган, шаҳар эса портловчи моддалар билан бомбардимон этилиши туфайли таг-туги билан вайрон қилинган.

Манбаларга кўра, ўтган асрнинг биринчи чорагида қизил армия босмачиларга қарши кураш ниқоби остида қишлоқларни хонавайрон қилган. Бу жараёнда “Дошноқцутюн” отрядлари ҳам иштирок этган. Мутахассислар ўша даврда Туркистондаги воқеалар билан Жанубий Кавказда содир этилган зўравонликлар ўртасида ўхшашлик мавжудлигини таъкидлайди.

Давлат арбоби Турор Рисқулов 1919 йилнинг апрелида Туркистон компартияси мусулмон бюроси йиғилишида “Дошноқцутюн” гуруҳлари томонидан Фарғонада содир этилган жиноятларни фош этади ва қизил армияни дашноқлардан тозалашни талаб қилади. Шу тариқа Туркистон марказий ижроия қўмитаси буйруғи билан улар қуролсизлантирилади.

Таҳлилчилар мазкур қайғули ҳодисани ёдга олар экан, КХШТ Арманистон учун яна туркий давлатлардан қасос олиш воситаси бўлиб қолишидан огоҳлантирди.

“Bakı xəbər” газетаси бош муҳаррири, сиёсий эксперт Ойдин Қулиев “Trend” агентлигига берган интервьюсида КХШТ Қозоғистон суверенитетига таҳдид солиши мумкинлигини айтди.

“КХШТ ҳарбий кучларини суверен Қозоғистонга киритиш ҳақидаги қарор мазкур ташкилот Хавфсизлик кенгашида Арманистон раислик қилаётган пайтда қабул қилингани эътиборга молик. Бир йил аввал Озарбайжондан урушда мағлуб бўлган Арманистоннинг мазкур қарори КХШТ туркий давлатдан қасос олиш воситасига айланиши эҳтимолидан далолат беради”, – дейди О.Қулиев.

Ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимов эса КХШТ бўлинмалари киритилиши ортидан  Қозоғистон сиёсий мустақиллигининг жиддий қисмидан айрилгани, эндиликда расмий Нурсултон Кремль билан ҳисоблашишга мажбур бўлишини қайд этади.

Озарбайжон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, адиб-публицист Акбар Қўшали ҳам “Fikr.uz” cайтида эълон қилинган таҳлилий мақоласида КХШТнинг Қозоғистонга кириши ва бир аср аввал ҳамда 32 йил аввал рўй берган қонли ҳодисаларни ёдга олади. А.Қўшали ҳозирги шароитда туркий миллатларнинг бирлиги ва аҳиллиги сув билан ҳаводек зарур эканини таъкидлайди.

Эслатиб ўтамиз, КХШТ бош котиби Станислав Зась ОАВга интервьюсида Қозоғистондаги тинчликпарвар операция якунланганини маълум қилди.

С.Салим