Колумбия Сенати Хожали қирғини бўйича резолюция қабул қилди

Колумбия Сенати Хожали қирғинининг 25 йиллиги муносабати билан резолюция қабул қилди. Trend агентлиги хабарига кўра, Колумбия қонун чиқарувчи идораси ҳужжатида геноцид қурбонлари хотирасига эҳтиром ва Озарбойжон халқига бирдамлик изҳор этилган.

Резолюцияда юзлаб тинч аҳоли ҳаётига зомин бўлган бу каби жиноятларга келгусида йўл қўймаслик лозимлиги ҳам таъкидланади.

Сенаторлар, шунингдек, Тоғли Қорабоғ зиддиятининг тинч йўл билан ҳал этилишига умид билдирган.

Колумбия Сенати вице-президенти ҳамда Ташқи алоқалар ва миллий мудофаа комиссияси президенти имзолаган ҳужжат Озарбойжоннинг ушбу мамлакатдаги дипломатик ваколатхонаси раҳбари Рамиль Фарзалиевга топширилган.

Кейинги йилларда Хожали қирғини бир қатор давлатлар ва халқаро ташкилотлар томонидан тан олинмоқда. Ҳозирга қадар Шотландия, Босния ва Герцеговина, Колумбия, Чехия, Ҳондурас, Иордания, Мексика, Покистон, Панама, Перу, Руминия, Серия, Судан ҳамда АҚШнинг 10 дан ошиқ штати парламентлари Хожали воқеаларини қатлиом сифатида тан олиб, ҳужжат қабул қилган.

Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 2012 йил 20 ноябрь Жибутида бўлиб ўтган 39-сессиясида Хожали қатлиомига оид резолюция қабул қилинган. Ташкилот ўз аъзоларини мазкур қирғинни тан олиш бўйича чора-тадбирлар кўришга даъват этган.

1992 йил 25-26 февраль кунлари Арманистон қуролли кучлари Россиянинг Хонкендидаги 366-мотоўқчи полки ёрдамида Озарбойжоннинг Хожали шаҳрида оммавий қирғин жиноятини содир этди. Ўшанда 613 нафар тинч аҳоли қатл этилди, 487 киши жароҳатланди ва 1275 киши асир олинди. Асир олинганларнинг кўпи яқинлари бағрига қайтмади, уларнинг тақдири ҳали-ҳамон номаълум қолмоқда. 366-полк Хонкендидан чиқиб кетгач, унга тегишли ҳарбий техника Арманистон қуролли кучлари ихтиёрига ўтган.

Эслатиб ўтамиз, расмий Боку Тоғли Қорабоғ ва унга туташ 7 та туман (Озарбайжон ҳудудининг 20 фоизи) Арманистон қуролли кучлари томонидан босиб олинган деб ҳисоблайди ҳамда қўшни давлат ҳарбийлари оккупация қилинган ҳудуддан чиқиши лозимлигини талаб қилади. Арманистон эса тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси манфаатларини ҳимоя қилиб келади.

Гарчи 1994 йилда келишув имзоланган бўлса-да, тўқнашувлар рўй бериб туради. Таҳлилчилар тинчлик келишуви жуда мўрт экани ва исталган пайт тўқнашув рўй бериши мумкинлигидан хавотир билдиради.

Расмий Бокуга кўра, Тоғли Қорабоғ муаммоси БМТ Хавфсизлик Кенгаши 1993 йил 30 апрель, 1993 йил 29 июль ва 1993 йил 14 октябрда қабул қилган резолюциялар асосида тинч йўл билан ҳал қилиниши лозим.

С.Салим