Ҳусайн Қулиев: Мамлакатларимиз ўртасидаги қардошлик янада мустаҳкамланади

19 май куни Озарбойжоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси Республика куни муносабати билан Windham Garden Tashkent меҳмонхонасида тантанали қабул маросими уюштирди. Тадбирда хорижий давлатлар дипломатик корпуси раҳбарлари, халқаро ташкилотлар ваколатхоналари етакчилари, фан ва маданият намояндалари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Қабул маросимида Ўзбекистон ҳукумати номидан Бош вазир Абдулла Арипов қатнашди.

Озарбайжоннинг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳусайн Қулиев тадбирда нутқ сўзлади.

Элчи ўз чиқишида 1991 йилдан сўнг Озарбойжон мустақил, демократик давлат қуриш йўлига кирганини таъкидлади.

Қайд этилишича, нисбатан қисқа муддатда мамлакат БМТ, Қўшилмаслик ҳаракати, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Европа Кенгашининг доимий, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг муваққат аъзоси бўлди ҳамда халқаро майдонда ўз ўрнини топди.

Мамлакат асрлар давомида маданият ва эътиқодлар чорраҳаси бўлиб келган. Мультикультурализм сиёсати эса мазкур тарихий анъананинг бугунги давомидир.

“Мамлакатдаги ислоҳотлар иқтисодиётни диверсификациялаш, нефтга тобеликни камайтиришга қаратилган ва бизнинг бош мақсадимиз Озарбойжонни ҳар жиҳатдан мутараққий мамлакатга айлантиришдир”, – деди элчи Ҳ.Қулиев.

Дипломатнинг таъкидлашича, Арманистон томонидан оккупация қилинган Тоғли Қорабоғ ва унга туташ етти туман расмий Боку учун энг оғриқли муаммо бўлиб қолмоқда. Элчи Ҳ.Қулиев мазкур масалада Ўзбекистон Озарбойжонни қўллаб-қувватлагани, БМТ Бош Ассамблеясининг оккупация қилинган ҳудуддан Арманистон қўшинини зудлик билан олиб чиқиш ҳақидаги резолюциясини маъқуллаганини қайд этди. Бунинг учун Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорлик билдирди.

“Биз ҳам ўз навбатида биродар Ўзбекистонни барча халқаро ташкилотлар доирасида қўллаб-қувватлаганмиз ва бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлаймиз”, – деди Озарбойжон элчиси.

Дипломат ўтган 26 йиллик мустақил ривожланиш даврида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик стратегик даражага кўтарилгани ва қардошлик муносабатлари бундан-да мустаҳкамланишига ишонч билдирди.

Эслатиб ўтамиз, 1918 йилнинг 28 майида Озарбайжон Миллий кенгаши Озарбайжон Демократик Республикаси мустақиллигини эълон қилган эди. 1990 йилдан буён 28 май – Республика куни сифатида байрам қилинади.

С.Салим