Арманистон Озарбойжоннинг оккупация қилинган ҳудудларида экология ва атроф-муҳитга зарар етказувчи усулларини қўлламоқда. Бу ҳақда Озарбойжон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Ҳикмат Ҳожиев 1news.az агентлигига берган интервьюсида маълум қилган. Мазкур интервью БМТ Бош Ассамблеяси томонидан эълон қилинган 6 ноябрь – Уруш ва қуролли тўқнашувлар вақтида атроф-муҳитга зарар етказишнинг олдини олиш халқаро куни муносабати билан ўтказилган.
Қайд этилишича, Озарбойжоннинг 890 минг гектар ҳудуди алоҳида муҳофаза этиладиган экологик минтақа саналади. Айни вақтда мазкур ҳудуднинг 42997 гектари, жумладан, 152 та табиат ёдгорлиги, 5 та геологик объект, 2 та табиат қўриқхонаси, 4 та қўриқлаш зонаси ва 7 та кўл Арманистон оккупацияси остидадир. Бундан ташқари, 247352 гектар, жумладан, ноёб дарахтлар ўсувчи 13197 гектар ўрмон ҳам қўшни давлат назоратида.
“Арманистоннинг Озарбойжонга агрессияси натижасида суверен Озарбойжоннинг салкам 20 фоиз ҳудуди тортиб олинди, ўн минглаб одам ҳалок бўлди, шаҳарлар вайрон этилди, тириклик манбалари йўқ қилинди. Пировардида, бир миллиондан ошиқ озарбойжонликлар ўз уйидан қувиб чиқарилди, мол-мулкидан маҳрум бўлди. Бу атроф-муҳитга ҳам ҳалокатли таъсир кўрсатди: ўрмонлар талон-тарож этилди, ер бойликлари вайрон этилди, тупроқ ва сув ресурслари ифлосланди, ҳайвонлар нобуд бўлди”, – дейди Озарбойжон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Ҳикмат Ҳожиев.
2006 йилда Озарбойжон ва Арманистон қуролли кучлари тўқнашган фронт чизиғида – оккупация қилинган ҳудудда кенг миқёсда ёнғин рўй берди. БМТ Бош Ассамблеяси 2006 йил 7 сентябрда қабул қилган “Озарбойжоннинг оккупация қилинган ҳудудларидаги аҳвол” деб номланган 60/285-сонли резолюциясида мавжуд вазият бўйича хавотир билдириб, ёнғиннинг ҳалокатли оқибатларини бартараф этиш чораларини кўришга чақирди.
Таъкидланишича, оккупация қилинган ҳудудларда аҳоли ичимлик суви муаммосига ҳам дуч келмоқда.
“Европа Кенгаши Парламент Ассамблеяси 2016 йил 28 январда қабул қилган 2085-рақамли резолюциясида Арманистон хатти-ҳаракатларини Озарбойжон фуқаролари учун гуманитар ва экологик муаммолар юзага келтиришга қаратилган экологик агрессия деб атади… Мавжуд гуманитар муаммони инобатга олиб, Ассамблея Арманистондан Озарбойжоннинг оккупация қилинган ҳудудларини зудлик билан тарк этиш ва сув ресурсларидан сиёсий таъсир ва ўз манфаати йўлида босим ўтказиш воситаси сифатида фойдаланишни бас қилишни талаб этди”, – дейди Ҳ.Ҳожиев.
Қайд этилишича, эгалланган ҳудудларда табиий ресурслардан тўраларча фойдаланиш, сув ва тупроқни ифлослантириш ҳоллари ҳам учрамоқда.
Ҳ.Ҳожиевга кўра, шу каби муаммолар Озарбойжоннинг БМТдаги доимий ваколатхонаси жорий йил 6 ноябрь арафасида БМТга аъзо мамлакатларга йўллаган мактубда ҳам акс этган.
Расмий Боку вакили Арманистон томони Озарбойжонга етказилган зарар, жумладан, экологик талафот учун ҳам халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқ жавоб бериши лозим деб ҳисоблайди.
Эслатиб ўтамиз, БМТ Бош Ассамблеяси 2001 йил 5 ноябрдаги 56/4-сонли резолюцияси билан 6 ноябрь санасини Уруш ва қуролли тўқнашувлар вақтида атроф-муҳитга зарар етказишнинг олдини олиш халқаро куни деб эълон қилди. Озарбойжон ҳам мазкур резолюция муаллифларидан бири саналади.
Собир Салим