Рақамли дипломатияни ривожлантириш лойиҳаси доирасида Франция дипломатия идораси сайтининг рус тилидаги версияси ишга туширилди. Эндиликда дунёдаги 300 миллиондан ошиқ русийзабон аҳоли Франциянинг Европа ва ташқи ишлар бўйича вазирлиги фаолияти билан бевосита ўз тилида танишиш имконига эга бўлади.
Ҳозирга қадар France Diplomatie сайтининг испан, инглиз, араб ва олмон тилларидаги версияси ишлаб келмоқда. Сайтнинг, шунингдек, хитой ва япон тилидаги қисқартирилган версияси ҳам мавжуд. Шу тариқа Франциянинг Европа ва ташқи ишлар бўйича вазирлиги дунёдаги аудитория билан энг кўп тилда мулоқот олиб бораётган вазирликка айланди.
France Diplomatie сайтининг русча версияси ишга тушгани муносабати билан Франциянинг Европа ва ташқи ишлар бўйича вазири Жан-Ив Ле Дриан ўқувчиларга мактуб йўллаган.
“Ушбу сайт Франция ҳаёт тарзи хусусида маълумот бериб қолмай, бизнинг дунёга муносабатимиз, хусусан, дипломатик фаолиятимиз тўғрисида ҳикоя қилади. Франция дунёдаги ва Европадаги кучлар мувозанатига таҳдид туғдираётган жиддий инқирозларни ҳал этишга ўз ҳиссасини қўшишга интилмоқда. Олдимизда залворли вазифалар турибди: глобал исишга қарши кураш жабҳасида – иқлим ўзгариши бўйича Париж битимини ҳаётга татбиқ этиш; Cахел ва зарурат мавжуд бўлган бошқа барча ҳудудларда – терроризм таҳдидига қарши муросасиз курашни давом эттириш; Европада – аъзо давлатлар фуқаролари орзу-умидларига янада мос бўлиши учун Европани Иттифоқини Франция Президенти Эмманюэль Макрон таклиф этаётган янги асосда ислоҳ этиш; Cурияда – даҳшатли урушга барҳам бериш ва БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларига мувофиқ барқарор сиёсий ечимни топиш; ниҳоят, Украинада – Украина суверенитетини тиклаб, Россия билан сулҳ шароитини яратган ҳолда, Минск келишувларини амалга оширишга кўмаклашиш”, – дейилади Жан-Ив Ле Дрианнинг номасида.
Қайд этилишича, расмий Париж ушбу муаммоларнинг ҳар бири бўйича ечимларни таклиф этади, ҳамкорлар билан биргаликда саъй-ҳаракат олиб боради ва жаҳонда эркинлик, тинчлик ва адолат тантана қилмоғи учун барча имкониятларни ишга солади.
Франция вазирига кўра, мамлакатга келаётган меҳмонлар сони ошиб бормоқда. Хусусан, 2017 йилда 89 миллион киши ташриф буюрган.
Франция инновациялар, ижодий ташаббуслар ва маориф марказига айланган. Айни пайтда мамлакатда дунёнинг турли мамлакатларидан 300 мингга яқин талаба таҳсил олмоқда. ЮНЕСКО каби нуфузли халқаро ташкилотлар ва Европа муассасаларининг бош қароргоҳлар Францияда жойлашгани ҳам бежиз эмас.