Тошкентда Эрон Ислом Республикаси миллий байрами – Ислом инқилоби ғалабасининг 38 йиллиги муносабати билан қабул маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда хорижий давлатларнинг Тошкентдаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари, дипломатлар ҳамда Ўзбекистон илм-фан намояндалари жам бўлди. Маросимда Ўзбекистон Республикаси ҳукумати номидан Ташқи ишлари вазири ўринбосари Ғайрат Фозилов қатнашди.
Анжуманда Эрон Ислом Республикасининг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Баҳман Оғоразий нутқ сўзлаб, мамлакатларимиз ҳамкорлигига юқори баҳо берди.
“Эрон ва Ўзбекистон муносабатларининг қадимийлиги икки халқ маданий ва маънавий қадриятларидаги шу қадар кўп муштарак жиҳатларга сабаб бўлганки, номдор ва машҳур алломалари, шоиру адиблари икки халқ ва мамлакат ўртасида ажралмас ришталарни юзага келтирган. Бу бой маданият ҳар икки мамлакатнинг минтақа ва жаҳон саҳнидаги туб ўзгаришларда алоҳида ўрин тутишини белгилаб берибгина қолмасдан, икки томонлама алоқаларимиз янада мустаҳкамланишига муносиб замин ҳам яратган”, – деди Эрон элчиси.
Қайд этилишича, икки мамлакат алоқалари ўтган йили барча соҳаларда ривожланди. Транспорт, транзит ҳамда иқтисодий ҳамкорликнинг ўсгани ўзаро муносабатларни ривожлантириш учун улкан имкониятлар мавжудлигидан далолат беради. Ушбу салоҳиятдан унумли фойдаланиб, келажакда икки томонлама ҳамкорлик янада самарали натижалар беришига умид қилиш мумкин.
“Эрон Ислом Республикаси иқтисодий жиҳатдан жаҳондаги ўн саккизинчи мамлакат бўлиб, ўтган йили иқтисодий ўсиш суръати 5 фоизни ташкил этгани ҳолда хоҳ қуруқликда, хоҳ денгизда ёки фазода бўлсин илм-фан, технологиялар, савдо ва иқтисодиётнинг турли соҳаларида улкан натижаларга эришди. Ядро энергиясини қўллашга оид илмий тадқиқотларидаги ютуқлари тинчлик мақсадини кўзлашини исботлаганидан кейин эса халқаро саҳнадаги мавқеи янада кучайди. Эрон қўлга киритган мазкур мувафаққиятларининг салмоқли қисмини ўзбекистонлик биродарлари ихтиёрига топширишга тайёр”, – деди Баҳман Оғоразий.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Ғайрат Фозилов ва Эрон элчиси Баҳман Оғоразий
Дипломат ўз нутқида 2016 йил 4 декабрдаги сайловда Ўзбекистон Президенти сифатида сайланган Шавкат Мирзиёев фаолиятига ҳам алоҳида тўхталди.
“Президент Шавкат Мирзиёев жаноби олийларининг юртни ривожлантиришга оид ёндашуви ва кенг қамровли чора-тадбирлари мамлакатда, айниқса, савдо-иқтисодий ва ташқи алоқаларда муҳим ўзгаришлар юз беришидан дарак бермоқда. Ҳукуматнинг кенг аҳоли қатлами томонидан қўллаб-қувватланаётган ва қисқа муддат ичида катта жонланиш ва эзгу истаклар уйғотган тараққиётга доир саъй-ҳаракатлари натижасида Ўзбекистон халқининг турмуш фаровонлиги жуда тез ошади, деган умид бор”, – деди Баҳман Оғоразий.
Эрон дипломати ўз нутқида расмий Теҳрон Ўзбекистоннинг Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашига раислигини олқишлашини таъкидлаб, Ўзбекистон ўз фаолияти билан мусулмон мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга ҳисса қўша олишига ишонч билдирди.
Эрон Президенти Ҳасан Руҳоний
Эслатиб ўтамиз, Эрон бўйлаб Ислом инқилобининг 38 йиллиги катта тантана қилинди. Миллий байрам муносабати билан кўп минг сонли аҳоли пойтахт Теҳрон бўйлаб маршда қатнашди. Марш иштирокчилари қаршисида нутқ ирод қилган Президент Ҳасан Руҳоний Эрон ўз мустақиллиги ва қадриятларига содиқ қолиши, душман таҳдидларига қарши муросасиз курашиши ва мамлакат тараққиёти йўлида ислоҳотларни изчил давом эттиришини таъкидлади.
Собир Салим