Озарбайжонда 20 январь – Умумхалқ мотам куни муносабати билан давлат ва жамоат ташкилотлари иштирокида тадбирлар ўтказилди. Озарбайжон расмий ахборот агентлиги хабарига кўра, мамлакат президенти Илҳом Алиев пойтахт Бокудаги Шаҳидлар хиёбонида бўлиб, марҳумлар хотирасига ҳурмат бажо этган.
1990 йилнинг 20 январида Озарбайжон пойтахти Бокуга совет армияси жанговар қисмлари киритилди. Ҳарбийлар Арманистон агрессиясига қарши намойишга чиққан минглаб озарбайжонликларни шафқатсиз жазолаган.
Маълумотларга қараганда, Бокуга қўшин киритилиши оқибатида 133 нафар озарбайжонлик ҳалок бўлган, 744 нафари жароҳатланган. Қурбонлар орасида аёллар, болалар ва қариялар ҳам бўлган.
850 га яқин намойишчи ҳибсга олинган, 5 киши бедарак йўқолган.
20 январь санаси Озарбайжон мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги йўлидаги кураш куни сифатида тарихга кирган.
“1990 йил 20 январь санаси озарбайжон халқи тарихининг энг фожиали, айни чоқда, қаҳрамонлик ва мардлик саҳифалари саналади. Ўйлайманки, биз ўша кунлардан қанча узоқлашсак, унинг озарбайжон халқи тарихидаги аҳамиятини шунча яхши англаймиз”, – деган эди мамлакат миллий етакчиси Ҳайдар Алиев ўз даврида.
20 январь куни жонфидо қилган озарбайжонликлар дафн этилган масканда кейинчалик Шаҳидлар хиёбони бунёд этилган.
Мазкур сана мамлакатда Умумхалқ мотам куни дея эълон қилинган.
2000 йилда мамлакатнинг ўша пайтдаги раҳбари Ҳайдар Алиев фармони билан ҳалок бўлганларнинг барчасига “20 январь шаҳиди” фахрий унвони берилган.
20 январь санаси муносабати билан Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамда Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази томонидан Тошкентда ҳам тадбир ташкил этилди. Тадбирда сўз олган Озарбайжон маданият маркази раҳбари Самир Аббосов 20 январь куни рўй берган фожиа мамлакат тарихидаги бурилиш нуқталаридан бири бўлганини қайд этди.
Собир Салим