БМТ: Ёрдамни ҳаммага бeриш кeрак!

БМТнинг Осиё давлатларига ёрдам бериш бўйича мувофиқлаштирувчиси Ян Эгелан жаҳон ҳамжамиятини тсунами оқибатларини бартараф этишдаги бирдамликни дунёнинг бошқа минтақаларидаги инқирозларга нисбатан ҳам намоён этишга чақирди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бу чақириғи Женевада ўтаётган донор давлатларнинг бир кунлик анжуманида -янгради.

Анжуманда Осиёдаги сувости зилзилаларидан зарар кўрган давлатларга ваъда қилинган миллиард-лаб доллар маблағларнинг нимага ва қандай сарфланиши кераклиги муҳокама қилинмоқда.

Жаноб Эгеланнинг айтишича, ҳозирда халқаро инсонпарварлик амалиётлари янги босқичга кўтарилди ва унинг таъбирича, дунёдаги «СПИД ва уруш тсунамилари»дан азоб чекаётган 25 миллион одам ҳам шундай муносабатга муҳтож. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти вакилининг сўзига кўра, дунёда камида 20 миллион одамнинг шошилинч инсонпарварлик ёрдамларига эҳтиёжи бор.

Женева анжумани донор давлатларнинг зилзиладан энг кўп зарар кўрган Индонезия пойтахти Жакартадаги йиғинидан сўнг ўтмоқда. Йиғинни бошқарган БМТ Бош Котиби Кофи Аннан тсунами жабрдийдаларига шошилинч ёрдам кўрсатиш учун 1 миллиард доллар миқдоридаги маблағнинг зудлик билан ажратилиши кераклиги ҳақида огоҳлантирганди.

Ҳозирга қадар ёрдам учун 4 миллиард доллар ваъда қилинган. Кўпгина давлатлар аввал ваъда қилинган ёрдам миқдорини оширишда давом этмоқдалар.Якшанба куни Канада 66 миллион доллар бериши мумкинлиги ҳақидаги ваъдасини 350 миллионга ўзгартирди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти давлатлар ваъда қилган ёрдам нақд пулга айланишини кутмоқда.

УНУТИЛГАН ВАЪДАЛАР

Донор давлатларнинг бундан аввал юз берган табиий офатлар, жумладан, Эроннинг Бам вилоятидаги зилзила оқибатларини бартараф этиш учун ваъда қилинган ёрдамни етказмагани хавотирларга сабаб бўлган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ҳинд уммонида юз берган зилзиладан сўнгги шошилинч ёрдам ҳаракатларига қарамасдан, донор давлатларни дунёнинг бошқа минтақаларидаги инсоний инқирозларни ҳам эсдан чиқармаслик ҳақида огоҳлантирмоқчи.

Женевадаги анжуман қатнашчиларига 14 давлатдаги инқирозли вазиятлар кўрсатилган рўйхат тақдим этилди. Улар орасида Суданнинг Дарфур минтақаси, Бурунди ва Чеченистон ҳам бор, деб хабар беради Би-би-си ахборот агентлиги.