Махатма Ганди авлодлари айнан шу йўл орқали демократияга интилмоқда
Ҳиндистон Осиёдаги йирик демократик давлат бўлиб, қадриятлар, мезонлар ва тартиблар ҳинд жамиятида жуда чуқур илдиз отган. Жанубий Осиёдаги мазкур давлат дунёдаги энг кўп сайловчиларига эга мамлакат ҳисобланади – 2006 йилги маълумотларга кўра бу ерда 617 миллион (!) нафар сайловчи бор.
Ҳиндистон (ҳиндча Бҳарат). Аҳолиси 1 млрд 300 миллион. Ҳиндистон Конституцияси дунёда ҳажми бўйича дунёдаги энг йирик ҳужжат бўлиб, 491 та мақоладан ташкил топган.барчаси таҳлилий ва майда-чуйдасигача тушунтириб берилган.
* * * Давлат тузуми. Ҳиндистон – федератив республика. Буюк Британия бошчилигидаги Ҳамдўстлик таркибига киради. Давлат бошлиғи президент. У парламентнинг икки палатаси ва штатларнинг қонун чиқарувчи органлари аъзоларидан иборат сайловчилар ҳайъати томонидан 5 йил муддатга сайланади. Қонун чиқарувчи ҳокимиятни президент ва икки палата – Штатлар кенгаши (Ража сабха) ҳамда Халқ палатаси (Лог сабха)дан иборат парламент, ижроия ҳокимиятни президент ва бош вазир бошчилигидаги ҳукумат амалга оширади. * * * «Парламент» сўзи франтсузчасига «парлер» гапирмоқ сўзидан олинган. Аммо негадир биринчи парламент 1265 йилда Англияда жорий этилган. Тушунарсиз ҳолат, лекин факт. |
Маҳаллий, минтақавий, штатлар ва умуммиллий даражадаги сайловлар орқали демократияни амалда намойиш қилиш ва умуман халқаро ҳамжамият тан олган ҳинд демократиясини 1998 йилги Нобел мукофоти лауреати, иқтисодчи олим Амартия Сен «Баҳс-мунозара қилаётган ҳинд» деган ибораси билан ифода қилган. У сайловлар жараёнида, парламентда, ҳукуматда ва жамиятда мунозара ва баҳс юритиш демократиянинг ажралмас қисми эканлиги ҳақида гапира туриб – мунозара тўхтаган жойда монолог бошланади, монолог эса яккаҳокимликни бошлаб беради, деган иборани илгари суради.
Мамлакат гарчи узоқ йиллар давомида турли давлатлар мустамлакасига айланиб, кўп йиллик урушларни бошдан ўтказганига қарамай, Ҳиндистон давлат тизими борасида ўзига хос тажрибалар тўпланганлиги Билан ажралиб туради. Одатда дунёнинг турли давлатларида қонун чиқарувчи органлар ҳар хил номлар билан аталади. Мисол учун, Ўзбекистонда – Олий Мажлис, Англияда – Парламент, Россияда – Дума, АҚШда – Конгресс, Украинада – Рада, Финляндия ва Полшада Сейм деб юритилади. Сизга сўзламоқчи бўлган Ҳиндистонда эса парламент Сансад дея номланган.
Ҳиндистон қонунчилигидаги олий федерал органи саналган Сансад тузилишига кўра, президент ва иккита палатани ўз ичига олади. Булар Халқ палатаси (Лог Сабха) номли қуйи палата ва Штатлар кенгаши (Ража сабха) – юқори палатадан ташкил топган. Парламент қароргоҳи Ню-Деҳлида жойлашган бўлиб, Сансад Бхаван номи билан юритилади. Ҳар икки палата томонидан кўриб чиқилиб маъқулланган қонун лойиҳаси президентга юборилади.
Парламентнинг қуйи палата аъзолари мажоритар системага кўра тўғридан-тўғри яширин овоз бериш йўли орқали сайланади. Мазкур палата аҳамияти ва ваколат кўламига нисбатан юқори палатадагига нисбатан анча нуфузли саналади. Баҳс-мунозараларнинг макони саналган Лог сабхи аъзолигига сайланиш хамирдан қил суғургандай осон кечмайди. Бунинг учун номзод Ҳиндистон фуқаролигига эга бўлиши, 25 ёшдан ошган, руҳий соғлом, банкрот ҳолатида ва жиноий қидирувда бўлмаслиги лозим. Бу масаланинг биринчи томони.
Дунёдаги энг катта расмий ҳужжат – Ҳиндистон Конституцияга мувофиқ Лог сабха, Халқ палатаси 552 депутатдан иборат (штатлардан 530 нафаргача, иттифоқдош ҳудудлардан 20 нафаргача, шунингдек, асли келиб чиқиши британиялик бўлган ҳиндулар манфаатини ҳимоя қилиш учун яна икки нафар депутат президент томонидан тайинланиши мумкин). Лог сабхада депутатлар 5 йил муддатга сайланади, агар мамлакатда фавқулотда ҳолат эълон қилинса, ваколатлар яна 1, 2, 3 йилгача узайтирилади. Бордию сайловлардан сўнг бирор бир партия кўпчиликни ташкил этмаса ёки коалиция тузолмаса, мамлакат президенти муддатидан олдин палатани тарқатиб юбориши мумкин.
Ўн тўртинчи Лог сабха 2004 йилнинг апрел-май ойларидаги сайловлар натижалари асосида шакллантирилган ва 545 аъзони (530 штат, 13 та иттифоқдош ҳудуд ва 2 нафар инглиз-ҳинду вакиллари) ўзига бирлаштирган. Сайловчилик қонунига мувофиқ Ҳиндистон фуқаролари штатлар ва иттифоқдош ҳудудий вакилларни сайлашади.18 ёшга тўлган ҳар бир фуқаро жинси, ирқи, қайси табақага мансублиги, динидан қатъий назар сайловларда овоз бериш ҳуқуқига эга.
Парламентдаги юқори палата Штатлар Кенгаши (Раджа сабха) саналади. Унинг аъзолари федерация субъектлари – Ҳиндистон штатлари ва иттифоқдош ҳудудлар қонунчилик органлари аъзолари томонидан билвосита йўл билан сайланади. Штатлар Кенгашининг 250 нафар аъзоси бўлиб, аҳамиятли жиҳат шундаки, мазкур палата тарқатиб юборилмайди, балки унинг аъзолари олдиндан тайёрланган ротацион график асосида ташкил этилади. Раджа сабха мамлакатда федератив системани сақлаб қолиш учун ўйлаб топилган бўлиб, унинг аъзолари сони ҳар бир штат аҳолиси сонига боғлиқ. Мисол учун, Айни пайтда Уттар-Прадеш штатидан 31 нафар, Нагалендадан эса атиги бир нафар вакил Раджа сабхада фаолият олиб бормоқда. Мазкур палатага аъзо бўлиш учун номзод энг камида 30 ёшда бўлиши керак ва улар 6 йиллик муддатга сайланади.
Дарвоқе, Штатлар кенгаши вакилларининг тарқатиб юборилмаслиги уларнинг бу лавозимда умрбод ишлайди, дегани эмас. Гап шундаки, янги сайловлар ҳар икки йилда палатанинг учдан бир қисми учун ўтказилади. Раджа сабхани шакллантириш структураси Ҳиндистон конституциясининг 80-бетида қуйидагича ёзилган: 12 нафар аъзо президент томонидан тайинланади. Улар адабиёт, фан, санъат ва ижтимоий соҳада махсус билим ва тажрибага эга бўлишлари лозим. Штатлар вакиллари пропорционал тизим асосида ягона овоз бериш йўли орқали штатларнинг қонунчилик йиғилишлари аъзолари томонидан сайланса, Иттифоқдош ҳудудлар вакиллари эса билвосита мазкур минтақа сайловчилари ҳайъати томонидан янги лавозимга қўйилади.
Баҳс-мунозараларга бой парламент мажлислари Сансад Бхаванда ўтказилади. Ушбу бино ўзига хос меъморий услубга эгалиги билан ажралиб туради. Иншоот айлана шаклда бўлиб, 1912-1913 йилларда британиялик архитекторлар Эдвин Лаченс ва Герберт Бейкер лойиҳаси асосида бунёд этилган. Бинонинг ташқи халқасини 144 та гранит устунлар ушлаб турибди. Парламент саройида шунингдек, 1958 йилдан буён Ҳиндистон юқори суди ҳам иш олиб боради.
Қуйи палата бетараф бўлган спикер томонидан бошқарилади ва унга ўринбосар ёрдам беради. Палата раҳбари ўз навбатида регламентни рад қилиш, доимий комиссияни шакллантиришда ҳал қилувчи сўзни айтиш, депутатларни тартибга чақириш ва бошқа ҳуқуқларга эга. Бошқа давлатлардаги каби палатада партия фракциялари тузилиб, тармоқлар бўйича доимий комиссиялар шакллантирилади, асосан техник ишларни олиб борувчи палата котибияти ташкил этилади. Ҳар бир партия фракцияси ўзининг лидерига эга.
Парламентнинг асосий функцияси – депутатлар томонидан мамлакат миллий манфаатларини ифода этадиган қонунларни қабул қилишдан иборат. Агар қонун лойиҳага бирор палата томонидан тузатиш киритилгудек бўлса, у ҳолда лойиҳа биринчи қабул қилинган палатага қайтарилади. Дейлик, қуйи палата томонидан янги қонун қабул қилинди, аммо бу мазкур ҳужжат ҳаётга татбиқ этилади, дегани эмас. Мазкур қонун юзасидан Штатлар кенгаши тўрт ой ичида ўз эътирозини билдирса, ҳар икки палата ягона келишувга келишлари лозим бўлади, агар бу йўл ҳам фойда бермаса, президент қарорига кўра, ҳар икки палатанинг қўшма йиғилиши ўтказилади ва баҳсли мавзу кўпчилик овоз орқали ҳал этилади.
Агар 6 ой давомида Штатлар кенгаши қонун лойиҳаси юзасидан бирор қарор қабул қилмаса, демак билингки, Халқ палатасининг қонун лойиҳаси қабул қилинган. «Пулли» қонун лойиҳалари Штатлар кенгаши томонидан 14 кун давомида кўриб чиқилиши даркор. Мабодо Штатлар кенгашининг қарори эътирозларга сабаб бўлса, улар бу қонунни одатий тартибда иккинчи маротаба қабул қилиш йўли билан енгиб ўтишларига тўғри келади.
Наполеон Банопарт «Ҳиндистон давлати кимнинг қўлида бўлса, ўша давлат дунёга ҳукмронлик қилади», деган эди. Бу бежиз эмасди. Зеро, қадимдан нафақат маданият ва санъати юксак даражада ривожланган, балки ўзининг табиий бойликлари, олтин ва дуру-жавоҳирлари билан донг таратган Ҳиндистон асрлар оша дунё ҳамжамиятини ўзига жалб этиб келган. Йиллар силсиласи ҳинд жамияти учун ўзига хос мактаб вазифасини бажарди. Айниқса, 19-20 асрларда англиялик мустамлакачларга қарши олиб борилган курашлар, турли қўзғолонлар Ҳиндистон тарих саҳифаларида ўчмас из қолдирган. Махатма Ганди, Жавохарлал Неру, Лал Баҳодир Шастри каби буюк сиёсатчиларни тарбиялаган юрт дунёда ўзи танлаган йўли борлигини кўрсатди ва бунга улар ҳақли, албатта.
Беҳбуд Ботиров