АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Дональд Лу Ўзбекистонга келмоқда.
Давлат департаменти матбуот хизмати хабарига кўра, Дональд Лу жорий йил 6-11 ноябрь кунлари Туркманистон, Ўзбекистон ва Қозоғистонда бўлади.
Қайд этилишича, юқори мартабали мулозим ташрифи Вашингтоннинг ҳар уч давлат мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаш борасидаги иродаси собит эканининг яна бир тасдиғидир.
Ўзбекистонга сафари давомида меҳмон давлат ҳокимияти, фуқаролик жамияти вакиллари ва маданият намояндалари билан учрашади. Хотин-қизлар ҳуқуқлари, дин ва эътиқод эркинлигини янада мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.
Ташриф мобайнида Марказий Осиёда иқтисодий барқарорлик ташаббусини йўлга қўйиш масаласи ҳам муҳокама қилинади. Ушбу ташаббус орқали АҚШ минтақавий савдо йўллари ва салоҳиятини мустаҳкамлаш, малакали ишчиларни ўқитиш ва тайёрлаш ҳамда халқаро инвестицияларни жалб қилиш учун 25 миллион доллар маблағ ажратади.
АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Дональд Лу жорий йил май ойида юртимизда меҳмон бўлиб, ташқи ишлар вазири Владимир Норов билан музокара ўтказган эди.
Дональд Лу 2021 йил декабрь ойида ҳам юртимизга ташриф буюриб, икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик мулоқотининг биринчи мажлисида қатнашган.