Самарқандда яна бир янги газета чоп этила бошланди. Аслида, «Афросиёб»нинг номи газетхонларга 2012 йилдан бери таниш. Аммо газетага ёзувчи Каримберди Тўрамурод муҳаррир этиб тайинлангач, газета ўз йўналишини ўзгартирди, у адабий-маърифий газетага айланди.
Газетанинг «Мутолаа завқи» саҳифасида замондош ижодкорларнинг янги ҳикояларини, «Нафис мажлислар» рукнида шоирларимизнинг янги шеърларини ўқишингиз мумкин.
«Устозлардан сабоқлар» саҳифасида Шукур Холмирзаев, Саид Аҳмад, Ўткир Ҳошимов, Ўлмас Умарбеков, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Шавкат Раҳмон, Ўктам Аъзам сингари сўз усталарининг асарларини ўқийсиз.
Газета ажойиб лойиҳа бошлаган, «Газета ичида китоб» рукнида ҳали чоп этилмаган янги асарлар газета ўртасига жойлаштирилганки, бу саҳифаларни юлиб олиб, йиғиб борсангиз, ўз китобингизга эга бўласиз. Газетанинг биринчи сонида 2017 йилда Нобель мукофотини қўлга киритган Буюк Британиялик япон адиби Исигуро Кадзуонинг «Мени бағрингдан чиқарма» романини чоп этиш бошланган. Эслатиб ўтамиз, бу роман ҳали ўзбек тилига таржима қилинмаган эди. Романни «Афросиёб» газетаси буюртмаси билан моҳир таржимон Миршариф Хўжаев ўзбек тилига ўгирмоқда.
«Афросиёб» яна бир ғаройиб лойиҳага қўл урган. «Ёзувчи бўлолмай қолган эдим» деган рукн ташкил қилинган ва бу рукнда ёзувчи бўлишни орзу қилган, аммо ўқий олмаган, машқларини ҳали бировга кўрсата олмаган ҳаваскорларнинг машқлари деярли таҳрирсиз бериб борилади. Бу рукн элимиз орасида қаламкашликни орзу қилган, аммо ҳали бир ерда бир сатри чоп қилинмаган ҳаваскорлар орасида катта қизиқиш уйғотиши шубҳасиз.
Газетанинг халқ газетаси бўлиб қолишини мақсад қилган таҳририят ходимлари интернетдаги ижтимоий тармоқлар, хусусан, «Фейсбук»да анча танилиб қолган Абу Муслим, Зебуннисо Аҳмедова, Мубашшир Аҳмад, Хайрулла Ҳамидов, Темур Аъзам, Нодира Иброҳимова сингари кўплаб ижодкорларни газета ишига жалб қилган. Халқ ичидан чиққан ҳазиллар устаси Дилмурод Болтабоевга «Дима Қаюм нима дейди?» деган бутун бошли саҳифа «юкланган». Бу газета ижтиомий тармоқ фойдаланувчилари ўртасида ҳам оммалашишини маъминлайди.
Газетадаги «Олисдаги яқинларимиз» рукнида турли сабаблар билан чет элларда юрган қаламкашларнинг ижодларидан намуналар бериб борилади.
«Адабиёт атомдан кучли» рукнида таниқли адабиётшунослар, бу соҳада изланиш олиб бораётган ёш олимларнинг ўз замондошлари, тенгдошлари ижодига берган баҳолари, асарлари хусусидаги тақриз ва танқидлари бериб борилади.
«Унутмоқ осонмас бизларни» рукнида эса дунёдан ўтиб қолган шоирлар ва ёзувчилар хотирланади, уларнинг асарларидан намуналар берилади.
Энг муҳими, газета харидоргирлигини ўйлаб, ўз муқоваларига, бошқа газеталардан фарқли равишда, қўшиқчи ёки актрисаларни эмас, шоир ва ёзувчиларни олиб чиқмоқда. Газетанинг биринчи сонида шоира Хосият Рустамова билан суҳбат берилган бўлса, кейинги сонида шоира Фарида Афрўз таҳририят меҳмони бўлади. Кейинги сонларида ёзувчилар Исажон Султон, Улуғбек Ҳамдам, шоирлар Усмон Азим, Иқбол Мирзо, Қутлибека Раҳимбоева, Гулжамол Асқаровалар билан суҳбатларни ўқишингиз мумкин.
Албатта, газетада озгинадан бўлса ҳам юртимиз ва дунё янгиликлари, саломатлик ва гўзалликка оид маълумотлар, кино оламидаги янгиликлар ҳам бериб борилади. Бошқотирма ишқибозларига кроссворд ва сканвордлар ҳам тақдим этилади.
Янги газетада биргина нарса айрим газетхонларга маъқул бўлмаслиги мумкин: бу газетада башоратномалар, ўзга оламларга оид турли олди-қочди гаплар мутлоқо чоп этилмас экан.
Таҳририят ходимлари эски, қадрдон анъаналарни тиклаш мақсадида мана бундай нарсани эълон қилишибди: «Бизга хат ёзинг. Бирор хатингиз эътиборсиз қолмайди. Биз уларни чоп қилишдан ташқари, ўзингизга, уй манзилингизга почта орқали жавоб юборамиз».
Ана шундай эзгу ниятлар билан иш бошлаган «Афросиёб» газетаси барча адабиёт ихлосмандларига, газетхонларга муборак бўлсин!