СЕН ЕТИМ ЭМАССАН
(Улуғ Ватан урушининг ота-онасиз қолган гўдакларга)
Сен етим эмассан,
Тинчлан, жигарим.
Қуёшдай меҳрибон
Ватанинг-онанг,
Заминдай вазмину
Меҳнаткаш, мушфиқ
Истаган нарсангни тайерлагувчи
Халқ бор- отанг бор.
Чўчима, жигарим,
Ўз уйингдасан,
Бу ерда
На ғурбат, на офат, на ғам.
Бунда бор: ҳарорат, муҳаббат, шафқат
Ва меҳнат нонини кўрамиз баҳам,
Сен етим эмассан,
Ухла, жигарим.
Бу ерда музлаган
Аждар ҳалқумли
Ваҳшат тўпларининг
Қаҳқаҳаси йўқ.
Бу ерда — одамзод
шаклида юрган
манфур, юкумли, мараз намойиши
тополмас ҳуқуқ.
Улуғ жанг кунидир,
Жангки, беомон,
Лашкар деган ахир
Бехатар бўлмас,
Отанг ўлган бўлса,
Қайғурма, қўзим,
Кўзим усти
Миннатинг бошимга дурра.
Шу соғлом ҳавода
Саломат-омон,
Хўрсинмай, эркинлаб
Ола бера нафас.
Эй, улуғ наслимнинг
Юраги, жони,
Кипригингга илинмас
Йиғидан зарра.
Сен етим эмассан,
Ухла, жигарим.
Етимлик нимадир-
Бизлардан сўра,
Ўнинчи йилларнинг
Саргардонлиги
Иситма аралаш
Қўрқинч туш каби
Хаёл кўзгусидан
Учмайди сира.
Мен етим ўтганман,
Оҳ, у етимлик…
Вой, бечора жоним,
Десам арзийди.
Бошимни силашга
Бир меҳрибон қўл,
Бир оғиз ширин сўз
Нондек арзанда.
Мен одам эдим-ку,
Инсон фарзанди…
Сен етим эмассан,
Ухла жигарим.
Кўзимга ўйқунинг
Мудроқ овчиси
Тўрин солмасдан, —
(Биринчи гудокка
Икки соат бор)-
Оталик ҳиссининг
Бебаҳо, лазиз
Тўлқинлар ичра
Ғарқ бўлиб кетиб,
Азиз бошинг устида
Термулмакдаман,
Сен етим эмассан,
Ухла, жигарим.
Нега чўчиб тушдинг,
Мурғак хаёлингга
Нималар келди?
Балки Одесс даҳшати,
Керчь фожиаси,
Ёввойи махлуқлар,
Қонхўр ваҳшийлар…
Маммаси кесилган
Шўрлик онангнинг
Пажмурда гавдаси
Кўзинг ўнгида
Бутун даҳшати-ла
Акс этар энди.
Онанг хўрландими,
Отанг ўлдими,
Сен етим қолдингми,
Қайғурма, қўзим,
Кўзим усти,
Миннатинг бошимга дурра.
Ота-онасининг
Тайини ҳам йуқ,
Сут кўр қилгур, ҳароми
Гитлер оқпадар
Фарзанднинг қадрини
Қаердан билсин?
Бир қўнғиз мўйловли,
Бароқ соч малъун,
Жигар ранг бир мундир
Истаги учун,
Наҳотки еримиз
Чаппа айланиб,
Наҳотки дарёлар
Оқар тескари,
Наҳотки одамлар
Кезар дарбадар?!
Ахир, жуда яқин
Қонли интиқом,
Алҳазар, алҳазар,
Кўпирар томирларда қон,
Ва портлар ҳадемай
Бу ўтли вулқон.
Сен етим эмассан,
Ухла, жигарим.
Сен кулаётибсан,
Балки бу кулги
Сўнгги ойлар ичра
биринчи чечак.
Лаъли лабингдаги
Ғунча табассум
Албат толеингга
Муҳр бўлади
Ва бунда акс этар
Порлоқ келажак.
Тонг яқин, тонг яқин,
оппоқ тонг яқин.
Бир нафас ором ол,
Ухла, жигарим.
Оқ ойдин тонг олди,
Ухламоқдасен.
Лабларинг шивирлар,
Изламокдалар
Балки бир эркалаш,
Бир она бўса,
Улуғ оиланинг
гўдак фарзанди,
билиб қўй энди:
Сен тезда улғайиб,
Олам кезасан.
Манглайда порлаган
Толеинг — қуёш,
Бутун ер юзини
Қилур мунаввар.
Хақорат емрилур,
Зулм янчилур,
Жаҳонда бўлурмиз
Озод, музаффар.
Сен етим эмассан,
Менинг Жигарим!
Ғафур Ғулом