Улуғлик ифори (шоир Йўлдош Эшбек билан суҳбат) (2017)

http://n.ziyouz.com/images/yuldosh-eshbek.jpg

Савол: – Сиз шоирсиз. Наср ҳақида, айниқса, Абдулла Қодирий ижоди хусусида бирор нарса ёзишни истаганмисиз?

Жавоб: – Хоҳлаш… жуда хоҳлаганман. Бора-бора (йиллар давомида) бу истак мақсадга айланиб қолган, ҳа қолган, чунки ҳар гал ёзишга отланар, тараддудланар ва ниҳоятда қўрқардим… Фақат нима учун деб сўраманг, сўрасангиз-да, жавобим битта, гўё ҳамма менинг бу ҳолимни (нўноқлигимни) тушунадигандек. Ёзсам ёзажак нарсам ёзилгандан кейин, ёзмасам ёзмаган нарсам ёзилмагандан кейин, яъни ёзилмагани сабабли буткул тинчимни йўқотадигандек… йўқотардим ҳам, йўқотади ҳам: қандай чиқаркин, қандай чиқдийкан, каби хавотирлар. Бу қўрқоқлик эмаса-да, қўрқув! Мана шу нарса ёзадиганларни адиб (шоир-ёзувчи) ва буткул ижод аҳлини адои тамом қилса керак деб ўйлайман. Балки хатодир, лекин мен шундай ўйлайман ва ўзим бу туйғудан, бу йўлдан озод дамларимни эслай олмайман. Бу жуда исканжалидир. Ниҳоят, ногаҳоний таклиф ва сизнинг саволингиз. Келинг, марҳамат қилинг! Суҳбатнинг қизиқарли чиқиши кўп жиҳатдан саволга боғлиқ (буни баҳона тарзида қабул қилсангиз ҳам розиман).
Шундай қилиб менга авваллар А.Қодирий жуда сирли адиб ва буюк инсон бўлиб туюларди. Ҳозир ҳам шундай. Балки ундан ҳам зиёда улуғ. Авваллар Қодирий ҳақда ҳамма нарса айтиб бўлингандек кўринарди. Ҳозир ҳам шундай. Лекин шу билан бирга ул даҳо зотнинг синов ва синоатларга тўла ҳаёти ва ижодида ҳар гал нимадир, қандайдир сир қолаётгандек бўларди. Ҳозир ҳам шундай. Ва нимадир у зот ҳақида ёзгим келар, бунга журъат этиб этмаслик орасида, бир ҳолда юргандек эдим. Ҳозир ҳам шундай. У зотнинг асарларидаги қуйма жумлалар, жозибали, гўзал тил ва рангин оҳанг, ёрқин тасвир йўсини, тафаккур тарзи (буни мағриб ва Оврўпада олимлар структурализм дейишади чоғи, бу бир метод) қизиқтирарди. Ва лекин асарнинг ўқувчида ҳосил қилган фикрини нима дейишарди, билмасдим. Ҳозир ҳам билмайман. Тафаккур юксак мақомдир. Барча ўқувчи мутафаккир даражасига етмаса-да, ҳар қалай фикрлайди, ёшлар фикрлашга ўрганади, ўйлари миқёс касб этади. Умуман ўқувчи халқни адабиёт бошқаради. Адабиётда шундай яхши маънодаги магик хусусият, яъни сеҳрли таъсир кучи мужассам. Шунинг учун тарихда баъзи ҳатто шўро замонида ҳам бадиий адабиётни ҳукмдорлар ёқтиришмаган ва жосус, айғоқчи, жаллодларини адиб (шоир, ёзувчи)нинг жуда яқинидан танлашган. Мамлакат эрксизлик зиндонига айлантирилганда, ота-бола, ака-ука бир-бирига сотқинга айлантирилганда, эзгуликка ўрин қолмади деб ўйланганда зиндонда кўпгина яхши одамлар ҳатто шундай ўйлаб қолиши ҳам мантиққа зид эмас, лекин умидга тескари. Барча дарчалар қаттиқ, маҳкам ёпилса-да, бир туйнук милтиллаб қолади. Бу адабиёт. Умидни шундай оғир дамда, зиндонда уни тарбиялаб, бепоён-буюк эркка элтади. Инсонни, миллатни зиндон бахтиёрига айлантиради. Мен Қодирийни, ўша пайтдаги ўқувчиларни шундай бахтиёрлар дегим келади.

Савол: – Тафаккур нима?

Жавоб: – Кўнгилдаги, ҳаётдаги яхши-­ёмон нарсаларни, ҳодисаларни кўриб яратганнинг қудратини ўйлаш ва шукур қилишдир. Қодирий қаҳрамонлари, ўзи ҳам ёвузлик, зулм ичида яшаган бўлсалар-да, улар (нинг қалбларидан ва юзлари)дан шукр нури таралиб туради. Чунки инсон, банда яхши ва ёмон кунларда ҳам шукр қилиши керак.

Савол: – Бу борада, яъни тафаккур тарзида ғарб ёзувчиларидан фарқимиз борми?

Жавоб: – Албатта, бор. Йўқ, аввал бироз изоҳламасам мени айблашлари мумкин. Албатта, азалий-абадий туйғулар васфи, меҳр-муҳаббат, нафрат-адоват тасвири эса-да, бадиий савия жойида, кўпгина ғарб ёзувчилари асарлари замирида шукр туйғуси сезилмайди, баъзиларида умуман йўқ. Бу сўзим кўпроқ замонавий адабиётга тааллуқли. Тафаккурнинг шарти эса шукрдир. Яхши-ёмон кунда яшамоқ шарти шукр. Аввало, кўпчилик тушунадиган тафаккур тарзида икки миллатдан ҳатто эътиқоддош адиб ҳам фарқланиши мумкин. Бу бошқа масала. Гап юқорида эслатганимиз юқори даражадаги ибодатга айланган, ибодатга тенг фикрлаш ҳақда кетмоқда. Бу ибодатга тафаккур этиб борилади.

Савол: – Мумтоз адибларимиздан кимларни шу мақомда деб ҳисоблайсиз, шу рўйхатга А.Қодирийни ҳам қўшса бўладими?

Жавоб: – Бу хатнинг бошида Ҳазрати Яссавий ва А.Қодирий туради.

Савол: – Тушунишимча, демак, бизнинг ва мусулмон шарқи мутафаккир адиблари тафаккур тарзи “ядро”си шукр, ғарб адиблари учун эса бу шарт эмас.

Жавоб: – Бу саволингизга қисман жавоб бердим. Нима учун қисман? Чунки бу мураккаб, узоқроқ ва узунроқ тадқиқотни талаб этади. Қисқароқ бир тарзда жавобимни янада ойдинлаштиришга ҳаракат қиламан. Ғарб ва Россия мумтоз адиб (шоир ва ёзувчи)лар, масалан, Пушкин, Тольстой, Гётеда бўртиб кўринади. Ғарбда ҳам, бизда ҳам А.Қодирийдан кейин кучли адиблар асарлари мавжуд эса-да, бу ҳолат сезилмайди. Сиёсий, руҳий (психологик) сабаблари борки, бу ҳам алоҳида мавзу. Чамаси мумтоз адиблар шукр туйғуси ичида ёки ёнида умид туйғуси борлигини чуқурроқ билган ёки бу ҳақиқий истеъдод учун табиий ҳол бўлганки, муҳими асар миллийлиги ва умуминсонийлиги ҳатто юксак бадиий савиясини, етук­лигини таъмин этган, адибни ўқувчини илоҳ ва илоҳият билан боғлаб турган. Барча буюк асарларнинг табиати шундай – ишқ, илтижо, умид, шукр. Фақат зоҳири кураш, ҳаяжон, ички талош, исёнлардан, оламдан, олам элидан шикоят.
А.Қодирийнинг асосий қаҳрамонлари ояту ҳадисларни, мумтоз шоирларни яхши билишади, ҳаётларига татбиқ этишади. Қаҳрамонлари яхши билади деган сўз Қодирий яхши билади демакдир. Отабекни китоб билан, Анвар ва Раънони шеър айтишган ҳолда ва бошқа ҳолу корларида эса шук­роналар билан тўлиб тошганини кўрамиз. Кумушнинг онасига хатини “Алҳамдулиллаҳ!” билан бошлаганини эсланг. Ҳолбуки, турмуши тинч, бир текис деб бўлмасди.

Савол: – Фано недир?

Жавоб: – Луғавий маънолари тугаш-тугалиш, вафот этмоқ, бақосизлик. Истилоҳий маъноси йўқ бўлиш, бу маънавий даража, бу йўқ бўлишда жисм иштироки муҳим эмас, яъни йўқ бўлиш маънавий жиҳатдан дунёдан узилиш, дунёдан узилиш эса жисман эмас, дунёга кўнгул қўймаслик, муҳаббат боғламаслик, халқ ичра Ҳақни ўйлаш, севиш, Ҳақ сифатлар ва хулқлар билан хулқланиш ва сифатланиш. Бу тасаввуфда энг юксак бир мақом; фано фиж – шайх, фано фир – росулдан сўнг фано филлаҳ – бу комиллик дегани. Киши (бад)нафсини тамом йўқ қилиб, бақода бор бўлишидир. Бу комиллик шубҳасиз, эл-юрт, миллат-ватан учун хизмат қилишдир. Миллат – ватан эса тараққийга комил зотлар билан(гина) киради. Ўткинчи, йўловчи каби камтаринлик касб этган маънолари билан бирга ҳазрати Навоийнинг Фоний тахаллусини ҳам бақода фано бўлиш деб тушунамиз, баъзан айтилганидек, турк адабиётида боқий, форс шеъриятида ўткинчи деб эмас. Турк ва жаҳон халқлари адабиёти ва тарихидаги боқийлигининг асосий сабаби фано мақомига кўтарилганида деб яхши гумон қиламиз. Йўқса, юқори (даги) мисралар туғилмасди. Мавзудан четлаб кетмадикми?

Савол: – Йўқ. А.Қодирий қаҳрамонларида шу ҳаракатлар кўринадими? Тасаввуфга алоқаси борми? “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён” кароматми? Шундай бўлса, Қодирий номига “ҳазрат” қўшилса жоизми? Умуман Қодирий ижодига, хотирасига муносабатимиз қай ҳолда? “Зиндон бахтиёрлари” ғалатироқ, бир-бирига зид тушунчалар эмасми?

Жавоб: – Ҳурмат қилган ҳурмат кўради. Буюк зотлар бизнинг мақтовларимизга зормас, бу ўзимиз, ёшларимиз, эл-юртимиз учун керак. Бундай ҳурматли муносабат давлатимиз томонидан адо этилди, давлатимиз раҳбари томонидан билдирилди. А.Қодирий номига боғ, кўча, олийгоҳлар берилди. Энди соҳа олимлари, адиблар ғайрат кўрсатиши, ижодидаги ишоралар, пинҳон нуқталар устида тўхталиши, хотирлаши, суҳбатлар уюштириши, кечаларини ўтказиш жуда муҳимдир. Бу борада таниқли олим Баҳодир Карим ишлари эътибор ва эътирофга сазовордир.
Ҳақиқатда “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён” ҳориқулодда ҳодисадирки, бир қанча йиллардан буён ўқувчиларни мафтун этиб келади, ҳайратларга солади, хатарли йилларда қўлма-қўл ўқилади, шундай хавфли замонда Қодирий ижоди намуналарини ўқиш жиноят бўлган бир пайтда кўнгли гўзалликка мафтун, гўзаллик билан ҳаёт кечирган халқ бахтиёр бўлмай ким бахтиёр бўлсин? Зиндон бахтиёрлари деганимнинг маъниси бу. Зиндон мамлакатнинг чиқиши – эрки йўқ эди, эрксиз миллат кўнгли ташналигини Қодирий асарлари суғориб турарди. Ҳозир ҳам, эркин замонларда ҳам шундай. Бу бадиий асар гўзаллигининг қудратидир. А.Қодирий романчиликнинг пири, Навоийси, раиси, подшоси. Демак, шоҳга шоҳона муносабат лозим. Ўсмир чоғларим роман (“Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён”)ларнинг фақат ишқий саргузаштларига мафтун эдим, яъни фақат ишқий асар бўлиб туюларди, уларнинг ижтимоий-сиёсий жиҳатларига, бу жиҳатларнинг чуқурроқ нуқталарига эътибор этмасдим. Аммо барибир бугун ҳам бу асарлар ҳақида
Л.Арагон шошилиброқ, яъни тезроқ “Жамила” хусусида “дунёдаги энг гўзал севги достони” демаганида ҳам кимдир Қодирийнинг икки романи ҳақида айтган бўларди. Чунки Отабек – Кумуш, Анвар – Раънолар Лайли – Мажнун, Вомиқ – Узро, Тоҳир – Зуҳра, Алпомиш – Барчин қаторига кўтарилди. Ҳатто севимлилик жиҳатидан энг яқин бир манзилга айланиб қолди, десам бу улуғ (қаҳрамон)лар хафа бўлмас ва уларнинг улуғлигига ҳеч футур, зарар етмас. Қодирийнинг бу қаҳрамонлари билан бутун турк халқлари, Буюк Турк Дунёси фахрланади десак янглишмаймиз. Чунки бу ҳақда уларнинг самимий эътироф­лари бор адибларнинг, олимларнинг… Шундан келиб чиқиб бу икки роман “Дунёдаги энг гўзал ватан қўшиғи” дейилса ўринли. Чунки бу қаҳрамонлар билан бирга Юсуфбек Ҳожи, Мирзакарим Қутидор, Тошкентнинг қипчоқ қушбегиси (Нормуҳаммад эдими), Султонали ва айниқса, Ҳасанали барча турк халқлари фахрланадилар, улар “Қипчоқ – қора чопон” дея одам ажратмасдан бешафқат замонда инсон номидан нафақат кўрсатадилар, кенг маънодаги ватан фарзандларига, ватан образ (тимсол)ларига айланадилар. Бу асарлар, бу қаҳрамонлар кенг китобхонлар, турли қатлам ўқувчилар кўнглини забт эта олди. Бу камдан-кам адибга насиб этадиган бахтдир. Демак, А.Қодирий инсон сифатида қийинчиликлар ва фожеаларга дуч келган бўлса, адиб сифатида буюк саодатга муяссар бўлди… ва аксинча… балки аксинчадир. Албатта, Қодирий ва бош қаҳрамонлари аро яқинлик, ўхшашлик мавжуд (Бу деярли барча буюк адиблар хусусида аввалдан айтилган сўз). Отабек шаҳид, Қодирий шаҳид, Анвар шоир, Қодирий шоир, Юсуфбек Ҳожи валий, бундай дейишга журъатланишимизнинг сабаби романда Отабек: “– Тушунмаган Тошканд халқини Азизбекнинг макрига учканидан, энг охирида… – асарланиб тўхтаб олди, – маним шу ҳолға тушмоғимни каромат қабилида сўзлаб, менга бир мунча насиҳатлар ҳам қилғон эди” (101-бет, Ғ.Ғулом нашриёти, 1994). Ва Юсуфбек Ҳожи мактубидан алоқадор парчани келтирамиз: “Азизбек фотиҳа берди. Халқ уруш ҳозирлиғиға киришди. Ана, ўғлим, бизнинг халқнинг ҳолига йиғлашни ҳам билмайсан, кулишни ҳам! Ҳар ҳолда Тошканд устига яқин қонлиқ булутлар чиқди, ишнинг охири нима билан тинчланар – бу бир Худоғағина маълумдир. Бошқа сўзлардан ҳам ортиқроқ эсингга шуни солиб ўтайки, сиёсат тўғриларида ўйланиброқ сўзла! Арзимаган сабаблар билан талаф (нобуд, Й.Эшбек) бўлған жонларни ҳамиша кўз олдингда тут! Сен билан меним кўнгилларимиздаги яратучиғағина маълум бўлиб, аммо Фарғонада мени Азизбекнинг шерикидир, деб ўйлашлари ва сени бир фитначининг ўғли, деб танишлари эҳтимолдан йироқ эмасдир, шу жиҳатларни мулоҳаза қилиб оёғ бос!
… мендан Ҳасаналига салом айт! Аддои отанг Юсуфбек Ҳожи, Тошканд, 27 далв ойида 1264-нчи йилда ёзилди”.
Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, шоир ва шоиртабиат, авлиё ва авлиёсифат қаҳрамонлар ички дунёсини, маънавий оламини – кўнглини маҳорат билан, бетакрор тадқиқ эта олган Қодирий ким?! “Ўткан кунлар” ва “Меҳробдан чаён” каромат бўлмаса, нима?!

Савол: – Нега ғарб илмида илми ғариба қўлланмайди, бизнинг олимлар нуқул “хорижий” атамаларни ишлатишади?

Жавоб: – Биламан, сиз мана энди Қодирийни ҳам мутасаввуфга чиқариб қўйишмоқда дея туғилажак эътирозларнинг олдини олиш учун ва очқични ўзимизнинг (қадимий, мумтоз) атамалардан излаш зарурлигига ишора этмоқ учун беряпсиз, фаҳмимча, бу алоҳида кенг мавзу, бошқа суҳбатларимизда имкон қадар тўхталамиз. Ўз мавзумизга қайтамиз. “Келмади”ни биз тасаввуфий ғазал деймиз, ғазалга “Муножот” исм берилиши ҳам фик­римизни далиллаб турибди. Баъзилар тушунчасича сўфиёна асар фақат охирот ва ухровий ҳодисалар ҳақда бўлиши керак, у ҳолда Данте энг улуғ сўфий бўлган бўларди. Бундай эмас, кўпгина тасаввуфий асарлар дунё воқеалари ҳақида
Қул Хожа Аҳмад тоат қил,
умринг билмам неча йил,
Аслинг билсанг оби гил,
яна гилга кетаро, –
дегандай бўлади.
Бу дунёда бўлгувчи воқеалар. Тасаввуфий асар бўлишнинг шартлари бир талай, муҳими ўқувчига Ҳақни зикр эттириши, шу асосда Ҳақни англатиш. Ҳазрати Навоий юқорида келтирилган бандда йигитликда тавба қилган яхши, қариликда бода ичишдан тарсолиқ яхши дейди, сўнг:
Қорилиқда икки иштин киши бор элга азиз,
Бири зуҳду бириси халқ аро
нопайдолиқ.
Эй Навоий, қаридинг гўжа тутиб, тоат қил,
Бўлмайин хор десанг айлама
базм оролиқ.
Ҳазрати Навоий дунёвий май ҳақда битмоқда, лекин ғазал сўфиёна, яъни тасаввуфий асарлардан. Сўфийлик фақат жанда кийиб юриш (бу ҳам бор, маълум бир давр­дагина, ҳатто кибрни ўлдирмоқ, нафснинг адабини бермоқ учун бой эса-да, баъзан тиланчилик қилишган) дашту саҳроларда ёқа йиртиш эмас, балки комилликка эришиб, инсониятга фойда келтиришдир. Гиёҳванд, бадмаст ҳолда комиллик даъво қилиш эмас. Юсуфбек Ҳожи ҳаётида Ҳазрат Яссавий ва Ҳазрат Навоий асарларидаги ғояларга амал қилади ва бу ғояларни имкон қадар амалга оширади – Тошкент беклиги (бироздан сўнг хон деган сўз)ни рад этади. Бундан ташқари кўнг­лида очқичи бор ўқувчи асардан кўпгина тасаввуфий унсурлар ва далиллар топа олади. Энди сизга саволни ўзим берай. Хўш, Қодирий тасаввуфни бу икки асарида мақсад қилиб олганми? Бизнингча, бу кўнгил қаърида кечган, мураккаб давр­да яратганга боғлиқ муносабатларини қаҳрамонларига юклаган. Гап бунда эмас, гап асарнинг кўнгилда Ҳақ зикрини пайдо этишида, гўзаллик, улуғлик уруғларини экишида. Икки кўнгул ишқи ҳақиқий бўлгач, мажозий ишқ чекинади. Булар дунё тимсоли Зайнаб ва Абдураҳмонлардир. Дунёда Зайнаблар, Абдураҳмонлар, Хушрўйлар яхшиликка рўйхушлик бермайдилар, нафақат рўйхушлик бермайдилар, балки қарши курашадилар, фақат девор ортидан. Чунки юзма-юз келишдан ожизлигини сезадилар. Лекин улар мутлақо ожизлар эмас. Дунё борки, Зайнаб, Ҳомид, Абдураҳмонлар Отабек, Кумуш, Анвар, Раъноларга заҳар сочиш, ошларига оғу томизиш билан овворалар (Бунга илож, дору, даво, нажот қайда? Барча сўфиёна асарлар шу саволга жавобдир). Ва шу тариқа қурбон беришларига сабабчи бўладилар. Шу тариқа ажабки, уларга ўхшаш янги халқ фарзандлари майдон эгаллашига ҳам беихтиёр сабабчи бўладилар. Чунки буларнинг ишқи ҳақиқийдир. Ишқлари маҳбубларига, аҳлига, халқига, ота-онасига, Ҳақ ва Холиқигадир. Шу ерга келганда “Ўткан кунлар” ва “Меҳробдан чаён”ни ўқиганимда қолиб кетаётган ниҳонлик секин очилаётгандай бўлади. Бунга Қодирийнинг ўзи ишора этади: “Кумуш яна бир кулиб қарағандан кейин уйдан чиқди. Отабек энди тамом ўзини босиб олған, эндиги юрак уриши фақат ҳалиги фаришта томонға ошиқибғина эди. Ўзи ёлғиз қолғандан сўнг нимага бўлса илжайди ва Ҳасаналига илгаригидан ҳам қуюқроқ муҳаббат сезди. Шу дақиқадан бошлаб кечирадиган мас­ъуд кунларини тасаввурдан ожиз ва Зайнаб тўғрисида ўйлаб ҳам қарамас, бошқа гап эсига-да келмас эди” (323-бет). Бизнинг Қодирий ва у зотнинг ижодига бўлган муҳаббатимиз ҳам…
Бас, мўминнинг мўминга ишқи ҳақиқийдир, асло мажозий эмас! Синчиклаб ўқилса бундай ишора ва далилларни учратиш, кўриш мумкин. Гап фақат далилда эмас, гап фақат кўнгул сезишида ҳам эмас, гап далил билан кўнгул сезишида ёки кўнгул сезиши билан далилда! Соҳир рақам, сеҳрли очқич, сирлар калити ёки сирли калит шудир! Бу шифрми, кодми, семиотиками билмадим, лекин бу илми ғарибадир. Илми асрордир. Бу сўнгсиздир. Уни билдим деган зот йўқдир. Аммо яхши гумон қиламиз. Ва Навоийдек, Қодирийдек зотларга бу илмдан улушлар насиб этган бўлса, ёр бўлган бўлса ҳеч ажаб эмас.

Савол: – Шундай қилиб бу романларни сўфиёна дейишга журъат этамизми?

Жавоб: – Йўқ. Журъат этмаймиз. Мен бу асарлар каромат – ҳориқулодда ҳодиса дедим. Тасаввуф бўлмай нима деганимда тасаввуфий унсурларга ишора этдим, насиб этганича далилладим. Тасаввуфий унсурлар сезилувчи барча асарлар шу соҳага айнан дахлдор дегани эмас, бу кўпчилик бўлиб келишиб оладиган соҳа эмас, балки ҳар кимнинг қарашига боғлиқ ҳодиса. Бу асарлар кароматлиги менинг назаримда аниқ, тўртта “Тазкиротул авлиё” китобларида зикр этилишича, барча каромат соҳиблари тасаввуфга мустаҳкам алоқали зотлардир.
Ҳатто шўро даврида ҳам баъзи адиблар (масалан, Ғ.Ғулом)нинг бу йўлда бўлгани тўғрисида аҳлиоиласидан, ихлосмандларидан эшитганмиз. Лекин А.Қодирий тўғрисида қўлимизда аниқ бир маълумот йўқ.

Савол: – А.Қодирий асарларининг ижодингизга таъсири, улардаги сўз қўллаш хусусиятлари ҳақида фик­рингизни билишни истардик?

Жавоб: – Машқларимизга таъсир хусусида сизлар биласиз, сизлар айтишингиз одобга мувофиқ, шундай бўлса-да, мен таъсир этмаган деб айтмайман, бошқаларга таъсири хусусида сўзлаш мумкин. Таъсирсиз адабиёт бўлмайди. Қодирийнинг ўзлари ҳам шубҳасиз таъсирланган. Адабиётнинг бошқа бир исми Таъсирдир. Бизнинг тенгдошларимиз ҳам ўсмирлик чоғларида у зотнинг қаҳрамонларига тақлид қилишарди. Бу жуда гўзал эди. Ҳатто баъзи ёзувчиларимиз Қодирий ижоди таъсири билан муваффақиятга эришар, баъзилар очиқроқ, баъзилар сездириб-сездирмай тақлид этишар, жой, замон, макон ўзгаргани билан таъсир йўлидан чиқиб кетиш мушкул бўларди. Кучли таъсирланишнинг ҳам бир жиҳати ёки бир жиҳатдан тақлиддир. Умуман тақлид ҳам табиий. Лекин бу табиийликнинг фойдаси кам, таъсирланиш тақлид доираси ичига кўпроқ кириб кетган бўлса ҳам. Ке­йинроқ модернизм, постмодернизм сари юзландилар. Яхши асарлар юзага келди. “Меҳробдан чаён”, “Ўткан кунлар” мумтоз мақомида, юксаклигича, бетакрорлигида қолди. Тақлиднинг яна бир номи бор – так­рор. Таъб такрордан ранжийди. Кўз, қулоқ, қўйингки, кўнгил зада бўлади ва беихтиёр модернизм йўлида кетаётганни англаб қолади. Гап оқими, метод, жанрда эмас, реализм яхши, фантастика, модернизм ёмон деган гап йўқ, мукаммал баъзи асарларда буларнинг барчаси мужассам ҳатто (чунки гап истеъдодда). Масалан, ҳазрат Навоий асарларида анъаначилар модернчиларга, модернчилар анъаначиларга бироз бўлса-да, ола қаровчилар бор, шунинг учун бу хусусда тортишувларнинг самараси оз.
Болалигимда бир адабиётчи ҳазрати Навоий “фил”ни “пил” шаклида ишлатганини айтиб, байт ўқиди. “Э, Навоий ҳам ўзимиздан экан-ку” деб юбордим. Гурр кулги кўтарилди. Шевамиз шундай.
Бу кулгу мени бугунлар ҳам қувонч, ҳам қайғуга солади. Бу қайғу тил (лар)имиз (Буюк Турк Тили) ўзимиз каби бир-биридан узоқлашгандай бўлса, бу қувонч – буюк шоир ва ёзувчиларимиз ижодида шева ва лаҳжаларимизнинг сақланиб қолганидир. Қодирий ижоди бу борада ҳам сабоқ мактабидир. Мазкур романлардан мисоллар келтираман; томоқ емоқ, ҳавли, авлия, куяв, кундан афанди, домад, хуш келдинг, сафод келдинг, зиҳирмой, кетман, жилиниб (исиниб) каби сўзларнинг кўпчилиги қаҳрамонлар сўзлашувида эмас, муаллиф матнида келиши яна тўлқинланиб “Қодирий ҳам ўзимиздан экан!” деб юборишимга сабаб бўлади. Қаҳрамонлар, кичик қаҳрамон (персонаж)лар “чай”, “эна” деб сўзлайдилар. Баъзилар “қайнука” дейишади, бу “қайн-ука” дейишдек, чунки “қайн”нинг ичида “ука” бор. Қодирий эса тўғридан-тўғри “қайни” деб ишлатади. Чунки кўп жойларимизда шундай қўлланади. А.Қодирий гоҳ “кўйнак”, гоҳ “кўйлак” сингари баъзи сўзларни турли кўринишда ишлатади. Биз бир хил… Ё ўша даврларда болалар иншо ёзишмаганмикан?

Савол: – Адабий суҳбатларда “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён”да анъанавийлик зиёда, асар воқеалари эзгулик ғалабаси билан тугайди, ёвузлик-чи, деган сўзлар эшитилиб қоларди…

Жавоб: – Қандай қарашга боғлиқ, бу асарлар зоҳирида ёвузлик-эзгулик кураши акс этади, қайси ғолиб ёки мағлуб экани ўқувчининг мушоҳада қилишига қолади. Анварнинг она шаҳридан, халққа катта фойда келтираётган лавозимидан айрилиши, гарчи бу ўзининг сўфийларга яқин қарашлари сабаб руҳий қийноқлардан озод бўлишни хоҳласа, интилса ҳам. Отабек ва Кумуш ҳаёти хотимасини қаранг… фожиавий эмасми?! Албатта, фожиавий, ғам-ғуссага тўла. Қаҳрамонлар ҳаётини ўйлаб қайғуга чўмган ўқувчилар адибдан рози, асарга мафтун, адибдан мамнун бўладилар.
Китобий эса-да, жавобимиз бор – асарлар маҳзун тугаса-да, эзгулик ёвузлик устидан ғалаба қозонади. Бу адабий суҳбатчилар сўзи билан зоҳиран бир бўлса-да, моҳиятан ҳар хил. Икки асарда ҳам асосий қаҳрамонлар халқ тимсолига (ҳатто ватан тимсолига) айланади – асло адолатсизликдан рози бўлмайди. Макр, кибр, хунрезлик, ёвузлик ва босқинчиликка қарши курашадилар. Курашадилар – ғалаба шу! Бизнингча, бошқа ғалабалар, бошқа мағлубиятлар муваққатдир. Доим ўринлар алмашади, алмашиб келаверади. Курашлар давом этаверади. Қодирийнинг буюк сабоқларидан бири ҳам шу!

Савол: – “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён”да баднафслик масаласи, умуман нафсга эътибор қандай?

Жавоб: – Нафс ёмонликларни йўқотишга ҳаракат, оят-ҳадисларга муҳаб­бат, хотиржамликка, гўзал хулқ ва одобга эришиш каби тасаввуф шартлари Қодирийнинг асосий ва асосиймас, бош ва бошмас қаҳрамонларида ҳам кўринади. Юсуфбек Ҳожи хонадони аҳли, хусусан, Отабек – Ҳасанали муносабатлари (Ҳасаналининг Отабекдан изнсиз совчиликка бориб Кумушни битириб келиши ва бошқа муносабатлар) хўжайин-хизматкор муносабатларидан зиёда миллатимиз меҳр-оқибатини кўрсатади. Ҳақиқатан бош қаҳрамонлар чинакам миллат вакилларига айланади ва миллатимизга хос энг олий фазилатларни намоён этадики, бу асл Қодирий сабоқларидир. Анвар юксак лавозимни истамайди, чиркин муҳитдан нафсини узоқ тутгиси келади, бироқ халққа ёрдами тегаётгани учунгина тишини тишига қўйиб чидайди, ёнидагилар эса мансаб истайди, Анвар устидан юмалоқ хат – ифтиро уюштирадилар, бу бетимсол имоми Аъзам маноқибларини ҳам чуқур ўрганганликлари ва нафсини покиза тутиш билан ўзгаларга итоат бўлади.
Агар яхши-ёмон кишиларнинг совуғи (яъни совуқлик) ҳаддан ошиб кетса, сўлжайиб қоладилар, иссиқлари ҳаддан ошса, қутурадилар, хунрезлик, одам ўлдириш овунчоққа ва ўйинчоққа айланади, кўникма, одат бўлиб қолади, душманини ўзидан нодон фаҳмлайди, оламда бундайлар ҳозир ҳам борлигини, ҳатто кўпаётганини ҳисобга олсак, Қодирий сабоқларини ҳам доим ҳисобга олиб боришимизга тўғри келади. Бу иссиқ-совуқлик нима? Бу инсондаги моддий-жисмоний, руҳий-маънавий қувват ёки қувватсизлик. Бошқача тил билан айтсак, оқ, қора кўнгуллар иши ёки кўнгулларнинг оқ, қора иши… Бу инсон вужудида, кўнглида қолиб кетмайди, сарф этилади. Худоёрхон ва Мусулмонқуллар қамчисидан қон томади, халқни доимий қўрқувда, исканжада, кафтида қаттиқ тутишни ғояга айлантириб нафсларини аждарнинг оғзидай очиб юборади, оқибатда бу “аждар” уларни ямлаб-ямламай ютиб юборади. Қодирий баднафсликнинг ҳалокат эканини юксак бадиий бўёқларда чизиб кўрсатади, насиҳат қилмаса, бу тасвирларнинг ўзи буюк насиҳатдир, сабоқдир. Баднафслар нафси покларга, нафси тўқларга ошкор ва зимдан уруш очадилар. Мусулмонқул кибр тимсоли, қўрбоши пайтдан фойдаланиб пора ундириш пайида, нафс эса ҳеч тўймас сифатга эга, тўймайди ё бўкади, ё қармоққа илинади, ё наҳангнинг оғзига бус-бутун кириб кетадилар. Ҳомидда ҳам баднафслик, ҳам ҳасад, ҳам кибр, ҳам бузуқлик мужассам. Ҳаётда баъзи камбағаллар бойларга ҳасад қиладилар, аммо кибр қилмайдилар. Ҳасад кибрни эмас, кибр ҳасадни туғдиради, туғади. Кибр – ҳасаднинг ота-онаси. Баттол, Ҳомидлар, қошини териб юрувчи Абдураҳмонлар Мирзо Анвар, Мирзо Султоналиларнинг, Уста Олим, Уста Фарфиларнинг оёққа туриб, ўзларини тутиб олишларини кўролмайдилар. Чунки бировни ўзидан паст, ҳақир кўриш кибрдир; шу ялангоёқларга кунимиз қоладими, йўқотиш керк! Баднафслик, ҳасад, кибр туфайли ҳатто уруғлар, миллатлар аро урушлар келиб чиқади. Миллат орасига, миллатлар орасига низо уруғини сочиб, орани совутади, душманга айлантирадилар. Нафси поклар ибодатларини тоза, тўкис адо этадилар, миллатни аҳли жипс­лаштиришга, давлат ва жамиятни қувватлантириб, мустаҳкамлашга ғайрат кўрсатадилар. Бу “Силсилаи олия”нинг Нақшбандия халқаси йўлига жуда ўхшаб кетади: “Дил ба ёр, даст ба кор”. Албатта, бу икки роман сўфийлар ҳаётидан ҳикоя қилмайди, соф бош қаҳрамонларнинг ҳаёт тарзлари тасаввуф шартларига мувофиқ келади демоқчимиз. Тасаввуфнинг шартлари кўпроқ. Бу мўътабар романлар ғирромлик ҳам баднафсликдан келиб чиқиши ҳақида сабоқ беради ва ўйга толдиради.

Савол: – Бек ким? “Бек йигит-чи?” Отабекка “Бек”, “бег ака” каби мурожаатларни қандай тушунамиз? Қодирийга шундай мурожаат қилишганмикин?

Жавоб: – Луғатларда бек – ҳоким, сарой аёнлари, подшога яқин кишилар. Қишлоқ, шаҳар, вилоят ҳокимлари. Қадимда подшоҳ ва хонларга нисбатан ҳам қўлланилган. Ўғузхон, Ўғузбек (кейинчалик “ғи” тушиб Ўзбек ҳолига келган ва неварасига ҳам Ўзбек деб исмини берган. Баъзиларнинг “ўзбек” сўзи исбоқар, избоқар сўзларидан келиб чиққан дея тотемларга боғлаши ҳақиқатдан кўп йироқ, номланишидан қатъий назар ўзбеклар Ўғузхондан аввал ҳам мавжуд эди, омон билан ер, одам билан ит қадар). Баъзи амалдорларга берилган унвон. Баъзиларга мерос бўлиб ўтган унвон. Қўшимча қилардикки, турк халқларидаги уруғ ва шу уруғ номи, бу катта бир уруғнинг тармоғи, ота-боболари катта амалдор ўтган. Демак, сулола номи ҳамдир.
Истилоҳий маънолари: маънавиятли-маърифатли, ҳамиятли, маданиятли, бир сўзли, қўрқмас, ўз жо­йини, ўз юртини қўрувчи, яқинларига, элига посбон. Шу хислатларга эга йигитни “бек йигит” де­йишади, халқ орасида жасур, сахий, танти, жўмард, ориятли йигитларга айтилади, шунингдек, жонон йигит, йигитларнинг султони, йигитларнинг гули ҳам дейишади.
Қодирийга бу ном билан мурожаат қилишганми, йўқми, билмадим. Бу номни, бу унвонни агар Қодирий кўтармаса, бошқа кўтаролмайди. Чунки Қодирий кўп асрлик маънавият султонларининг биригина эмас, энг кўзга кўрингани – Улуғ Бекдир!
Шунингдек, Қодирийдек зотларга ота-оналар яхши ҳавас билан, умид билан болаларини шундай исмлайдилар. Бу яхши. Бироқ баъзилар ёшлари бир жойга бориб қолгач, номлари кўпчиликка танилиб, кўникилиб бўлгач, исмини ёки қўшимчасини ўзгартириб, ўчириб “бек”ни қўшиб оладилар, натижа булки, ўчирилган қўшимча барибир кўриниб тураверади. Бироқ ноумид шайтон, Ўзбекларнинг барчаси беклардир.

Савол: – Сиз адабиёт инсонни камол топтиришига, кўнглига эзгулик, улуғлик уруғларини экишига, инсониятни қандайдир бошқаришига ишонасизми?

Жавоб: – “Қандайдир” эмас, тўппа-тўғри (маънода) бошқаради, агар гўзаллик, эзгулик уруғини кўнгил (саҳроси, замини)га адабиёт экмаса, бошқа нарса эколмайди. Ҳатто дину диёнат, иймон ҳам адабиёт орқали мустаҳкамланади. Ёшим етмишга яқинлашмоқда, неча йилки, мени Ҳазрати Яссавий, Ҳазрати Навоий, Эргаш Жуманбулбул, Чўлпон, Қ.Муҳаммадий, А.Қодирий бошқариб келади. Бу зотларнинг ҳар бири ўз йўли (жанри)нинг пири, руҳларини шод қилайлик. Адабиёт инсоният (кўнгли)ни бошқаради. Қўрқитиб бошқарувчи тизимлар мавжуд бўлган, бироқ муваққат. Чунки халқ ва адабиёт буюкдир. Қодирийда юз Анвар, минг Отабек кучи бўлгани аниқ. Албатта, бу сўзимнинг ичида надоматимиз бор. У бевафо дунёни, байтул жафони жуда эрта тарк этди. Ва жуда эрта кўнгил уйига мардона кириб борди, забт этди. Фатҳ этди. Шеър ёзганини эшитмаганимизда ҳам шоирлиғини билган бўлардик, асарларида шоирона руҳ балқиб, ёлқинланиб, порлаб туради, уни шод этайлик!

Суҳбатдош: Абдумурод Тиловов

“Ижод олами” журнали, 2017 йил, 6-сон