25 май куни «Ҳилол-нашр» марказий савдо мажмуасида ушбу нашриётда чоп этилган Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Маликнинг «Шайтанат» романи (2 жилдли қайта нашри) ва «Дока рўмол қачон қурийди» китоблари тақдимоти бўлиб ўтган эди. Учрашувда Тоҳир Малик мухлисларнинг саволларига атрофлича жавоб бериб, қимматли маслаҳатлар бердилар. Қуйида ана шу фикрларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
“Бадиий адабиёт билан диний илм бирлашмас экан, биз ҳали кўп адашиб юрамиз. Бадиий адабиётдаги бу адашишлар ёшларни анча ноумид қилиб қўйиши мумкин”.
“Бир замонлар ўзбек халқини диндан чиқаришда ўзбек зиёлилари пешқадам бўлган эдилар. Энди ҳақ динга қайтаришда ҳам зиёлиларимиз пешқадам бўлишлари шарт. Улар ўтиб кетдилар. Энди бизнинг авлод уларнинг хатоларини тузатишимиз шарт”.
“Бир мамлакатнинг динини билиш учун ҳар хил комиссиялар ташкил этиб, ўрганиш шарт эмас. Шу мамлакатнинг аёлларига қаралса бўлди”.
“Бир киши “Шайтанат”нинг 5-китоби ҳақида танқид қилиб, “Китоб яхши бўлибди-ю, динийроқ бўлиб қолибди”, деди. Мен унга: “Бу китобнинг камчилиги эмас, фазилати” деб жавоб бердим”.
“Тарихий асар ёзиш учун тарихнинг ўзини билиш етарли эмас. Ўша тарихнинг руҳига ҳам кириш керак. Исломни яхши билиш керак. Акс ҳолда асар қаҳрамони 5 ракаат намоз ўқийди. Бир муаллиф ўлган аёлнинг дафн маросимини тасвирлабди. Қабристонда ўша аёл ҳақида: “Фалончи опамиз қандай одам эдилар?” деб сўрашади. Барака топгур, аёл киши дафн маросимида бундай сўралмайди. Чунки жанозага эркаклар боради. Аксарияти марҳумани кўрмаган, билмайди. Қандай қилиб ўша аёл ҳақида гувоҳлик бериш мумкин?”
“Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф прототип бўлган бадиий асар ёзмоқчиман. Бу хотира ёки хроника бўлмай, ХХ асрнинг иккинчи ярмидаги Ўзбекистондаги диний аҳвол, уламоларнинг тақдирлари ҳақида ҳикоя қилувчи бадиий асар бўлади”.
“Бир мажлисда: “Ҳақиқий мусулмонлар совет даврида бўлган”, дедим. “Қўйсангиз-чи, қанақасига?” дея эътироз билдиришди. “Чунки улар ҳар қандай азоб, тазйиққа қарамасдан собит туришди, иймонларини сақлашди. Энг оғир шароитларда ҳам илм тарқатишди”, дея изоҳладим”.
— Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳақларида сиз муҳаррирлигингизда хотира китоб тайёрланяпти деб ўқигандик. Китоб тайёр бўлиб қолдими? Қачон чиқади?
— Бу ҳақда эълон қилганимиздан кейин жуда кўп хотира-мақолалар олдик. Лекин кўпчилигидан кўнглимиз тўлмади. Баъзилар Шайх билан кўришгани, бирга овқатланганини ҳам ёзаверган. Бизга Ҳазратнинг шахсини гавдалантирадиган, нега у кишини халқ яхши кўрарди, нима учун Аллоҳ у зотга шундай мартабаларни берди, деган саволларга жавоб берадиган хотиралар зарур. Биз кутган мақолаларни ёза оладиган илмли биродарларимизда озгина дангасалик касали бор экан. Худо хоҳласа, энг яхши хотираларни тўплаб, сизларга тақдим этамиз.
— Ҳақиқий устоз қандай бўлиши керак?
— Аввало, устознинг қалби пок бўлиши керак. Илмига амал қилувчилардан бўлиши зарур.
— Раҳматли Шайх ҳазратларидан: “Устоз, ёзган китобларингиз орасида энг таъсирлиси, кўпроқ кўз ёшларингизга сабаб бўлиб ёзилгани қайси?” деб сўраганимда у зот “Ҳазрати Али ва Усмон розияллоҳу анҳу ҳақида ёзганимда сочимда кўпроқ оқлар пайдо бўлди” деб жавоб бергандилар. Сизга ҳам шу савол билан мурожаат қилмоқчи эдим. Сизнинг ўзингизга энг маъқул, қаттиқ таъсир қилган асарингиз қайси?
— “Шайтанат”ни ёзаётган пайтим маълум муддат тўхтатиб, Сибирда азобланиб жон берганлар ҳақида “Ов” деган қисса ёзганман. Қиссада Раҳматуллоҳ қори деган образ бор. Шу асарим ўзимга бошқача таъсир қилган.
Давронбек Тожиалиев ёзиб олди.