– Эркин ака, адабиётимизнинг улкан чинорларидан бўлмиш Асқад Мухтор ҳақида ёзган мақола ва хотираларингизда у кишини устозим дегансиз. Биламизки, адабиётда устозлик қилиш осон эмас. Масалан, кулол кўзани қандай ясаш кераклигини қўли билан кўрсатиб беради. Новвой, ҳайкалтарош, тандирчи ва ҳоказо ҳунар эгалари ҳам шогирдининг қўлидан ушлаб, хатосини кўрсатиб, иш ўргатиши мумкиндир. Энди, шоир-ёзувчи бўламан деган ҳаваскорга устозлик қилиш бошқачароқ. Табиийки, унга ўзингиз ёзиб бера олмайсиз. Ёзганини таҳрирлаб ёки оғзаки йўл-йўриқ бериш бошқа гап. Қисқаси, бадиий ижодда устоз-шогирдлик масаласи қандай кечади? Асқад Мухтор устоз сифатида сизга қандай йўл-йўриқ, йўлланмалар берган?
– Тўғри айтасиз, адабий тажрибада устоз-шогирдлик масаласи хийла бошқача, ўзига хос. Устоз аталмиш, сиз айтгандек, ижод бобида ул-бул йўл-йўриқ кўрсатиши, ёзилган матнни таҳлилу таҳрир қилиб, тегишли маслаҳатлар бериши, кейинчалик нашр ишларида ҳали тажрибасиз ҳаваскорнинг рўёбга чиқишида хайрихоҳлик қўлини ҳам чўзиши мумкиндир-у, аммо ҳеч қачон “Худди менга ўхшатиб ёзиши шарт!” дея талаб қўёлмайди, негаки устозини айнан такрорлаган қаламкаш чинакам ёзувчи эмас, анчайин бир нусхакаш саналадики, ундай тоифанинг асл адабиёт тараққийсида ҳеч бир ўрни йўқдир.
Асқад Мухторни устоз деб биладиганлар кўп, жуда кўп. Ҳатто, у киши раҳбарлик қилган “Гулистон”да тўрт қатор шеъри чиққанлар ҳам оғиз тўлдириб “устозим” дейди. Чунки – фахрли! Чунки кимсан – Асқад Мухтор! Устознинг ўзи булардан бирортасини шогирдим дея атаганини камина эслаёлмайди, меҳри товланиб кетганда, “йигитларим”, “менинг йигитларим” деб қўярди, холос. Бир галгина “гулистон”чи уч-тўрттамизни зинапояда учратиб, аллақандай жўшқинлик билан “Менинг арсонларим!” дегани ёдимда.
Бизга ўхшаган қаламкашларнинг омади чопгани шуки, бевосита у кишининг қўли остида ишлаганмиз. У кишининг таҳриридан чиққан қўлёзмаларни кўриб, қайси сўз нега ўчирилгану нима билан алмаштирилгани, умуман, матнни сайқаллашга оид тамойиллар борасида ўзимизча таълим олганмиз. Буниси майли, устознинг оғзидан чиққан шунчаки бир ибора, оддий луқма ҳам беҳикмат эмас эди. Донишманд инсон эди-да Асқад ака!
Бироқ устознинг энг катта дарси, сабоғи – унинг асарлари. Ўрганмоқчи бўлган одам шуларни ўқиса, синчиклаб мутолаа қилса кам бўлмайди.
Яна бир жиҳат – адибнинг шахсияти. Асқад Мухтор кундалик ҳаётда ҳам ҳавас қилса, ҳар бир хатти-ҳаракатидан ўрнак олса арзийдиган асл зиёли, фазилатли инсон эди. “Майдаликдан қочинглар, – деб ўгит берарди у шогирдларига. – Майдакашлик ёмон, одамни, ижодкорни пачоқ қилиб қўяди”.
Бир устозлик шунча бўлар.
– Асқад Мухтор – серқирра ижодкор. Носир сифатидаги фаолияти – Асқад Мухторнинг бир қирраси. Шоир сифатида ҳам жуда гўзал шеърлар ёзганки, бу унинг иккинчи қирраси. Асқад Мухтор моҳир публицист ҳам эди. Бу ижодкорнинг яна бир қирраси. У кишининг таржимонлик, муҳаррирлик ва бошқа фаолият йўналишлари ҳам бор. Айтинг-чи, ХХI аср ўзбек китобхони учун Асқад Мухторнинг қай бир қирраси қадрли, аҳамиятли? Бундай савол беришимга сабаб – баъзан Абдулла Қаҳҳор, Ойбек, Ғафур Ғулом, шу жумладан, Асқад Мухтор каби серқирра адиблар ижодига баҳо беришда улар яшаган мураккаб давр унутилиб қўйилади…
– Сиз тилга олган Абдулла Қаҳҳор, Ойбек, Ғафур Ғулом ёки Асқад Мухтор ижодисиз ўтган аср ўзбек адабиётини тасаввур қилиб бўлармикан? Агар илоҳий тақдир насиб этганида, ўша улуғ сиймолар янгидан туғилиб, бажонидил бугунги замонда яшамоқни истамасмиди денг! У ёғини айтсангиз, ўзимиз – сизу биз янги замон аҳли бўлатуриб, ижодкор сифатида нимани дўндириб қўйибмиз?!
Асқад Мухтор ҳақиқатан ҳам серқирра ижодкор. Аммо шу қирраларни бир-биридан ажратиб баҳолаш тўғри бўлармикан? Ўша шеър ҳам, ўша насру публицистика ҳам бир кўнгилда туғилиб, битта қаламдан чиққан эмасми?! Бир мухлис сифатида фикримни айтсам, Асқад Мухтор буларнинг барига юрак қўрини бир хилда сарфлаган, таъбир жоиз кўрилса, уларни “ўгай-чин”га ажратмаган. Чин қаламкаш доим шундай иш тутади, бир саҳифалик матнга ҳам жон-жаҳди билан киришади – ўртада ижодкорлик шаъни бор.
Обдон бош қотириб шундай хулосага келдим: бугунги китобхон, умуман, бугунги замондошимиз Асқад Мухторнинг деярли бутун ижодий фаолиятидан ибрат олса бўлар экан. Масалан, шоирлар устознинг шеъриятини устун қўйиши мумкин, менга ўхшаганларга эса романнавислиги ундан кам эмас.
– “Кечикаётган одам” китобингизда устознинг “Собирман” шеърини илк саҳифада бергансиз. Бу шеър сизни қай жиҳати билан ўзига тортди?
– Илк бор ўқиганимдаёқ бу шеър меники бўлиб туюлган – менинг дилимдаги гаплар, мен ёзишим керак бўлган фикрлар. Ортиқча бўёғу ташбеҳлардан холи соддагина бу сатрларни мен марду танти кўнгилнинг ўкинчлари, марду танти кўнгил эътирофлари деб биламан. Сиз айтган китобга тақдимнома сифатида берилгани – тўпламнинг умумий руҳи, яъники муаллифнинг ботиний руҳига мос келгани туфайли. Устозга эҳтиром нишонаси эканини эса алоҳида таъкидлашим даркор.
– Яна бир-икки йилдан кейин устоз Асқад Мухтор таваллудига юз йил тўлади. Сизнингча, адиб қайси романлари, қайси ҳикоя ва қиссалари билан давр синовларидан омон-эсон ўтиб келмоқда?
– “Давр менинг тақдиримда”, “Чинор”, “Бухоронинг жинкўчалари”, “Фано ва бақо”, “Инсонга қуллуқ қиладурмен”, “Тундаликлар” ва ўхшаши йўқ шеърият… Зиқналик қилаётганга ўхшайман-а?
– Яқинда Асқад Мухторнинг “Чодирхаёл” ҳикоялар тўпламини қайта ўқиб чиқдим. У ҳақда кичкина тақриз ҳам ёздим. Бироқ илгариги нашрлари билан солиштириб кўрсам, баъзи бир ҳикоялар таҳрир этилиб, қисқартириб чоп қилинган… Бу қанчалик тўғри? Сизнингча, хусусан, Асқад Мухторнинг шўро даврида яратилган асарларини нашр этишда қандай йўл тутганимиз маъқул?
– Устоз кексайиб, хасталаниб қолган кезлари бир куни йўқлаб Дўрмонга бордик. Уйга кираверишдаги ўрик соясида гангир-гунгур суҳбатлашиб ўтирарканмиз, у киши оғир хўрсиниб ҳасрат қилгани эсимда: “Мана, энди ёзадиган замон келди. Сизлар ёзасизлар. Бизники энди бари чиқит…”
Ўшанда ростакамига ларзага тушганман: Асқад Мухторнинг ёзганлари чиқитга чиқса-я?! Биз шу чоққача ўқиб-ўрганган, биз сиғинган Асқад Мухторнинг! Бундай улкан адибдан ўтказиб биз нима ҳам ёзардик денг?!
Саволингизга келсак, менимча (умуман, ориф дунё қонун-қоидасига кўра), марҳумларнинг бисотига, хусусан, ёзувчи бўлса – ижодига бирор бир йўсинда дахл қилиш, ўчириб-қўшиш – гуноҳдир. Ундан кўра ўша асарларнинг тагига қачон ёзилганини кўрга ҳасса қабилида қайд қилиб қўяйлик, тегишли мазмундаги сўзбошилар билан танқидий матн шаклида нашр этайлик!
– Устозингиз Асқад Мухторга ўхшаб шоир бўлишни ҳам истаганмисиз? Ҳаётингизда бирор марта шеър ёзганмисиз? Мана, тенгдошингиз Усмон Азим кейинги пайтларда ҳикояга ҳам қўл урди, нимага сиз шеър ёзмайсиз? Умуман, шеъриятга муносабатингиз қандай? Шеър ёзиш қийинми ёки насрий асар?
– Болаликда шеър деб бир нималар қоралаганим рост, ҳозир ҳам қофиясини келиштиришим мумкин – қонун-қоидасини бир шоирчалик билсам керак. Лекин тайин бир шеърий истеъдод бўлмагач, ҳамманинг бошини қотириш чикора?! Менсиз ҳам атрофда унақалар кўп-ку!
Шеър ёзиш ҳам қийин, ҳикоя ёзиш ҳам бир бало. Бунинг устаси бўлмайди. Шоири ҳам, насрнависи ҳам ишни ҳар гал янгидан бошламоққа маҳкум – санъатнинг талаби шу. Одатдаги тажрибаю кўникмалар ўз йўлига. Кўза ёки хонтахта ясаш деганлари эмас бу.
Қўқон давлат педагогика институти докторанти
Барно Ҳасанова суҳбатлашди.
«Ёшлик» журнали, 2017 йил, 4-сон