Театримизнинг келажаги порлоқми?
Ҳамза номидаги жумҳурият Давлат мукофоти совриндори, драматург Шароф Бошбеков билан суҳбат
— Шароф ака, шу кунларда ўзбек театр санъати дастлабки авлоди бир неча йирик вакилларининг юбилейлари бўлиб ўтди. Пойтахт театрларининг бинолари яқин ўн йилдан бери илк бор текин кулгу, енгил-елпи томошалар учун келувчи кишилар билан эмас, балки санъатнинг ҳақиқий ихлосмандлари билан тўлиб-тошди. Кейин эса яна сукунат. Ушбу икки акс ҳолатнинг сабабларини изоҳлаб берсангиз. Фақат, илтимос, дилингиздаги гапларни рўй-рост тўкиб солинг.
— Тўғри, сиз айтган юбилейлар театр ҳаётини бир қадар жонлантириб юборди. Лекин театр фақат юбилей ва шунга ўхшаш тадбирлар билангина тирик эмас, янги асарлар керак. Яхши асарлар эса йўқ ҳисоби. Агар масалага кенгроқ ва чуқурроқ қарасак, гап яхши асарлар камлигида ҳам эмас. Гап биз билган ҳамда ўрганиб қолган театрнинг шакли эскирганида. Совет театри бошиданоқ крепостной театр сифатида дунёга келди. У халққа эмас, маълум сиёсий доираларга хизмат қилиш учун яратилди ва бошданоқ ёлғон гапиришга мажбур бўлди. Одамлар томошага чанқоқлиги, ўз санъаткорларига бўлган чексиз ҳурмат ва эҳтироми туфайлигина театр остонасини босиб келдилар. Ҳар қандай сиёсийлаштирилган санъат умрини худди шу бугунгидек фожиали тугатишга маҳкумдир. Қаранг, инқилобий мавзудан бошлабоқ театр ёлғонга оғиз жуфтлади. Совет ҳокимиятининг ўрнатилиши, миллий озодлик (босмачилик ҳам дейилади) ҳаракати, коллективлаштириш, қулоқ қилишлар, қатағон йиллари, Улуғ Ватан уруши, кейинги социализм қуриш йиллари ҳақида санъат ва адабиётимиз ҳеч тап тортмай ёлғон сўзлайверди. Халқ аввал ишонди, кейин шубҳаланди ва, ниҳоят, ҳафсаласи пир бўлди.
— Ахир, театрларимиз гуркираб ривожланган даврлар ҳам бўлган-ку? Масалан, Ҳамза театрида «Отелло», «Гамлет», Муқимий театрида «Фарҳод ва Ширин», «Равшан ва Зулхумор»…
— Нега «Икки коммунист», «Ёндирамиз», «Ниқоб йиртилди», «Ҳаёт қўшиғи» деган спектаклларни айтмаяпсиз? Чунки сиз санаб ўтган асарлар бир қадар сиёсатдан холи эди. Шунинг учун ҳам уларга халқ ёпирилиб келган. Келинг, бир эслашга уриниб кўрайлик, театр қайси масалада рост гапни айтган? Ўтмишни қўя турайлик, бугунни айтинг. Афғонистон масаласи, пахта яккаҳокимлиги, тил, миллий масала, экология, халқлар ўртасидаги сохта дўстлик, жумҳурият мустақиллиги, биз тинмай сўкиб келаётган капиталистик дунё аллақачон биз етолмайдиган даражага етгани ҳақида театр нима деди? Ёки динни олинг. Ҳамзадан бошлаб бугунги ёш драматурггача салла ўраган одам зоти борки, ўғри, муттаҳам, хотинбоз қилиб тасвирлаб келди. Дин арбоби ижобий қилиб тасвирланган битта пьесани кўрсатингчи! Биронта ҳам тополмайсиз! Хўш, шундай экан, театрга одам келмаяпти, деб кимдан хафа бўлишимиз керак? Нимагаям келсин, ахир… Бировга икки марта ёлғон гапирсангиз, сизга ишонмай қўяди. Етмиш йил ёлғон гапирган одамга ёки ташкилотга қандай муносабатда бўлиш керак?
Театрларимизнинг бугунгидай аҳволга тушиб қолишининг яна бир сабаби бор. Бу иқтисодий сабаб. Биласизми, гоҳида хориждан келган ҳамкасбимизга бир нарсани сира-сира тушунтиролмайман. Совет театрида ким кўп ишласа кам ҳақ олади, ким оз ишласа кўп маош олади. Шу нарсани ҳеч тушунтириб бўлмайди-да. Чунки ақли-ҳуши жойида одам буни тушунмайди, уни биз тушунамиз, холос! Негаки, бизда талант эмас, унвонлару лауреатликлар асосий ва ҳал қилувчи рол ўйнайди. Ваҳоланки, театрнинг ҳамма оғирлиги юз сўмдан икки юз сўмгача маош оладиганларнинг елкасида. Маоши кичиклар энг кўп саҳнага чиқадилар, режани бажариш учун туманларга чиқиб, хўжаликма-хўжалик юрганлар ҳам шулар. Лекин маош кам. Унвони каттами (талантли-талантсиз бўлишидан қатъи назар), ойда-йилда бир марта саҳнага чиқсаям бўлаверади. Маош эса зўр.
Биздаги театрнинг иқтисодий шакли (модули) қариб қолди. Бугун театр санъатининг ривожланишидан санъаткор моддий манфаатдор эмас. Қаердаки моддий манфаатдорлик йўқ экан, ўша ерда тараққиёт ҳам бўлмайди. Шунинг учун ҳам театр бадиий кенгашида у ёки бу асар муҳокама қилинар экан, кўпчилик лоқайд ўтираверади. Яхши асарми, ёмонми — унга барибир. Қандайдир бир йўл билан ижодий ходимларнинг моддий аҳволи театр кассасига тушадиган маблағга боғлиқ қилиб қўйилмас экан, аҳвол шундайлигича қолаверади. Менга қолса, аввало, жумҳуриятдаги театрлар сонини икки баробар қисқартирар эдим. Агар давлат томонидан бериладиган маблағ шу ҳолича сақлаб қолинса-ю, театрлар икки баробар қисқарса, ҳар бир театр икки баробар кўп маблағ олади. Уларнинг моддий-техник аҳволи кескин кўтарилади.
Тўғри, театримизнинг бошқа фожиалари ҳам бор, у бошқа суҳбат мавзуси.
— Бу йил улуғ бобомиз Мир Алишер Навоий 550 ёшга тўлдилар. Ўзбекистон театрларининг айни сана билан боғлиқ ишлари хусусидаги шахсий фикрингиз қандай? Катта тантаналар бўлишини ҳамма аввалдан биларди. Шу боис юқорининг махсус буйруғи чиқишини кутиб ўтирмай тайёргарликни пухта қилиш керакмиди дейман-да?
— Театрларимиз Алишер Навоий юбилейига ҳеч нима қилгани йўқ десак, унчалик тўғри бўлмас. Ҳамза, А. Ҳидоятов номидаги театрлар бу тантанага совға қилишга уриндилар. Лекин устоз Ойбекнинг машҳур романи, Уйғун ва И. Султонларнинг драмаси (камчиликларидан қатъи назар) даражасидаги асарлар яратилмади. Яна қайтараман, уринишлар бўлди.
— Гарчи Санъат институтида театршунос мутахассислар ҳам тайёрланса-да ўзбек театр танқидчилиги ҳозирча шакллангани йўқ. Масалан, ўзингизнинг ижодингиз ҳакида ёзилган бирорта мақоладан кониққанмисиз? «Совет Ўзбекистони»да босилган «машҳур» редакцион мақолага ўхшаш чиқишлар ижодингизга қандай таъсир қилган?
— Аслида танқидчилик энг эътиборсиз соҳа. Театр танқидчилигининг аҳволи эса ундан ҳам баттар. Дейлик, олийгоҳни битириб чиққан ёш театршунос бир асар ёзиб, уни нашр қилгунча ёши ҳам бир жойга бориб қолади. Моддий аҳволи ҳам шунга яраша. Шу сабабдан театршунослар кўпроқ умрини диссертациялар ёқлашга сарф қилишади.
Уларнинг асарларимга муносабатига келсак, санъатшунослик номзоди Тоҳир Йўлдошевнинг бир-иккита мақоласидан бошқа жиддийроқ тақриз эълон қилинганини билмайман. Шуниси кизиқки, борлари ҳам пьесаларимнинг бадиий жиҳатларини эмас, сиёсий жиҳатларини таҳлил қилишади. Сиз айтган ўша машҳур мақола ҳам шулар жумласидандир.
Аслида бу тахлит мақолалар ёзувчининг ижодини кескин буриб юбориш қудратига эга бўлмаслиги керак. Лекин бизнинг сиёсатлаштирилган адабиётимизда ҳар бало юз бериши мумкин. Баъзида наинки ижодингиз, ўзингизни ҳам «буриб юборишади». Ҳар калай, мен «бурилмасликка» ҳаракат қилдим.
— Драмаларни қабул қилиш ва саҳналаштиришдаги ортиқча югур-югур, гап-сўзлар ўзбек театри инқирозини янада тезлаштириб юбормаяптимикин. Драматург сифатида иқтисодий томондан жабр кўрганмисиз? Ёки бирор киши Сизга ҳомийлик қилганми?
— Ҳозир сиз айтган югур-югур, гап-сўзлар йўқ. Ҳамма театрга яхши асарлар керак. Агар яхши пьеса бўлса театрлар уйингизга келиб, қўлёзмангизнинг сиёҳи қуримасданоқ олиб кетиб қолишяпти. Қандай асарни саҳналаштириш тўлалигича театрнинг ўзига боғлиқ, илгаригидай Маданият вазирлиги аралашмайди. Шунга қарамасдан «асаримни қабул қилишмаяпти» деб нолиб юрган драматурглар сони камайгани йўқ. Ўша нолийдиганларнинг талай асарларини олиб ўқидим ва қабул қилмай тўғри килишган экан, деган хулосага келдим. Ҳеч ким «мен ёмон асар ёздим» демас экан-да. Ҳозир жумҳуриятимизда биронта яхши пьеса назардан четда қолгани йўк. Мен бу гапни бутун масъулиятни ҳис қилган ҳолда гапираяпман. Лекин, ҳали айтганимдай, барибир нолишади…
Нолийдиганлар бошқа жанрларда ҳам бор. Масалан, Ёзувчилар уюшмасида ёш ижодкорлар йиғилишининг якунида бир ёш шоир «Нега «Ёшлик» ойномаси Усмон Азим, Муҳаммад Солиҳ, Хуршид Давронларнинг шеърларини босади, ундан кўра биз каби ёшларнинг асарларини чиқарса бўлмайдими» деб нолиган эди. Аввало, Усмондай, Солидай, Хуршиддай шоир бўлиш керак. Шунда шеърларингизни «Тошкентдан гапирамиз ва кўрсатамиз» деган хафтанома ҳам чиқараверади. Иккинчидан, «Ёшлик» фақат ёшларнинг асарини босадиган ойнома эмас, у ёшлар ўқийдиган журнал. Ёшлар Маркесни ҳам ўқигиси келади, Айтматовни ҳам, Распутинни ҳам. Агар кимдир «Ҳозир ойнома ва рўзномалардан бири фалон яхши асарни босмади» деса, икки дунёда ҳам ишонмайман. Яхши асар ҳаммага керак. Ҳар бир нашр факат яхши асарларни босишдан манфаатдор. Театрлар ҳақида ҳам шу гапни айтиш мумкин.
Албатта, иқтисодий жиҳатдан жабр кўрганман. Бу «Тикансиз типратиканлар», «Тушов узган тулпорлар» номли пьесаларим «ғоясиз» асар сифатида танқид қилиниб, жумҳурият театрларидан олиб ташланган пайтлар эди. Шуниси қизиқки, уларга қўшиб «ғоявий» асарларим ҳам тақиқланди. Драматургнинг асарлари театрда қўйилмаяпти деган гап, у пулсиз қолди деган гап. Бўлган, бўлган…
Менга ёрдам берган одамлар бор эди. Биринчи асарим — «Тақдир эшиги»ни Тошкентга марҳум драматург ва шоир Максим Каримов олиб келувди (У пайтларда Гулистон театрида актёр бўлиб ишлардим). Дарров чақиришиб, шартнома тузишди. Ўша вақтдаги Маданият вазири ўринбосари Раҳима опа Назарова асарни ўқиб чиқиб, иккинчи пьесани деярли мажбур қилиб ёздирдилар. Очиғи, ёзувчи бўлиш ниятим йўқ эди, театрга «хиёнат» ҳам қилмоқчимасдим. Раҳима опа учинчи асарни ҳам шу йўл билан ёздирдилар. Кейингиларини биров мажбур қилмаса ҳам ёзадиган бўлиб қолдим. Хуллас, омадим бор экан, яхши одамларнинг қўлига тушдим.
— Сизнинг мутахассислигингиз актёрлик. Бироқ ҳозир машҳур драматургсиз. Нима, сиз ўйнайдиган роллар театрларда йўқ эканми? Эҳтимол, аввалдан драматург бўлиш орзуингиз бўлгандир?
— Бу саволингизга юқорида қисман жавоб бердим. Албатта, театрда ишлаб юрган кезларимда ич-ичимдан қандайдир бир қониқмаслик ҳиссини туяр эдим. Лекин бунинг сабабларини билмасдим. Энди билсам, саҳнада сарф бўлмай қолган «ортиқча» қувватдан қийналар эканман. Мана, баҳоли қудрат, ўша қувватни сарф қилиб ётибмиз…
— Нима учун «Темир хотин»ни Фарғона театрига бердингиз? Ахир, Ҳамза театрида ўз асарини қўйдириш ҳар бир драматургнинг орзуси-ку! Ёки мансабидан (адабий эмакдошлик) фойдаланди деган гапдан қўрқдингизми?
— Аслида «Темир хотин» А. Қаҳҳор номли жумҳурият Ҳажв театри учун ёзилган эди. Лекин театр жамоаси талай вақт ижодий сафарларда бўлишди, сўнг дам олишга кетди, хуллас, вақтдан анча ютқазиб қўйдик. Бу орада Самарқанд театри саҳналаштириб юборди. Фарғона театри, адашмасам, учинчи бўлиб саҳналаштирди. Ҳамза номидаги Академик театри масаласига келсак, ҳозирги кунда бу театрда асар қўйдириш катта шараф бўлмай қолди. Кичик театрлар, театр-студиялари мен учун қадрлироқ, яқинроқ. Биринчидан, жуда катта ижодий завқ оламан, иккинчидан, улар асарни иттифоқ ва хорижда ҳам машҳур қилишга қодир. Ҳамза театрининг бундай иш қўлидан келмайди. Бугунги кунда фақат Ҳамза театри эмас, мамлакатдаги, деярли, барча академик, яъни катта, бесўнакай театрлар томошабиннинг назаридан қолди. Буни кейинги йилларда Болтиқбўйи, Кавказорти ва Ўрта Осиёда ўтказилган танлов ҳамда мусобақалар ҳам яққол кўрсатди.
Ҳамза номидаги театрда мен адабий эмакдош бўлиб эмас, театр қошидаги драматургия устахонасининг мудири бўлиб ишлаганман. Бизда ҳеч қаерда ёзилмаган шундай қоида бор, бир шаҳарда қўйилган асарни шу ердаги бошқа театр саҳналаштирмайди. Сабабини билмайман. Эҳтимол, бизнинг театрларимиз мард, ҳалол рақобатдан қўрқар…
— Яна бир савол. Нима учун Ҳамза театридан кетиб қолдингиз? Истеъдодли драматург сифатида театрга озми-кўпми фойдангиз тегиши мумкин эди-ку.
— Театрдан кетишимнинг сабаби, раҳбарият билан қарашларимиз тўғри келмади. Менга маъқул асар уларга ёқмади, уларга маъқуллари менга ёқмади. Қисқаси, театрда бирон ижобий ўзгариш қилиш қўлимдан келмади.
— Лотин Америкалик таниқли ёзувчи Габриэль Гарсиа Маркеснинг «Танҳоликнинг юз йили» романи нашр этилгач, адабий жамоатчилик уни нодир асар деб юқори баҳолади. Ёзувчи эса бу асарда ўзи биладиган, бироқ бошқа ҳеч ким пайқамаган юзлаб камчиликлар борлигини айтган экан. Мана, «Темир хотин»нинг ҳам қўйилганига анча бўлиб қолди…
— Албатта, камчилик бор. Буни ўзим ҳам биламан, саҳналаштирувчи режиссёр Олимжон Салимов ҳам. Менимча, беками-кўст асар бўлмайди. Ҳамма гап ўша камчиликларни ўқувчидан ёки томошабиндан усталик билан беркита олишда.
— Бизда театрга муносабат етарли даражада шаклланмаган. Сизнингча, уни қандай тарбиялаш керак. Эҳтимол, қўғирчоқ ва болалар театрларига бўлган ҳозирги муносабатни ўзгартириш керакдир, айниқса, драматурглар. Адашмасам, «Эски шаҳар гаврошлари»дан бошқа болалар учун асарингиз йўқ, шекилли.
— Тўғри, гапингизга қўшиламан. Биз учун томошабиннинг маданияти ҳам муҳим. Лекин асосийси бу эмас. Мен томошабинни ўзимга дўст эмас, рақиб деб биламан. Чунки одамлар театрга мутлақо тайёргарликсиз келишади. Кимнингдир калласида ишхонадаги машмашалар, кимдир уйдаги дилисиёҳлик гирдобида, яна биров эснаб ўтирибди. Мен уларни ўзимга жалб этиб, ҳамма нарсани унутишга мажбур қила олишим керак. Яна шуни айтиб қўяйки, бизнинг томошабин Масков ёки Ленинграддагидан анча ўжар, қайсар ва гапга кирмас. Бундай томошабин билан рақобат қилиш драматург учун ҳам, театр учун катта мактабдир. Оврўподагидек одобли томошабин бизни дангаса қилиб қўяди.
«Эски шаҳар гаврошлари»дан олдин болалар учун «Тикансиз типратиканлар» деган асар ёзган эдим. Ҳозир яна Ёш томошабинлар театри учун «Учар ликопчалар» номли пьеса ёзаяпман.
— Ижодда кимнинг таъсирига тушгансиз ёки нимадан таъсирлангансиз? Устозингиз ким? Шогирдларингиз борми?
— Билмадим. Атайлаб ҳеч кимга тақлид қилмайман, лекин ўзим билмаган ҳолда қандайдир «беодоблик» килган бўлишим мумкин, хуллас, билмадим.
Устозлар масаласида шуни айтишим керакки, ёмон пьеса ёзадиган ҳамма драматурглар менинг устозларим. Чунки театр олийгоҳида ҳам, кейинчалик театрда ҳам жуда кўп ўқиган пьесаларимнинг аксарияти ёмон асарлар эди. Ундай асарларни шунчаки ўқимасдим, синчиклаб таҳлил қилар, иложи бўлса алоҳида дафтарга конспект килиб борардим. «Нимаси ёмон?» деган саволга жавоб қидирардим. Шу қадар жиддий шуғулландимки, бора-бора ёмон асарлар бўйича яхшигина мутахассис бўлиб қолдим. Ҳар қандай ёмон асарни кўзимни юмиб таҳлил қилиб ташлайман. Ҳатто баъзиларини охиригача ҳам ўқиб ўтирмайман. Чунки барча ёмон асарлар бир хил бўлади, яхши асарлар эса турлича. Шу тариқа қандай ёзиш кераклигини эмас, қандай ёзмаслик кераклигини ўргандим. Ана шундан кейингина биринчи бор қўлимга қалам олдим. Тенгқур ва ёш драматургларнинг аксарияти яхши асарлар ўқиб, улардан ўрганиб, уларга ўхшатишга ҳаракат қилишгани сабаб талай нуқсонларга йўл қўйишади. Қизиғи шундаки, ўша нуқсонлар ҳам деярли бир хил бўлади. Чунки улар ўқиган ҳалиги яхши асарларда камчилик йўқ-да. Улар шу камчиликлар ҳақида мутлако ахборотга эга эмаслар, ҳамма бало шунда. Агар менга қолса, адабиёт дарсликларига битта яхши асар, битта ёмон асар киритардим. Шу йўл билангина болаларда адабий дидни тўғри шакллантириш мумкин. Кўрдингизми, ёмон асарлар ҳам аслида унчалик «ёмон» эмас экан…
Менинг саҳна қонун-қоидалари, драматургия техникаси ҳақидаги тушунчаларим жуда ғалати ва телба-тескари. Шунинг учун баъзан ярим ҳазил, ярим чин қилиб, мен адабиётга тескари томондан кириб келганман, деб қўяман. Ёшларга ўзим амал қилмайдиган адабий анъаналар ҳақида гапирсам, бу мунофиқлик бўлади, телба-тескари фикрларимни айтсам, уларни чалғитиб қўяманми деб қўрқаман. Шунинг учун бу масалада жуда эҳтиёткорман. Гапнинг пўсткалласини айтганда, мен учун шогирдлар ҳақида ўйлаш ҳали эрта. Ахир, ўзингиз ўйланг, пьеса ёзиш мақсадида илк бор қўлимга қалам тутганимга бу йил роппа-роса ўн йил тўлди. Йўқ, ҳозирча устозликка ярамайман…
— Энди ҳаётдаги, ижоддаги ишларингиздан нолимасангиз бўлади. Аммо олдин бошқача яшаб, ижод қилгансиз. Бир мухлисингизни айтишича, энг яхши асарларингизни токчада ёзган экансиз. Нима, ҳозир ижодкорга ҳукуматнинг муносабати ижобий томонга ўзгаряптими?
— Ҳа, оилали бўлганимдан кейин ўн йилдан кўпроқ шаҳарнинг у ерида, гоҳ бу ерида ижарада турдик. Биринчи марта уйли бўлганимда Пушкиндан бир ёш катта эдим. Агар менинг ўрнимда Пушкин бўлганида ўларди-ю, йил ошида унга ордер беришар экан… Ҳозир ҳукуматнинг ижодкорга нисбатан муносабати ўзгарди. Баъзи ижодий тақиқлар (ҳаммаси эмас) йўқ бўлди. Аммо ижодкорнинг моддий аҳволи баттар ёмонлашди. Солиқларни айтаман. «Литературная газета»нинг ёзишича, бизнинг ёзувчини чет элда китоби чиқса-ю, қалам ҳақи оладиган бўлса (валютада), давлат тўқсон фоизигача олиб қўйишга ҳаққи бор экан. Ҳозир ижодкор учун рекет хавфли эмас, давлат хавфли. Балки бир оз қўполроқ айтяпман, лекин халқнинг маданиятига чанг солган ҳокимият ҳақида хотиржам гапириш қийин экан-да.
— Ўзбек театр санъатининг истиқболига ишонасизми?
— Ўзбек театрининг келажаги порлоқ бўлиши учун ҳозирданоқ нимадир қилиш керак. Акс ҳолда ўз-ўзидан яхши бўлиб қолмайди. Агар театрни сиёсий, иқтисодий ва ижодий жиҳатдан кескин ҳамда дадиллик билан ислоҳ қилишга киришмас эканмиз, келажак порлоқ бўлишига унчалик кўзим етмайди. Нима бўлганда ҳам бир нарсага имоним комилки, театр ўлмайди.
Суҳбатдош: Муҳаммад Қўймурод ўғли
“Ёшлик” журнали, 1991 йил, 6-сон