Пауло Коэло: “Менинг асар яратишим тўлғоқ тутаётган аёлнинг ҳолатига ўхшайди” (2011)

http://n.ziyouz.com/images/paulo_koelo.jpg

Менинг асар яратишим тўлғоқ тутаётган, янги бир гўдакни ҳаётга келтираётган аёлнинг ҳолатига ўхшайди. Ҳаётдан илҳомланиш учун эса, аввало уни севишим керак бўлади.

Пауло Коэло

Бразилияда машҳур афсунгар сифатида танилган Пауло Коэло айни кунга келиб жаҳон адабиёт мухлислари катта қизиқиш билан мутолаа қилаётган муаллифлар рўйхатидан жой олиб улгурди. Унинг асарлари бугунги кунгача 68 тилда, 150 мамлакатда 100 миллиондан ортиқ нусхада сотилган. У “Энг кўп асари сотилган муаллиф” сифатида “Гиннеснинг рекордлар китоби”га киритилган. Пауло Коэло кўплаб халқаро мукофотлар билан тақдирланган. Ёзувчига 2007 йилда БМТ томонидан “Тинчлик элчиси” номи берилган. Адиб ўзбек китобхонларига “Алкимёгар”, “Портобелло жодугари”, “Иблис ва Прам хоним” асарлари билан яхши таниш.

Баъзи бир адабий танқидчилар Коэлонинг роман ва қиссаларини тушуниш қийин бўлган, мавҳум фикрлардан иборат қўлланма эканлигини, улар адабиёт эмас, шунчаки инсонга баъзи бир муаммоларини ечишда йўл кўрсатадиган китоблар каталогига киритилиши лозимлиги тўғрисида гапиришмоқда. Пауло Коэло эса ўзини ҳикоячи деб ҳисоблайди ва китоблари китоб жавонининг “Фалсафа” ҳамда “Адабиёт” бўлимларидан жой олиши кераклигига ишонади. Адибнинг асарларида грамматик ҳамда мантиқий тушунмовчиликлар борлигига даъво қилаётган танқидчиларга у неча асрлардан буён севиб ўқилаётган таниқли “Дон Кихот” асаридан ҳам бундай ғализликлар топилганини айтади. Аммо ҳеч ким рад эта олмайдиган далил борки, Пауло Коэло айни кунда жаҳоннинг севиб ўқилаётган ўн нафар ёзувчиларидан биридир. Ижод қилишни бошлаганига қисқа вақт бўлган бўлса ҳам, унинг китобларининг ўқилиш кўрсаткичи бутун умр ижод қилган, оммабоп адиб дея тан олинган Жоржи Амадонникидан ҳам юқорилаб кетади. Унинг айтишича, ҳар қандай инсонни ижодга ундайдиган куч – бу ҳаёт ишқидир.

Ёзишга бўлган эҳтиёжингизни нимадан деб ўйлайсиз?

— Чунки биз ўз муҳаббатимизни айнан ёзиш орқали ўртоқлашишимизга, ҳайдовчининг иши машина ҳайдаш бўлгани каби, менинг ишим ёзиш эканлигига ишонаман.

Бу соҳага кириб келиш режаси анчадан бери бўлганми ёхуд адабиётга нимадандир таъсирланиш оқибатида кириб келганмисиз?

— Мен буни танлаганимга анча бўлган эди. Ҳар доим ёзувчи бўлиш фикри билан юрганман. Бу йўлда адашган пайтларим ҳам бўлди. Адабиёт доимо менинг йўлчи юлдузим бўлган. Кучли хоҳиш менинг ўз мақсадимга эришувимга, зафар қозонишимга асос бўлган.

Суҳбатларимиздан бирида ёзиш учун “қувват маркази” билан алоқага киришишингиз лозимлиги тўғрисида айтган эдингиз. Бу атамани тўлиқроқ изоҳласангиз.

— Мен Карл Жунг ибораси билан айтганда “муштарак ғайришуурийлик” ёки олам қалби бўлмиш алкимёдаги ифодалардан фойдаланишни хуш кўраман. “Қувват маркази”га эришганингизда сиз жамики саволларга жавоб оласиз, муаммолар ечимини топасиз.

Бу тўғрида Борхес ҳам жуда кўп ёзган.

— Борхес буни Алеф – жамики нарса мужассам бўлган макон деб тасвирлайди. Алеф тушунчасини у яҳудийлар динидаги “Кўҳна ўгит” деб номланган тасаввуфий қарашлардан олган. Қолаверса, бу алифбонинг ҳам бошидир. Бу шундай маконки, бир вақтнинг ўзида ушбу жой барча нарсани ўзида намоён этади. Борхеснинг “Алеф” номли асаридаги қаҳрамон саёҳатга чиқади, тўсиқларга дуч келади ва тасодифан Алефга тушиб қолади. У бир вақтнинг ўзида ҳамма нарсани, чакалакзор ва ўрмонларни, дарёларни ва жамики борлиқни кўради. Буни инсон бошидан ўтказадиган ғайришуурий ҳолат деб атаса ҳам бўлади.

Бу сиз ёзаётганда ҳис қиладиган ҳолатми?

— Шундай вақт бўладики, ичингни тирнаётган мулоҳаза ёки қарашларни мириқиб ёзасан. Бу вақтда чарчаган бўлишингга қарамасдан, саломатлик меъёрини бузиб бўлса ҳам, ёзгинг келади. Ўзинг тўғрингда ўйламайсан. Аммо шу дақиқаларда ўз ишингдан лаззатланиш ҳисси сени қуршайди. Сен шуурий хотиржамликка эришасан. Бу ўша “қувват манбаи”дир. Шундай ҳолатда вақт жуда тез ўтади. Ҳаёт мен учун муҳим рамзий ишоралардан иборат. Чунки биз, инсонлар, шунчаки мавжудот эмас, ишоралармиз.

Асарларингизда сувда чуқур рамзийлик борлигини ифодалайсиз.

— Эҳтимол, бу мен доимо – дам олаётганимда ҳам, ёзаётганимда ҳам сув қаршисида турганим, ундан илҳомланганим боисдир. Сарҳадсиз Атлантика океанида жойлашган Копакабана қирғоқлари ижодимда муҳим ўрин тутади. Сув яралиш ва ҳаётнинг бош омили, шунинг учун уни рамзий образ тарзида талқин қилиш осон ва асосли. Уни диққат билан кузатсак, тўлқинлар туфайли юзага келган зиддиятлар билан биргаликда, энг осуда дамларга ҳам гувоҳ бўламиз. Ҳаётимиздаги барча ҳолатлар сувда ҳам мавжуд. Мен сирлиликни ҳурмат қиламан. Менимча, биз ўзимизга қоронғу бўлган сарҳадни, сирли ҳодисаларни ҳурмат қилишимиз лозим.

Сиз ёзасиз. Бир муддат ўтиб ёзилган нарсани ўқиб кўриб, ҳафсалангиз пир бўлади. Кетган вақтингизга ачинасиз. Кейин ундан воз кечасиз…

— Бу ҳар қандай ёзувчи билан рўй берадиган ҳолат. Мен ёзаётганимда тўғри ёки нотўғри қилаётганимни билмайман. Аввало ўзим учун ёзаман. Мен ўзимнинг биринчи ўқувчимман. Илгарилари уларни нашр қилишдан олдин бошқаларга ўқитар эдим. Энди бундай қилмаяпман. Барча масъулиятни ўз бўйнимга олдим. Ёзаётган асарим ўқишли эмаслигига кўзим етган дақиқамда ундан воз кечаман. Бундай жараён рўй берганига кўп бўлгани йўқ. Мен яқиндагина лўлилар тўғрисида ёзаётган асаримни ёзмасликка қарор қилдим.

Буни қандай қилиб аниқлайсиз?

— Бу ички бир сезги. Самимий бўлмаган иш узоққа чўзилмайди. Ўзимни ёзишга мажбурлаган куним ёзаётган асарим ҳали хомлигини англайман.

Ёзаётган мавзуларни қандай танлайсиз?

— Мен сиёсий жиҳатдан вақт доирасида яшаётган ёзувчиман. Аммо менинг энг буюк қидирувим доимо илоҳий доирада бўлиб келган. Бу мавзу менинг ҳар бир асаримда талқин қилинади. Мен бир вақтлар ўзимни барча саволга жавоб бера оламан деб ўйлаганман. Аммо бугун бунинг иложсизлигини тушундим. Бинобарин, бу куракда турмайдиган фикр бўлган. Тўғри, мен буюк устозлардан етиб келган билимлар асосида ҳар нарсани изоҳлаб беришим мумкин. Аммо бу менинг жавобим бўла олмайди. Ҳақиқат шуки, биз жумбоқлигимизча қоламиз. Мен бир нарсага аминманки, биз ўзимиздаги қобилиятни энг юқори даражада намоён этиш учун туғилганмиз. Буни эса ўз ишингдан қаноатланганингдагина уддалаган бўласан. Агар сен самимий бўлмасанг, ўзингни ҳам, атрофингдагиларни ҳам алдаб яшайсан. Аммо бу узоқ давом этмайди. Боиси — иблис салтанатининг ҳам ўз мантиғи, қонун-қоидалари бор.

Сизни янги китоб ёзишга ундайдиган яратувчанлик жараёни нима?

— Мен сизга бир яхши мисол келтираман. Мен яқиндагина Японияда бўлиб ўтган китоб тақдимотидан қайтдим. Мен у ерда ичи ковак ғаров бўлагидан ясалган ғалати буюмни кўрдим. Буюмнинг вазифаси буғуларни ҳуркитиб, экинзорларни пайҳон қилинишига йўл қўймаслик экан. Ғаровнинг ичи аста-секин сувга тўла бошлайди. Сувга тўлгач, ғаровдан баланд товуш чиқади ва буғуни ҳуркитади. Мен буни ижодкор билан рўй берадиган жараённинг рамзий ифодаси дея тасаввур қилдим. Чунки биз ҳам маълум бир вақт етганида тўлганимизни ҳис қиламиз ва уни бошқалар билан ўртоқлашишга эҳтиёж сезамиз. Буни севги ёки ҳаёт билан қовушиш деб атаса ҳам бўлади. Гап шундаки, адибни ёзишга ундайдиган куч – бу ўзи билганларини ўртоқлашиш эҳтиёжидир.

Шахсан ўзингизда бу “тўлиш” жараёни қандай рўй беради?

— Мен тўлишдан ташвишланмай тўламан. Барчаси ҳаётга бўлган севгимнинг моҳиятига боғлиқ. Бирор асарни ёзгач, икки йилча танаффус қиламан. Ҳеч қандай қайд, бирор сатр ёзмасам ҳам, тамомила ҳаёт ихтиёрида бўламан, у билан бирга нафас оламан, унга мослашаман. Вақти келганида ич-ичимдан ниманидир ҳис қиламан. У менга оғирлик қила бошлаганида ёзишим зарурлигини ҳис қиламан.

Сиз бунга тайёр эканингизни қандай аниқлайсиз?

— Фақат ҳис қилиш керак.

Бошқача қилиб айтганда, сиз ҳаётдан оласиз ва бир муддатлик фикр мусаффолигидан сўнг уни намоён қиласиз.

— Бу алкимёдаги муқаррар формула: аввал эритмага, сўнг тўйинган қуюқ моддага айланиб ва ниҳоят, яна эримоқлик. Бу нафақат юрак механизми, балки табиатдаги турли ҳодисаларнинг юзага келиш ва давом этиш тартибига ҳам ўхшайди.

Ижод учун белгилаган муайян вақтингиз борми ёхуд бу масалада режасизмисиз?

— Мен ижоддан ташқари барча масалада режасиз иш тутаман. Мактабдан олган ягона ижобий тарбиям – бу тартиб-интизом. Баъзида миямда аллақачон таниқли ёзувчилигим, ёзишга мажбур эмаслигим тўғрисидаги фикрлар жунбишга келиб қолади. Бу шунчаки дангасалик учун баҳона. Бошланиш – ҳар ишнинг энг мушкул палласи. Мен қайсидир асарни ёзишга киришдимми, уни ёзишдан тўхтамайман. Хоҳ парвоз чоғида, хоҳ аэропорт ёки меҳмонхонада бўлсин, ёзавераман. Мен биргина “Вероника ўлишга қарор қилди” асаримнинг ёзилиш жараёнидагина бу тартибни бузганман. Яна бир қоидам борки, гарчи уни кўп бузишга мажбур бўлсам ҳам, мен мана шу ерда, Бразилияда, Копакабана соҳилларида ижод қилишни хушлайман.

Аммо ижодингизнинг бир қизиқ жиҳати бор. Асосий асарларингиз испан маданиятидан илҳомланиш таъсирида ёзилган.

— Худди шундай. Бу менга хос яна бир зиддиятдир. Болалигимда испан энагам бўлар эди. Ўша энага бу мамлакатга бўлган туйғуларим муаллифидир. Ўшандан буён менинг жамики тасаввурларим ҳамда қарашларим ўша заминга йўналтирилади. Аммо уларни яққолроқ кўриш учун ундан узоқда бўлишга мажбурман. Мен Бразилияда туғилганим, бразилиялик бўлганим билан фахрланаман, шу боис ҳам шу ерда ижод қилишга муҳтожман.

Сиз учун бразилиялик бўлиш нимани англатади?

— Бу унумдор заминда, туб аҳолининг, турли миллатлар қуршовида, диний бағрикенгликни тарғиб этувчи тарбия орқали камол топган кўнгил билан мусиқа, рақс ва шеърият таъсирида намоён бўладиган жамики мўъжизалардан ҳайратланиб яшаши дегани.

Аммо бугунги Европа бундай бағрикенглик ва қарашлардан воз кечди.

— Тамомила воз кечди дейиш хато. Унутди десак тўғрироқ бўлади.

Асарларингизни тинимсиз танқид қилаётганларга муносабатингиз?

— Менинг ишим ёзиш бўлгани каби, танқидчиларнинг вазифаси танқид қилиш. Улар доимо ёзувчиларга ёрдам бериб келишган. Кимнингдир бирор романимга ёзган тақризидан хафа бўлган эмасман. Мен доимо оддий, ҳамма учун тушунарли тилда ёзганим боис ҳам кўпчилик танқидчилар мени ёзишни билмасликда айблашади. Мен асар ёзишнинг муайян аниқ йўли бор деб ўйламайман. Ҳар бир ёзувчининг шахсияти, ўзига хослиги ҳамда ўқувчиси бўлади. Шу вақтга қадар ҳеч бир танқидчига нисбатан гина-кудурат сақламаганман. Улар билан доимо қадрдонлардек, жилмайиб сўрашаман. Таниқли ёзувчи эканлигимдан ҳаволанмайман. Мен ҳали ҳам илгариги каби самимий одамларнинг дўстига айлангим келади.

Аммо сизнинг ноширлар билан келишмовчилигингиз тўғрисида кўп эшитганман.

— Буни изоҳлашга ҳаракат қиламан. Бир куни танишларимдан бири менинг китобларимни Ҳиндистонга Буюк Британиядан олиб келиб сотишаётгани тўғрисида гапириб қолди. Қизиқиб кўрсам, китобларим 15 доллардан сотилаётган экан. Ваҳолонки, бу мамлакатда бадиий китобнинг ўртача нархи 3 доллар. Мен шу боис португалиялик ноширим билан тортишганман, унга китобларни ўша ерда чоп қилишимиз лозимлиги тўғрисида айтганман. Бу воқеа бошқа бир қатор Лотин Америкаси ҳамда Африка давлатларида ҳам кузатилган. Бир қанча тортишувлардан сўнг китобхонларга қулай бўлсин учун китобларни ўша ерда нашр қилганмиз.

Ўспиринлик йилларингизда кимни қаҳрамон деб билгансиз?

— Мен учун икки буюк инсон бўлган. Қўшиқчи Жон Леннон ҳамда ёзувчи Жорж Луис Борхес. Болалигимда у билан учрашишни шу қадар орзу қилар эдимки, охир-оқибат бу буюк инсон билан учрашиши учун автобусга ўтириб Рио-де-Жанейродан Аргентинага йўл олдим. Менга берилган манзил бўйича келдим. Адиб уйи қаршисидаги меҳмонхона ҳовлисида, курсида ўтирарди. Мен унга яқинроқ бордим. Мен у билан суҳбатлашиш учун икки кеча-кундуз йўл босиб бу ерга келгандим. Аммо унинг салобати туфайли бўлса керак, мум тишлаб қолдим. Ўз-ўзимга “Мен ўз йўлчи юлдузим билан юзма-юз турибман. Юлдузлар эса ҳеч қачон гапирмайдилар. Улар билан пинҳона гаплашиш мумкин,” деб таскин бердим.

Бу сизнинг ҳаётингиздаги туб бурилиш бўлган бўлса керак?

— Шак-шубҳасиз. Менинг ижодимда Борхес катта аҳамиятга эга. Унинг насрий ва назмий асарларини такрор-такрор севиб ўқийман. Ҳаттоки, гарчи ёшимиз ўртасидаги фарқ катта бўлса ҳам, мен у билан бир кунда – 24 август куни, бир бурж остида туғилганимдан фахрланаман.

Қаҳрамонларингизга қанчалик ўхшайсиз?

— Уларнинг барчасида ўзимни тасвирлаганман. Менга ўхшамаган ягона қаҳрамоним – бу алкимёгар.

Сабаб?

— Боиси — алкимёгар ҳамма нарсани билади. Менинг эса ўрганишим лозим бўлган нарсалар кўп. “Алкимёгар”даги чўпон образида ҳам ўзимни тасвирлаганман. Ёхуд Фотимани менга ҳам қиёсласа бўлади. Қолган асарларимдаги барча бош қаҳрамонлар менинг ички оламимга тегишли характерлар ифодасидир. Мен, айниқса, икки асарим – “Валькирия” ва “Зиёрат”даги қаҳрамонларни тўлалигича ўзимман дейишим мумкин.

Ўзингизни зиёратчи ижодкор деб биласизми?

— Ҳар бир ёзувчи ҳаракатда бўлиши керак. Ҳеч бўлмаганда зоҳиран. Адабиётнинг энг гўзал намуналари бўлмиш “Илоҳий комедия” ҳам, “Дон Кихот” ёки “Илиада” ҳам, муқаддас диний китоблар ҳам узоқ сафар ва зиёратларнинг меваси бўлган. Зиёрат бизни поклайди. Шу боис ҳам уни қайта туғилишга қиёсласа бўлади.

Инглиз тилидан Шуҳрат Сатторов таржимаси

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2011 йил, 12-сон.