Обид Юнусов: “Орзуим – Навоийни ўйнаш эди…” (2009)

http://n.ziyouz.com/images/obid-yunusov.jpg

Юртимизда санъаткорлар кўп. Кино ёки театрда эса фақат йирик образни яратиш билан эмас, балки оддий бир сўзни томошабинга юракдан етказиб бериш орқали ҳам шуҳрат қозониш мумкин.

Халқимизнинг севимли санъаткори Обид Юнусов – ўзи бир олам. Бошқа актёрлар орасида шеъриятни, мусиқани нозик тушуниши билан ажралиб туради. Обид ака ўзига берилган ҳар қандай ролни қойилмақом қилиб ўйнаган, бироқ, билимсизликка, дангасаликка муросасизлиги ҳам ҳаммага кундек равшан. У виждон амри билан яшайди.

Қалби мусичадек беозор бўлса-да, ҳамма нарсага кўниб кетавермайди. Театрнинг ҳақиқий фидойиси бўлгани учун санъатнинг жуда кўп синовларида тобланган.

Ўзбекистон халқ артисти Обид Юнусов билан кино ва театр олдида турган муаммолар хусусида суҳбатлашдик.

– Обид ака, ўзбек адабиёти ва санъатида бош қаҳрамон ҳамиша ВИЖДОН бўлиб келган. Бу тушунча сизнинг даврингиздагидан кўра бугун бироз ўзгарганга ўхшамайдими?

– Виждон – бу санъатда кўпроқ бош қаҳрамон тимсолида намоён бўлади. Бугун бу тушунчага бошқачароқ, анча ижобий ёндошилмоқда. Кино ва театрда эса қаҳрамон тимсолига нисбат ҳам ўзгарган. Билмадим, биз ўқиган китоблар, санъат асарлари, ўйнаган қаҳрамонларимизни энди кутиш керакмикин? Масалан, Чапаев ёки шунга ўхшаш қаҳрамонлар? Ўдимда, бир замонлар Абдулла Қаҳҳорнинг «Бешик» ҳикоясини «Кровать» деб ўзгартиришганди. Эмишки, бешик эскилик сарқити, қолаверса, бола онгининг шаклланишида салбий таъсир кўрсатармиш. Лекин бугун адабиётда, санъатда бундай қарашларни талаб қилиб бўлмайди. Аммо кино ва театр саҳнасига олиб чиқадиган қаҳрамонларимиз ҳозир ҳам юксак туйғулар соҳиби, ўз фикрини ҳимоя қилиб, жиддий мақсадлари йўлида оромини йўқотган кучли шахс бўлиши керак. Мен ҳар доим ана шундай образларни яратиш илинжида яшадим.

– Сизнингча, бу борада драматурглар ва актёрлар олдига қандай талаблар қўйиш керак?

– Инсонга изланиш, ўрганиш ва тинимсиз меҳнат бахт келтиради. Ахир, санъаткор ўз-ўзидан саҳнага чиқиб, маҳоратини намоён эта олмайди-ку. Драматург ва режиссёрда ҳам гап катта. Актёрларнинг бор маҳоратини англаб, тўғри йўналтира олиш уларнинг иши. Режиссёр кимнинг нимага қодирлигини билиши керак. Масалан, Тошхўжа Хўжаев мендаги дутор чалиш қобилиятини ўз ўрнида қўллай билди. Унинг премьераси Тошкентда ер қимирлаган кезларига тўғри келса-да, режиссёр Шариф Қаюмов маҳорат билан саҳналаштирди. Масалан, спектаклдаги эпизодларнинг бирида «Палов» деган шеър шундай бошланади:

Дунёда яхши таом кўп,
Биттаси ёғли палов.
Шунча лаззат, шунча роҳат,
Eса нечоғли палов.

Бу мантиқсизликни ўзгартириш керак, деганимда режиссёр қўявер, бу шеърни Уйғун домла эмас, трамвайчи Аброр ёзган-ку, дегандилар. «Парвона» спектакли муваффақиятли чиққач, бир куни Уйғун домла бизни уйига таклиф этдилар.

– Асаримда бош қаҳрамонни яратаётганимда Наби Раҳимов кўз олдимда келганди, – дея сўз бошлади адиб. – Лекин Наби аканинг ёши Ўткурийга мос эмаслиги мени бироз ташвишлантирганди. Энди билсам, бу образни Обид Юнусов учун яратган эканман.

Бундай илтифотдан бошим кўкка етди. Бу спектаклдан сўнг одамлар Обид Юнусов эканимни унутиб, анча вақтгача «Ўткурий» деб юришди. Лекин мени Ўткурий деб танишларини хоҳламасдим. Кейин эса бунга кўникиб кетдим.

«Парвона» спектакли республикамизнинг турли гўшаларида 800 марта намойиш этилди. Менинг ярим умрим ана шундай спектаклларнинг ижодий сафари билан ўтиб кетганидан бироз ранжийман. Ўткурий образидан сўнг кўпчилик менга комик актёр сифатида қаради. Куч-ғайратга тўла ўспирин чоғимда орзу қилган ролларимни ўйнай олмадим.

Кечагидек ёдимда, 1958 йилнинг 3 октабрь куни эндигина «Бой ила хизматчи»даги Холмат ролини ижро этиб чиқиб, Олим Хўжаевни кўриб қолдим. Шунда унинг маҳоратига қойил қолиб, Ҳамлет, Алишер Навоий каби драматик образларни яратиш асл орзуим эканини айтдим. Шу ролда синаб кўришларини сўрадим. Аммо илтимосим жавобсиз қолди. Олим ака «Навоий образи — бу сенинг ампуланг эмас», деди холос. Навоийни ўйнаш эса менга бир умр армон бўлиб қолди. Лекин Олим Хўжаевга ихлосим ифодаси сифатида тўнғич фарзандимга Олим дея исм қўйганман.

– Сиз кўпдан бери театрда ёки кинода роллар ижро этмаяпсиз. Эҳтимол, қалбингиздаги янги образларни яратишга энди жазм қиларсиз…

– Ростини айтсам, энди роллар ўйнагим йўқ. Қанчадан-қанча кино ва театрларда ўзига хос ролларни таклиф қилишди, бормадим. Кейин бетакрор образларни ўйнашни ёшим ҳам, соғлигим ҳам кўтармайди. Театр эса… Нима десам экан? Гарчанд нафақага чиққан бўлсам-да, театрни соғинаман. Театрдаги 43 йиллик фаолиятим давомида «Мирзо Улуғбек», «Қароқчилар», «Монсерро», «Орзулар чашмаси», «Абу Али ибн Сино», «Айтсам тилим, айтмасам дилим» каби қатор саҳна асарларида 100 га яқин турли характердаги образларни яратдим. Ҳозир ҳам аҳён-аҳёнда у муқаддас даргоҳни зиёрат қилиб қайтаман. Намойиш этилаётган спекталлар эътиборимдан четда қолмайди.

– Бугун театр ва кинода қаҳрамон тимсолини яратишда қандай янгиликлар бор?

– Ўйлайманки, бугун замонамиз қаҳрамони тимсолини кино ва театрда яратиш муҳим ва мураккаб вазифа. Бундай жиддий ишга пала-партишлик ва жўнлик билан ёндашиб бўлмайди. Акс ҳолда биз буюк қаҳрамон санаб келган Алишер Навоий, Бобур, Қирол Лир, Улуғбек, Ҳамлет образлари ўз жозиба кучини йўқотади. Бугун замон, одамларнинг дунёқараши ўзгарди. Энди моҳиятан мустақиллик кашф этган қаҳрамонлар ўз характери билан қалбларда чуқур из қолдириши керак. Бунинг учун сийқаси чиққан мавзулардан, саёз ссенарийлардан қочиш керак. Баъзан истеъдодли актёрларнинг олди-қочди, пуч гаплардан иборат фильмларга ўралашиб қолаётганини кўриб ранжийман. Шундан кўра классикага мурожаат қилишса бўлмасмикан, дея ўйланиб қоламан. Чунки классик асарлар ҳеч қачон саҳнадан тушмайди. Ҳар бир замоннинг ўз Навоийси, Бобури, Улуғбеки бўлади. Буни янгича талқинда ижро этиш маҳорати ҳар доим қаҳрамон шахсиятини яратади.

– Илгари кино олиш анча мураккаб эди. Гарчи ҳозиргидек замонавий техник аппаратлар бўлмаган. Аммо бугун замонавий воситалар ёрдамида суратга олинган фильмларни бир ёки икки марта кўриш мумкин. Демак, ҳамма гап асар ссенарийси, актёрларни танлай билишда экан-да…

– Ҳа, тўғри айтдингиз, илгари битта кадр­ни олиш учун камида 1-2 соат вақт кетарди. Фильмдаги кичик ролни ижро этиш учун ойлаб, керак бўлса, йиллаб ижодий сафарда бўлардик. Эсимда, Эдуард Хачатуровнинг «Тўйлар муборак» фильмини суратга олиш жараёни кузда бўлгани учун ҳам сувдан Дилором Қамбаровани олиб чиқиб, қўлимда кўтариб юриш саҳнасини 5 марта дубль қилиб олгунча совуқ қотиб, лабларим кўкариб кетганди. Қолаверса, кино ёки театрда роль ижро этиш учун 10 марталаб ёзилардик. Синовдан ўтмаган пайт­ларимиз ҳам бўлган. Ҳозир кино аппаратлари бошқача. 4 кунда фильм яратса бўлади. Яқинда янги фильмга суратга тушиш учун Самарқанд­га боргандик. Ишонасизми, 4 кунда кино олишди. Очиғи, олди-қочди фильмларга роль ижро этишга виждоним қийналади. Бугун томошабинлар ҳукмига ҳавола этилаётган фильм­ларни кўрганимда, мени аввало, миллийлик ва тил масаласи ташвишга солади. Баъзи санъаткорлар ўзи туппа-тузук адабий тилда сўзлашади, аммо роль ижро этаётганда бутунлай адабийликни йўқотади. Кино, театр саҳнасига ўзбек тилига мутлақо алоқаси йўқ терминларни ишлатиш санъатимизнинг обрўсига путур етказади. Бу жиддий масала. Ўйлаб кўриш керак.

Кейин бугунги яратилаётган «Ўзбектелефильм» асарлари фақатгина телевидениеда намойиш этиш билан чекланиб қолаётир. Бунга биринчи сабаб фильмлар ниҳоятда бўш чиқаётир. Минг мажбурласанг ҳам одамлар бир марта кўради, қайтиб қарагиси келмайди. Айни пайтда эса фильмларимизни яхшилаш борасида ҳам жиддий ишларга қўл урилмоқда. Бу келгусида яхши натижасини беришига ишонаман.

– Телеекранда намойиш этилган кўплаб хориж фильмларида, хусусан Раж Капур, Қирол Лир ва бошқа қатор қаҳрамонларга ҳам овоз бергансиз. Бугунги дубляж санъатидан кўнглингиз тўладими?

– Дубляжда овоз танлашда адашмаслик керак. Ўша даврда биз ёшлар – Гулчеҳра Жамилова, Хожиакбар Нурматов, Тўлқин Тожиев овоз бериш учун ҳар куни дубляж залига келардик. Баъзи қаҳрамонларга овозимиз тушмасдан 2-3 кун бекор келиб кетган пайтларимиз ҳам бўлган. Масалан, Қирол Лирга овоз бериш учун қанчадан-қанча маҳоратли санъаткорлар танланган. Синовдан фақат мен ўтганим боис бу вазифа ўзимга топширилган. Кейин ўша пайтда Ҳамза театри (ҳозирги Миллий академик драма театри) артистлари овоз бериш борасида биринчи ўринда турарди. Дубляж санъатимизни эса дунёда билишарди. Энди ана шу анъанани давом эттирадиган истеъдодли ёшларни тарбиялаш керак.

– Сиз улуғ санъаткор оиласида туғилиб, тарбия топгансиз. Хусусан, ҳаётда ўз ўрнингизни топишингизда отангиз Юнус Ражабийнинг ўрни қай даражада бўлган?

– Мен шундай улкан санъаткорнинг фарзанди бўлганимдан фахрланаман. Отамнинг ижро этган қўшиқлари менга ҳақиқий санъатни тушунишни, унинг қадрини билишни ўргатди. Ҳаттоки, бошқа соҳаларда ишлайдиган биродарларим ҳам қалбан санъат шайдосидирлар. Масалан, хирург бўлиб ишлайдиган акам бирорта спектаклни қолдирмасдан томоша қилади. Айниқса, укам Ҳусанжонни бутун оиламиз билан кафтимизда кўтариб, эъзозлаймиз. Чунки у отам қолдирган мероснинг янги қирраларини очишга ҳаракат қилмоқда. Биз ака-укалар ҳаётда ўз ўрнимизни топишимизда отамнинг тарбияси, умр йўли ҳамиша ибратдир.

Адиба Умирова суҳбатлашди

“Ҳуррият” газетасидан олинди (2009).