–Гарчи «модернизм» атамаси қарийб бир асрдан бери ишлатилиб келинаётган бўлса-да, биз учун янги, бир қадар нотаниш истилоҳ. Суҳбатимиз бошида бу тушунчанинг моҳияти ҳақида газетхонларимизга маълумот берсангиз.
–«Модернизм» асли французча «модерн» сўзидан олинган бўлиб, «замонавий» деган маънони билдиради. Бу истилоҳнинг биз учун бир қадар нотаниш бўлиб келганининг сабаблари бор. Бу сабаблар, биринчидан, мафкуравий характерга эга ва шўро даври адабий сиёсати билан чамбарчас боғлиқ.
Маълумки, шўролар ҳаётдаги ҳамма соҳаларни бирваракайига тубдан ўзгартиришни даъво қилиб чиқишган эди. Шу билан бирга улар бутунлай янги одам яратиш ғоясини ҳам олдинга суриб, шунингдек, янги адабиёт даъвоси билан ҳам чиқишган эди. Ҳаёт бу даъволарнинг пуч эканлигини исбот қилди. Жумладан, ҳар қандай инсон ҳаёти давомида турфа хил ўзгаришларни бошидан кечирса ҳам, бир қувончларга тўлиб, бир бахт-сизлик ичида яшаса ҳам, зоҳиран қараганда, бир терининг ичида неча марта озиб-семирса ҳам, аслида унинг табиати дунёдаги энг кам ўзгарадиган нарсадир. Инсоншунос олимларнинг бугунги инсон табиатига кўра, бундан 2000 йил олдинги инсондан жуда кам фарқ қилишини исботлаб беришган. Унинг тафаккурида қандайдир янги ғоялар туғилиши мумкин, лекин тафаккур механизми эскича қолади. Унинг туйғуларида қандайдир янги хислатлар пайдо бўлиши мумкин, лекин барибир туйғуларнинг ўзи жуда кам ўзгаради. Даврлар ҳар қанча ўзгармасин, инсонни ҳаракатга келтирувчи асосий омил шахсий манфаат бўлиб қолаверади. Инсоннинг бу хислати русларнинг «Балиқ чуқур жойни излайди, инсон эса яхши жойни» деган мақолида жуда яхши ифодаланган. Худди шунга ўхшаш, инсоннинг руҳий-маънавий фаолиятининг ҳосиласи бўлмиш санъат ва адабиёт ҳам табиатдан кам ўзгарадиган ҳодисалардандир. Албатта, санъат ва адабиёт пайдо бўлган даврлардан бери муайян тадрижий йўлни босиб ўтди, лекин бу йўллар мазмуни қандай бўлмасин, санъат ва адабиётнинг моҳияти ўзгаргани йўқ. Ҳамон унинг марказида инсон ва унинг дардлари турибди. Ҳамон унинг асосий муаммоси инсон ким ва у қандай яшамоғи керак, инсон ҳаётининг моҳияти нимада, деган муаммолар. Афсуски, шўро мафкураси инсон табиатидаги мана шу муқимликни тан олишни истамади. Ва ҳар хил воситаларни ишга солиб, уни тубдан ўзгартиришга киришди. «Пролетар адабиёти» деган адабиёт ўйлаб топилди. Унинг бирдан-бир методи социалистик реализм, деб эълон қилди. Бундан бир қадар ташқарига чиқадиганларни синфий душманга чиқаришди ва шунга мувофиқ улар жазоларга мустаҳиқ қилинди. Аммо табиийки, инсон бир хил бўлмаганидек, унинг адабиёти фақат бир хил мазмунда ёзадиган, фақат бир хил услубни тан оладиган, якранг адабиёт бўлиши мумкин эмас эди.
–Ўтган асрнинг 20-30 йилларида модернизм оқимига мансуб деб ҳисобланган асарлар Ғарбда ҳам, Америкада ҳам тазйиққа учраган эди. Ўзингизга маълум, собиқ иттифоқ даврида Ғарб адабиёти билан шуғулланган рус адабиётшунослари ҳам бир овоздан модернизм адабиётини кескин танқид қилиб чиқишганди. Яъни бу адабий оқим вакилларининг асарлари Ғарбда инкор этилди, кейинча коммунистик ғоя тарафдорлари томонидан тамоман рад қилинди. Бунинг сабаблари ҳақида фикрларингизни билмоқчи эдик.
–XIX аср охири ва ХХ аср бошларида жаҳонда ижтимоий ҳаёт соҳасида тараққиёт суръатлари мислсиз тезлашиб кетди. Бу фикрда, қарашларда ҳам кўплаб янгича қарашлар, янгича фикрларни вужудга келтирди. Улар адабиётда ҳам инсонга янгича муносабатда бўлишни тақозо эта бошлади. Бошқача айтганда, адабиётда кўп вақтлардан бери амал қилиб келган реализм методи қай бир жиҳатдан эскиргандек, янги мазмунларни ифодалашга торлик қилиб қолаётгандек кўринди. Ва айрим санъаткорлар замон талабларига мувофиқ равишда ҳаётни акс эттиришнинг янги йўллари, шаклларини излай бошладилар. Шу тарзда бутун жаҳон бўйлаб турли-туман модернистик, яъни замонавий оқимлар пайдо бўла бошлади. Албатта, буларнинг ичида самаралилари ҳам бор эди. Ва шунчаки тажриба тариқасида ўтказилган, лекин амалда катта муваффақиятларга эришмаганлари ҳам бор эди. Бу изланишлар, тажрибалар мутлақо табиий ва қонуний эди. Лекин шўро мафкураси нуқтаи назаридан ҳар қандай модернизм ёки санъат ва адабиётдаги ҳар қандай изланиш социалистик реализмдан чекиниш деб қаралар ва шунинг учун у қораланиши керак эди. Шундай қилиб бизда «халқ душманлари», «буржуа миллатчиси», кейинроқ эса «ревизонист» сингари «модернист» деган айблов ҳам майдонга келди.
Модернизмни ёқлаган, модернистик оқимларни маъқул кўрганлар мафкуравий душман сифатида талқин қилинди. Фақат аср охирига келгач, ўзбек адабиётшунослари ичида бу масалаларни қаламга олиб тўғри талқин қилишга ҳаракат бошланди.
–«Жаҳон адабиёти” журнали ва «ЎзАС»да эълон қилинган айрим мақолаларни айтмаганда бугунги адабиётшунослигимиз модернизм адабиётидан бехабар десак, тўғри бўладими?
–Албатта, модернизм бир турдаги жўн ҳодиса эмас. Модернистик оқимларни даб-дурустдан тушуниб олиш ҳам муайян қийинчиликларни туғдиради. Модерн ҳодисалари ҳамма вақтда ҳам санъат ва адабиёт ҳодисаларига биз берадиган таърифларга тўғри келавермайди. Бунинг устига бизнинг санъат ва адабиётга қарашларимизда жуда катта бир нуқсон бор: бизнинг назариямиз санъат ва адабиётдаги ранг-барангликни тан олмайди. У имкон борича, санъат ва адабиётнинг ҳамма тур ва ҳамма хилларига муштарак бўлган қонун-қоидаларни инкишоф этишга ҳаракат қилади. Масалан, шеърият ҳам, наср ҳам бадиий адабиётга киради. Лекин айни чоғда уларнинг орасида осмон билан ерчалик фарқ борлигини кўрмаслик мумкин эмас. Роман, қиссалар бобида ўйлаб чиқарилган қоидаларимиз лирика ва поэмага мутлақо тўғри келмайди. Худди шунга ўхшаш, адабиёт, рассомчилик ва музика ҳам «санъат» деган тушунча доирасига киради. Бироқ, шунга қарамай, улар инсоннинг руҳий фаолиятининг турлари эканлигидан бошқа ҳеч қандай муштарак томонларга эга эмас. Бинобарин, рассомлик талқини билан, музика, адабиёт талқини ўзаро кескин фарқ қилиши керак.
Мен бу гапларни шу маънода айтяпманки, асосий материали ранг ва бўёқ бўлмиш рассомлик соҳасидаги изланишлар, албатта, адабиёт соҳасида ҳам айнан такрорланиши мутлақо шарт эмас. Масалан, абстракционизмни олайлик. Абстракционизм – мавҳумлик дегани. Санъаткорлар ҳаётни ҳаёт формасида акс эттирмоғи керак, деган гапдан қочиб, уни бошқача тарзда ҳам акс эттириш мумкинлигини исботлаш учун мавҳум тасвирларга, яъни биринчи қарашда бирор-бир ҳаётий мазмунга эга бўлмаган тасвирларга кенг ўрин бера бошладилар. Лекин шуни айтмоқ керакки, абстракционизм элемент-лари фақат кейинги асрлардагина пайдо бўлгани йўқ. Унинг унсурлари Шарқ ва Ғарбнинг қадимги санъатидан истаганча топилади. Узоққа бормайликда, бир мисол келтирайлик. Ўзбекларнинг атласини жуда яхши биласиз. У камида минг йиллик тарихга эга. Билмайман, атласни санъатга йўйиш керакми йўқми. Бироқ имоним комилки, у юз фоиз абстракционизм асосига қурилган. Ундаги бир-бирига чатишиб кетган ранглар қандай ҳаётий мазмунга эгалигини билмайман, бироқ жилолари, товланишлари ҳаддан ташқари гўзал. Ўзбек атласининг ял-ял ёниши анча асрдан бери эркакларни ҳам, аёлларни ҳам бирдай завқлантириб келади. Худди шунингдек, ўзбекларнинг меъморчилик санъатида ҳам, ўймакорлик ва наққошлик санъатида ҳам мавҳумлик унсурлари кўплаб учрайди.
Лекин рассомлик санъатидаги абстракционизмни, менингча, оқизмай-томизмай адабиётга кўчириб бўлмайди. Адабиётда мавҳумлик кучайиб кетган ўринларда, мазмун ҳисобига шаклбозликка берилган жойларда, инсон муаммолари чекланиб қолган жойларда катта муваффақиятга эришиш қийин.
–Бизда модернизмни тушуниб (тушунмай ҳам) инкор этувчилар бор. Ва айни пайтда бу йўналишни жаҳон санъати ва адабиётидаги илғор тенденция сифатида қабул қиладиганлар ҳам учрайди. Мана шу икки хил қарашларга Сизнинг муносабатингизни билмоқчи эдик.
–Мен шу кунларда буюк инглиз ёзувчиси Жон Голсуорсининг адабиёт ҳақидаги айрим мақолаларини таржима қилаяпман. Бу мақолалар 1930 –1931 йиллар, адиб ҳаётининг сўнгги даврида ёзилган. Бу даврда адабиётда модернистик изланишлар анча авж паллага кўтарилган эди, китобхонлар ўртасида уларни ёқловчилар ва анъанавий адабиётни буткул рад этувчилар кўпайиб қолган эди. Бошқача айтганда, модернистик адабиёт модага кирган эди. Модага кирган нарса тўғрисида танқидий фикр айтиш жуда қийин. Тафаккуримизнинг ожиз томонларидан бири худди шунда кўринади. Биз кўпчилик мақтаётган асарни ўқиб тушунмасак ҳам, бизга сира маъқул бўлмаган бўлса ҳам, ҳаммага эргашиб мақташга тушамиз. Бунда «қиролнинг янги кўйлаги» синдроми амал қилади. Асарни мақтаётган кўпчилик доно бўлсаю, мен уни тушуна олмайдиган ақли ноқис бир одам бўлсам…
Голсуорсига тан бериш керак. У бир неча мақоласида одамларнинг таънасидан қўрқмай, ҳамма томонидан мақталаётган модернистик асарлар ҳақида танқидий фикр айтади. Бу асарларни 30 йилдан кейин ҳамма унутиб юборади, дейди. Эҳтимол, Голсуорси ўзининг бу фикрида тўла ҳақ эмасдир. Жумладан, романлари «оилавий ҳаётнинг қомусидан иборат» (Голсуорси) М.Пруст бугун унутилгани йўқ. Лекин, менимча, Голсуорси бир нарсада ҳақ: у адабиётнинг моҳиятини инсон характерини яратишда, деб билади. Марказда инсоннинг тақдири турмаган, унинг ҳаёт йўлларидаги драматик ва фожиали изланишлари акс этмаган асарлар умрбоқий асарлар бўла олмайди. Фақат Голсуорси эмас, модернистик адабиётга унчалик рўйхушлик билдирмаган бошқа адиблар ҳам кўп.
Лекин на Голсуорси ва на бошқа Ғарб ёзувчилари модернизмни танқид қилар эканлар, санъаткорнинг шакл ва услуб бобидаги изланишларига, тажрибалар ўтказиш бобидаги ҳуқуқларига заррача шубҳа қилган эмаслар. Умуман, фақат ХХ аср бошида эмас, бошқа даврларда ҳам ёзувчилар инсон характерини чуқурроқ ва жозибалироқ қилиб тасвирлаш йўлидаги изланишлардан тўхтаган эмаслар. Агар биз бундай изланишларни замон талаби билан қилинган модернистик изланишлар деб тан олсак, модернизмни жаҳон адабиёти тарихининг исталган давридан топиш мумкин. Рабленинг «Гаргантюа ва Пантагрюэл» деган машҳур романи ёки Свифтнинг «Гулливернинг саёҳатлари» ҳақидаги қиссаси, Гоголнинг «Миргород» туркумига кирадиган асарлари ва яна ўнлаб асарлар бу фикрнинг далилидир.
Шўро адабиётида ҳам таъқиқлар ҳар қанча кучли бўлмасин, айрим ёзувчилар янги шакллар излашдан тўхтаган эмас. Фақат бу ёзувчиларнинг ижодида модернистик изланишлар ё фантастик элементлар орқали ёки сатира ва юмор ёрдамида ифодаланган. Жумладан, машҳур М.Булгаков «Итюрак» номли қиссасида бир профессорнинг тажрибалари туфайли итдан одамга айланиб қолган шахснинг партияга кириши ва катта идораларда ишлаб, итларга хос ҳаракатлар қилишини жуда ёрқин очган. Ёки ёзувчи В.Войнович 70-йилларда яратган «Аскар Чонкин» қиссасида шўроча кўр-кўрона садоқатнинг авра-астари ағдарилган. Албатта, бу асарларнинг ҳеч қайсиси ҳукмрон мафкура дарғаларининг бирортасига ёққан эмас. Чунки шўролар замонида «доҳийлар»га маъқул келадиган ёзувчиларгагина кенг йўл бериларди. Бундай ёзувчилар шаънига танқидий гап айтиш, уларнинг ижодидаги нуқсонларни кўрсатиш мумкин эмасди. Бундай ёзувчилар қолган ҳамма ёзувчиларга ўрнак сифатида кўрсатиларди ва гўё уларнинг асарларига ўхшатиб ёзишга даъват қилинарди. Масалан, Горкий – шўро адабиёти асосичиси, Маяковский – даврнинг энг атоқли шоири, бинобарин, ҳамма ижодкорлар улардан ўрнак олиши керак эди. Кўп вақт ўтмасдан бундай адабиётнинг миси чиқди. «Шўро адабиёти» деб аталган адабиёт айрим мустаснолардан қатъий назар, жуда ғариб, жуда нимжон, рангсиз, қуруқ, бетаъсир адабиётга айланиб қолди. Натижада миллионлаб одамларнинг адабиётдан ихлоси қайтди, китоб ўқимай қўйишди.
–Биздаги баъзи адабиётшуносларнинг фикрича, ўтган асрнинг бошларидаёқ ўзбек адабиётининг истеъдодли вакиллари модерн адабиётидаги шаклий изланишларга катта ҳавас билан қарашган экан. Кейинчалик уларнинг бу йўналишдаги ижодий тажрибалари тўхтаб қолган. Сиз шу фикрни тасдиқлайсизми?
–Ҳақиқатан ҳам, 20-30-йилларда ўзбек адабиётида ҳам муайян модернис-тик изланишлар бўлган. Бу, жумладан, Ойбек, Миртемир, Чўлпон ижодларида кўринади. Ойбекнинг дастлабки шеър-ларида модернистик изланиш ҳис-туйғуларининг таҳлилига жуда кенг ўрин берилганида кўринади. Миртемир биринчи китобида ҳаёт завқини тизгинсиз пафос билан ифодалашга интилади. Афсуски, унда меъёр бузилгани учун пафос кўп ўринларда оддий баландпарвозликка айланиб кетади. Чўлпон эса «Кеча ва кундуз» романида, айниқса, Зебо устидан суд эпизодлари тасвирланган ўринларда ўша воқеаларнинг абсурдлигини жуда ёрқин ифодалаган. Ифодалаганда ҳам қуруқ сўзлар билан эмас, қаҳрамонларнинг хатти-ҳаракатлари, ҳис-туйғулари билан ифодалаган. Афсуски, ўзбек адабиётидаги бундай изланишлар ўз вақтида танқидчилик томонидан қўллаб-қувватланмади ва натижада давом эттирилмай қолиб кетди.
–Кейинги йилларда, асосан, ёшлар ижодида модернистик оқимга мансуб асарларга ҳавас анча кўзга ташланиб қолди. Айрим ижодкорлар фикрича, бу жараён эндиликда шунчаки тақлид доирасидан чиқиб, муайян бир кўриниш олаётир. Сиз бу фикрга қандай қарайсиз?
–Бугун адабиётимиз янгича шароитда яшаб ижод этмоқда. Аввалги таз йиқлар ва таъқиқлар ҳозир йўқ. Энди ёзувчи ва шоирлар бадиий шакл ва услуб борасида жуда кенг кўламларда изланишлар олиб боришлари мумкин ва олиб боришаётирлар ҳам. Жумладан, бугунги адабиётимизда драматург Шароф Бошбеков ижодида, шоир Абдулла Ориповнинг айрим асарларида, Омон Мухторнинг романларида, Тоғай Муроднинг «Отамдан қолган далалар» асарида, нисбатан ёш шоир ва ёзувчилар Назар Эшонқул, Хайрулло, Баҳром Рўзимуҳаммад, Гўзал Бегим, Олима Набиева ижодларида буни кўриш мумкин. Лекин мен бир нарсадан огоҳ этиб қўймоқчиман: изланишлар бобида эҳтиёт бўлмоқ керак, негаки, янги нарса ҳамма вақт ҳам фақат янгилиги учунгина яхши бўлавермайди, шунингдек, эски нарсани ҳам фақат эскилиги учун «пуф, сассиқ»қа чиқариш мумкин эмас. Мен ҳамма ёзувчилар аскар болалардай қадди-қомати бир-бирига ўхшаган олачипор форма кийиб олсин, демоқчи эмасман. Мен фақат шуни айтмоқчиманки, биз реализм деб баъзан кесатиқ билан, баъзан киноя билан, баъзан ғашлик билан тилга оладиганимиз – услуб ҳали унча қариб қолгани йўқ. Айниқса, бизнинг ўзбек адабиётимизда. Бизнинг адабиётда реализм шаклланаётганига эндигина бир аср вақт бўлди. Эҳтимолки, бу вақт ичида реализмнинг бор-йўғи ўн гулидан бири очилгандир.
Мен яқинда Улуғбек Ҳамдамовнинг «Мувозанат» деб номланган янги романини ўқиб чиқдим. Бу роман, бир-икки эпизодини ҳисобга олмаганда, том маънода анъанавий услубда ёзилган. Эҳтимол, «бир-икки эпизод» модернистик характерда бўлиб, китобхоннинг кўнгилхушлиги учун киритилгандир. Уларда баъзи бир персонажларнинг ишқий можаролари яланғочроқ ифодаланган. Лекин яхлит олганда роман менда жуда чуқур таассурот қолдирди. Унинг воқеалари бизнинг кунларда, бизнинг юртимизда содир бўлади. Роман қаҳрамони олий ўқув юртида тарихдан дарс беради. Лекин бозор муносабатлари бу одамни чирпирак қилиб учиради. Унинг изтироблари, бошига тушган кулфатлар панжасидан қутилишга интилишлари, йўл излашлари, чора қидиришлари китобхонни бефарқ қолдирмайди. Романни ўқиб чиқар эканман, бугунги кун одамини тасвирлашда ҳали реализмнинг очилмаган имкониятлари кўп эканига имон келтирдим. Демак, гап бу ерда реализмда ёки модернизмда эмас. Гап санъаткорда, унинг тафаккурида ва маҳоратида. Адабий асар эса чинакам асар намунаси бўлмоғи учун, реализмга мансуб бўладими, романтизм услубида ёзилган бўладими, ёки қандайдир бошқа модернистик услубга амал қиладими, барибир, яна такрор айтаман, унинг марказида инсон турмоғи керак, китобхон инсоннинг тақдири, табиати, ҳаёти ҳақида муайян ахборот олиш билан бирга бу асардан эстетик завқ ҳам ола билсин.
–Модернизм оқимига мансуб деб қаралган асарларни қабул қилиш ёки қабул қилмаслик мумкин. Бу ҳар бир олим ёки китобхоннинг ихтиёрида. Мен Сизнинг бу масалага шахсий муносабатингиз, хоҳланг олим, хоҳланг китобхон сифатида, бироқ хусусий муносабатингизни билсам дегандим…
–Шахсан мен ўзим шу пайтга қадар адабиётдаги модернизмга ўзимнинг муносабатимни аниқ белгилаб олган эмасман. Баъзи бир модернистик асарларни, айниқса, юморга йўғрилган асарларни (Санислав Лем, Рей Бредбери) завқ билан енгил ўқийман. Фолкнер, Жойс, Пруст каби адибларнинг асарларини эса ўқишда қийналаман. Ҳатто баъзан уларнинг асарларини ярмидан ташлаб қўйган ҳолларим ҳам бўлган.
Лекин шунга қарамай, мен бу ёки бу каби бошқа ёзувчиларни ҳечам қораламайман. Эҳтимол, гап ёзувчида эмас, балки менинг дидимда, савиямдадир. Ҳар ҳолда, фақат менга ёққани ёки ёқмаганига қараб бирор асарни рад этиш ёки улуғлаш мумкин эмас.
Яна бир мисол келтираман. Мен бадиий тасвир санъатини, расмларни яхши кўраман. Дунёга машҳур мусаввирларнинг полотноларини ҳамма вақт завқ билан томоша қиламан. Лекин ўзимни тасвирий санъат асарига баҳо берадиган ҳакам деб мутлақо ўйламайман. Малевич деган рассомнинг асримиз бошларида ишлаган бир сурати бор. Бу «Қора квадрат» деб аталади. Унда чиндан-да тим қора квадратдан бошқа ҳеч нарса йўқ. Худо ҳаққи, мен шу пайтгача бу суратнинг нима маъно англатишини тушунганим йўқ. Лекин буни қарангки, ана шу мен тушунмаган асар санъат бозорида миллиондан кўпроқ доллар турар экан. Мен, албатта, миллион долларим бўлса, уни нимага сарфлашни ўзим билардим. Лекин шунга қарамай, ўша асарни харид қилган одамларни қоралашим инсофдан бўлмайди-ку!
Хуллас, модернизм муносабати билан қилган гурунгимиздан фақат битта хулоса чиқаргим келади: яшасин эркинлик, йўқолсин қолиплар!
Суҳбатни Аҳмад ОТАБОЕВ ёзиб олди
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2002 йил 23-24-сонидан олинди.