– Сизда адабиётга илк ҳавас қачон уйғонган, матбуотдаги илк чиқишларингиз, сўнгра биринчи китобингиз ўқувчилар қўлига етиб борган дамларни эслаб ўтсангиз.
– Дабдурустдан бир нарса деб жавоб бериш қийин, албатта… Чунки ҳар қандай осон жавоб юзаки бўлиб қолади. Ҳар бир болада бўлгани каби мен ҳам кўп орзуларга берилганман. Бизнинг болалик давримизда энг ноёб овунчоқ телевизор эди. Интернет, компьютер, мобил телефон, смартфон, айфон деган нарсалар ҳали дунёда пайдо ҳам бўлмаган эди. Ана шу телевизорда ҳам иккита дастури бўлиб, у ҳам баъзан тонгда, баъзан шомда бошланиб, кечқурун соат ўн бир-ўн иккидаёқ тугарди, бугунгидай кеча-кундуз фаолият юритмасди. Ана шу ойнаи жаҳонда бирор кино берилса, дарҳол шунинг таъсирига тушардик. “Қилич ва қалқон” киносини кўриб, айғоқчиликни орзу қилардим. Кейин “Тўрт танкчи ва бир ит” фильми машҳур бўлганда танкчиликни орзу қилганман. Сўнг учувчилар ҳақида кино кўриб, учувчиликка ҳавас пайдо бўлган…
1972 йил эди, шекилли. Телевизорда Абдулла Орипов билан бир ярим соат учрашув берилди. У пайтлари ҳозиргидай экранда кадр бир минутда юз марта лип-лип алмашмас эди. Шоирнинг кўзини кўриб, шеърини тинглардингиз. Абдулла Орипов соатлаб кадрда кўзи чақнаб шеър ўқиган эди.
Шоир йироқ-йироққа қарагани учун янада қисилган қисиқ кўзларини олисга тикканча, кўзларида ёш қалқиниб турган ҳолда олисдаги, кейин келадиган авлодга умид билан боқарди ва қонидаги жунбишга келган ҳисларига сабаб изларди:
Боболар дунёдан ўтдилар шундоқ,
Биз ҳам етукликка бўлмадик тимсол.
Лекин сен бўларсан бокира мутлоқ,
Лекин сен яшарсан фаришта мисол…
Лабда табассуму кўзда ёш билан
Сенга талпинаман, буюк набирам.
Ўша кундан, ўша лаҳзалардан шоир бўлишни орзу қилдим. Шу бугунгача ҳам шу орзунинг ортидан юрибман, унинг изидан саргардонман. Журналистика билан шуғулландим, депутат бўлиб, сиёсат майдонида бўлдим. Халқаро ташкилотларда ишладим… Аммо буларнинг бари дилимдан ташқари, мен шоир бўлиш орзусидан кечганим йўқ… Абдулла Ориповнинг барча шеърларини ёд биламан ва умримнинг ярми улуғларга эргашиб ўтди. Кейин Ҳалима Худойбердиеванинг шеърларини тингладим: “Биз – олмамиз шохлардаги… Тўкмасинлар, айтингиз”. Норасидалигича ҳаётнинг бешафқат оламига отиладиган қизларнинг ноласи, фарёди эди бу, ота-онасининг меҳрига тўйиб қолиш истаги, исёни эди бу. Кейин Эркин Воҳидовни ўқидим. Барот Бойқобиловнинг “Шарқ камалаги” деган китобини ўқиб, ҳавас қилганман. Ўша шеърлар қандайдир Ҳамид Олимжон, Усмон Носир шеърларидай соф, бокира эди. Абдулла Шер – янги сўз, қадимий асрлар оҳанги. Кейин Рауф Парфи – ҳақиқий шеърият, санъат… Кейин улкан бир шиддат билан “шартаки” бир авлод қаршимизда тик бўлди – Шавкат Раҳмон, Хуршид Даврон, Усмон Азим, Асқар Маҳкам… Тенгдошларимиз – Абдували Қутбиддин, Аъзам Ўктам.
Албатта, бир кўрсатув билан, бир юмалаб шоир бўлиб қолмас инсон. Ўша телевизордаги шеърият кечаси аслида бир турткидир, азалдан томирда оққан, кўп йиллардан бери етилган булоқнинг кўзини очгандир… Менинг момом – Ибодулло қўрбошининг қизи Зулфия онамиз доя эдилар, эртаклар ҳам айтардилар. Зулфия онамиз ҳақида бир шеър ёзганман:
Қарс-қурс синди шишадай музлар,
Шитир-шитир чечаклар унди.
Яна қушлар учар ер узра,
Зулфи момо,
Сиз йўқсиз энди.
Қалдирғочлар қайтдилар бир-бир,
Чорбоғимиз бўлди шуълакон.
Мусичалар қайтди-ку, ахир,
Қайтмайсизми энди, моможон.
Юлдуз тўла кечалар само,
Яна офтоб куйдирар кундуз.
Ўша фалак, ўшандай дунё –
Кўролмайсиз уни сиз, афсус.
Онам йиғлаб тортади қатим,
Отам мен деб хўрсинар чуқур –
Сиз айтгандай одам бўлмадим,
Бу ҳолимни кўрмайсиз, шукур…
Момомнинг эртакларини тинглаганман, аммо отам – Абдулҳаким ҳақиқий достон айтувчи эдилар. Улар биз Ургутда кечалари аччиқ тамакини ипга тизганда, қўшниларни ҳашарга айтиб, уч кеча-беш кечалаб “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Авазхон”, “Кунтуғмиш”, “Баҳром ва Гуландом” каби қирққа яқин достонларни айтардилар. Икки юз-уч юз ривоятларни сўзлардилар. Қўшни қизлар, аёллар ўзларининг уйларида тамакиси бўлса ҳам, чиқиб бизникида ишлашарди, чунки достоннинг нима билан тугашини билиш керак-да…
Айтмоқчиманки, мени сўзга, шеъриятга тайёрлаган омиллар ичида шу ҳодисалар ҳам бор.
Илк шеърим туман газетасида босилган. Газета муҳаррири Файзи Ҳайдаров шоир эдилар, атрофларида ҳам катта ва кичик ҳаваскор шоирлар йиғилар эди. Албатта, мактабда Навоий, Пушкин, Ғафур Ғуломни ўқиганмиз, аммо биз кўрган илк “тирик шоир”лар Файзи ака ва унинг дўстлари эди. У пайтда босилган шеърларимнинг содда ва жўн бўлганини бугун тушунаман, албатта. Табиат, далалар, илк муҳаббат каби мавзулар атрофида эдик:
Бунда тунлар энг митти терак
ўсавериб юлдузга етар;
қувончига чидолмай куртак
новдаларда ёрилиб кетар…
Сўнг Самарқанд давлат университететининг рус филологияси факултетида ўқишга кирдим. Унинг декани Василий Ларцев шоир эди. Бу факультет иттифоқда машҳур фразеология мактаби саналарди. Бу ердаги кўп тиражли газетада шеърларим ва таржималарим босилди. Бу дорилфунуннинг энг улкан адабиёт маркази профессор Нуриддин Шукуровнинг “Шалола” шеърият клуби эди. Шу даврада кўп сабоқ олганман.
Республика матбуотида илк бор шеърларим Москвада ўқиб юрган пайтимда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида чоп этилган. Рости, қувонганман. Абдулла Ориповнинг “Баҳор” ҳақидаги шеърида “Дунё бугун шеъри чиққан шоирдай масрур” деган жумлалар бор. Ҳақиқатан ҳам, яшнаб кетганман шеъримни газетада кўрганда…
Илк шеърий китобим 1990 йили Абдували Қутбиддин муҳаррирлигида Шавкат Раҳмоннинг мадади билан Ғафур Ғулом нашриётида кўп минг тиражда чоп этилди… Иккинчи шеърий китобим “Томчидил” эса орадан 24 йил ўтиб, 2013 йили Санжар Назарнинг кўмагида “Академнашр”да чоп этилди. Аслида биринчи китобимнинг номи “Томчидил” эди, Шавкат Раҳмон: “Абдулкарим, китобингга бошқа ном топгин, мен шу номда шеър ёзиб китоб чиқармоқчиман… Келишдикми, биродар!” дедилар. Рози бўлдим. Аммо йиллар бўйи кузатдим, Шавкат аканинг шу номда китоби чиқмади. Кейин оламдан ҳам ўтдилар. Бу балким армон бўлгандир. Мана, ўзим энди иккинчи китобимни “Томчидил” деб номладим. Бу дилнинг инжалигини, умрнинг шабнам томчисидай омонатлигини, салга чилпарчин бўлишини, ҳаётнинг бебақолигини англатадигандай. Китобимда “Томчидил” деган ҳаётга тирмашиб яшаш, ҳар лаҳза учун шукрона оҳангидаги шеър бор ва у Шавкат Раҳмон хотирасига бағишланган. Шундай сатрлари бор:
Гоҳ ердан, гоҳ кўкдан нимадир кутдим,
Ниҳоят қутулдим қайғу, қўрқишдан.
Эмраниб, соғиниб шу кунга етдим,
Ўлмай ўтиб олдим яна бир қишдан…
Замин кетиб борар самода ўқдай,
Мен ҳам бораяпман омонат, гирён.
Нимадир кутарман ерданми, кўкдан…
Етиб олсам эди ёзгача омон.
– Қандай устозларнинг таълимини олгансиз? Улар турмуш тарзингизга, ижодий фаолиятингизга қандай таъсир этган?
– Устозларимиз бўлган, бирлари – бевосита, бошқалари билвосита таълим берганлар. Мен мактабда олис Россиядан пединститутни тугаллаб, тоғ қишлоғига амалиётга келиб, муаллимасини севиб қолган ўнинчи синф ўқувчисига турмушга чиққан ва бир умр шу қишлоқда қолган Долорес Павловна Трофимовадан рус тили ва адабиётини ўрганганман. Опа ҳозир ҳам ҳаёт. У киши берган билим билан аввал Самарқанд давлат университети рус филологияси факултетида, кейин Москва давлат университетети журналистика факултетида осон ўқидим ва аълога битирдим. Адабиётдан сабоқ берган Неъматулло Исматовнинг Ҳамид Олимжонни берилиб ўқиганларини, Эргаш Мухторов домламизнинг дарсларини ҳамон эслайман.
Адабиётда мен ҳамма буюк шоирларни, ёзувчиларни, файласуфларни, тарихчи ровийларни устозим деб биламан. Кимни ўқиган бўлсам, илҳомланган, фикрим тўйинган, ҳисларим уйғонган бўлса – бари устозларимдир. Абдулла Ориповдан қанча баҳраланганимни айтдим. Албатта, олисдан ва ижодларининг муҳиби ўлароқ. Аммо улар шогирд демаса ҳам, мен ўзим адабиётда устоз деб билганим учта зотни айтиб ўтаман – Одил Ёқубов, Иброҳим Ғафуров ва Шукрулло. Уларнинг ҳар бири менга биттадан сабоқ берганлар: Одил акадан – жасорат, Иброҳим акадан – маҳорат ва Шукрулло акадан маърифатни имкон қадар олдим. Иброҳим Ғафуровнинг сўзга муносабати, фикрининг оқими, тилининг нафосати ва ҳаёси, матнининг шиддати менга сабоқ бўлди. Инсон жуда буюк нарсаларни маҳорат ила ёзиши мумкин, аммо қўрқиб чиқармаслиги, чиқаролмаслиги мумкин, эҳтиёткорлигидан қалтираб туриши мумкин. Шунда жасорат керак бўлади ва бу Одил Ёқубовда бор эди. У ҳар қандай идора олдида ҳақ сўзни ҳимоя қилиш учун ўзида қудрат топа оларди. Маҳорати ва жасорати бор инсонга энди маърифат керак эди, чунки жуда нафис тил, инжа салоҳият ва чексиз жасорат ёвузликка ҳам хизмат қилиши мумкин эди. Ахир, Гитлер маҳоратли мусаввир эди ва жасорат билан кўчадан келиб (меҳмонхонада яшарди) ҳокимиятни олганди. Аммо ёвуз эди. Сталиннинг илк шеърларини Кавказ жадидлари журналларида ўқиш мумкин эди… Уларда маҳорат ва жасорат бор эди, маърифат йўқ эди. Мен маърифатни Шукрулло акада топдим. У кишини танимаган замонларда “Жавоҳирлар сандиғи” китобидан топган эдим. Кейин яқинлашдим, билдим. Бу инсонни Аллоҳ эрка қилиб қўйгандай. Шукрулло ака тўқсон саккиз ёшдалар-у, фикрлари теран.
Шу инсонларга ҳавасда юрибман.
– Адабиётнинг, ижоднинг, илҳомнинг илоҳийлиги борасида фикрларингиз қандай? Шоирга илҳом қанчалик зарур?
– Албатта, бу саволларга осон, юзада турган жавобларни бериб кетса ҳам бўлади, аммо жиддий қаралганда, унинг илдизлари чуқур. Бу ерда асосий сўз “илоҳийлик”дир. Бу соҳада бирор гап айтсанг, бир даҳрий томон сени “тақводор”ликда айбласа, диндорлар “диний таълим олмасдан, чуқурлашмаслик”ни сўрай бошлайди.
Шубҳасиз, Қуръони каримда оятлар қофияланган ва ички оҳанги мавжуддир. Қуръон нозил этилган араб тилида шеърдай ўқилади, Аллоҳ яратувчидир. Ижод қилиш шу маънода илоҳийдир. Банданинг ижоди номукаммалдир. Аммо дунё ва ундаги ҳар бир мавжудоти Аллоҳнинг ижодидир ва буларнинг барида Ижодкорининг иродаси вожибдир. Шеърнинг, сўзнинг яралиши ҳам гулнинг очилиши, бир ҳовуч дондан бир буғдойзор дала мавж уриши, бир томчи сувдан инсон яралиши каби илоҳий ҳодисалардир. Ижоднинг илоҳийлигини шу маънода англаш керак.
Аммо бировлар Қуръонда шоирларни “ёмонлаган оят бор”лигини келтиради. Қуръони каримнинг “Шуаро” сурасида шундай дейилади: “Ва шоирларга гумроҳларгина эргашур. Уларни ҳар водийда дайдишларини ва ўзлари қилмайдиган ишларни айтишларини кўрмадингми?” Бундан бир неча йиллар аввал Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари марҳум шоир Аъзам Ўктамнинг “Тараддуд” номли шеърий тўпламидаги баъзи шеърлари ҳақида ўз фикрларини билдирганда буни изоҳлаган эдилар: “Ҳаммага маълумки, бизнинг юртимиз Мовароуннаҳр – Туркистон бутун дунё шеъриятида ўзига хос ўрин тутган буюк шоирлари билан фахрланса арзийдиган, жаҳон халқлари шеърият хазинасига ўзининг олтин саҳифаларини, олтин байтларини бошини баланд кўтарган ҳолда тақдим этган бир юртдир. Албатта, ана шу мақтовга сазовор шеърият, шеърий асарлар, шоирлар, уларнинг фаолияти, савияси – ҳамма-ҳаммаси шу диёрнинг қадимдан муқаддас дини бўлиб келаётган Ислом дини билан чамбарчас боғлиқ эканлиги ҳам ҳеч кимга сир эмас. Улуғ шоирларимизнинг пурҳикмат байтлари, Қуръони Карим оятлари, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари, мусулмон уламолардан чиққан ҳикматларга йўғрилган эканлиги ҳам ҳаммамизга очиқ ойдин равшан. Ўйлаб қарайдиган бўлсак, шеърият мулкининг султони Алишер Навоийдан бошлаб мавлоно Лутфий ёки бошқа улуғ шоирларимизнинг номларини айтиш ўтишнинг ўзи ҳам жуда кўп вақт олади… Улар ўз шеърларининг ҳикматга бой бўлишига Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Инна минаш шеъри лаҳикматан” ҳадисини шиор қилиб олганлар. Яъни, албатта, шеърда ҳикмат бордир, деган маънодаги ҳадисларини”.
Мен ҳам Навоий ва исломнинг муштарак жиҳатлари ҳақида учта мақола ёзганман. Алишер Навоий – туркий дунё адабиётининг энг машҳур, энг буюк шоири, унинг асарлари туркий адабиётнинг энг юксак чўққиси бўлиб қолмоқда.
Ижодкор учун илҳом керак, айниқса бадиий ижод илҳом билан ёзилиши керак. Бу тушунча ўз ичига кўп нарсани қамраб олади, менингча: илҳом онида жидду жаҳд, ҳис-ҳаяжон, дард, изтироб, ижобий бир ғазаб ва илму ишқ бўлмоғи керак. Мен илҳом келмаса, ойлаб ўзимдан бирор нарса ёзмайман, ўқийман, ўрганаман ва таржима қиламан. Шу билан овунаман.
Адабиётнинг илоҳийлиги – унинг эзгулиги, ҳаққа, ҳақиқатга ва ҳаёга ирода этилганлигидир.
– Адабиётнинг жамиятда тутган ўрнини сиз қандай тасаввур этасиз ва адабиётимизда қандай анъаналар давом этишини, қандай иллатлар барҳам топишини истар эдингиз?
– Бир жўн ўхшатиш қилсам (олмонлар ҳар қандай таққосда хато бор, деганлар аслида), адабиётнинг, адабий ташкилотнинг жамиятдаги ўрнини инсондаги виждоннинг ўрнига қиёслардим. Масалан, Фанлар академиясини ақлга, суд ҳокимиятини яхши-ёмонни ажратадиган, қонни тозалайдиган жигарга қиёслардим. Адабиёт жамиятнинг виждонига, эътиқодига дахлдордир, ўзининг энг эзгу ва улуғ намуналарида у шундайдир. Адиб ёки шоир ҳам идеалда тирик виждондир, ҳақгўй ва латиф инсондир. Публицистдан фарқли ўлароқ, ҳақиқатни билвосита, бадиий тарзда, лутф ва санъат билан айтадиган шахсдир.
Адабиётимизда катта маънодаги анъаналар – Навоий, Яссавий, Ҳувайдодан мерос иймон ва ишқ, Машраб, Сўфи Оллоёр ва Қодирийдан мерос жунун ва ҳақиқат, Чўлпон, Фитрат ва Рауф Парфидан мерос миллатпарварлик ва санъат, Шавкат Раҳмон, Асқар Маҳкам ва Аъзам Ўктамдан мерос шиддат ва жавонмардлик, Эркин Воҳидов ва Ҳофиз Хоразмийдан мерос латофат ва фасоҳат, Беҳбудий, Ойбек ва Абдулла Ориповдан мерос донишмандлик ва ҳикматдир. Шу анъаналарни давом эттириш керак ва бугунги дунёнинг технологияларидан фойдаланиб ривожлантириш зарур. Уларни замон суръати ва талотўпига бой бериб қўймаслик керак.
– Бугунги ўзбек адабиётини янада ривожлантириш учун нималар қилиш зарур деб ҳисоблайсиз?
– Ижод – индивидуал, хос жараёндир. Шеър ёзаётган ёки бошқа бир асар яратаётган инсон қўлидаги қоғозу қалами билан Аллоҳнинг қошида ёлғиз турган кишидир. Адабий ташкилотлар унга асар яратиб беролмайди. Ижодкорга ҳаёт ва турмуш ташвишларини енгишда мадад берилса, бўлди.
Адабиётни ривожлантириш учун ижод қилиш керак. Бунга турмушдан ортиб, вақт топиш керак. Умр – ўткинчи, қоладигани – ҳақиқий асарлар. Ўткинчи, дунёвий нарсаларга эмас, боқий нарсаларга – ижодга вақт топиш керак. Вақтни авайлаш керак, чунки омонат бу ҳаёт аслида дувиллаб тўкилаётган қумдай сирғалиб ўтаётган вақтдангина иборатдир.
Ғиёсиддин Ўнаров суҳбатлашди.
“Ижод олами” журнали, 2017 йил, 2-сон