(Мени Ўзбекистон ССР халқ депутатлигига номзод қилиб кўрсатишганда, шоир Икромжон Отамуродов билан шундай суҳбат бўлиб ўтганди)
— Ҳалима опа, суҳбатимизни академик Андрей Сахаровнинг гапидан бошласак: «Жамиятни фақат маънавий заминларга суяниб юксалтириш мумкин». Муддао равшан. Сиз қандай ўйлайсиз?
— Икромжон, суҳбатимизнинг бошидаёқ Сахаровнинг сўзини келтириб юрагимнинг оғриқ нуқталаридан бирига тегиб кетдингиз. Машрабни кимлар осган, Нодирани-чи? Улуғбекнинг бошини кимлар кесди? Бир сўз билан айтганда, кўнгил кўзи кўрлар, маънан сўқир одамлар, шундаймасми? Бу ҳали минбардаги бир кекса одамни ҳуштаквозлик, чапаквозлик билан довдиратиб қўйиш, фикрни издан чиқариш, асабини ўйнаш эканку!… Худди кечагидай кўз ўнгимда, залга қараб ҳали фикри тугамаганини уқтиролмаётган, бир амаллаб гапириб олиш умидида қайта-қайта ўзини қўлга олиб сўз бошлаётган, яна беомон олатасир қарсаклар, ҳуштаклар остида гапини йўқотиб қўяётган, озғин қўллари қалтираб минбарда сочилиб кетган нутқи, қоғозларни йиғиштириб ололмаётган асабий қария… Умргузаронликдаги бўронлардан ичи тўкилиб, ғовак бўлиб қолган, ғичирлабгина турган кекса чинорнинг қулаши учун бундан ортиқ қандай зарба керак? Эҳтимол, унинг жон ришталаридан дастлабки иплари, ўшанда, минбардан кўнгли оғриб, мағлубларча, мункиб тушиб келаётганда узилгандир?!
Бошқа фикрларни қўя туриб, Сахаровнинг биргина Афғонистонга аскарларимизни киритмаслик хусусида қаршиликка учраган фикрини эслайлик. Агар унинг биргина шу фикри ўз вақтида инобатга олинганида фақатгина Ўзбекистонда 1400 дан зиёд йигит, умид-орзу билан бўйларига гул ўлчаб ўстирилган мардумайдон ўғлонларимиз мулки афғон бўлиб Афғон қирларида қолмаган, ўз жигаргўшалари бағрида ўйнаб-кулиб юрган бўлармиди?!
Ўзи ақлга, инсофга чақирган одамларнинг ўзига бўлган «сийлови»дан довдираб қолган донишманд Сахаровнинг руҳи бугун ўша ноҳақ баҳслар иштирокчиларини ҳам, бу баҳсларга томошабин бўлиб ўтирган бизларни ҳам кечирсин!
— Сезишимча, гап зайлини қадрни, ғурурни англашга, ор-номусни сезишга, ўзини танишга бураяпсиз? Алалхусус фикр бир бутун эътиқод бўлиб шаклланиш, якдил халққа айланишдек, азалий муаммо хусусида.
— Биз ўз йўлимизни ёритмоқчи бўлган ўз чироқларимизни ҳамиша, бешафқатларча ўз қўлимиз билан ўчирганмиз. Бунга тарихдан кўплаб мисол келтириш мумкин.
Дил тиғи ситамдан пора бўлган халқни кўрдим,Тани дарду аламдан ёра бўлган халқни кўрдим,
Кўзи вақти саҳар сайёра бўлган халқни кўрдим.
Ахир «дил тиғи ситамдан пора бўлган» мана шу халқ ўзининг эҳтиросли ҳимоячиси Бобораҳим Машрабдек шоирни дордан қутқариб қололмади-да! Қутқариш учун эса, Сахаров айтганидай, биз «юксалишимиз, маънавий заминларга оуяниб юксалишимиз керак». Ҳавода учиб юрмай, маънавий заминларимизни чуқурроқ ўрганишимиз, бу заминнинг қаерида беписанд, беўй оёқ қўйсак кимлар чирқираши, қайси жойига оёқ қўйсак кимларниаг руҳи бош кўтаришига фаросатимиз етиши керак. Яна кўзим ўнгига ўз кўз ёшларига «тоя-тоя… кетиб бораётган» бобожонимиз Огаҳий келяпти. Яқинда унинг яна бир ноласига кўзим тушди:
Кўнглим ўтига сув урмоқ бирла таскин истамангКим анинг бир учқуни солғуси юз Жайҳунга ўт…
Тасаввур қилинг, томиримиз, бобокалонимиз Огаҳийдай «маънавий заминимиз» кўнгил ўтининг, дардларининг бир учқуни юз Амударёнинг ёниб кетмоғи учун кифоя бўлса, биз қаерда ўсганмиз, Икромжон? Биз қандай шароитда бу хил фавқулодда дардсиз, «бахтли куйчилар» бўлиб улғайдик. Мана шу нарса мени ажаблантиради. Заминдан ажралиш эмасми бу?!
Улуғ бобомиз Қодирийнинг турмада тушган суратидаги кўзлари ёдингиздами? Мен бу кўзларга илк бор дуч келганимда сурат қаршисида узоқ қотиб қолдим, кўнглимдан эса мана шунга яқин ўйлар кечгандим… Иншоолло… Мен бу кўзларни ўз кўксимда бор фиғон-фарёди билан ўла-ўлгунимча кўтариб юраман!
Қодирийнинг кўзи… Минг йиллик ғамим,Ҳеч қачон бут бўлмас, ҳеч тўлмас камим!
Маъюс кўзларингдан ўргилай, жабрдийда халқим, улуғ халқим! Ахир сен ер юзига ҳазрат Навоийдек, устоз Улуғбекдек, улуғ Қодирийдек фикрат устунларини бергансан. Бугун мен субҳу-саҳарлаб қодир табиатга мана бундай илтижо қиламан:
«О қодир эгам, энди сен менинг даҳо фарзандлар туғиш, ўстиришга қодир жафокаш халқимга ўз фарзандларини тариқдай тирқиратмай қовуштириш, бирлаштириш, болаларнинг олтин бошларини асраш куч-қудратини ҳам ато эт!»
«Адабиёт» газетасининг шу йил 5 январь сонидаги «Қисмат» мақоласида Тошкентдаги 2-гуруч заводининг ишчиси, 1908 йилда туғилган Калонов Шукурнинг СССР Давлат Хавфсизлик Министрлиги қошидаги кенгаш томонидан антисовет тарғиботи учун Красноярск ўлкасига сургун қилиниши 1989 йил 13 мартда асоссиз деб топилгани ва ўлимидан сўнг оқлангани ҳақида ўқиб қолдим… Бунгача у ўн йил Сибир ўрмонларида, беш йил Узоқ Шарқ қамоқхоналарида ўтириб чиқади. Бу «ўтириб чиқиш» Сибир аёзлари асоратлари билан Шукур Калоновнинг озодликдаги саноқли йиллари ҳам касалхоналарда кечган ва қисмати оғир инсон 49 ёшида 1957 йилдаёқ оламдан ўтади.
Шу кунларда менинг бобом, аввалги мақолаларимдан бирида ёзганим репрессия қурбони бўлган Холназар чавандознинг ҳам оқлангани ҳақида менинг онам Қаршигул Холназар қизига, Саидқул, Раззоқ, Қодирқул Холназар ўғилларига хабар келди. Мени Боёвутга, онамнинг мазаси бўлмаётганини айтиб чақиртиришди. Борсам, онамнинг ранги докадек оқариб кетган. Қўллари қалтираб пичирлайди, холос… Оқлашибди, падари бузрукворимни оқлашибди… Билардим-а, оҳ, шўрлик отам-а, воҳ шўрлик отам… Тариқча гуноҳинг йўқлигини билардим…
Азоб, Икром, умр бўйи ҳаммасини билиб, тишни-тишга қўйиб яшашдай оғир азоб йўқлигини мен ўз онам мисолида кўрдим. Ёши қирқни қораламай сочлари пахтадай оқариб кетганини мен меҳнатнинг оғирлигидан деб билардим… Ахир инсон зотидан, унинг бир мартагина бериладиган қонуний ўз умри устидан шу қадар бедодлик, масхарабозликлар… Ахир бу бу одамларнинг ҳар бири айни гуллаган йигитлик ёшида (бобом 37 ёшида кетган эканлар) узоқ Шарқ қаҳратонларида ўпкасини совуққа олдирибми, даҳшатли Сибир қамоқхоналарининг совуқ баракларидаги ақлингга буров соладиган тергов азобларига дош беролмай ақлдан озибми, ит азобида ўлиб кетган бўлсалару, орадан 40 йил, 50 йил ўтгач тегишли жойлар дан «уларга қўйилган айблар асоссиз эканллги айтилиб, уларнинг оқланганлиги» ҳақида қоғоз олсанг… Бу қандай иш юритиш йўсини бўлди, ахир?
Биз ер устида бирлашиб жўр овозда (тушунган катталар ва тушунмаган болалар бирдай) шодмон бахт қўшиқларини айтганимизда, ер остида бари бирдай қучоқлашиб, айқаш-уйқаш ётган эски, беқасам чопонига ўралган чўлпонлар, совуқ урган Усмонлар, диндор деб бошидаги салласи кўчага улоқтирилган, бир пой маҳсисини қўнғилтоқ кийиб, бир пойини кийишга рухсат берилмагани учун қўлтиғига қисиб кетганича бедарак йўқолган менинг бечора бобом Холназар чавандоз, Шукур Калонов… булар қонуний нафрат, аламдан қандай оёққа турмадилар экан?! Ўша йиллар қай даражада бемаъниларча бахтиёр яшаганмиз, куйлаганимизнинг фаҳмига ва буларнинг сабабларига энди-энди унча-мунча етаётгандайман. Қатағон-репрессия йиллари, қисқа вақт ичида халқ орасида ўқув алфавитининг икки марта ўзсаргани… Зиёли, билимдон одамлар, китобларгача қувғинга учрагани… Бу каби ҳодисаларнинг ҳар бири оддий халқ орасида аста-секин илдиз отиб, қўрқув, ваҳиманинг авж олиши, эътиқоднинг сусайиши, манқуртликнинг бошланишига олиб келади.
Шу маънода Андрей Сахаров юз маротаба ҳақ. Жамиятни инқироздан илмий техника инқилоби, ишлаб чиқаришдаги юқори кўрсаткичлар эмас, маънавий шаклланиш, маънавий юксалишгина асраб қолишй мумкин. Лев Толстой топиб. айтган: «Агар бизнинг юрагимиз бўм бўш бўлса, уни қонунлар билан ҳам, сиёсий ислоҳотлар билан ҳам тўлдириб бўлмайди». Юрагимизни кўтариб турадиган устун — бизнинг эътиқодимиздир.
— Сизнинг ҳаёт йўлингизга дахлдор муаллимингиз ким? У мазкур тушунча ифода этган маъно даражасида қисматингизга шерик бўлганми? Бугунги муаллим хақидаги таассуротингиз?
— Ўқитувчилар ва айниқса, тарих ва адабиёт фанидан дарс берувчи муаллимлар маълум даражада санъаткор ҳам бўлишлари, дарс ўтишни санъат даражасига кўтаришлари керак. Менинг адабиётдан дарс берган ўқитувчим Акром ака Каримназаров (у киши ҳалиям ўша бизнинг Боёвут районининг Ленин номли колхозидаги мактабда адабиёт муаллими) маъноли ўқишга жуда эътибор берардилар, ўзлариям эринмай қатор шеърлар, баъзан бутун-бутун поэмаларни бошдан-оёқ ёддан ўқирдилар. Мен дарсликларимиздаги қайта ишланиши керак бўлган саҳифалар, номукаммалликлар учун аввало, шу одам олдида ўзимни айбдор сезаман. Мен айрим шеърий асарларимиздаги ура-уралар, аравани қуруқ олиб қочишлар, риторика учун (дарсликларимизда бундай асарлар истаганча топилади) шу одам олдида қизараман. Чуики, улар китоблар, ёзувчилар, шоирларга ҳали-ҳануз ғайритабиий бир катта эҳтиром, улўғ меҳру муҳаббат билан қарайдилар. Шу ғалати, ижодкорга бўлган чексиз меҳру муҳаббатни болалар юрагига шундай санъаткорлик билан ўчмас қилиб сингдирадиларки… Шундай одамларни сенга бўлган эҳтиромни, меҳрни ҳар йили сенга нотаниш янги авлод, ўттиз-қирқ боланинг юрагига соладиган беминнат, дарё кўнгилли ташвиқотчиларингни алдаб бўладими? Уларга бефарқлик кўрсатиб бўладими?!
Менинг назаримда, Акром ака билан Чингиз Айтматовнинг «Асрга татигулик кун» асаридаги қишлоқ ўқитувчисн орасида қандайдир умумий ўхшашликлар бордай…
Болаларимиз катталардан кўрганини қилишади. Айниқса, ўқитувчиларнинг. Ўтган йили қишлоқ мактабларининг бирида шундай воқеа бўлганини айтиб беришди. Юқори синф ўқувчилари ҳар бири ўн беш сўмдан пўл йиғиб, ўз ўқитувчиларига қимматбаҳо узук совға қилишибди. Бемалолроқ оилаларда билинмас балки, камхарж оилалардачи, бир ойлик боғча пули бу. Ёки иккита иссиқ этикча олинса, гўдаклар бу қишдан омон чиқадилар. Қишлоқда бир аёлни биламан. У ўзи қишлоқ идораларининг полини ювиб тирикчилнк қилади. Болалари мактабда ўқигани учунми, ҳали мактабнинг деразаларини, ҳали синф полини ювиб юрганини кўраман… Бу гал атайлаб шу ҳақда сўрадим.
— Нима қилай, — деди у уҳ тортиб. — Одамлардай амалдор бўлмасамки, булар мендан ҳайиқишса. Ё «беш-тўрт сўм буёғимда ортиқча бўлсаку байрам-пайрам деб бу қуриб кетгурларнинг кўнглини олсам… Кучим қўлимга етади. Болаларимизга дурустроқ баҳо қўйишса медал-педалга илинармикан, дейман. Баъзан ўзлариям шаъма қилишади. Болаларим ўзимдай «рабочий» бўлиб косаси оқармай юрмасин деб, буларга сочим супурги, қўлим косов…
Бу ёшгина келинчакнинг ҳасратларини эшитиб ўтирибману юрагимга сим-сим оғриқ кирганини сезаман. Биз сиз билан, Икром, ўзликни англаш, қадр туйғуси ҳақида гапиряпмиз. Мана бу онасига ўйини тозалатиб, отасини ўз томорқасида ишлатиб, боласига яхши баҳо қўядиган айрим ўқитувчилар ҳам, ҳар йили олтин медал баҳонасида «бир нималик» бўлиб қоладиган баъзи мактаб директорлари ҳам шу жамиятимиз аъзоси. Энди мана бу хўрсиниб ўтирган келинчак—менинг кўксимнинг оғриғи. Унинг боласининг «рабочий» бўлиб қолмаслиги мана бу беандиша маҳаллий амалдорчаларга боғлиқ эмаслиги, бунинг учун ҳали биргаликда жуда кўп ишлар қилишимиз, аввало унинг ўзи (шу келинчак) нинг ҳаётга қарашларини ўзгартиришимиз кераклиги, қолаверса, мана бу таъмагир одамларнинг нафсини қирқиш йўллари ҳақида ўша куни анча гаплашдик. Жамиятда кичикми-каттами юлғичликни йўқотмас эканмиз, маънан юксалиш ҳақида гап бўлиши мумкинми?! Муаллим деб, болаларга ҳарф танитган, халқни танитган одамларга айтилади. Афсус, юқоридаги кимсалар ҳам муаллимлар номидан гапирадилар. Маънавиятнинг асоси — инсоннинг ўзлиги, ўзининг қандай ишларга қодирлигини англашидан бошланса керак. «Ўз кучига ишонган одамнинг қўлидан кўп нарса келади», дейди Гумбольд.
— Маънавият ҳақида кўп гапириляпти?!
— Тўғри. Ҳамишаям йўқолаётган нарса ҳақида кўп гапирилади. Бу йўқотишни нималарда кўраман? Бултур телевизор кўриб ўтиргандик. Бир пайт тутаб ётган ахлат уюмини машинага ортаётган одамни кўрсатишди. Шу ахлат орасидан ташлаб кетилган янги туғилган, ҳали совуб улгурмаган чақалоқнинг ўлиги чиққанлигини айтишди. Ёраб, шу буруқсиб тутаб ётган ахлат уюми ёниб кетса чақалоқ тириклай шу ахлатхонада ёниши керак! Тушуняпсизми, Икром, ноннинг уволи, қуш, қумурсқанинг уволидан қўрқадиган инсон бугунги кунда ўз қонидан бино бўлган жигаргўшасини тириклайича тутаб ётган ахлатхонага ташлаб кетяпти!
Ахир яхши тарбия кўрган оилаларнинг болалари қўғирчоқларини ҳам тўғри келган жойга ташлаб кетмайдику! Матбуотда айтилишича, бултур мамлакатимиз бўйича 13—14 ёшдаги мактаб ўқувчилари — қизлардан 3 минги фарзанд кўрганлар. Шундай шармандали воқеа бўлган битта оиланинг аҳволини кўз олдинизга келтириб кўринг! Болаларимиз «Муножотни эшитишга ҳушлари йўқ, эртадан кечгача «рок» музикаларига зикр тушадилар, деб хавотирланадилар баъзи дугоналарим ўз болалари хусусида.
— Бунинг боиси?
— Ҳаммасининг бош сабаби — оиланинг асосий юритувчи кучи — аёлнинг ўта бандлигида. Аёл ҳозир шаҳарда ҳам (қишлоқ аёли ҳақидаку гап айтмай қўя қолай) давлат идораси, уй, бозор-ўчар, меҳмон-измон ўртасида бўзчининг мокисига арманди. Ўз маънавий дунёси, болаларининг маънавий дунёсини ўйлаш ҳақида вақт қайда унга. Вақт, шароит, ҳаётимизга бостириб кириб келаётган Ғарб музикалари, Ғарб ҳаёти эса ўз ишини қилиб, ёшларимизнинг ҳаётга қарашларини ўзгартириб, уларни йўлдан уриб улгураяпти. Уч минг қизалоқнинг минг сиру-синоатли дунёларининг сеҳри очилмаёқ барбод бўлмадими? Болаларимизнинг ўсмирликдан ўтиб улгурмай туриб, хазон япроқларидай сўнаётгани, орзу истакларининг чинни дунёлари чил-чил синаётгани қадрлари поймол бўлаётгани эмасми, бу?! Тўғри айтасиз. Бу ҳақда кўп гапириляпти. Энди биз ўзимизни қўлга олиб амалий ишга ўтсак эди…
— Сиз ўзингиз нималарни тавсия қилардингиз?
— Бунинг учун аввало қандай йўллар билан бўлмасин аёлнинг давлат идорасидаги иш куни соатини қисқартириш (мен бу ҳақда деярли ҳар чиқишимда эслатаман);
– мактаблардаги ўқув программаларини ўзгартириш, дарслар савиясини ўқувчиларни Ғарб музикаларидай ўзига торта олиш даражасига олчб чиқиш;
– ўқувчиларнинг маънавий савиясини кўтариш;
– болаларни кўчада эътиборсиз, бекор қолдирмаслик;
– бола ҳаётида оила жавобгарлиги, ота-она масъулиятини бир неча баравар ошириш (қанчалик бандлигимиздан қатъий назар);
– жамият учун назоратсиз қолган бола келтирган зарарни ота-онадан ундириб олиш ҳақида қонун чиқариш (бу қонун болаларни ўз ҳолига. ташлаб қўйган кўпчилик ота-оналарни ҳушёр торттиради);
– ўқув программасига тарбия соатлари киритилиши каби фикр-мулоҳазаларни ўртага ташлардим.
Қаранг, Мопассан нима дейди:
«Эркак ва аёл муҳаббати — бу ихтиёрий келишувдир. Буни уларнинг қай бири бузса, фақат хиёнатда айбланади, аммо аёл она бўлгач.унинг бурчи янада кучаяди, бинобарин, табиат уига зурриёт масаласини ишониб топширган». Табиат бизга зурриёт масаласини ишониб топширган экан, биз зурриётларимизнинг ҳаётларини бошидаёқ мурғак юракларининг чилпарчин бўлмоғига йўл қўя оламизми, ҳали гуноҳ нималигини тушуниб-тушунмай шу йўлга кириб кетаётганларига бизнинг юракларимиз, аёллар юраги тинч қарай оладими? Бас, шундай экан, болаларимизнинг эртанги куни, жамиятимизнинг эртанги кунини соғломлаштириш учун оёққа турмасак бўлмас!
— Ёнингиздаги инсоннинг қиёфаси?
— Ҳақиқат, бизнинг ҳаётимиз ёнимиздаги инсоннинг қиёфаси, руҳий дунёсига қанчалар боғлиқ. Биз болаларимизнинг (бизнинг икки қиз, уч ўғлимиз бор) отаси билан бир кўнгилдан суҳбатлашиб қоладиган бўлсак (албатта бундай бахт иккаламизга ҳам тез-тез насиб бўлавермайди, иккаламизда ҳам ҳамиша бандлик), минг йил ўтиб кетганини ҳам сезмаймиз. Менинг яратгандан сўровим бундай:
«Бандам деган бандангни «ёнидаги одам»дан қисма. Умр ўзи бир сиқим. Шуниям қанчадир қисмини келишмовчилик, ғиди-бидига сарфлашга тўғри келса, бу овора умргузаронлик учун, бу тириклик дунёсига келиб-кетиб юришга арзимайди».
— Изма-из вояга етиб келаётган авлодлар орасидаги давомийлик ва фарқлар, сизнингча, айнан қайси жиҳатларда кўринади? Бордию, авлодлар орасида фарқлар содир бўлса, буни қандай йўсинлар билан яқинлаштириш мумкин? Маънавий қашшоқлик қусурини нима билан изоҳлаш мумкин?
— Авлодларни катта, умуминсоний туйғулар бирлаштиради. Масалан, бир бутун халққа бўлган фидолик, ёрга, фарзандларга бўлган меҳру-мурувват. Одамлар авлодлар орасида кўприк вазифасини ўташи, аждодидан қолган дуру гавҳарларни йўл-йўлакай тўкмай, йўқотмай, ўзи тополса қўшиб авлодларига етказиши керак бўлган кўприк вазифасини адо этмоғи лозим. Биз, афсус, мана шу тарихий заруриятни кўнгилдагидай қилиб ўтаяпмиз деб айтолмаймиз. Болаларимизнинг кўзларига, юракларига назар ташлаб кўринг, йўқ, кўпинча уларнинг сиртига қараб, баъзан ҳавасинг келса-да, кўнгилларига кўз солиб зулматга дуч келасан. Қанча кузатма, сарсон бўлиб қанча излама милтиллаган нур кўринмайди. Бунинг учун мана шу қуруқ шовқини зўр, шақилдоқсифат болалардан хафа бўлманг, укам, бунда уларнинг заррача айби йўқ. Айб, боболаридан олган инжу-дурларни болаларига етказиб беролмаган ношуд ота-оналарда. Баъзан давраларда икки оғиз табрик сўзини ўзбекча айтолмайдиган зиёли дўстларимиз бор. Икки оғиз табрик сўзи! Шуни айтолмайдиган одам ўз боласига жаҳонга кўз-кўз қилгулик бойлигимиз бўлган Аҳмад Яссавийдан нима айтиб беролади? Маҳмуд Кошғарийдан-чи? Боболаримиз ўз тилларидан тортиб «Девони луғатит турк»даги чуғурлаган қуш тилигача билганлар. Бизнинг эҳтиётсизлигимиз, беғамлигимизни қарангки, ўз тилимизни ҳам йўқотиб ўтирибмиз. Тил-а, тилсиз, ўз она тилисиз ер юзида қандоқ бош кўтариб юради одам!
— Шахс маданияти тўғрисида ўйлаганингизда, сизни нималар безовта қилади?
— Ҳаётда ўзини танишдан, ўз томирлари қайси булоқлардан сув ичганини билишдан муҳимроқ жараён–йўқ. Таниган, билган одам ўз даражасига, «ўзининг нархи қанчага баҳоланишига» фаҳм-фаросати етади.. Ўзининг қадрига етган одам ўзи илма-тешик шолчада ўтириб, ўзгага партўшак тўшамайди.
— Яхшилик, меҳр-муҳаббат, оқибат, самимият сингари фазилатларнинг қадрсизланишини қабул қила оласизми? Виждон экологияси, онг экологияси каби тушунчалар фикрлашув тарзингизга чуқур ўрнашиб дард билан такрорланяпти. Масаланинг бундай хавотирли сабаби инсоний кадриятни асраб қолиш муаммосига бориб боғланади, чоғи?
— Ғалати парадокс. Биз тўқ яшаганимиз, билим савиямиз, саводимиз ортгани сари қадимий қадриятларимиздан, бир-биримиздан узоқлашиб кетаётгандаймиз. Оддий инсоний муомала, бир-бирининг кўнглини овлаш камёб ҳодисага айланиб бораётгандай. Табиат-ку, билмайман, қай ғазаб келтирар қилмишимиз боис, ношуд боласидан юз ўгирган отадай берман қарамай кўллари қуриб, қуш-қумурсқалари қирилиб, дов-дарахтлари сўлиш тортяпти. Одамзод, бу бугунги гоҳо беёд, бедод бўлиб бораётган одамлар ҳам шу табиатнинг фарзандида, наҳотки биз ҳам меҳру диёнатдек яшил япроқларимизни тўкиб, қуруқ танага айланиб бораётган бўлсак?!
Қўрқаяпман. Одам-одамга ўхшамай бораётганидан қўрқаяпман, Икром, Республика телевидениесининг «Инсон ва қонун» кўрсатувида бир суд жараёнини олиб кўрсатишгани ҳамон эсимда. Прокурор воқеа тафсилотини айтиб тугатгунча ўзини йиғидан тўхтата толмади. Эҳтимол, ўша куни шу кўрсатувни ким кўрган бўлса, ҳамма йиғлагандир. Бировнинг ғамидан йиғлай оладиган одамдан умид қилса бўлади.
Ўша куни бир йўла уч одам, хотини ва қайнонасини отиб ўлдирган, қайнисинглисини оғир ярадор қилган қотил йигитни суд қилишиб, отувга ҳукм қилишди. Тўрт қурбон бир уйдан! Бундай кунда халқдан олдинроқ биз йиғлашимиз керак, Икром! Қайси халқдаки котил кўп бўлса, қурбон кўп бўлса, бу ҳол учун аввало шу халқнинг ёзувчиси йиғлаши керак! Негаки, биз ўз асарларимиз билан донишманд Чингиз Айтматовнинг ўз Манқурт боласининг ўқидан ҳалок бўлган Найман онасининг нолаларидай фиғону-фарёдларимиз билан халқнинг қотиб бораётган кўксини юмшатишимиз, жаҳолатнинг олдини олишимиз керак эди. Даҳшатга тушганим, Икром, ўлимга ҳукм қилинишига ақли етиб турган қотил «Қўшимчангиз борми?» деган саволга бир-иккита шундай арзимас гапларни қўшимча қилдики, аламдан дод дегинг қелади! Виждон, имон таназзули эмасми бу?! Ўша куни қотилнинг хотини воқеадан анча олдин унинг чўнтагидан наша топиб олгани, уйида тўполон бўлгани, эри хотинини урганини айтишди.
«Опам ўзини эри ўлдиришини яхши билардилар, — дейди келинчакнинг синглиси кўз ёшини дув-дув тўкиб, — эрдан чиқишни ор билдилар…»
Ёраб, бу қандай бедодликки, ор-номус кучи фақат ва фақат ўзини ўлдирмоққа етса! Биз қизларимизни қандай тарбиялаяпмиз ўзи, наҳотки улар ўзларини ҳимоя қилиш учун тариқча куч тополмасалар? «Эрдан чиқариб олиш ўлимдан ёмонлиги» ҳақидаги қаердаги беъмани фикр бизнинг мушфиқ, мунис оналаримиз, мўмин-мусулмон оталаримиз кўнглидан қачон чиқиб кетади? Қачон улар ўз қадрлари, одам учун бир мартагина бериладиган ҳаёт қадрига етадиган, ўз қадри учун бош кўтара оладиган бўладилар, қачон?!
— Инсоннинг табиатга муносабатида маданиятнинг ўрни?
— Инсон табиатга фақат ўз истеъмоли учун керакли нарса деб қараяпти. Мен шундан ташвишдаман. Болалигимни, 3—4 синфларда ўқиб юрган пайтларимни эслайман. Колхозимизнинг юқори қисмидаги у то-мони Котлавонга туташиб кетадиган беҳишти жовидонни эслатувчи боғи бўлиб, ўша боғ ер билан битта бўлиб тўкилган олмаларни оқизиб кетаётган сувлари билан фақат хотирамдагина қолди: Ям-яшил хушбуй гилам — чим устида у ер бу ерда ётган катта-катта оппоқ олма, ноклар, Икромжон, ўйнай-ўйнай у ер бу ерда думалаб ухлаб қолган болачаларга ўхшарди. Дастлабки китобларимдан биридаги сатрлар ўша бир умр кўнгилимга муҳрланган кўринишлар тасвиридир:
Унда-мунда ухлаб қолган гўдаксахт —
Чимга нақш олмалар тўкибди дарахт.
Гўдакларни ердан кўтарадир бахт,
Юртим, тўкин боғлар фасли бу фасл.
Ўшанда колхознинг Юсуф Хўжабеков деган иззатли раиси бўларди. У киши ҳозир Янгийўлда. Улар отам билан чақ-чақ суҳбат қуриб, китобхонлик қилганларида тонготар базм бўларди. Гўрлари нурга тўлгур отам эски китобларни қироатини жойига келтириб, ғалати, юракни ларзага келтирувчи бир хониш билан ўқирдилар…
…Шундай қилиб, Ҳазрат Алимиз мункиб йиқилган, елка, яғрини супадай, бир элни кўтаргулик саман отларини бир силтаниб кўтариб оёққа тургизибдилару, ҳайрон қолган оломонга қараб шундай бир сўз дебдилар….
Мен ишонардим. «Бир элни кўтариб бораётган саман отларга», «Енгилсанг ўлдираман, енгсанг сенга хотин бўламан» шарти асосида Ҳазрат Али билан яккама-якка кураш тушган «маликалар маликаси» Зефунунни енгган Ҳазрат Алимиз Зефунунни шу юртга ҳоким қилиб қолдириб, ўзи яна янги жангларга от қўйиб кетаётганига ишониб яшардим.
Яқинда Тошкент кўчаларида шу саман зурёдларидан бирини кўриб қолдим. Ишонасизми, соғинчданми, ўкинчданми, кўзимга ёш келиб, то отнинг қораси кўринмай қолгунча орқамга қарай-қарай кетдим. Наҳот, бу озиб-тўзиб қовурғалари саналиб турган от, ўша «бир элни кўтарадиган» саман авлодларидан бўлса. «Бўрон ёллар» қаёқда, хас-хус илашиб чалкашиб ётган сийраккина ёлга бир умр тароқ тегмаган… Кўзлари… Кўзларидаги ҳасратга бардош бериш қийин. Ҳайвонники бўлсаям!
Йўл-йўлакай гувиллаб бостириб келаётган машиналардан қўрқиб қисиниб, ўзини кийимларини эҳтиётлаб нарироқдан ўтаётган одамларга суйик кўзлари билан жавдираб… Колхозимиздаги ўша боғи эрам аллақачонлар қуриб, синиб, чўкиртак бўлиб ётарди. Бултур боғни бутунлай қўпориб, тозалаб, янги ниҳолчалар ўтқазишди. Мен ўша боғнинг, илк кўчатларини худо раҳмат қилгур Ризамат ота ўтқазиб кетган боғнинг қайтадан қад кўтаришини истайман. Бу боғ ҳамқишлоқларимнинг рангига қон югуртирсин, рўзғорига қут-барака киритсин.
Агар шу боғни ўшандай қилиб кўтаришга биз, бурунгиларнинг қурби етса, демак қайта қуриш ғалаба қилади. Масала мана шундай қўйилиши керак. Шу, эндигина оёққа тураётган, кўпам сердаромад бўлмаган колхозимиз одамларининг, жабрдийда аёлларининг, болачаларининг кўзларида қувонч, ишонч тўйғуларини кўришни истайман. Худди мен болалигимда, отамнинг бир умрлик қадрдони Юсуф аканинг даврларида кўргандай…
Баъзан тунлар уйқум учиб кетади, Икром. Боғлар қуриб бўлди ҳисоб. Тошкентнинг «ўпкаси» бўлган хушбўй, тоза ҳаволи Бўстонлиқдан қирқилаётган, ғичирлаб қулаётган 40—50 йиллик бодомлар, ёнғоқлар садоси келиб турибди. У ёқда халқимиз бошига фожиали қуюқ тун қоронғусидай, бостириб келаётган, ўлаётган Улуғ Орол. Бу ёқда қирқ бошли аждарҳодай халққа, айниқса, болалар, аёлларга заҳар пуркаётган, тури қирқдан, юздан ошиб кетган касалликлар. Буларнинг ҳаммаси одамларнинг характери, кайфиятига таъсир, қилмайдими, уни тирик тутиб, тик тутиб юрган ички устини — руҳини синдириб маънан ўлдирмайдими?
Қўрқаман, Икром, биз бугунги аҳвол ечимларини тезроқ топмасак одамзод юқоридаги афтодаҳол от аҳволига тушмоғи, ўз мадад кучларидан (табиати, тили, маънавияти) айрилиб, бу дашту биёбонда тентираб қолмоғи ҳеч гап эмас. Одамнинг озгина меҳру-мурувватини сезса ёнидаги одам одамку, керак бўлса ердаги кўкариб турган мунис, уятчан қизалоқдай майса ҳам, бир нарсага тушунадигандай тикилиб, зийрак қулоқ солиб ўтирган садоқатли ит ҳам қўллайди. Табиатга, одамга муносабатда шундан келиб чиқиш керак шекилли.
— Инсоннинг келаётган насл олдидаги масъулли-ги, Муқаддас аёл — азалий орзуингизми ё муайян тасаввурингизми? Аёлнинг қайси хусусиятлари кўнглингизни кўтариб, қайси жиҳатлари юрагингизга зил бўлиб ботади? Маънавий ҳуқуқ мезони. Учрашувларга борганингизда, хусусан, оналари ташлаб кетган мурғак, бегуноҳ болалар билан юзма-юз турганингизда қандай аҳволга тушасиз? Сизга келаётган хатларнинг асосий мазмуни ва сизнинг муносабатингиз? Армон тушунчасига шеърларингизда ҳам, мақолалариигизда ҳам кўп мурожаат этасиз. Бу маънавий кемтикликдан пайдо бўлган хавфми?
— Одамзод қорин билан тирик эмас, дейдилар. Ҳақ гап. У орзу дунёлари, умид қўрғонларидан чиқиб кетиб, узоққа боролмайди, яшолмайди. Меи афсус чекаман, Икром. Ўзимнинг бандлигимга, болаларимнинг отасини бандлигига, нафақат болаларнинг кўнглини олиш, уларга менинг қиблагоҳим — отажонимдай «ўз Ҳазрат Алиларимиз» ҳақида ўқиб бериш, баъзан ўз соғлигимиз ҳақида қайғуришга ҳам вақт топмай ишда тил остига валидол ташлаб ўтиришларимизга афсусланаман. Бу, биз — бугунги авлоднинг умумий дарди. Биз ер юзига умид билан келган эканмизми, одамдай яшашимиз ҳам керагу, шундай эмасми? Нафақат, бугунги ишни, узоқроқни, болалар тақдирини ҳам ўйлашимиз, эртанги юкларни тортинги керак бўлган «юраги тинч, асаби мустаҳкам» одамни вояга етказиш учун бугун ўзимиз ҳотиржамроқ ишлаш, яшаш шароитига эга бўлишимиз керак: Биламан, бу, осон эмас. Айниқса, бугунги жамиятнинг таназзул аҳволда турганида. Аммо аста-секин йўл қидириб, давлат ишига зарар етмаган ҳолда (давлат иши ҳам ўзимиз тортишимиз керак бўлган юк) халқни мана шундай «ҳаллослаган отдай» эмас, сокинроқ, хотиржамроқ, одамдай яшаш шароитига олиб келишимиз керак. Қадри баланд ишлар, улуғ кашфиётлар ҳамма замонда ҳам «бўлҳо-бўл, чопа-чоп» нинг эмас, тинч оқар дарёдай сокин хаёллар, эркин фикрлашлар маҳсули бўлган.
Биз эҳтимол дастлабки қурган пайтларимизда йўл қўйган ношудлигимиз, хатоларимиз учун энди «қайта» қураётгандирмиз. Ҳарҳолда қурган иморатини бузиб, қайта-қайта қуравериш меъморга обрў келтирмайди… Ҳаллослаб юриб бажариладиган ишнинг натижасига ишониб бўладими?! Инсонни, кўнгил дарёлари саёз тортиб, қуриб бораётган инсонни орзу дунёлари, умид қўрғонларига қайтариш керак. Шунда унинг зада юрагида ўкинчми, армонми пайдо бўлса ажабмас. Қўли қалтирамай, киприк қоқмай осойишта кўнгил–билан «боламдан ихтиёрий, қайтиб олмаслик шарти билан воз кечаман», деб ёзиб бериб кетаётган аёл ҳам жамиятнинг сиз билан мендек тенг ҳуқуқли граждани. Бу бегуноҳ норасидалар жамиятдаги хато ишлар, хато муносабатлар маҳсули. Шунинг учун ҳам жамият ўз хатоларини ўзи тузатишга мажбур. Сўзсиз бу тирик етимлар кўчада қолмайди. Кейин уларнинг умр йўллари қандай кечади, кўнгил жароҳатлари умр бўйи битадими, бу ҳақда ўйламай илож йўқ. Моҳигул қизим шамоллаб қолиб касалхонага тушдик. Палатамизда тўртта болалик аёллар ётар, ҳар бири ўз касал боласининг ташвишларию, таглик ювишдан бўшамасди. Бизнинг хонамизга тўрт ойлик чақалоқни олиб кириб ётқизишиб, тайинлашди: «Онаси записка ёзиб, бола ёстиғининг тагига қўйиб, кечаси қочиб кетибди. Шу бо-лага қараб турингдар, савоб бўлади». Онасини излаб ҳаммага жавдираб қараб ётган ўғил болачанинг кўзлари қоп-қора, катта-катта. «Қўшни палатада кўрувдим онасини, турқи совуқ эди ўзи, — гап бошлади ҳамхонамиз, ёши каттароқ аёл бурнини жийириб, — бир камимиз ҳаром бола боқиш эди…»
Пол ювадиган кампир бериб кетган шишадаги сут ачиб қолган эканми, ютоқиб эмган бола бирдан қотиб-қотиб йиғлай бошлади, ичи кетди.
Биз аёллар болани навбатма-навбат кўтарамиз, оғзига сув, сут тутамиз. Пол ювувчи кампир боланинг кароватига ташлаб қўйилган кўйлакчалар, йўргакликларига ишора қилади: «Анувни қаранг, вой шўрлигей, дазмоллаб кетганини қаранг, қалпоқчасига гул тикиб ўтирганини кўриб ҳайрон қолувдим, шўрликка. Уч кун бўлди келганига. Кўзидан ёш қуриганини кўрмадим. Бир катта дарди борда бечоранинг. Эй, бу дунёсига ўт кетсин. Ёнидаги шеригига «боламнинг отаси йўқ, уйим йўқ кўтариб қаёққа бораман», деган экан. Кечаси кийимларини ҳам олмай қочиб кетибди».
Қаранг, эҳтиётсиз қўйилган битта қадамнинг оқибатлари. Бир тойдими, кейин хато устига хатога йўл қўяётганини ўзи ҳам сезмайди чоғи одам. «Ҳаҳ, шўрлик-а, отасинингку тайини йўқ экан, онаси гўр бўлиб сен нимага ташлаб кетасан, бу гўдаккинани. Худога нима ёздия, бу бола бечора.»
Ўшанда, Икром, мен шу чақалоқнинг сутли шишанинг сўрғичига қандай жон ҳолатда ёпишгани, ютоқиб эмганига диққат қилганман. Тинимсиз чинқириб йиғлайверганидан иссиғи чиқиб кетган, кўзлари катта болаларникидай жиққа ёш (чақалоқлар кўз ёшисиз йиғлайдику), сути тугаб қолган шишани ҳарчанд тортганимиз билан бермай қуруқ сўрғичини чўлпиллатиб сўргани-сўрган эди.
Одамзод боласцнинг шўри, қора куни бундан ортиқ бўладими? Ота бор, она бор. Бола эгасиз… «Энг тоза мева» шеъримни ўша тунда, шу чақалоқни кўтариб юриб, йиғлай-йиғлай ёзгандим. Ҳозир сизга ўша шеърни ўқийман:
Гуноҳ маҳсулидир балки жаҳонда,Дунёга келтирмиш балки хатолар.
Ва лекин ҳаммавақт, ҳар қандай онда,
Гўдаклар энг тоза мева аталар. Мевам, қайси боғда бунёд бўлдинг сен,
Қай ношуд боғбон у, — мевасин отган?
Қай бир қондан бино, зурёд бўлдинг сен,
Онам, — деб ҳар кимга жовдираб ётган? Балки отанг бордир, туйғуси кўлмак,
Аммо, амали бор — бергувчи фармон.
Мушкулмас, онангнинг ҳолини билмак,
Унинг сени ташлаб, топгани армон! Ўзи ташлаб, ўзи дараклаб сўраб
Юрар танғиб сутли кўкракларини.
Муҳаббат, севардим сени жон қадар,
Сен бунда ишқмас, йўқ, кулфатсан, мастсан!
Она, сен ҳам энди кетарсан бадар,
Қайтиб бу кўйлакни дазмолламассан. Билмайман, ким бунда ўтар солиб дод,
Кимдан оз, ё кимдан кўпроқ айб ўтди?!
Билганим — кўрнамак, нопок икки зот
Бир тоза мевани паймоллаб ўтди. Бировлар қарғайди куйиниб бўзлаб,
Биров кўз ёшини артар панада.
Ҳар кўкракдан она исини излаб,
Чақалоқ чирқирар касалхонада.
Шундан кейинги учрашувларнинг бирида ўша шеърни ўқиганимда чоғроққина залдан ўша мазмунда еттита хат олдим. Бирини келтиран:
«Ҳалима опа, мен ҳам ўша сиз ўқиган «тоза мева»ларданман. Сиз қандай ўйлайсиз? Меи ҳаётим изга тушиб кетишига унча ишонмайман. Чунки умрим бўйи ўша «отасининг тайини йўқ» деган тавқи лаънатни кўтариб юрибман. Отасининг тайини йўқ қизга қайси отаси тайин йигит уйланади? Узр. Сизга исмимни ошкор ёзолмайман».
Ўз туққан ота-онаси томонидан рад этилган болада бу дунёда кимга ишонч қолади? Бултур «Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари» кўрсатувида Сирдарёдаги болалар уйини кўрсатишди.
Бир қизалоқнинг тўхтаб-тўхтаб, шашқатор ёши қуйилиб онасини чорлаб, ўксиб бўзлагани ҳалиям кўз ўнгимда…
Сочларимни ювиб ўрган,Онажонимни соғиндим.
Ҳаммадан ҳам ортиқ кўрган,
Онаизоримни соғиндим.
— Бўзлама болажон, — деганман ўшанда юракларим қийма-қийма бўлиб, — онаизоринг ўлганми, деб қўрқаман. Сенинг бундай сел бўлиб оқиб, бўтадай бўзлашингдан кейин ҳам, она туядай ўкириб, оёғидаги бор тушов-арқонларни узиб сен томонга чопмаса на илож бор, болажон, ўлган бўлади-да. Одам сифатида, айниқса аёл, она сифатида ўлган бўлса умид қилма, бағрингни тош қил, қизалоғим. «Келмаса, йиғлаган ҳайфи кўзим», дейдику халқ.
Шундай, бугун болалар уйларига болаларни ҳар хил сабаблар билан беришаяпти: балоғат ёшига етмай туққани учун, отасининг тайини йўқлиги ё бўлмаса, бу болага қарашга рағбати йўқлиги (ўз оиласи, болалари бор), уй торлиги, яшашга шароити йўқлиги, эридан ажрашиб кетганлиги учун, эрига аччиқма-аччиқ (болани қайтариб олишни эса эр хаёлининг кўчасига ҳам келтирмайди. Чунки уйда янги хотин яна ҳомиладор)…
Қаёққа кетяпмиз, ўзи? Ёраб, биз мана шу ҳар бир ўзининг ҳою ҳаваси, ҳирси, кичкина, бачкана, мақсадчалари билан ўз кўчаларига йўрғалиб кетаётган одамчалар билан улкан маънавият кўчасига чиқа олармиканмиз?..
Ахир, бошқа йўл йўқ, манави қўғирчоқлар билан астойдил шуғулланиб, уларни одамга айлантириш, таъсир қилгудек дори-дармонлар топиб бу бедодлик, бағритошлик, манқуртлик касаллигига чалинганларни даволаш, оёққа турғазишдан, қўлтиғига кириб суяб бўлсаям ўша улуғ йўлга олиб чиқишдан бошқа чорамиз йўқ. Чунки, биз халқни кўзлаган ёруғ манзилларимизга фақат шу—маънавият йўли орқалигина олиб ўтишимиз мумкин. Бу кўрлик, бемеҳрлик, бешафқатликнинг ҳаммаси инсон сифатида ўз баҳосини билмаслик, ўз ҳақ-ҳуқуқини танимаслик, ўз ҳаётининг қадрига етмасликдан келиб чиқади… Мен одамга биринчи галда маънавий бутунлик тилайман. Ҳаётнинг қайси томонига нигоҳ ташламанг, бу хил воқеаларнинг биридан ўтиб иккинчисига дуч келаверасиз. Маънавий қашшоқлик кемтиклик бўлмай, нима бу?! Ў, кўргилиги кўп халқимей, болаларинг кўрларча ўз қўллари билан ўз томирларини чопиб, қирқиб ётган бўлса бу катта дарднинг оғриқ, кўлами армон сўзига сиғармикан?! Агар сиғадиган бўлса, шундайдир, армон — емирилаётган маънавият!
— Ҳалима опа, сизнинг номзодингиз Тошкент вилоятидаги Ғалаба районидан жумҳуриятимиз Олий Кенгашига депутатликка кўрсатилди. Унга қандай муайян тадориклар билан борасиз?
— Одамларнинг ҳаётга қараши яқин бўлиб, ўртада бегоналик пардаси бўлмаса бир-бирини тушуниш, бир-бирига пешвоз юриш тезлашади, осонлашади. Ғалабаликлар сермулоҳаза, меҳнаткаш одамлар.
Шароити ҳар хил Ғалаба (бу районда сердаромад, ўзига тўқ хўжаликлар билан бир қаторда, шароити қийин, турмуш тарзи оғир колхоз, совхозлар ҳам бор) мен ўзим туғилиб ўсган Сирдарё вилоятининг Боёвут районини эслатади. Кичкина мисол. Районга борганимда Ҳамза номидаги колхознинг болалар боғчасига киргандик. Боғча ҳовлиси чиннидай тоза, саранжом-саришта. Хоналар дид билан жиҳозланган. Каравотчаларда оппоқ, дазмолланган чойшаблар. Боғча мудираси, боғча опаларининг бир-биридан сертавозе, хушсухан муносабатлари… Лекин, мана шу рисоладагидек ҳолатлар биргина камчиликни янада бўрттириб кўрсатади.
Боғчани иситиш яхши йўлга қўйилмаган эди. Тезроқ бу ишни амалга ошириш ҳақида ўйладим… Кейинги учрашувларимнинг бирида Ҳамза номидаги колхознинг парткоми Сулаймон ака боғчада зарур ҳажмда ремонт ишлари амалга оширилгани, боғча иситилгани ҳақида айтдилар.
Умуминсониятга меҳр кўрсатишдан кўра, ёлғза одамга меҳру-мурувват кўрсатиш, кўнглини овлаш қийинроқ дейишади. Юқорида айтилган жумҳуриятимиз. муаммоларининг ҳар бирининг аксини қандайдир даражада Ғалаба районида кўриш мумкин. Томидан чакка ўтаётган аёлнинг (район хотин-қизлар кенгашининг йиғилишида шу ҳақда гап бўлди) кўнглига ўзининг ташвишидан бошқа нима ҳам сиғар эди?
Ҳар ҳолда, қисқача айтганда, шу аёлларнинг ҳаёти, турмуш тарзига бир қатим бўлсада нур киритиш ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан биринчи галдаги вазифам бўлади, деб ўйлайман.