Яхши шеър ўқиганда кишининг руҳи кўтарилади. Бир неча кун хаёлда чарх уриб, ботиний сеҳри туйғуларимизга қудрат бағишлайди.
Истеъдодли шоира Фарида Афрўз дилкаш шеърлари билан назмда ўз ўрнига эга бўлган ижодкорлардан. Унинг «Қирқ кокиллигим», «Изтироб кўйлаги», «Тунлар исёни», «Кўзим маним», «Ўзимдан ўзимгача» каби қатор шеърий тўпламлари китобхонларга яхши таниш.
Фарида Афрўз билан бўлиб ўтган суҳбатимиз ҳам бугунги ижод жараёни, шеъриятнинг машаққатли ва тотли лаҳзалари ҳақида бўлди.
— Фарида опа, яхши шоир ҳар қандай даврда ҳам эл-юрт назаридан ҳеч қачон четда қолмаган. Сизнинг-ча, бунга қандай эришиш мумкин?
— Дунё яралибдики, инсон хоҳ шоҳ, хоҳ гадо бўлсин ҳаёти давомида кўнгил дардларига даво излайди. Ижодкор эса кўнглидагини ёзиш билан юракларга йўл топади. Унинг ёзганлари кўнгил изтиробларига малҳам бўлади. Турмушнинг икир-чикирлари, ҳаёт тўфонлари-ю гирдоблари, табиатнинг мислсиз таровати шоир учун илҳом манбаидир. Ижодкор дунёнинг ғуссалари, майда ташвишлари ичида парчаланиб кетмаслиги учун нафақат яхши шоир балки, етук ШАХС бўлиши ҳам муҳим. Чунки у айтган сўз қалбларда адолат тимсоли бўлиб муҳрланади. Халқ шоир айтган сўзга ишонади.
— Донишмандлардан бири шоирлар — изтироб томонидан миллионлаб одамлар орасидан танланган қуллардир, деганди…
— Шоир ҳаётда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга ҳеч қачон бефарқ бўлмаган. Балки унинг изтироб ичра яшаши ҳам шундандир. Шоир қалби ғам-ғуссани, армонни жон-тани билан ҳис қилади. Сўз қудрати, сўз масъулияти унга тинчлик бермайди.
— Шеърларингизда ифодаланган АЁЛ тимсоли шахсингизга қанчалик яқин. У бошдан-оёқ менинг ўзим, ўзлигим деб айта оласизми?
— Шеърларимдаги Аёл — менинг ўзим, ўзлигим дея оламан. Ахир, шоир ўзига бегона туйғулар ҳақида қандай ёзиши мумкин? Менинг кўнглим нима деса, шуни ёзаман. Мен шеърларим ичраман, улар қалбим суратидир.
— Машҳур хонандалар куйлаган шеърларингиз кўп! Масалан, «Оқбилак ойим», «Фаридам», «Соғиндим» қўшиқлари халқимиз юрагига сингиб кетган. Айтинг-чи, сиз қўшиқ учун шеър ёзасизми?
— Аслида ёзилган яхши шеърга куй басталанади. Кейин хонанда томонидан ижро этилади. Агар шундай бўлса, бундай куй-қўшиқлар халқимиз қалбига тез етиб боради. Ҳозиргача қалбимизга сингиб кетган мумтоз қўшиқларнинг ҳаммаси мана шундай ижодий заҳмат эвазига яралган. Аммо овоз ёзиш студиясини ташкил қилганимдан кейин қўшиқчиликнинг яна бир жиҳатини англадим. Ҳамма шеър ҳам яхши қўшиқ бўлавермас экан. Қўшиқнинг ўзига хос талаблари, масъулияти бор. Масалан, мазмунли, самимий сўзлар, унли, ундош товушлар дегандек… Баъзан яхши куйга мослаб шеър ҳам ёзиш мумкин. Бу албатта, ижодкорнинг маҳоратига боғлиқ.
— Умуман қандай ҳолатларда ёзасиз? Нималардан илҳом оласиз, туйғуларингиз нимадан ранг олади?
— Менда ижод учун мавсумий давр йўқ. Ижод учун вақт топа олсам бас. Вақт қурғур эса… ўзингизга аён. Беҳудага совурилган умр, вазифангни англаб туриб уддасидан чиқолмаётганингда ношудлигинг, бепарволик панд беради. Ҳақиқий илҳом — сиз айтганингиздек бир йилда бир-икки марта бўладиган ҳодиса. Ижодий руҳни эса ҳамфикрлар гурунгидан, ўқиган китобларимдан оламан.
— Мухлисларингиз Афрўз тахаллусининг маъноси ҳақида кўп сўрашади. Нега бундай тахаллус танлагансиз?
— Мустақилликнинг илк йилларида ўзимча мустабид тузумнинг сарқитидан қутулмоқ, исм-шарифларнинг охирида қўлланадиган “…ева, евна” каби қўшимчалардан қочмоқчи бўлдим. Афрўз – нур таратувчи, нур берувчи маъноларини англатади. Умуман ижодда тахаллус бўлиши жоиз деб биламан. Ахир, ота-боболаримиз бир нарсани билгандирларки буни ўзларига муносиб кўрганлар.
— Сизни кўпчилик омадли аёл дейишади. Ўзингиз бунга нима дейсиз?
— Ижодкорнинг қалби ўта нозик бўлади, шу билан бирга ҳар қандай вазиятда ҳам гўзал туйғуларни ҳис эта оладиган соҳир ҳислар куйчисидир. Мен умуман турмушнинг икир-чикирларига, майда ташвишларга эътибор қилмасликка ўзимда куч топаман. Ҳаёт, ижод йўлида менга панд берганларнинг ҳаммасини кечирганман. Яратганнинг ҳар лаҳзасига шукрона айтиб яшайман. Ана шунда одамнинг яхшилик қилишга, нимадир яратишга вақти кўп бўлар экан. Омад яхши ният билан қилинган меҳнатнинг қоришмаси, деб ўйлайман.
— Баъзан шоир ойлаб, йиллаб шеър ёзмаслиги мумкин. Сизнинг-ча, ижодкор қандай ҳолатларда ёзолмай қолади?
— Назаримда, бунинг учта сабаби бор. Ўзининг ёзганларидан қониқса ёки ўзига талаби кучайса ёхуд мақтовлар, кибру ҳаво ичра ўзини йўқотиб қўйса шеърият руҳидан анча йироқлашади. Чунки ижод шоирдан покизаликни, камтарликни, меҳнатни, ўз устида тинмай изланишни, кўп мутолаа қилишни талаб этади.
— Шу кунларда ўқиган китобларингиздан қай бири сизда яхши таассурот қолдирди?
— Яқинда Эрон “Янги шеър” мактабининг асосчиси Суҳроб Сепеҳрий ҳақидаги “Қизил гулнинг сири” номли китобни ўқидим. Тўғриси, ҳали ҳам бу тўпламни қўлимдан қўйгим келмайди. Унинг “Сув одимининг товуши” шеъри руҳиятимни ости-устун қилиб юборди. Мана, сизга яхши китобнинг кучи, мана, асл шеъриятнинг сеҳри, қудрати! Ушбу китобнинг таржимонлари – Жаъфар Муҳаммад ва Наргис Шоалиевани излаб топдим. Ўзимнинг чексиз миннатдорчилигимни билдирдим.
— Яна бир анъанавий савол. Аслида шоир ким, шеър нима?
— Шоирликни қисмат деймиз, шеърни эса улуғ неъмат. Чиндан ҳам шундай бўлса, шоир ўз илоҳий вазифасини, сўз мақомини қай даражада уддалай олмоқда?! Шоир ўзининг шоирлигини билармикин? Асрлар ва миллион одамлар ичра танланганини ҳис қилармикан?! Балки билмас, балки билмагани ҳам яхшидир. Чунки оташин ва дилгир сўз айтмоқ, замоннинг кўзи, элнинг юзи бўлмоқ осон иш эмаслиги ҳаммамизга аён.
Чин шоир тақдир тўфонларида, бўҳронларида ўзлигини йўқотмайди. Ҳеч бир қолипга сиғмай, тўлиб-тошиб шеър ёзади. Назаримда, шоир — шамолда шам кўтариб кетаётган одамдир. Унинг борар манзили – ёруғлик, эзгулик ва меҳр-муҳаббат.
Озода Бекмуродова суҳбатлашди
“Ҳуррият” газетасидан олинди (2009).