Дорис Лессинг: “Биз «фойдали тентаклар» эдик” (2004)

Дорис Лессинг

ҲАЁТ – ОҒИР ИШ

«Шпигел» журналига интервью. («Культура» газетаси, №1-2,2004).

Дорис Лессинг ҳозирда ҳаёт бўлган инглиз тилли ёзувчилардан энг машҳури ва ғаройиб тақдирли аёл ҳисобланади. У Эронда туғилган, Жанубий Родезиядаги кичкина фермада улғайди, ёшлигида коммунистларга қўшилди, ўттиз ёшида ўн икки яшар ўғли билан Англияга кўчиб ўтди. «Майсалар куйлайди» китоби адибани дунёга машҳур қилди, «Олтин кундалик» фелинистика аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилувчиларнинг севимли китоби бўлиб қолди, антиутопиялари эса замонавий фантастика мажмуаларидан жой олган.

Ҳозир адиба сўл ҳаракатлар билан қизиққанига шубҳа билан қарайди, Англияда яшайди, илгаригидек унумли меҳнат қилади.

Лессинг хоним, сиз ўзингизга иккинчи турмуш ўртоғингизнинг фамилиясини олгансиз. У билан эллигинчи йиллар арафасида ажрашган экансиз.

Фамилиям Донишманд (Wisdom) бўлса, яхшироқ бўларди деб ўйлайсизми? Бу биринчи эримнинг фамилияси. Ақли бор ва хотираси мустаҳкам биронта одам, агар ёзувчи бўлишни истаса, бунақа фамилия билан қолмасди. Бундан ташқари, иккинчи турмуш ўртоғим Готфрид билан ўртамизда ўғлим бор, шунинг учун фамилиямни яна ўзгартиргим келмади. Лессинг – гўзал ном, буюк анъаналар билан боғлиқ.

– Сиз немис романтик-ёзувчисини кўзда тутаяпсизми? Эрингиз у билан қариндошмиди?

– Йўқ. Готфрид Лессингнинг унга алоқаси йўқ. У коммунист эди, нацистлардан қочиб, аввал Англияга, кейин Жанубий Родезияга кетди. У ерда сўл гуруҳ тадбирларидан бирида танишиб қолдик. Ўртамизда севги пайдо бўлди. 1944 йили турмуш қурдик, акс ҳолда уни нияти бузуқ хорижий деб, мамлакатдан чиқариб юборишлари мумкин эди. Бу ерда ҳеч қандай романтика йўқ.

– Германия ҳақидаги биринчи таассуротларингиз нима билан боғлиқ?

– Отамнинг ҳикоялари билан. У биринчи жаҳон урушида немисларга қарши урушган. Яраланиб, бир оёғидан айрилди, руҳан мажруҳ бўлди. Лекин немисларга адовати йўқ эди. Иккинчи жаҳон уруши даврида мен немисга турмушга чиқдим. Шунинг учун Германия билан қаттиқ боғланиб қолганман.

– 50-йилларнинг бошларида Шарқий Берлинга сафар қилиб қайтганингиздан кейин: «Бу – ҳаётимдаги энг ёмон кечинмаларимдан бири» деб ёздингиз.

– Шарқий Берлин жуда жирканч эди. Ҳаммаёқ даҳшатли, яланғоч, совуқ эди. Бундан ташқари Готфрид билан учрашмоқчи эдим…

У ГДР га кўчиб ўтган эдими?

– Ҳа, у билан ўғлим ўртасидаги муносабатни тикламоқчи эдим. Лекин Готфрид коммунист амалдорга айланган, Маданий иттифоқда ишлар эди. У мен билан учрашишни хоҳламади. Ўзидан қўрқди.

– Сиз уни «150 фоиз коммунист» деб атагансиз. Лекин кейинроқ, у КГБ нинг айғоқчиси деган миш-миш тарқади.

–Ҳа, Жанубий Африка махфий полицияси ходимлари шундай дейишарди. Бироқ ҳеч ким буни текширмаган.

– Сиз Африкада, кичкинагина, ташландиқ бир фермада улғайгансиз. Сизнинг бадиий ижодингизга ким ёки нима таъсир этган?

– Менинг кўп вақтим ёлғизликда ўтган. Хилват жойларда ов милтиғини кўтариб соатлаб дайдир эдим. Ҳеч қачон, ҳеч нимадан қўрқмаганман. Илонлардан бошқасидан. Ажойиб болалик эди.

– Хемингуэй ҳам овни севган, бироқ ўқ отиш ёзиш иштиёқи билан боғлиқ эмас. Ёки боғлиқми?

– Нима, ҳамма ёзувчилар мўмин-той ва хушмуомала бўлиши керак, деб ўйлайсизми? Мен яшаган ерларда ҳар бир деҳқон унча-мунча овқат топиш учун ов қиларди. Ҳамма болалар милтиқ отишни биларди. Айтишим керакки, мен яшаган жойларда овга ишқибоз қиз ягона ўзим эдим. Бироқ, эрмагим фақат ов бўлмаган, китоблар билан тўла қутиларим бор эди. Ҳамма таълим мана шулардан иборат бўлган.

– Ўзингизда ёзиш истаги пайдо бўлганини қачон сезгансиз?

– Мактабдош бир дугонамнинг айтишича, биз ўн бир яшар қизчалар интернат ётоқхонасида ўтирганимизда, мен ёзувчи бўламан, деб айтган эканман. Буни эслолмадим, лекин ёшлигимда нималарнидир ёзиб юрганимни биламан. Биласизми, иккита роман ёзганман, дастхатим ёмонлигидан кейинчалик ўзим ҳам ўқиёлмаганман. Шунчалик бемаъни эди! Нима бўлгандаям, улар яхши эмасди.

– Ўша қўлёзмалар сақланиб қолганми?

– Худога шукр, йўқ! Акс ҳолда, кимдир улар ҳақида докторлик диссертацияси ёзган бўларди.

– Америкалик ёзувчи Том Воллф: «Ёзувчилар шон-шуҳрат учун романлар ва ҳикоялар ёзишади. Пул бўлса-ку, яхши-я, лекин шон-шуҳрат ундан яхшироқ» деган экан.

– Мен пул учун ёзганман, шон-шуҳрат ҳақида ҳеч ўйламаганман. Вольф шундай деган бўлса, демак, унинг пули кўп экан.

– 1949 йили, ўн икки яшар ўғлингиз билан Лондонга келганингизда, ночор аҳволда қолганингиздан, фоҳишалар билан бир хонада яшаган экансиз. Шу тўғрими?

– Ҳа. Ўша аёллардан бири жинсий алоқани ёмон кўрарди, тасодифан фоҳиша бўлиб қолган. Уни тўртта эркак боқарди, жуда яхши кийиниб юрарди. Менга ҳам иккитагина жентельмен орттиришни маслаҳат берган. «Бу – жуда зўр! – деганди у. – Сен ёзиб кун кўришни ташлаб, ташвишлардан қутуласан». Мен эса унга бундай ишларни хоҳламаслигимни уқдиришга тиришардим.

– Сиз инглиз тилида ёзадиган ва ҳозирда ҳаёт бўлган энг машҳур ёзувчисиз. Бундай шон-шуҳратга қандай қарайсиз?

– Ўз ҳаётим билан овораман, ҳеч ким менга эътибор қилмайди. Бироқ китобларимни тарғиб қилгудек бўлсам, бирпасда машҳур бўлиб кетаман, ўзимни ҳам шунга яраша тутаман.

– Машҳур кишилар ўзларини қандай тутадилар?

– Фавқулодда яхши.

– Сизга «Британия империясининг хоними» деган унвон беришмоқчи бўлганда рад этгансиз. Нега?

– Бутун ёшлигим Британия империясига қарши курашларда ўтган. Энди, тўсатдан: «О, раҳмат! Мени тақдирлаганинглардан хурсандман» десам жуда хунук иш қилган бўлардим. Ундан ташқари «Британия империясининг хоними» деган сўз кулгили эшитилади.

– Ёш аёл пайтингизда Жанубий Родезия коммунистларига қўшилдингиз. Бир вақтлар, фақат «қизиллар»нинг китобини ўқиганман, дегандингиз.

– Биласизми, улар ҳам мен ўқиган китобларни, масалан, рус классик-лари асарларини ўқишган. Бундан ҳам аввал, улар мен каби, ирқий жамият узоқ яшаб қололмайди, деб ишонардилар. Ўша одамлар мени озод бўлишимга ёрдам беришди.

– Ҳозир, «Ширин туш»даги Жон-ни – инқилоб ғояларига муккасидан кетган кишининг карикатураси, дейишади.

– Бунақа одамлар кўп бўлган. Шу китобимни ўқиган танишларим – собиқ ўртоқларим: «Ҳа, биз ҳақиқатда ҳам шундай эдик», деб менга ёзиб юборишди.

– Нима бўлгандаям, улар дунёни яхшиламоқчи бўлишган.

– Нацистлар ҳам ғояпараст (идеалист) бўлишган. 50-йилларда Совет Иттифоқида ва Шарқий Европада ҳақиқий аҳвол қандай эканлиги маълум бўлгач, Британия коммунистик партияси тарқалиб кетди.

– Давлатни нима асраб қолади?

– Прагматизм. Сталин, Гитлер, Мао ва бошқа диктаторлар мукаммал жамият қураман, деб миллионлаб одамларни ўлдириб юборишган.

– Демак, ҳеч қандай ҳавойи орзулар, утопиянинг кераги йўқми?

– Ҳеч қанақа!

– Ўзингиз инқилобчи бўлгансиз-ку? Ўн тўрт ёшингизда уйингиздан чиқиб кетгансиз. Биринчи турмуш ўртоғингиз – зерикарли мансабдорни ташладингиз. 50-йилларда Лондонда ёлғиз она бўлиб юрдингиз.

– Бу идеализм эмас, прагматизм. Ўзимни қутқариб қолиш учун шундай қилишим лозим эди. Акс ҳолда, пиёнистага айланган ёки ўзимга суиқасд қилиб, ҳаётдан кўз юмган бўлардим.

– Демак, сизнинг хатти-ҳаракат-ларингиз аёлларнинг анъанавий мавқеига қарши курашдан иборат бўлмаган экан-да?

– Мен бундай ўйламаганман. Бундан ташқари, 50-йилларда менга ўхшаб, ҳеч кимга қарам бўлмаган аёллар ҳақида билардим.

– Сиз шундай мустақил аёлларни 1962 йили чиққан «Олтин кундалик» китобингизда ёзгансиз. У фавқулодда муваффақият қозонди ва феминист-каларнинг ҳақиқий Инжилига айланиб қолди..

– Мен буни кутмагандим. Бор-йўғи бошимдан ўтганларни, аёллар нимани ўйлаганларию қандай яшаганларини ёздим, холос. Ҳали ҳам китобни, одамлар инқилоб қилишга уриниш, деб қабул қилишларига ҳайрон қоламан. Бирор ерда маъруза қиладиган бўлсам, баъзан олдимга учта аёл келади, ҳаммаси бир оиладан: буви, она ва қиз: учаласи «Олтин кундалик» ни ўқиган бўлади.

– Бу – яхши-ку!. Шу китоб туфайли сиз дунёга машҳур бўлдингиз,

– Менга «феминистка» деб тамға босиб қўйишди, бу эса менга ҳалал берди. Ҳозиргача менга баъзи эркаклар китобларимни феминистик оқимнинг бир бўлаги ҳисоблаганлари учун ўқимаётганларини айтадилар. Мен – феминистка эмасман! Мен, табиий равишда, ҳар қандай сиёсий ҳаракатларни четлаб ўтишга ҳаракат қиламан!

– «Бувижонлар» китобингиз ҳисоб бўйича эллик учинчиси! Қандай қилиб ёзасиз?

– Механик ёзув машинкасида, ўнта бармоқни ишлатиб ёзаман. Баъзан асарларимни болаларимга кўрсатаман, уларга жуда кулгили туюлади.

– Тиниб-тинчиб, хотиржам ўтиришни ўйламаяпсизми?

– Умрим бўйи ёздим. Нега энди тўхташим керак? Ҳаёт, деганлари – оғир иш, шундай эмасми? Мени аслида йўқ нарсаларни бор қилиш жараёни тўлқинлантиради. Мен йўқ нарсадан воқеа ясайман. Ва шу воқеаларни ҳикоя қилиб беришдан ҳузур қиламан.

 

БИЗ «ФОЙДАЛИ ТЕНТАКЛАР» ЭДИК

(Манба: ВВС Russian, Com, 22.10.2007)

Британиялик ёзувчи, 88 ёшли Дорис Лессинг Нобел мукофоти лауреати бўлгач, «Би-би-си»нинг Рус хизматига эксклюзив интервью берди.

Би-би-си: Сиз 1952 йили британия-лик ва америкалик бир гуруҳ адиблар билан бирга Совет Иттифоқига борган-сиз. Эсдаликларингизда ўша сафар чоғи Сизга қаттиқ таъсир этган бир манза-рани ёзгансиз.

Д.Л.: Бу – Ҳаётимда учратган энг мардонавор ҳаракат эди. Биз – чет эллик беш кишини бир колхозга олиб боришди. Меҳмонлардан бири илгари қишлоқ хўжалиги билан шуғулланган, мен эса, фермада ўсганман, бир нималарни тушунаман. Расмий қабул маросими бўлди: нутқлар, гуллар, қўл қисишлар. Шу орада кекса бир одам ёнимизда пайдо бўлиб, биз билан гаплашиш истагини билдирди. «Айтмоқчиманки, айтмоқчиманки… деб қайталайди, лекин таржимон гапиришга йўл бермайди. Бироқ, орамиздагилардан бири – шотлан-диялик Даглас Янг, русчани биларди, бизга таржима қилиб берди. Чолнинг гапи мана бундай эди: «Сизларга кўрсатилаётган нарсаларнинг ҳаммаси ёлғон. Ҳақиқий ҳаёт – ачинарли, даҳшатли. Расмий одамларнинг биронта гапига ишонманглар».

Албатта, уни ушлаб судраб кетишди, нима қилишди, билмайман. Мен ҳақиқатда ҳам буни камдан-кам учрайдиган мардлик деб баҳолайман. У пайт қанақа давр эканини биларсиз? Сталин ҳали ҳаёт эди.

Би-би-си: Шу воқеадан кейин коммунизмга шубҳа билан қарайдиган бўлдингизми?

Д.Л.: Йўқ. Шубҳаларим аввалдан бор эди. Чол воқеаси – бир кўриниш холос. Бизга кўрсатилаётган нарсаларнинг ҳаммаси ҳақиқат эмаслигини билардим. Бироқ ҳозир ҳамма нарса ўзгариб кетди. Буларнинг ҳаммаси қанчалик бир-бирига зид бўлганини тушунтириш қийин. Биз соддадил гўллар, Ленин айтганидек, фойдали тентаклар эдик. Бундан фахрланадиганлар бўлган, ҳозир тирик қолганлари кам, мен эса бундан фахрланмаганман.

Би-би-си: Коммунизмдан воз кечиш енгил бўлмагандур?

Д.Л.: Ҳа, бу оғир бўлган, чунки турмуш ўртоғим ўла-ўлгунича ашаддий коммунистлигича қолди. Коммунизмдан воз кечиш учун битта шунинг ўзи кифоя эди. Дунёда битта мутаассиб бўлса, фақат шу киши эди. Яхши фазилатлари ҳам бор эди, лекин у мутаассибларча аҳмоқ эди. Ахир ўша эллигинчи йиллардаёқ Совет Иттифоқи ва бошқа коммунистик мамлакатлар қандай даҳшатларни бошидан кечирганини гапириб берадиган одамлар чиққан эди. Бироқ бу осон иш бўлмаган, бугунги кунда одамлар партия билетини топширишаяпти. Шуни унутмангки, ўша вақтларда одамлар коммунистлар сафига кираётиб, янги дунё яратиш мумкинлигига астойдил ишонишган. Мана шундай хомхаёллардан воз кечиш ва янги дунё яратиб бўлмаслигини ёки яратмоқчи бўлганинг боридан ҳам бешбаттар бўлишини тушуниб етиш осон иш эмасди.

Би-би-Си: Бугунги Россия ҳақида қандай фикрдасиз?

Д.Л.: Одамлар: «Путин хавфли одам» деяётганларини эшитаман, лекин шу нарса аёнки, биз унинг, катта оғиз ва қўпол деб аталаётган хислатларига Россияда ёмон қарашмас экан. Афтидан, Россиядагиларга шунақа одам ёқади. Нимага шунақа, билмайман, балки бу сизларнинг тарихингиз билан боғлиқдир.

Би-би-си: Зимбабведа бўлаётган воқеаларни кузатиб турасизми?

Д.Л.: Бўлмасам-чи! Ахир, мен ўша ёқда улғайдим. У ердаги аҳвол даҳшатли.

Би-би-си: Сиз «Олтин кундалик»ни ёзганингиздан буён аёлларнинг жамиятдаги аҳволи ўзгарди. Аёлларнинг ҳаётида нима енгиллашдию, нима қийинлашди?

Д.Л.: Бугун аёлларнинг имкониятлари кўп. Имкониятлар тенглиги, шубҳасиз, мислсиз ошди. Ҳамма ёқда. Ривожланган мамлакатларни кўзда тутаяпман. Шуларга қарамай, қайсидир соҳаларда ҳеч нима ўзгармади – кўп аёллар ҳар қандай имкониятлардан кўра, илгаригидек, бой эр қидиришни афзал кўрадилар, мен буни тушунолмайман. Буюк Британияда битта иш учун эркаклар ва аёлларга бир хил ҳақ берадиган бўлганларидагина ҳақиқий тенглик юзага келади.

Би-би-си: Сизга таъсир ўтказган ёзувчилар орасида нима учун Булгаковни кўп тилга оласиз?

Д.Л.: Булгаков ижодини яхши кўраман. Биринчи марта унинг «Ёш шифокорнинг эсдаликлари»ни ўқиганман. Назаримда, бу китобда софлик ва жозиба бор эди, кейин булар аста йўқола бошлади.

«Оқ гвардия»ни ўқидим. «Уста ва Маргарита»сини севиб ўқиганман-у, лекин бошқа асарларидан кўра мундайроқ. Унинг илмий-фантастика деб аталадиган асарларига тақриз ёзганман, ҳатто «Касофат тухумлар» китобига сўз боши ёзганман.

Би-би-си: Қандай қилиб Сиз илмий-фантастика жанрида ёзадиган бўлиб қолдингиз?

Д.Л.: «Илмий-фантастика» менга нисбатан жуда ноўрин ишлатиладиган тушунча! Одамлар, 1979 йилда чиққан «Шикаста» номли китобимдан бошлаб мени илмий-фантастика ёза бошлаган дейишади. Лекин унгача иккита роман: «Тирик қолган одамнинг хотиралари» ва «Жаҳаннам учун йўриқнома»ни ёзганман. Булар – реалистик асар эмас, фантастика ҳам эмас. Афсусуски, бизда ҳамма нарсага тамға босишади. Мана, «Шикаста»дан бошланган асарларим туркуми – менимча, асарлар ичида энг яхшиси; туркумга бешта, бир-биридан буткул фарқ қиладиган китоблар кирган; ҳаммасини кўтарасига «илмий фантастика» дейишади.

Би-би-си: Қайси китобингиз билан кўпроқ фахрланасиз?

Д.Л.: Ҳар қандай ёзувчи Сизга, адабий ижод, бу – ҳаракат, ривожланиш, деб айтади, булардан биттасини ажратиб кўрсатиш қийин. Кейинги ишларимдан энг яхши кўрганим «Мара ва Дан» номли саргузашт романим ва унинг давоми. Уларни ёзаётганимда, қаҳрамонларнинг ҳаммаси қочоқлар – очарчилик, сув тошқини, фуқаролар урушидан қочиб кетаётган одамлар эканлигини сезмаганман.

Қудрат Дўстмуҳаммад

Интернет материаллари асосида тайёрлади

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2008 йил, 2-сон