Суҳбатни «Огонёк» журналининг махсус мухбири Феликс Медведев ёзиб олган.
Шоир. Файласуф. Ҳамзат Цадасанинг ўғли. Фотимат, Зарима ва Солиҳатларнинг отаси. Тўрт набиранинг бобоси. Эпикур таълимотининг тарафдори. Дилтортар суҳбатдош. Соддаларнинг соддаси. Пешонаси ярқироқ, омадли. Бир пайтнинг ўзида ҳам Гаргантюа, ҳам Пантагрюэль. Ҳам Санчо Панса, ҳам Дон Кихот. Шолоховнинг суҳбатдоши. Твардовский, Фадеев, Симоновларнинг дўсти. Тирик классик. Тасаввурга сиғмайди. Ярим дунёни кезиб чиққан тиниб-тинчимас. Фидел Кастро ҳамда Индира Ганди билан соатлаб суҳбат қурган. Бу дунёда садоқатли икки ёрнинг — шеърият ва хотини Фотиматнинг бир умрли шайдоси. Юзта китобнинг муаллифи.
Доғистон халқ шоири. Давлат мукофотларининг соҳиби. Ленин мукофотининг лауреати. СССР ва РСФСР Ёзувчилар союзининг секретарларидан. СССР Олий Советининг депутати. СССР Олий Совети Президиумининг аъзоси. Социалистик Меҳнат Қаҳрамони…
Мен Расул Ҳамзатов билан саккиз кун бирга бўлдим. Тоғ йўлларида кезиб, вертолётларда учиб, машиналарда юриб, Доғистоннинг катта қисмини айланиб чиқдик. Гўзаллиги таърифга сиғмайдиган бу юрт одамни ҳайратга солади. Тонг қолдиради. Уйқусини ўғирлайди.
Расул Ҳамзатов — шу заминнинг фарзанди.
Ҳамзат Цадаса хонадонида
— Цада овулида, отамнинг уйида суҳбатлашаётганимдан мамнунман. Қачонлардир борлиқ оламдан узилиб қолган бу тоғ қишлоғи ҳозир бутун олам билан боғланган. Бу ердан теварак-атроф кафтдек яққол кўринади. Бир куни мендан, туғилган уйинг қаерда, деб сўраб қолишди, шунда мен тоғлик донишмандлар айтганидек, «Бургут қанотининг устида ва остида», деб жавоб қилдим.
Отам ҳаётлигида бу ерда кўп таниқли ёзувчилар, маданият арбоблари меҳмон бўлишган. Меникига эса Твардовский, Симонов, Гроссман, Крон, Михалков ва бошқалар келишган.
Гоҳида эшитиб қоламан: мени гўё таржимонлар шоир қилган эмиш. Нима ҳам дердим, хурсандман, майли, шундай бўлақолсин. Тўғриси, мен бу ҳақда ўйламайман ҳам. Таржимонларимнинг бари билан урушдан кейинги йиллари Адабиёт институтида бирга ўқиганман. Қайси биримизнинг ким бўлишимизни унда ҳеч қайсимиз билмасдик. Иттифоқда ном қозонишимда, рус ўқувчисига танилишимда кўмаклашгани учун таржимонларим Наум Гребнев, Яков Козловский, Вера Звягинцева, Елена Николаевская, Семён Липкин, Владимир Солоухин, Яков Хелемский ва бошқалардан миннатдорман.
Нима десам экан, менда миллий туйғу бор, миллатчилик туйғуси йўқ, бўлиши ҳам мумкин эмас. Нафақат менда, балки бутун халқимда шундай.
Шундай гап бор: ким ўтмишга тўппончадан ўқ узса, келажак уни замбаракдан ўққа тутади. Ҳозир қайта қуриш, эскини бузиш ишлари кетяпти, аммо ҳаммасини бузавериш шартмас, деб ҳисоблайман. Яхшиларини эҳтиётлаш, асраш ва тиклаш лозим.
Кўксимда худди иккита юрак уриб тургандек: биттаси — «тарафдор», иккинчиси — «қарши». Мен иккига бўлиниб қолгандекман. Агар мамлакатда ҳамма нарса битта одамга боғлиқ бўлиб қолса, менимча, бундан ёмони йўқ. Олдин шахсга сиғиниш иллати мавжуд эди, кейин мансабга сиғиниш бошланди. Шундай одамлар борки, улар меҳмонларни ўзларига мақтайдилар, саломатлигига қадаҳ кўтарадилар, меҳр-муҳаббат изҳор қиладилар, меҳмонлар тарқагач эса, ҳали остонадан излари қуримай туриб, уларни сўкишга тушадилар — шукрки, бундай тоифадан эмасман.
Тарихий шахслар тўғрисида индамаслик адолатдан эмас. Неларга бунчалик ишонган эдим-у, нима учун ва қаерда алдашганини мен ҳам билгим келади. Биз яшаган даврда чиндан ҳам жиноятлар бўлган бўлса, кечирмаслик керак, уларни ёқлаб ҳам бўлмайди. Кўпларнинг фожиали хатоси шундаки, улар давлатимиз мустаҳкамланяпти, деб ўйлашган. Бордию давлат мустаҳкамлайган бўлса ҳам, одамзод айний бошлади. Бу айниш бугунги кунда ҳам давом этяпти, деб ҳисоблайман, чунки унга бир пайтлар Ленин айтган коммунистик манманлик ва тўралик касали юқиб бўлган.
«Бизга нима бўлган ўзи! Наҳот турган-битганимиз ёмон!» деган саволларни шу кунларда тез-тез эшитяпмиз. Ҳорижда мендан шуни сўрашади, қадрдон овулимда ҳам шу гап. Қолаверса, ўзим ҳам ўзимдан сўрайман: «Бу нима деган гап: ишладик, тер тўкдик, яшадик, ашулалар айтдик, ўйнадик, энди маълум бўлдики, Лениндан кейинги бари раҳбарлар ёмон экан!» Бу саволга аниқ жавобни ҳозирча эшитганим йўқ. Жавоб эса, берилиши керак.
Сиз мендан йигирма йил давомида СССР Олий Совети Президиумининг аъзоси сифатида қандай қилиб айрим хато кўрсатмаларга, қарорларга, айрим «қаҳрамонлар»нинг (энди билишимизча, аслида нолойиқ кимсаларнинг) тақдирланишига овоз берганимни сўраяпсиз. Ростини айтсам, орден ва медалларга қанча олтин кетишини, қанчадан-қанча маблағ сарфланишини ўйлардим! Бироқ бунда ҳам ишга тўраларча ёндашиларди: ўнинчи беш йилликда мунча, ўн биринчи беш йилликда мана бунча одам мукофотланиши керак… Бу нима деган гап, ахир! Бу ёқда СССР Олий Советининг нашриёти ишлаб турибди. Нималарни чоп этади? Олий Совет қарорларининг стенографик ҳисоботларини. Ўн беш тилда. Шу кўрсатмаларнинг ўзи кейинчалик жойларда ҳам босилади. Шундай бўлиши шартми? Олий навли қоғозга босилган бу семиз-семиз китоблар ўлик мол бўпиб ётибди-ку. Албатта, овоз берганман, аксари тўғри, инсоний, адолатли қарорларга овоз берганман. Алам қиладиган жойи — ўшандай қарорлар чиққанига қарамай, жиноят жуда секин камайяпти, соғлиқни сақлаш соҳамиз ҳавас қиладиган даражада эмас… Ёмон томонларимиз, кам-кўстларимиз озми… Ҳа, мен иккига бўлиниб қолганман. Бу ҳақиқат чап томонда, бошқаси ўнг томоида. Ҳар бир авлод ҳодисага ўзича қараб, ўзича баҳоласа керак-да.
Мен Доғистонда, шундай муҳитда ўсганманки, бу ерда Ленинни Сталин асарлари орқали ўрганиларди. Лекиннинг ўзи кам ўқиларди. Кўчирмалар кўпроқ Сталин асарларидан олинарди. Биринчи шеъримни ҳам мен Сталин тўғрисида ёзганман: ёш болалик пайтимдаёқ эълон қилдирганман ўша қасидамни. Газета муҳаррири бош мақоласида, бу шеърни ёд олмаган биронта тоғлик қолмайди, деб хитоб қилган. Ўшанда юртимизга Сталиннинг келишини қандай нишонлаган эдик-а! Ахир, у республккага автономия ҳуқуқи берилганини эълон қилган эди!
Доҳийнинг ташрифини, республиканинг туғилиши ва автономия ҳуқуқига эга бўлишини, ҳар бир тоғлик ўзининг туғилган кунидек кутиб олганди. Бундайин муҳим воқеаларга бағишланган достоним учун ўша йиллар Сталин мукофотига сазовор бўлганман. У пайтлар халкимнинг бор-йуқлиги биргина унинг номи билан боғлиқ эди. Тарих нақадар тез ўзгаради-я: бугун республикада автономия берилгани муносабати билан ўтказиладиган байрам ҳам бошқа кунга кўчирилган…
Бошқа жиҳатдан эса, менинг вақтимни ўғирлашган, деб ҳисоблайман. Умримнинг бир қисмини ўғирлатганман. Маълум бўлишича, мендан кўп нарсаларни яширишган. Шу овулда яшадим, мактабида ўқидим, улар эса мендан тарихнинг қайсидир қисмларини, бутун бир қатламини сир тутишибди. Айрим шоирларни яширишибди, бошқаларини кўз-кўзлаб кўрсатишибди. Мен у пайтлар, ҳатто Маяковскийни ҳам тўла билмасдим. Есенинни, Блокни билмасдим. Мен Жаров, Безименский, Виктор Гусев шеърлари руҳида тарбияланганман. Ҳаёт улкан театр томошалари эди, парда ортида нималар содир бўлаётгани туғрисида эса, ҳеч нарса билмасдим. Шунчаки, мен ҳамма нарсага соддаларча ишонаверардим. 1937 йили ўн тўрт ёшли ўспирин пайтимда одамлар қатли ом қилинаётгани тўғрисида газеталардан ўқиб билганимда ҳам, ҳақиқатан халқ душманларини қамашаётибди, деб ўйлаганман.
Мендан тез-тез, ижодингизда отангизнинг таъсири кучлими, деб сўраб туришади. Нима десам бўлади? Мен Ҳамзат Цадасани буюк шоир деб биламан, аммо ўзим шеърият билан мустақил, отамнинг таъсирига берилмасдан жиддий шуғуллана бошлаганимдан кейингина шоир бўлиб етишдим. 1945 йили, урушдан кейин Москвага бордим, Адабиёт институтига ўқишга кирдим. Москвага кўпмиллатли республикадан келдим. Бизнинг томонларда шундай гап бор (ўзлаштираётганим йўқ, одамларнинг гапи бу): қўшнисини сўккан киши ўз уйида ақмоқ, эси йўқ бўлади, бошқа миллатни сўккан киши миллати ичида аҳмоқ, бошқа мамлакатни сўккан киши эса, ўз мамлакатида аҳмоқ. Катталарга ҳурмат, аёлларга яхши муносабат, меҳмондўстлик — тоғликларнинг азалий анъаналаридир. Эшиги меҳмонларга ланг очиқ отамнинг уйи — менинг болалигим.
Отамнинг олдига Николай Тихонов, ўктам шоир Владимир Луговскойлар кўп келишган. Дастлабки шеърларимни уларга ўқиб берганимда ўн бир ёшли бола эдим. Улар эса шеърларини отамга ўқиб беришарди. Отамни дунёга танитган ҳам ўшалардир. Кейинроқ Москвада менга ўшалар бошпана беришди. Институтга имтиҳон топшираётганимда биринчи иншодаёқ (уни мен бир рус шоиридан диққат билан кўчириб ёзган эдим) олтмишта — роппа-роса ўша партадошим қилган хаточа хато қилганман. Мени одам қилгунича кўп овора бўлишган, эҳ-ҳе… Мен унда энг жўн нарсаларни, масалан, чукча ким, яҳудий ким, руслар ким — шуларни ҳам билмасдим. Бу ҳақда ўйламасдим-да; Катта театрда илк марта Улановани кўришим — менга янгилик. МХАТда Тарасовни кўришим — янгилик. Пастернакни учратсам — янгилик. Эренбургнинг нутқини эшитсам — янгилик.
Митинглар, муҳокамалар, қоралашлар ҳам янгилик. Йиғинлардан бирида мен ҳам қатнашдим, кимнидир лаънатладим. Ёнимда айрим таниқли ёзувчилар туришарди, улар ҳам фош қилишарди. Кўрганларимнинг барини отамга ёзиб юбордим. У мени зудлик билан Доғистонга чақириб олди. «Ўзинг лаънатлаган ёзувчиларнинг асарларини ўқиганмисан?» деб сўради. «Йўқ, ўқимаганман, лекин улар тўғрисида газеталар ёзишяпти-ку». Шунда отамнинг назари менга қадалди ва: «Ёзувчининг китобини ўқимай туриб у тўғрида фикр айтишга нима ҳаққинг бор?» деди.
Ўшанда отамнинг насиҳатига жон-жон деб кирганман демайман, аммо бу ёғига енгилтаклик қилмасликка уринганман. Митингларнинг эса ҳисоби йўқ эди. Пастернак масаласида, Твардовский масаласида, мусиқа, космополотизм масалаларида…
Ўша йиллари менинг халқимнинг бошига не кулфатлар тушганини айтмайсизми. Республиканинг бутун партия ташкилоти — инқилобни амалга оширган барча зиёли тор-мор этилди. Китоблар ёқилди, кутубхоналарга ўт қўйилди. Уларни кимнингдир хоҳиши билан айбдор бўлиб чиққан одамлар узоқ йиллар давомида йиққан эди.
…Бугунги кунда Россия Куликово жангини, «Игор жангномаси»ни, Пушкинни байрам қилаётгани қувончли ҳодиса. Лекин, афсуски, тарихнинг аҳамияти баъзида камситилмоқда. Мисол учун, Маҳачқалъада, университет кафедрасида Доғистон тарихини ўрганиш бекор қилинди. Наҳот шундай қилиш мумкин бўлса!? Ўз халқи тарихини ўрганиш бошқа халқлар тарихини ўрганишга халақит бермайди. Шахсан мен, масалан, араб маданиятидан жуда миннатдорман, чунки менинг отам шу тил боис ниҳоят ўқимишли одам эди. Ромен Роланни у араб тилида ўқиган, Толстойни, Чеховни, рус китобларини ҳам арабчада ўқиган.
Ҳар бир халқнинг маданияти — таъзим қилса арзийдиган маданият, деб ўйлайман. Анча пайтларгача бизда миллий масалани ҳал этишнинг энг яхши йўли — индамаслик, деб ҳисобланиб келинган эди. Ўзимизни шундай тутганмизки, гўё бу масала аллақачон кун тартибимиздан тушиб қолган.
Ўзимизга ҳам ўзимизни пардозлаб кўрсатгимиз келади-я!
Оталар ва болалар муаммоси бутун дунёда бор. Бизда эса, бу масала худди таг-томири билан узил-кесил ҳал бўлгандек. Гўё бизда ҳамма нарса сип-силлиқ, ҳамма нарса хамирдан қил суғургандек оппа-осон. Шу қадар хаспўшладикки, мана энди у хатоларни тузатиш машаққат бўлиб қолди.
Кўп нарсаларни шеърларимда акс эттиришга ҳаракат қилганман. Рост, мен публицист эмасман. Гражданликни бизда ҳар хил тушунишади. Ҳозир қайта қуриш кетяпти. Орқага қараб-қараб олға юриш керак — шундай қилмаса бўлмайди. Бошқа йўл йўқ. Фақат, ҳар ким ҳаракат қилаётганини кўрсатиши эмас, исботлаши керак. Бироқ ҳар бир ташаббусда ҳам, афсуски, гоҳо қусур бўлади. Ҳозир шундай нарса рўй беряптики, мен буни бирёқламалик деб атаган бўлардим. Бақироқлар, маҳмадоналар, бузғунчилар кўпайиб кетди. Ошкоралик ниқобида — жазавали оғиз кўпиртиришлар. Ҳақиқат, ахир, жиддий баҳсда, ҳар хил қарашларнинг муқоясасида-ку.
Бошқа жиҳатдан, агар ортимизга қарасангиз, бир туслилик адабиётимиз ривожига жуда қаттиқ тўсқинлик қилганини кўрасиз. Қандай яхши, кўп ёзувчилар сафимизга қайтишди! Аллақандай жиноятчиларнинг гуноҳидан ўтамиз-ку, нега энди адабиётда амнистия эълон қилиш мумкин эмас? Бир пайтлар Буниннинг гуноҳидан ўтилганга ўхшаб. Биз уни кечирдик, ҳамон севамиз. Бордию қайтармаганимизда, кечирмаганимизда нима бўларди? Бунинсиз бизга нимадир етишмаган бўларди, адабиётда бир бўш жой сезилиб турарди.
Янги «эски» номларнинг пайдо бўлиши бошқа муаллифларни камситмаслиги керак. Адабиёт бир киши келса бошқаси унга жой бўшатиши лозим бўлган соҳа эмас. Адабиётда жой ҳаммага етади.
Доғистонда ҳам айримлар, рус маданияти миллий маданиятимизни ютиб юбормасмикан, деб ўйлашади. Пуч гап.
Бизнинг мураббийларимиз учта — табиат, йиллар ва асрлар даҳоси.
Камина партияниуг еттита съездига Делегат бўлганман, қатнашганман. Айниқса, XXII билан XXVII съездлар ёдимда қолди. Чунки бу съездларда инсон қадр-қиммати тўғрисида: имон-диёнат хусусида, ҳақиқат ҳақида, одамий муносабатлар борасида гаплар бўлди. Мен иккинчи съезддан бошлаб ёзувчиларнинг ҳамма анжуманида иштирок этдим. Иккинчи съезд билан охиргиси — саккизинчиси, менимча, энг қизиқарли ўтди. Бошқа съездларнинг аҳамиятини камситмоқчимасман, қайсидир жиҳатлари билан улар ҳам муҳим, лекин уларда танқидий нутқлар айтилмаган, кўпроқ чапакбозлик янграб турган, кўпроқ ясама, носамимий бирдамлик ҳукм сурган. Уларда Валентин Овечкин, Александр Твардовский, Михаил Шолоховларнинг ёрқин, ўткир сўзлари етишмаган.
Фадеевнинг ҳамма нутқи эсимда қолган: у ҳамиша идрок билан, ўз қадрини билган ҳолда, ҳаяжон ила сўзларди,
Ишхонада, телефон жаранг-журунги жўрлигида
— Яқинда Англияга борган эдим, ўша ерда кўплардан, ҳозир дунёнинг маънавий пойтахти — Россия, Совет Иттифоқи, деган гапларни эшитдим. Яқин орагача ҳам бизнинг мамлакатимизда рўй бераётган ҳодисаларга кам қизиқишарди. Энди эса Москвага чиндан ҳам бутун дунё кўз тикиб турибди, Умид билан, ташвиш билан кўз тикяпти: қайта қуриш ютиб чиқармикан? Мен ҳам ўзимга шу саволни бераман. Ҳа, биз шахсга сиғинишга қаршимиз, зўравонликка қаршимиз, инсон ҳуқуқларининг поймол этилишига қаршимиз. Бироқ мен мансабга сиғинишнинг куртакларини, амалдорларнинг талвасаларини кўряпман.
Овулимизда бир ақида бор: олдин ўзидан каттадан — кўпроқ юлдуз кўргандан сўралади. Энди бўлса, йиғилишлар қолдириляпти, тўйлар қолдириляпти… район милиционерининг келиши кутилади: у ўзи эмас, «амал»и билан келади-да, бусиз эса тадбирни бошлаш мумкин эмас. Мен мансабга қарши эмасман, бироқ одамзоднинг ҳар бир ишида унинг аҳамиятини бўрттиравериш ярамайди.
Депутатман, одамлар олдимга ёрдам сўраб келишади. Қанақа ёрдам денг. «Фалончининг ҳузурига киришимга ёрдам беринг, Писмадончининг олдига…» Бу туришда министрнинг қабулига оддий одам мутлақо киролмас экан-да, деб ўйлаб қоламан. Ҳолбуки, минглаб одам ҳақиқат излаяпти, минглаб одам адоғи кўринмас кераксиз командировкаларда ё ўз ҳисобидан отпускаларга чиқиб, идораларда навбат кутяпти.
Бюрократликка қарши курашимизнинг ўзи ҳам гоҳо қуруқ сафсатага айланиб кетмоқда. Ҳалигача хилма-хил қоғозлар, пуч қарорлар кўп! Худонинг бермиш куни бир ташаббус. Лекин эскиларини ҳам ўйлаб кўришимиз, унутмаслигимиз керак. Айниқса, кенгашбозлик Ёзувчилар союзида авж оляпти. Унинг устига, кўплари самарасиз. Нега деганда, улар мижғовлик, ҳасратбозликдан бўлак нарса эмас.
Адабий маҳорат ҳам меросга ўтадиган ишга ўхшаб қолди. Адабиёт институтларида оталар ўқиган эди, энди уларнинг ўғиллари, неваралар ўқимоқда. Буни мен қариндошлик худбинлиги деб атаган бўлардим.
Бунақа худбинлик илмда ҳам бор. Санъатда ҳам, Дипломатияда ҳам. Ҳатто савдода ҳам бор. Яқинда бир гапни эшитдим: қариндошлар ўзаро йиғин ўтказиб, «уруғ»ларидан биттасини Социалистик Меҳнат Қаҳрамони қилишга келишибди ва ҳаммаларининг ишини унинг номига ўтказишибди. Нима деб ўйлайсиз? Шунга эришишган ҳам.
Аслида камтарроқ бўлиши лозим бўлган айрим кап-катта ёзувчиларнинг ҳовлиқмаликлари ҳам менга ёқмайди. Ўйлашадики, қайта қуриш ўшалар туфайли бошланган. Тўғри, Пастернакнинг навбати келди. Лекин айни шу «кап-катталар»дан баъзилари Пастернакни уюшмамиздан ҳайдашга қўл кўтаришгани ҳам сир эмас. Буюк шоир номининг ҳимоясига бел боғлаб чиққан мардлардан ҳеч ким вақтида унинг ёнини олмаган эди. Ҳолбуки, улар ўшанда ҳам Пастернакнинг барча шеърларини, барча асарларини билишарди, у Россияга Шекспирдан, Гётедан, Бараташвилидан гўзал таржималар ҳадя этганидан хабардор эдилар. Нима сабабдан ўшанда жим туришган?
Мана, ҳозир Твардовский тўғрисида кўп гапириляпти, кўп ёзиляпти. Твардовскийнинг музейини очиш керак ва бошқа-бошқа …деб кўп такрорланяпти. Аммо, эй қадрдонларим, унинг қабрига бир боринглар-а. Қандай қаровсиз ҳолда эканини бир кўринглар! Ақалли гул қўйишса-чи. «Новий мир» босган материал учун «…жавобгарликка тортилсин!» сарлавҳали коллектив хатлар битилганида бу ҳозирги ботирлар қаёқда эдилар! Шундоқ ҳам ўзи касал, тўшакда ётган Твардовскийни заҳарлашганида булар қайси бурчакларда эди! Нега ўшанда катта шоирни ҳеч ким ҳимоя қилиб чиқмади!
Сўнгги йиллар бахтим чопиб, Твардовский билан жуда дўстлашиб кетган эдим. Ҳужжатларни кўз-кўзлаб мақтанишни ёқтирмайман, лекин унинг менга ёзган хатлари бор. Мени излаб меҳмонхоналарга келган, ўзим ҳам уникида кўп марта бўлганман. Шахсан мени унинг нимаси тортарди! Бутун Оврупа шеъриятини, Шарқ шеъриятини, Ҳофизни бениҳоя зўр билиши, хитой шеъриятига ошиқлиги. У камтар инсон эди. Мақолаларида ҳам, суҳбатларида ҳам, ишда ҳам. Мустақил, ўзига хос шахс эди. Кимларгадир ёқишга ҳеч қачон интилмасди,
Адабиёт институтининг яқинида машҳур қаҳвахона бўларди. Тез-тез ўша ерга бориб турардим. У ҳам келарди. Ўшанда дилдан қурилган суҳбатларимизни унутиб бўладими? Шеърларимни, рост гап, бирон марта мақтамаган, «Менинг Доғистоним»ни эса журналида чоп эттирган.
Шундай қилиб, «Новий мир» журнали таҳрир ҳайъатининг аъзоси бўлдим. Ўша пайтлари мен таҳрир ҳайъатининг аъзоси бўлган «Литературная Россия» газетаси «Новий мир» журнали ва Александр Твардовский тўғрисида жирканч бир мақола ёзди. Шунда Твардовский менга бундай деган: «Мен раддия ёздим, агар хоҳласанг, сен ҳам ё мени ё «Лит. Россияни танла».
У мени ўзига дўст санарди, лекин мен уни дўстим дейишга тилим бормасди. Чунки у мен учун ҳаддан ташқари улкан одам эди. У нимагадир республикаларга чиқишни хушламасди, лекин бизнинг овулга хотини Мария Илларионовна билан бирга келарди. Унга мен Ҳожимурод юрган ерларни кўрсатганман. Эсимда, бир гал Мария Илларионовнага гул тераётганимда, Александр Трифонович: «Мен майсаларни ёқтираман», деган эди.
Ён дафтарчасига бирон нима ёзиб турганини ҳеч кўрмаганман. Ҳаммасини ёдда сақлаб қолишга интиларди. Архивимда Твардовскийнинг Доғистон сафаридан ҳикоя қилувчи кўп суратлар сақланган. Қандай яхши! Уларга қараб туриб, унинг нақадар руҳан бой бўлганини ҳис қиламан.
Анча илгари ёзилган «Икки юрак» достонимни Твардовскийга ўқишга бердим. У хат ёзди (албатта, бу хат ҳам турибди). Хат шафқатсизларча ёзилган, Александр Трифонович мени кескин танқид қилган эди. Гарчи унинг ҳамма фикрларини ҳам тўғри деб ҳисобламасам-да, ундан ранжимадим.
Твардовскийни хатосиз деб бекор ўйлашади. Хатосиз одамнинг ўзи йўқ. Мен уни жуда ҳурмат қиламан, эҳтимол бошқа ҳеч кнм бунчалик ҳурматламас. У — буюк ёзувчи. Аммо унинг ҳам гуноҳлари бор эди. Нималардадир носамимий эдими… Давр бошқача эди. Умуман, буларни тарих ойдинлаштиради.
Олдинги гапга қайтай. Хуллас, унинг хати мени лол қолдирди. У мени мавзуни нариги дунёдан олганим, бадиий усулларни эмишки, бошқа кимдандир ўзлаштирганим учун айблаган эди. Балки бунда ўзига ишора қилгандир. Бунақа ўйланса, ўзининг «Тёркин нариги дунёда» деган асари ҳам янгилик эмас. Жаннат билан дўзах тўғрисида унгача ҳам қанча ёзилган-у… Гап аслида нимадалигини, Александр Трифонович нимага бу қадар ғазабланганини кейин тушундим. Унинг жаҳлини чиқарган нарса — достонимни бир бегона кимсага ўқиб берганим бўлган экан. Буни унга етказишган. Тўғри, бировга ўқитганман, лекин кимга ўқитиш менинг ихтиёрим-ку. У кимса — «Известия»нинг ўша пайтдаги муҳаррири Алексей Ажубей эди. Достоним чоп этилмади. Шундайича столим устида 25 йил қолиб кетди.
Твардовский ўзини дўстдай тутарди, аслида у устоз эди. Аммо буни ҳеч қачон таькидламаган. Ўзининг устозлигини, мураббийлигини рўкач қилмаган. Унинг шеърияти ожизлар тарафида, оддий кишилар томонида эди. Биз эса жуда кўп ҳолларда кучлилар томонида юрамиз. Гарчи табиатга, адабиёт табиатига тўғри келмаса-да, асалга қанд қўшиб ичиш билан шуғулланамиз.
Фадеев, Федин, Светлов, Смеляковларнинг дўстлигига ҳамиша ҳавас қилардим. Улар бари Марказий адабиётчилар уйига (МАУ) чой устида ёки бирор бокалдан вино устида тўпланиб, дўстона суҳбат қуриб, узоқ-узоқ ўтиришарди. Фақат Твардовский бир куни менга: «Адабиётчилар уйига борма. Ичгинг келса, бошқа жойга бор», деган.
Кўҳна Дарбанд харобаларида
— «Ғарбга сажда қилинаётгани» тўғрисидаги шубҳали формула қаёқдан чиққан гап ўзи? Гёте қаршисида, Флобер қаршисида, Ҳейне қаршисида, япон шеърияти ёки хитой Ду Фу шеърияти қаршисида таъзим қилинса — шу ёмонми?!
Бошқа томондан, рост, Ғарб билан Шарқнинг ўзаро бир-бирига таъсири миллий хусусиятларни бараварлаштириб қўяди.
Ҳар қандай шошқалоқлик миллатчиликни туғдиради, холос. Чинакам интернационализмни тарбиялаш қийинроқ. Мана, мисоллар. Доғистонлик бир йигит рус қизга уйланди, дейлик. Бу ҳол миллатларнинг дўстлиги сифатида дарҳбл кўз-кўзланади. Ҳолбуки, бу жуда жўн, оддий ҳодиса: икки ёш бир-бирини яхши кўриб қолган, вассалом! Ёки, дейлик, колхозда беш хил миллат вакили ишлайди, ўзаро тинч, дўст бўлиб яшайди. «Интернационализмнинг самараси!» деб айюҳаннос солишади қовоқбош ақидапарастлар. Бундан чиқадики, бордию бирор чет эл матаҳига навбат талашиб бир-бирлари билан жиққамушт бўлишса, буни миллатчилик дейиш керак экан-да! Бемаънилик! Умуман олганда, менга Доғистонда интернационал тарбия анча яхши ҳал этилгандек туюлади, чунки кўптилли республикамизда ҳаётнинг ўзи шуни тақозо қилган. Бизда шундай жойлар борки, у ерлар турли миллат вакилларининг ўзаро яқинлиги билан табаррук бўлиб кетган. Албатта, рус тили ҳаммамизни бирлаштириб турган иккинчи тил бўлиб қолди. Ҳа, мен иккитилликни, зуллисонийликни қувватлайман. Чингиз Айтматовнинг фикрига қўшиламан: икки тилда ёзиш — вазиятдан чиқишнинг йўли. Бизнинг халқларимизга иккитиллилик — иккита она тилидек гап.
Бироқ иккитилликни зўрлик билан жорий этиш ярамайди. Мен ўзимнинг халқимдан келиб чиқиб гапиряпман. Иккитиллиликни қабул қилиш ҳам, қабул қилмаслик ҳам гуржи ёки эстонларнинг ўз иши. Менимча, қанча кўп тилни билсангиз, шунча яхши. Аҳолиси оз элатларга бу, айниқса, керак. Чингиз Айтматов рус тилида ёзади, Афанди Капиев рус тилида ёзган. Фозил Искандар рус тилида ёзади — булар адабиётда ўзини оқлаган ҳодисалардир. Умуман олганда, одам нафақат ўз она тили, бошқа тилларни ҳам билиши керак. Кимнингдир сўзини эсланг: қанча кўп тил билсанг, шунча узоқ яшайсан. Қани энди инглиз тилини ҳам, фаранг тилини ҳам билсам! Афсуски… Ўйлашимча, янги авлод бизга қараганда маълумотлироқ, демакки, «интернационалроқ» бўлади.
Она сути билан кирган тиллар вақт ўтиши билан йўқ бўлиб кетмайди. Ҳозир ҳам йўқолиш эмас, тилларнинг мустақиллашиш жараёни кетяпти. Доғистоннинг ўзида кейинги йиллар ичида ўз она тилимизда болалар ва катталарнинг бешта журнали ташкил бўлди.
Тилсиз, тарихсиз халқ йўқ. Менинг халқим эҳтимол у қадар буюк эмасдир, лекин доғистон халқининг тарихи ҳам бой, ҳам ибратли. Инсон кулфатлари ҳам, қувончлари ҳам — бари унда мужассам. Шундай экан, нега халқимни ранжитиш керак, ким буни хоҳларди?! Яқинда, ислом тўғрисида бир мақола ўқидим, унда дин билан боғлиқ айрим атамалар ва исмларни бошқасига алмаштириш таклиф этилган. Мен ислом тарафда эмасман, лекин отим Расул Ҳамзатов эмас, Василий Ҳамзатов бўлса, унинг — мақола муаллифининг дарди енгиллашадими?!
Ҳатто «Ялла» ансамблининг номи ҳам талаффуздагина «оллоҳ» сўзига ўхшайди. Халқ ўзи яратади, ўзи ном танлайди. Зўравонлик бу ерда кетмайди. Бир вақтлар мачитларни ва вайрон қилишганида, унга қўшиб халқнинг тарихини ҳам, меъморчилигини ҳам, маданиятини ҳам вайрон қилишган.
Бошқа халқларнинг тарихи тўғрисида осмондан туриб гапирадиган, «…бўрттириб қўрсатиш…» деб айблар тақайдиган одамларга шубҳа билан қарайман. Ўзбекистон қадим тарихга эга. Гуржистон қадим тарихга эга. Арманистон қадим тарихга эга. Бунга шубҳа қилиш мумкинми? Шубҳага на ҳожат? Бор нарсани бор дейдилар-да. Кимнингдир тарихи ёш, кимнингдир тарихи қадимийроқ, чуқурроқ. Бир-биримизни ўрганишимиз керак. Халқлар бир-бирларининг тилини билишса — бу қандай яхши! Ахир, ҳар бир халқнинг тарихида ҳали биз билмаган қанчадан-қанча нарсалар ётибди!
Ҳозир инсонга ишониш керак. Мансабга эмас, инсонга. Ҳатто 1937 йили биз «Одам бундай ҳур нафас олаётган бошқа бирор юртни бйлмайман», деб ашула айтардик. Лекин ҳур нафас олиш дегани нафақат ўз уйида яшаш дегани, балки дунёни кўриш, Париж бўйлаб айланиш, Лондон туманларини димоқда туйиш дегани ҳамдир. Чет элга тез-тез чиқиб туриш керак. Хорижий мамлакатлар билан муомала қилмасдан, илмий-техник айирбошловларсиз, адабий-маданий алоқаларсиз қандай қилиб олға юриш мумкин? Яхшиям бу масалада партиянинг йигирманчи, йигирма иккинчи съездларида кўп ишлар қилинди. Чет элга борадиган одамга ҳужжатларини расмийлаштириш ишларини тезлик билан енгиллаштириш керак, бундаги асабийликка барҳам бериш лозим. Ҳорижга бориш учун қанча комиссиядан ўтилади, қанча қоғозлар тўлғазилади-я! Бошимдан ўтганини айтяпман. Ҳолбуки, мен ўйнаб келгани бормаяпман-ку, адабиёт, давлат ишлари билан бораман-ку.
Бизда ўқишга кириш ҳам баъзида тўраларча сансалорликдан бошқа нарса эмас. Мисол учун, чекка республикадаги абитуриентга рус тилида иншо ёзишнинг нима кераги бор? Менга қадим славян тилини мажбурлаб ўқитишган. Бугун у керак бўляптими? Бирон марта ҳам керак бўлмади. Балки қадим славян тилини билиш ортиқчалик қилмас, лекин шахсан менда бунақа зарурат бўлмаган. Шундай қилиб, иншодаги хатоси учун республикадан келган абитуриент институтга киролмайди. Бу адолатдан эмас, деб ўйлайман.
Бугун бизга одамларнинг, халқларнинг чамбарчас алоқаси нақадар зарур! Бизда телефон алоқаси бор (Тўғри, телефонларнинг ярми ишламайди), почта алоқалари мавжуд. Руҳий алоқалар кўпроқ керак, энг муҳими, — шулар.
Гунибда — Шомил асир олинган жойда
— Доғистонликлар учун энг чигал масала — Шомил тақдири масаласи. Маълумки, Шомилни ҳатто Маркс ҳам озодлик ҳаракатининг қаҳрамони, миллий қаҳрамон деб ҳисоблаган. Ўз вақтида Чернишевский, Добролюбов, кўп рус кишилари унинг мустамлакачиларга қарши курашини муносиб баҳолашган. У Россияга биринчи бўлиб ҳужум қилмаган. Қишлоқларга, овулларга ўт қўйишни чор генераллари буюришган. Шундан кейин Шомил озодлик учун курашни бошқарган. Нимага уни бугун ҳам реакцион арбоб деб ҳисоблашмоқда? Шомилга мутлақо исботланмаган айблар тақашмоқда, очиқдан-очиқ унга нафратларини изҳор қилишмоқда?
Аслида Шомилдек қаҳрамоннинг пайдо бўлишига ким айбдор? Жавоб битта — шоҳ ва унинг босқинчилик сиёсати. Душман бостириб кирса, қўлни қовуштириб ўтирадими? Бу тоғликларнинг табиатига тўғри келмайди. Шомил ўзи ҳеч кимни ранжитмаган. Фақат шоҳни «ранжитган». Ҳозирги замон тили билан айтганда, босқинчилик сиёсатига қарши 25 йиллик кураши давомида ўша подшонигина «ранжитган»…
«Шомил» деган достонимни қачонлар эди ёзганим, бироқ ҳалигача бирон жойда чоп эттиролмайман. Достон яхши, менинг катта муваффақиятим, демайман, лекин достонда ҳикоя қилинган воқеаларга юракдан ишонаман. Шомилнинг номидан айрим юртдошларимиз чўлда бўридан қўрққандан баттар қўрқадилар. Босқинчи шоҳдан ҳам баттар ундан қўрқадилар. Бир раҳбар ходимдан: «Шомилдан нимага бунча чўчийсиз» деб сўрадим. «Шомилни тияга олмасам менга ҳеч нарса бўлиб қолмайди, айтсам, ишдан олишади» деб жавоб қилди. Ҳақиқатан ҳам шундай. Доғистон театрида Шомилнинг курашини акс эттирган спектакль қўйилганда, раҳбарлардан биронтаси бу спектаклни бориб кўрмади. Боз устига, битта телефон қўнғироғи туфайли уни саҳнадан олиб ташлашди.
Биз нимадан қўрқамиз? Тарихданми? Ҳақиқатданми? Ўзимизданми? Ёки яна ва яна миллатчилик олабўжисидан ваҳимадамизми? Бироқ Доғистон ўзининг миллий тарихига эга, бу тарихда эса ўзининг қаҳрамонлари, тақдирлари, ўзининг мураккаб ижтимоий зиддиятлари мавжуд. Тарихни «кесиш»нинг нима кераги бор, у ахир киноплёнка эмас-ку. Доғистон — республика, у фақат тайёрлов пункти эмас. Шомилнинг номини бизнинг тарихимиздан юлиб олиш ярамайди. Бу мумкин эмас! Шомил ҳаракатига, унинг ишларига нафақат доғистонликлар, балки яхши рус кишилари, Россиянинг яхши ёзувчилари, социал-демократлар ҳам хайрихоҳ бўлишган. Шомилчилик ҳаракатига украинларнинг улуғ фарзанди Тарас Шевченко ҳамдард бўлган, Озарбайжон, Гуржистон, Қозоғистон олимлари уни олқишлашган: Ҳозирги пайтда ҳам Доғистонда бирон шоир йўқки, афсонавий халқ доҳийсининг номини хайрли сўз билан ёдга олмаган бўлса. У ҳақда Сулаймон Стальский, Ҳамзат Цадаса, Афанди Капиевлар ёзишган. Ниҳоят, яна бир гап: бошқирд халқининг қаҳрамони Салават Юлаев ҳам шоҳга қарши курашган, лекин унинг номи қатағон қилинмаган, ҳурмат билан тилга олинади. Шомилни эса айримлар сал бўлмаса инглиз айғоқчиси деб ҳисоблашади.
Россия менга қадрли. Мен кўп рус ижодқорларининг асарларини таржима қилганман. Бироқ, нимага баъзи рус ёзувчилари, олимлари сурбетларча бизнинг тарихимизга бостириб киришади, бузиб, майиб-мажруҳ қйлиб ташлашади? Халқнинг юрагидаги нарсани юлиб олиш мумкин эмас, ахир. ’
Биз Толстойнинг «Ҳожи Мурод»ига кўникканмиз, Шомилдан ё Ҳожи Муроддан уларнинг мураккаб тақдирлари бугунги кунимизга «мос келишини» талаб қилиб бўлмайди. Уларнинг тақдирлари зиддиятли. Ахир, шоҳ билан уруш чорак аср давом этган. Ҳатто душманлари ҳам Шомилни ҳурмат қилишган. Тарихни сохталаштирувчи бўлмайликда. Ҳар бир халқ ўз вақтида Россияга турлича тарихий шароитларда қўшилган. Биз уларнинг мустақиллик учун курашини рус халқига қарши кураш тарзида талқин қилсак, бу катта хато бўлади. Нафақат коммунистларни, балки барча афкор оммани ҳақоратловчи хато бўлади.
Бир вақтлар Гие Данеяия ҳамда Владимир Огнев билан бирга «Ҳожи Мурод» сценарийсини ёзганман. Данелия бу картинани суратга олиши керак эди. Лекин шунақа одамлар топилдики, улар ишимизга ғалати ёрлиқ ёпиштиришди: эмишки, бу нарса халқлар дўстлигига ҳалақит берармиш. Бу нима деган гап, биродарлар! Нега энди ҳалақит бераркан? Лев Толстой халақит бермайди, мен бўлсам халақит бераманми? Шомил тўғрисида жуда кўп адабиёт мавжуд, жумладан Пётр Павленконинг қачондан бери қайта нашр қилинмаган қиссаси ҳам бор. Ҳатто ҳозирги тарихимизнинг айрим саҳифалари ҳам Шомил номи билан боғлиқ. Ёзувчи, тарихчи Шомилга муносабат ҳақида, унинг Доғистон халқи тарихида тутган ўрни тўғрисида ҳақ гапни айтганлари учунгина кўплар хизмат вазифасидан, тақдирларидан, ҳатто ҳаётларидан айрилган. Интернационал тарбия учун айнан тарихни шундай бузиб талқин қилиш керак, деб ким ўйлаётган бўлса, у қаттиқ хато қилади. Бунақа муносабат одамнинг ғазабини келтиради, холос. Қайта қуриш Шомилнинг номини оқлашга ҳам дахлдордир. Бу жуда муҳим.
Суратлар заҳирахонасида, Ҳалил Мусаев асарлари қаршисида
Доғистоннинг машҳур рангтасвирчи мўйқалам устаси Ҳалил Мусаевнинг картиналарини кўриб турибмиз. Унинг тақдири фажиали. Ўзи Чох қишлоғида туғилган. Истеъдодли рассом эканини эрта намоён қилган. Рус совет журналларини суратлар билан безаган доғистонлик рассомлардан биринчиси. У тоғ гўзалининг, аёлларнинг образини, чиройли манзараларни чизган. Табиатни зўр истеъдод билан, юракдан чизарди. 1921 йили Ҳалил Италияга ўқишга кетди. Ўша ерда уйланди. Қандайдир сабаблар билан Ватанига қайтиб келмади, ёт юртларда қолиб кетди. Мусаев яқинда Нью-Йоркда оламдан ўтди. Унинг картиналари ғарбда тан олинган, Оврупада, Америкада машҳур. Доғистонда эса номи қатағон қилинган. Санъатни севувчилар унинг тақдирини билишади, асарларини қадрлашади, лекин расман ҳалигача тан олинмаган. Шундоқ ҳам бўладими? Ўз Ватанига, ўз халқига ҳеч бир ёмонлик қилмаган одамни ёллонотлиқ қилсак-а. Доғистоннинг атоқли рассомлари жуда унақа кўп эмас. Ҳ. Мусаевга ўхшаганларни қатордан чиқариб ташлаш мумкинми, ахир! Қолаверса, у жасоратли, мард киши эди. Биз томонларда инқилобгача одамнинг қиёфасини чизиш ман этилган
эди. Ҳалил эса одамларнинг, қаҳрамонларнинг, жирловчиларнинг, аёлларнинг образини чизди. Унинг инсонга, тоғликларга, қизиққон, юрагида ўти бор ватанпарварларга меҳри баланд эди. Яна қайтараман, биз жиноятчиларга амнистиялар чиқаряпмиз, тарихда из қолдирган истеъдодли инсонларнинг гуноҳидан ўтишдан эса қўрқамиз. Нимага шундай?
Дунёга машҳур Кубачи қишлоғида
— Яна битта масала ичимни таталайди. Доғистонда тилла ва кумуш буюмлар ишининг тақдири. Бор-йўғи тўрт нафар уста қолди. (Шулардан М. Жамолиддинов — нодир истеъдод эгаси, ҳақиқий яратувчи.) Улардан кейин республикада халқ ҳунармандчилигининг ноёб сирларини ўрганадиган одам йўқ. Ҳозир уста ҳам якка хўжаликчи шоирдек бўлиб қолган. Шоирнинг хусусий хўжалиги — унинг юраги. Заргарда ҳам шундай. Дамашқ ханжари бутун дунёга машҳур. Биздаги амузгин ханжари ҳам ёмон эмас, Лашкарбошилар, маршаллар, ҳатто Шомил ҳам амузгинда ясалган ханжарларни тутишган. Энди эса овулни кўчиришди-ю, шу билан усталар ҳам йўқ бўлди. Иккита-учта оилани демаса, овулдан ҳам асар қолмаяпти. Ҳолбуки бу усталар ҳам вақтида кубачиликлар сингари машҳур бўлишган. Бугунги кунда кубачиликлар, гоцатлиликлар ясаган нодир буюмлар музейлардагина сақланиб қолган. Доғистон усталарини Ленин буюк ижодкорлар деб атаган. Нима бўлди, нега Доғистоннинг ўзида уларни қадрлай билишмади? Чет эллардан сайёҳлар келишади, ҳайратланишади, қарашади, ноёб буюмларни ахтаришади. Биз бўлсак, айтиш мумкинки, уларга лоқайдмиз. Нимага? Бу Иттифоқ миқёсидаги, дунё миқёсидаги масаладир. Горький Сулаймон Стальскийга бундай деб ёзган: «Сизни халқнинг ўзи асрасин». Бу васият эди. Лекин унга доим ҳам амал қилишмаяпти. Ҳозирги халқ усталаримиз ижодкор эмаслар, мен буни аччиқ киноя билан айтяпман, чунки улар план учун ишлашяпти, стаканчалар, мугузлар ясашяпти. Сиз менга айтинг: муҳаббатни планлаштириб бўладими? Маҳоратни-чи? Баъзан маданият министрлиги усталар билан шартнома тузади. Барча буюртма замонавий услубда, ёмон маънода замонавий. Чунки замонавий услубдагилари ҳам яхши бўлиши мумкин. Усталарнинг дардини эшитсам, кўзларимдан ёш чиқиб кетади. «Биз ўлиб кетамиз, биз энди ҳеч кимга керак бўлмай қолибмиз, лекин қўлимиздаги ҳунарни олишга одам йўқ…» дейишмоқда улар.
Шоирнинг уйида — «Аёллар ороли»
— Шунақа китобим бор — «Аёллар ороли» деган. Уйимда ҳам уларнинг орасида битта ўзимман: хотиним, қизларим, невара-қизларим, синглим… Муҳаббат ҳақида, қизлик ғурури ҳақида, она бахти ҳақида кўп ёзганман. Шундай деб ўйлайман: илгари аёл чодра ичида юрган, шеърият эса очиқ эди, энди аёл очиқ юрибди, шеърият эса чодрага кирди. Одамларнинг миридан-сиригача кўриб турадиган аёл тўғрисидаги янги шеъримни яқинда ёздим. Ўқиб берайми! Эшитинг:
ВАНГА
Исми Ванга — зийрак, оқила, Кўнгилларни кўргучи туйғун, Олиймақом парихон ила Насиб этди учрашмоқ бу кун. Эшитгандим уни кўп аввал, Ўткир зеҳни шон олиб қанча Булғор элин тутиб муфассал Келган эди Доғистонгача. Дердиларки, «Ванга қилар лол, Зингил солиб бир боқса ёҳу, Кўз олдида кафтдаги мисол Аён бўлар ул бегона руҳ». Сабрим битди, ҳеч алдамайман, Кимлигимни билмоққа елдим. Совға олиб мен Доғистондан Парихоннинг олдига келдим. Бердим йўлда бўлсин деб ҳамдам Кўп нақшинкор бир ирғай асо. Бир асоки, бани одамда Бунақаси топилмас асло! Асонинг сал бўшроқ пўстини Уста обдан нақш этган эди. Ва шул нақшга ҳикматли сўзми, Ё маъноми бахш этган эди. …Шафқат қилмас?! бу нимам учун? Қачон хафа қилдирган жойим?! Тўғри, бўлган ёшликнинг кучи, Аммо энди мен кўп мулойим. — Вой, йўқ. Ҳасса бошқа нарса дер Бу нақшларда қилмишинг минг-минг… Айт-чи, кймсан? Ўғри, исрофгар, ЎЗ кучларинг ва ўз умрингнинг? Ёшлик тафтин ақлсизларча Тўзонларга сочдинг, сўлдирдинг, Олтин вақтларингни ўлдирдинг. «Нима?» Шеърми?.. Ҳеч ярармикин Янги асрларда бу одамларга? Керагидан ортиқ май ичдинг Гарчи Қуръон таъқиқласа-да. Мана сенинг кечмишинг, тўйинг, Барчаси шу асога сингган. Асрадингми ўз ота уйинг, Ҳамда асл синглингни чиндан? Ҳақни доим айтиб юрдингми?.. Йўқ, шеърларинг бу қадар бўшанг. Ванга унга боқиб астойдил, Сўнг ҳассани ушлади секин. Таянди-да («Ҳасса ишончли»), Бир-бир қадам ташлади кейин Ва оҳиста фолин бошлади: Қайда ўсдим, ўқидим қайда… Умри унинг ўтгандек эди Цада аёллари ичида. Кафтдагидай кўрсатди барин, Айтди аён-ноаён феълим Ва обкомга бир куни ҳатто Ёзганини устимдан элим. Ё кўп йиллик ҳимоя дўстим Танирмикан десам бу қурғур, Йўқ, суҳбатнинг сўнггида ўзим Билдим: бунда дўстим не қилур?! — Аввал отанг жимликни қучган, Сўнг онангни чақирган Оллоҳ. Улар ухлар, қўлида билсанг Шундай ирғай асолар, бироқ… Ухлар билмай ташвишу алам, Лекин ўғли келса-чи, алҳол Ҳасса билан иккаласи ҳам Кутмоқликка тайёр, бемалол. Шундан ташвиш тортар, кўрдингми, Қабрдаги ота-онанг ҳам? Дўстларинг ким? Севган сен-ку… тил тийгум ночор, Ҳаммасини санаш ноқулай, Ахир бунда… хотининг ҳам бор. Эшитдим-ку барини, чидаб У кўп заҳар сўзларни деди. Алам қилди, бунинг устига Парихоннинг гапи рост эди. Неки айтса рост эди буткул Ҳеч сохталик кўрмади кўзим. Энди нетай? Не қилсам маъқул? Эй, Ванга айт, айта қол ўзинг! Наҳот шундай яшагайман боз Бекор сарфлаб бутун ҳаётим, Неларгадир қўяман ихлос Бир умр ўзимни йўқотиб. Ахир топсам бир кун абадий (Мен барчадай — йўловчи, меҳмон) Ота-оналарим кутар асабий Қўлларида асо — беомон. Дуч келганларда…(Равшан Файз таржимаси)
Ҳамзат Цадаса таваллудининг 110 йиллигига бағишланган кечага боришда
— Санъатдаги, адабиётдаги оммавийлик мени ташвишлантиряпти, Ахир, санъат спорт эмас-ку. Ҳозир биргина ёзувчиларнинг ўзи нақ бўлмаса ўн бир мингтача. Ёзувчилар съездларида энг катта баҳс (уларда қатнашишнинг ўзи уят) қанақадир муҳим иқтисодий ёки давлат аҳамиятидаги масала устида авж олмайди. Йўқ. Овоз бериш палласи, номзодлар кўрсатишда бошланади ҳаммаси. Лекин катта миқёсдан қараганимизда, кимнинг номзоди қўйилишининг нима аҳамияти бор? Фақат битта нарса аҳамиятли — истеъдод. Бизда кўпинча нима бўлади: аввалига пуфлаб обрўни шиширамиз, кейин унинг орқасидан кун кўришни бошлаймиз. Руҳий бойликларга мана бундай муносабатда бўлиш мумкинми? Гоҳ оқлаймиз, гоҳ қора чаплаймиз? ёки аксинча. Ёш китобхонлар авлоди бунақа турланишларни қандай қабул қилади? Мукофотлар, унвонлар… Мен халқ шоириман. Лекин мени халқ шоири дейишларини истамайман. Твардовскийни бундай аташмаган. Маяковскийни аташмаган, Блокни аташмаган, Пушкинни аташмаган. Нимага Россияда халқ шоири деган унвон йўқ? Францияда, Италияда нега йўқ? Ва ниҳоят, нимага Гуржистонимизда йўқ бундай унвон?! Халқ истаса, ўзи атаб олаверади. Ахир, «шоир» деган сўзда унвон эмас, мансаб эмас, катта бурч, масъулият бор-ку.
Биздаги бюрократизм шундай даражага етдики, телефонни битта жиринглатиб спектаклларни, қўшиқларни тақиқлашади, телефонни битта жиринглатиб ҳатто унвонлар тортиқ қилишади. Бир амалдор иккинчисига сим қоқади ва бир-бирларининг кўзларига қарамай туриб, жиддий ижодий, жамият аҳамиятига молик, айтиш мумкинки, халқ ишларини ҳал қилиб юбораверишади. Биз эса, очиқ муҳокама бўлишини хоҳлаймиз, шоирларнинг, санъаткорларнинг тақдирига жиддий муносабатни истаймиз.
Ўтган давримизга танқидий кўз билан қараётган бўлсак ҳам, мен илгариги адабиёт кунларимизни, адабий асарларнинг кенг муҳокамаларини ҳузур билан эслайман. Менинг ёшлик йилларимда ўзаро муносабатларимиз нақадар тенг, демократик эди! Ёзувчи ёзувчи билан ҳамқур бўлса, ҳамюрт бўлса. Фадеевни мен жуда кўп марта кўрганман, лекин дастлаб унинг олдига боришга ийманардим, камтарлик халал берарди. Шундай бўлгани билан у ёшларга муносабатда оддий эди, адабиётчиларнинг Марказий уйига ўзи келарди, буни у уят ҳисобламасди. Айрим ҳозирги раҳбарлар эса бошловчилар билан ёнма-ён ўтиришни обрўларига мос эмас деб ҳисоблашади.
Мен шундай ўйлайман: биз энди ўтмишдаги хатти-ҳаракатларимизга танқидий кўз билан қарашимиз, улар билан ҳозирги жамоат хатти-ҳаракати ўртасидаги боғлиқликни аниқлашимиз керак. Мен ҳам хато қилганман. Лекин давр менинг ҳам кўп нарсамни ўғирлаган. Ҳаммани ўзини ўзи айблашга чақирмаяпман, лекин бизга ботирлар бир соатга керак эмас. Ёзувчилар союзи ташкил топганининг эллик йиллиги юбилейи қандай серҳашам, лаганбардорларча ўтказилган эди! Қандай мадҳиялар куйланган! Шундай тасаввур туғилганки, битта-иккита одамсиз бутун адабиёт йўқ бўладигандек.
Ҳозир достон чоп эттириш қийинлашди. Муҳаррирларнинг фикрича достонда 500 дан ортиқ сатр бўлиши мумкин эмас. Ким уларга бундай ҳуқуқ берган? Агар шундай бўлганида, Твардовский достон чоп эттирмаган бўларди, Блок достон чоп эттирмаган бўларди. Нега яхши достонларни босиш керак эмас?! Боз устига, уларнинг кўпи — инқилоб солномаларидир. Ярослав Смеляков «Дружба народов» журналида менинг «Тоғ гўзали» достонимни таҳрир қилган: у тўрт минг сатр эди. Ўшани босишган-ку. «Литературная газета»да Константин Симонов «Отам билан суҳбат» достонимни бутунисича эълон қилган. Шундан кейин Фадеевдан хат олганман. Яхши, мушфиқ, самимий хат. Гап шундаки, айни ўша пайтлари бир неча маҳаллий журналларда менинг туркум шеърларим пайдо бўлган эди. Фадеев эса, маълум бўлишича, ҳаммасини кузатиб бораркан. У ўзининг ўртоқларига, адабиётчи ҳамкасбларига оталарча эътиборли эди. Чиққан барча нарсаларимни бу қадар батафсил таҳлил қилгани мени ҳайрон қолдирди. Аммо хатда энг муҳим гап ҳам бор эди. «Нарсаларингизни чиқаришга бир оз шошилмаяпсизмикан? — деб ёзган эди у. — Ишлашга, заҳмат чекишга шошилиш керак…» Бу унинг маслаҳати эди.
«Бир оз шошилмаяпсизмикан!»
Мен қабул масалаларини тушунмайман, лекин нимага шундайки, доғистонлик ёки ёқут ёзувчиси СССР ёзувчилар союзига тез қабул қилинади? Аввал у ўз қиёфасини қадрдон юртида кўрсатсин, халқининг эътиборига тушсин. Иттифоқ ёзувчилар шеъриятни деб камбағаллмкка ҳам рози бўлардилар, ҳозир эса кабағаллар шеърият ёрдамида бой бўлишни истаб қолишган.
Москвада беш юз нафар шоир бор. Бу кўп. Доғистонда ҳам Ёзувчилар союзи аъзоларининг сонини чегаралаш керак. (Ёқутистонда ҳам, Бурятистонда ҳам, Осетияда ҳам, ҳамма республикаларда шундай қилиш керак, деб ўйлайман.) Бизда эса нима бўляпти: бир одам ўз тилида иккита китоб чиқаради, ҳали эътиборга тушмаган, бошқа республикаларда ҳам уни бир кимса билмайди, у эса аллақачон СССР Ёзувчилар союзининг аъзоси! Москвага боради, СССР Ёзувчилар союзининг аъзосиман, дейди, китобини чиқаришни талаб қилади. Уни қўллашади ва кўрибсизки, у энди ўз ҳуқуқларидан матал ўқий бошлайди.
Шоирларга муносабат ҳозир ўзгарган, амалдорлар кўпайиб кетди. Илгари Константин Симонов телефон қилар ёки телеграмма йўллар, бирон нимани сўрар эди. Бундан одамнинг кўнгли кўтариларди.
Шеърият — шоирнинг маҳрами. Шеърият намойиш эмас, шеър баҳона одам хилватга кетади, ўзи билан ўзи танҳо қолгиси келади. Сўз билан ҳам. Биздаги шеъриятда эса кенгашли муҳаббат ва телефондаги ўпичлар…
Эҳтимол шунинг учундир, сайловчилар билан учрашиб қайта қуриш, санъат, шеърият тўғрисида гапирсам, қачон колбаса бўлади, водопровод қачон ўтказилади, деб сўрашади мендан. Сайловчиларимнинг дардини ҳам тушунаман, қайта қуришнинг мақсади — одамларга бир бўлак нон билан бирга тўғри, самимий ҳақиқат сўзини ҳам бериш. Бунда унисини-да, бунисини-да уддалаш керак. Нон зарур, лира ҳам муҳим. Шеърият нонсиз яшайди, лекин нон шеъриятсиз…
Каспий аэропортида, хайрлашув чоғи
— Ҳозир «Концерт» деган номда бир китобни ёзиб тугатдим. Ҳаёт —концерт, дунё — концерт, тарих — концерт. Бу концертларнинг ғижжаги ҳам бор, рояли ҳам, рок-музикаси ҳам, арғуни ҳам бор… Эсимда, уруш бошланиши арафасидаги сўнгги кун — 1941 йилнинг 21 июнида радиодан катта концерт берилган эди. Ашулалар, куйлар, кўтаринки оҳанглар… Чегараларда эса бу пайтда аллақачон немис десантлари туширилиб қўйилди. Ана ундан кейин уруш концерти, ўлим рақслари бошланиб кетди-ку. Бутун Оврупа ерларида гўрлар қазилар, охирги қўшиқлар куйланар эди… Ҳужумларимиздан бирининг махфий номи «Концерт» бўлган…
Агар фашистларнинг ўлим лагерларида чинакамига «жонли» концертлар қўйилмаганда, китобнинг номини ҳазилга йўйиш ҳам мумкин эди.
Ҳозирги ҳаётимиз гоҳо менга ҳеч тўхтамайдиган концертга ўхшаб кетади. Хушчақчақ, фожиали, ҳаловатсиз, мияни айнитадиган концертга… Достонни бир даврада ўқиб бердим. Мендан «Нимага унда Пугачёванинг, рок-музиканинг концерти йўқ?» деб сўрашди. Кулайинми, йиғлайинми — билмай турардим.
Бу беқарорлик туйғуси, ўзгаришлар талвасаси, даврлар ва шахсларнинг шундоқ кўз ўнгимизда содир бўлаётган бу алмашинишлари ҳам менга баъзан фалакнинг сира тинмайдиган аллақандай концерти, фожиали нотадаги кўриниши бўлиб туюлади. Сурнай, балалайка, арғун… Бирининг овози ҳаволанади, бошқасиникини ер ютади.
Ҳаётимизнинг бу буюк концерти нима билан тугашини билолсак эди!
Нурулло Отахонов таржимаси
«Огонёк» журналининг 1987 йил, 41-сонидан олинди.
“Шарқ юлдузи” журнали, 1988 йил, 1-сон