“ТВ фақат вақтингизни эмас, ўзингизни ҳам жисми жонингиз билан қўшиб, тўлиғингизча ютиб юборади. Лекин кимдир бу шарафли юмушни қилиши керак, фақат ёзувчи эмас…”
Адиб билан сўнгги интервью
Аҳмад Аъзам таҳририят ва нашриётларда ишлади. ТВда самарали фаолият юритди, муаллифлик кўрсатувлари чиқди, ёшларга раҳбарлик қилди. Китоблари чоп этилди. Катта ёзувчига айланди.
Аҳмад ака билан тез-тез телефонлашиб турардик. Суҳбат мавзуси, асосан, адабиёт ҳақида бўларди. У кишини сўнгги бор кўрганимда эса анча тоби йўқ эди. Ўшанда уйларида бир соатча суҳбат қурдик.
Қуйида ўқийдиганингиз эса, бирмунча вақт аввалроқ “Зарафшон” газетаси илтимосига кўра уюштирилган. Афтидан, бу Аҳмад Аъзамнинг сўнгги интервьюси. Чунки мазкур суҳбатдан сўнг у кишининг бошқа бирорта мусоҳабасига кўзим тушмади.
– Аҳмад ака, энг аввало, болалик йилларингиз, Самарқандда кечган дамларингиз ҳақида суҳбатлашсак…
– Болалигим қишлоқда, Ғазирада кечган. Қилган катта саёҳатим Бухорога бориш бўлган. Отам раҳматли Ғиждувонга бир бориб, эллик учинчи йили бўлса керак, Хўжаи Жаҳон авлодидан олтмиш йилларча бурун узилишиб кетган амакиларининг оилаларини топиб, кўришиб, ришталарни қайта боғлаб қайтганлар. Кичкина эдим, отамнинг бобо-бобокалонимиз Хожа Абдухолиқ Ғиждувонийга қандай авлод эканимиз, шажарамиз Бухорои шарифдаги бир амакимизникида сақланиши ҳақида айтиб берган гапларини миямга қуйиб олганман. Ўн тўққизинчи аср охирларида Вафохўжа бобом амир билан ихтилоф туфайли, балки амир бу авлод нуфузини чеклаш пайига тушганми, ишқилиб, Ғиждувонни тарк этиб, Ғазирага, шу ерда хоки ётган улуғ аллома, яссавия-жаҳрия тариқати пири Ҳазрат Азизон Шайх Худойдоди Валий руҳини қора тортиб келган.
Нимага Бухородан Самарқандгача йўлда, Самарқанднинг ўзида не-не азиз-авлиёлар маконида тўхтамай, бу ерга келганларини кейинроқ отам ҳам олтмиш уч ёшларида, сира сафарларда юрмайдиган одам, бирдан Туркистонга отланиб, Хожа Аҳмад Яссавий зиёратини ўтаб келганларида англадим. Бу ҳам бобом тариқат шарти эканини тушундим. Ўша, бола пайтим отам ҳангома берганларида, мен пойгакда гап пойлайман, мулгиб қолиб, қулоғимга “Ғиждувон”, “Ғишдувон” деган гаплар эшитилиб, сергак тортдим. Кўзим юмуқ, қулоғим динг. Отам ўтирганларга, бу билмасин, дегандек, паст товушда эрта саҳар жўнашни тайинладилар. Пойлаб ётганман шекилли, сезиб қолдим: тонг ғира-ширасида акам “полуторка”сини ҳайдаб келди, отам, бир амаким, акамнинг шопир жўраси, қарасам, бирга жўнашмоқчи, “Мен ҳам бораман”, деб эргашдим, отам қайтардилар, акам уришиб берди, ойим ичкарига судрадилар, мен бақириб йиғлаб туриб олдим. Шунда отам ойимга: “Э-э, ариллатма-е шуни, юрса-юрсин. Кийим-пийимини бер”, дедилар. Ариллаб ёпишганимга қараганда, узоғи билан беш-олти яшар бўлган бўлсам керак.
Шу билан саёҳат-сафарга илиниб қолганман. Шу сафарда илк марта шаҳару қишлоқлардан ўтиб, кенгликларни кўрдим. Ғиждувондаги кўп қариндош-уруғникида меҳмон бўлдик, Бухорога бордик. Аркни томоша қилдик. Шуларнинг ҳаммаси хотирамда бир умр михланиб, Хўжаи Жаҳон – Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний авлодиданман, деган сурур бўлиб қолди кўнглимда.
Бошимда бу паноҳ – Ҳазрат Азизон шайх Худойдоди Валий, ҳар саҳар отам айтган азон билан уйғонаман, ўзим салобатли, босиқ, жаҳоний мазмун руҳ қарови остида эртаю кеч меҳнату китоб билан, тонгдан қаро шомгача иш, кейин керосинчироқ ёруғида ўқиш билан ўсаман, шу хира ёруғ ҳам бу ёғига йўлимни ёриштирдими, дейман. Пирлар мададкор бўлиб, катта йўлга китоб кифтида чиқиб олгандекман.
– Бир пайтлар Ғафур Ғулом “СамДУ қопқасида бир қизни кўрдим”, деб ёзган эди. Бу даргоҳ шу тариқа тилларда достон эди. Сиз Самарқанд давлат университетида таҳсил олгансиз. Ижодга қизиқиш ўша пайтларда юз берганми?
– Самарқандга ҳужжат топширишга илк келганимда ўн олтидан ўн еттига ўтган, ўзининг соясидан ҳам ҳуркадиган ўспирин эдим. Факультет фойесида, ҳужжат топширадиган жойда “скоросшивател”ни кўкрагимга маҳкам босиб олганман, худди бу ҳужжатларимни биров: “Э-э, сан болага ким қўйибди университетни! Ол бу ёққа”, деб “аъло”га тўла аттестатимни тортиб олиб, шу билан ўрнимга ўзи кириб оладигандек. Кейин, ҳужжат жилдини қўлтиқлаган ёши катталар ҳам кўп эди, айримлари хотин-бола-чақасини ҳам эргаштириб олган: биратўласи шаҳарни қидиртириб кетади. Буларнинг орасида мени ҳали ёшинг кичкина деб қайтариб юборишади, деган хавотир ҳам бор.
Лекин университетга киришим… кўкрагимда қувонч чақмоқ бўлиб чақнаган. Йўқ, бу қувонч ифодасига сўз йўқ! Зўр бўлган лекин! Дарслар! Бунақаларини мактабда кўрмаганман. Домлалар – шунақа салобатли, кўркам одамлар! Йигирма кунча ўқиб, пахтага кетдик. Пахтанинг ичидан, меҳнатнинг тагидан чиқиб келмадимми, етмиш киломи нормани дўндириб ташлайман; барак ёнида ҳосили йиғиштирилиб, қолган майда бошу шингиллари шира бойлаб ётган узумзор, тарвуз пахтанинг ичида думалаб ётади, кечқурунлари гулхан теграсида ғазалхонлик, хуллас, қишлоқ боласига байрам! Бир ғазалхон қизимиз бир ғазалхон акамиз билан қўйиб берса тонггача мушоира айтишади, безор бўлиб кетамиз. Чапак чалиб тўхтатиб, навбатни шоира қизларимизга олиб берамиз. Ўртага чиқиб шеър ўқиганларга жуда ҳавасим келади, нимага мен шунақа эмасман, деб ичим куяди. Мактабда ўзим ҳавасакка шеър ёзганман, лекин ўртага чиқишнинг масъулиятини шу теримда чуқурроқ англаганман, шекилли. Шундан бошлангандир ёзув-чизувнинг масъулияти…
– Бугун сизни Самарқанд билан қавм-қариндошлар, ижодкорлар, болалик ва камолот ҳақидаги хотиралардан ташқари яна нималар боғлаб туради?
– Соғинч! Самарқандни соғинаман, болаликни соғинаман. Бориб, Самарқандни кезиб, бу соғинчни босиб бўлмайди, талабалик давримдаги Самарқандни кўргим келади. Қирқ йилдан бу ёғига Самарқанд ўзгарди, қайта қурилиб, гўзал бўлиб кетди. Унинг бугунини кўрганимда ҳам ўша қирқ йил олдинги хотира-соғинчлар ёпирилиб келаверади. Бу саволингиз жавоби, ёзса, газетага сиғмайди, шу қадар теран. Болалик мавзуига унда-бунда тегинишга журъат қилганман, яқинда бир “Қуроқ” деган қисса бостирдим.
– Аҳмад Аъзам сценарий муаллифи бўлган “Ўзи уйланмаган совчи” сериали қайта-қайта эфирга узатилмоқда. Шу номдаги китоб ҳам қўлма-қўл бўлиб кетган. Гурунг-роман тарихи ҳақида билмоқчи эдик. Мабодо бош қаҳрамонда сиздаги хислатлар мужассам эмасми?
– Ҳар қандай образ, персонажга ёзувчининг кўргани, эшитгани ё ўз бошидан кечиргани, ёхуд хаёлидан ўтказгани асос бўлади. Шу боис қаҳрамонлар муаллифдан унча узоқда бўлмайди. Лекин ёзилган нарсада ҳар бир қилиғи, хатти-ҳаракати, гап сўзлари, феъл-атворидан нусха олинган бўлса-да, бу айнан ўша қаҳрамоннинг ўзи бўлиб чиқмайди. У – қаҳрамон ҳақидаги ёзувчининг тасаввури. Ёзувчи ўзи ҳақида ёзса ҳам, масалан, автобиографик асарида, ўзини анча-мунча бадиий ишлов берган тарзда гавдалантиради. “Ўзи уйланмаган совчи”да, ўз бошимдан ўтказган воқеа туртки бўлган, лекин бошқа қаҳрамон, персонажларнинг ҳам ҳаётдан айрим жиҳатлари олинган бўлса-да, қолган жиҳатлари тўқима. Тўрт-беш персонаж бошдан-оёқ уйдирма. Бу романни телесериалга сценарий сифатида бошладим, қарасам, диалоглар бинойидек чиқяпти, диалогга азалдан санъат деб қарайман, кучимни синаб кўрмоқчи бўлдим.
– “Ўзи уйланмаган совчи” – ҳазил-мутойиба, юморга бой асар. Ваҳоланки, бошқа ёзганларингиз бир қадар “оғир”, жиддий тарзда “кашф этилган”.
– Юмор, ўйлайманки, шу ҳақда ёзишяпти ҳам, ҳамма ёзганларимда бор. Ўқувчига ўзининг зимистони етиб ортади, ёзиб унинг кўнглини баттар қора қилиш – адабиётнинг вазифаси эмас. Бадиий асар жиндай бўлса-да ёруғлик бериши керак. Мен буни атайлаб қилмайман, табиатим шундай. Ҳозир ўйласам, шукрки, фақат “Ўзи уйланмган совчи”да эмас, ҳамма асарларимда нимадир эркинлик, бемалоллик, ўзини Аллоҳнинг ихтиёрига топшириб, яхшилик кутиш умиди бор экан.
– Очиғини айтиш керак, агар ҳозир ҳам ТВда ишлаганингизда бу каби асарлар ёзиш учун вақтингиз бўлмасди. Қолаверса, янги китобларингиз ҳам чоп этилмасди. ТВ нафақат томошабиннинг, балки унда ишлаётганларнинг ҳам вақт ўғриси бўлса керак?
– Саксон олтинчи йилдан икки минг олтинчи йилгача уч-тўрт ҳикояни истисно қилсам, ёза олмадим. Тобим бўлмай, ишдан бўшаб, нафақага чиққанимдан кейин икки ойча, гапнинг рости, қўлим ёзишдан чиқиб кетди, энди кунларимни қандай кеч қиламан, деб эзилиб юрдим. Бир завқ-шавққа тўла, лекин ёзишга ҳеч имкон қолдирмайдиган талотумнинг ичидан чиққан эдим. ТВ фақат вақтингизни эмас, ўзингизни ҳам жисми жонингиз билан қўшиб, тўлиғингизча ютиб юборади. Лекин кимдир бу шарафли юмушни қилиши керак, фақат ёзувчи эмас.
– Аҳмад ака, сиз газета, журналларда ҳам фаолият юритгансиз. Ўткир Ҳошимов эътироф этганидек, “газета ёзувчини тоблайди”ми ёки уни маълум маънода чеклаб қўядими?
– Тўғри, тоблайди. Аммо ёзувчини меъёригача. Ундан кўпи истеъдодни ҳазм қилиб юборади. Мен талай табиий туғма истеъдодларни биламан. Уларнинг билим миқёсларига ҳавасим келади. Катта шоир, ёзувчи, мунаққид бўлар эдилар, аммо газетага фидойилик, таҳрирга шайдолик туфайли адабий жараённинг марказида туриб, айни шу жараёндан четда қолганлар. Табиийки, бундан журналист ҳамкасбларимиз истисно – журналистикада маҳорат амали билан ўсиб бораверади. Тўрт-беш соҳада қалам тебратишни истеъдод қирралари деймиз-у, лекин ҳамма қиррага бирдай куч берилса, бари бирдек ўртача бўлиб қолиши мумкин.
– Мухлисларга кейинги йилларда чоп этилган китобларингиз ҳақида маълумот берсангиз.
– Икки минг ўн, ўн биринчи йиллари “Ўзи уйланмаган совчи”, “Рўё ёхуд Ғулистонга сафар”, “Ҳали ҳаёт бор” китобларим чоп этилди. Йигирма йил ёза олмаганларим кўнглимда йиғилиб қолган экан, шекилли-да! Тўртинчи китобни босмага топширганман. Чиқишини кутяпман. Шу ойларда ёзаётганим яна яримта китобга етиб қолди. Лекин ҳозир она тилимиз ҳақидаги мақолалар устида ўтирибман, булар ҳам, Худо хоҳласа, бир кичик китоб бўлар.
– Аҳмад Аъзамнинг бир куни… Ҳозир у қандай ўтмоқда?
– Одам ҳали бундан-да яхши кунлар келади, деган умид билан яшаши керак. Мен Аллоҳнинг кўрсатган ҳар кунига шукр қиламан.
– Қизингиз Ҳулкарнинг “Қиш сонатаси” сериалини ўзбекчага ўгирганини биламиз. У ҳозир нималар билан банд? Фарзандлардан яна қайси бири ота изидан юрди?
– Қизим инглизчани яхши билади. “Ошин” сериали таржимасига иқтисодиёт университетида биринчи курсда ўқиётганда киришган эди. Фильм японча, бизга келган монтаж варақлари инглизча эди. Кейин корейсча “Қиш сонатаси”, “Ёз ифори” сериалларини ҳам инглизча монтаж варақларидан ўгирди. Аммо ўзи иқтисодчи, университетни битириб, ўзимиздаги бир хорижий банкда ишлади. Ҳозир эса икки ўғилчаси, куёвимиз Ҳамрожон билан Лондонда, бир инвест-компанияда. Ўғлим Улуғбек ҳам “инглиз”. Қаерда ишлайди, десангиз, ҳозир Улан-Баторда, таътилга келиб, оиласи билан Янгон (Мьянмар – Бирма)га кетади. У ҳам иқтисодчи, ёзишга уқуви яхши, лекин битта касбни ушлагани маъқул, менингча. Аммо ўғлимнинг қизи, тўққиз ёшли Муаззам, ёзувчининг невараси-да, ўзича ҳикоя, шеър машқ қилади, менга интернет – скайпдан ўқиб беради. Мен ҳам хурсанд, у ҳам. Дарвоқе, унинг ойиси – келинимиз ҳам “инглиз”. Фарзандларимизни шу тарзда болалигидан китобга, ижодга ошно қилиш лозим, улғайгандан кейин қайси касбни танламасин, дунёбинлигига, барибир, ижод асос бўлади.
– Ўзбек адабиёти ҳақида. Исажон Султоннинг “Балиқ” ҳикояси хориждаги мукофотга лойиқ кўрилгани, Абдуқаюм Йўлдошнинг “Пуанкаре”си шов-шувга айлангани… Яна нималарни тилга олган бўлардингиз?
– Адабиётимизнинг бир жиҳатидан умидланаман – бугунги кунга келиб тубдан янгиланиши бошланяпти. Сиз айтган мисоллар, Собир Ўнар, Луқмон Бўрихон, Улуғбек Ҳамдам асарлари… Назар Эшонқулнинг “Гўр ўғли” романи катта адабиётимизнинг ривож йўналишларини белгилаб беради. Ўйлантираётган, яъни сокин шов-шув бўлаётган асар! Адабий тил муаммоси долзарб бўлиб турган бугунги кунда устоз адиб Эркин Аъзамнинг “Шовқин” романи босилиши – ҳар жиҳатдан ўсиб келаётган адабий авлодга бир дарс! Худо умр берса, бундан бу ёғига шов-шув асарларни кўп кўрамиз.
– Самарқандга охирги марта қачон боргансиз ва нима мақсадда?
– Оладиган муолажам Тошкент билан боғлиқ. Самарқандга беш йил боролмадим. Бултур ёзда бориб-келишга, Худога шукр, йўл чарчоғига чидадим. Валийбобо қабристонида ётган падари бузрукворим, волидаи муҳтарама онам қабрлари зиёратини ўтадим, бошларида Қуръон тиловат қилдим. Елкамдаги юк озгина енгиллашгандек бўлди. Шу оддий қишлоғимизнинг оддий кўринишларини яна бир кўргим келиб юрар эди – кўрдим, кўкка бурканган бир тенгсиз маъводек туюлди, кўнглимни очиб юборди, “Қуроқ” устида бир ярим йилдан бери ишлаётган эдим, шунга ҳам йўл очиб берди.
Анвар Намозов суҳбатлашди
(2013 й. апрель)