Барча соҳаларда бўлганидек, мустақиллик йилларида матбуот ва оммавий ахборот воситалари ҳам жадал тараққий этиб, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ижтимоий-маънавий ҳаётимизда эришилаётган ютуқларнинг ўзига хос кўзгусига айланди. Таниқли адабиётшунос олим ва публицист Абдулла Улуғов билан суҳбатимиз журналистиканинг бугунги глобаллашув замонидаги ўрни, ютуқ ва муаммолари хусусида.
— Куни кеча Юртбошимиз соҳа ходимларига Матбуот ва оммавий ахборот воситалари куни муносабати билан йўллаган табригида янги ҳаёт қуриш, янги марраларни эгаллаш йўлидаги саъй-ҳаракатларимиз, шунингдек, аҳолининг тезкор ва ҳаққоний ахборот олишга бўлган эҳтиёжини юксак даражада таъминлаб боришда соҳа ходимлари олдида турган вазифаларга тўхталиб, алоҳида таъкидлаганларидек: “Маънавий ҳаётимизни, бу йўналишда олиб бораётган сиёсатимизни, бугун шиддат билан ўзгариб бораётган замон билан уйғун ва ҳамоҳанг ривожлантириш мақсадида бизнинг ўзлигимиз, ҳаёт ва тафаккур тарзимизнинг ифодаси бўлган миллий қадриятларни кўз қорачиғидек асраб, шу билан бирга жаҳон миқёсида эришилган, эътироф этилган умумбашарий ютуқларга таяниб, уларни ўзлаштириб иш олиб боришимиз зарур. Ва айнан ана шундай мезонлар матбуот ва оммавий ахборот воситалари фаолиятининг асосий тамойилларини ташкил қилиши керак”, дея таъкидлади. Демак, Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларининг жаҳон ахборот майдонида ўзини намоён эта олиши бизнинг ана шу тамойилларни нечоғли теран идрок эта олишимизга боғлиқ.
— Дарҳақиқат, оммавий ахборот воситаларининг бугунги кунда “тўртинчи ҳокимият” сифатидаги ўрни ва таъсири ортиб бормоқда. Шу боис, мамлакатимизда ҳозирги кун талабларига жавоб бера оладиган замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ривожланмоқда, бир нечта тилни пухта эгаллаган журналистларнинг янги авлоди шаклланиб келмоқда. Зеро, оммавий ахборот воситалари юксак ғоявий минбар, жамият кўзгуси. У одамларни янгича фикрлашда, буюк тарихга эга эканлигимизни англатишда, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда ҳал қилувчи куч эканини эсдан чиқармаслигимиз лозим. Қолаверса, миллий матбуотимиз одамларда ўз-ўзини англаб етиш, миллий қадриятларни қадрлаш, урф-одатларимизга содиқ қолиш каби маънавий-маърифий мезонларни шакллантиришга хизмат қилади. Яъни фуқароларимизда ижодкорлик ва бунёдкорлик имкониятларини кенгайтиради.
— Собиқ тузум даврида журналист ўз дилидаги гапларни эмас, ундан талаб этилаётган нарсаларни ёзишга мажбур эди. Истиқлол шарофати билан журналистларимиз қўлини боғлайдиган мафкуравий тушовлардан озод бўлди. Айни чоғда, жамиятда журналистнинг мавқеи ҳам ошди. Қанчадан-қанча танловлар, унвону мукофотлар журналист маҳоратини баҳоловчи мезон бўлиб хизмат қилмоқда. Сиз журналистнинг айни шу жараёндаги ўрнини қандай изоҳлайсиз?
— Ҳар қандай касб эгаси фидойилиги туфайли обрў-эътиборга, мавқега эришиши мумкин. Журналист ҳам фақат меҳнати ва жонкуярлиги билан жамиятда иззат топади. Агар у ҳалол, фидойи бўлмаса, айтаётган сўзи салмоқ касб этмайди, бошқаларга таъсирли бўлмайди. Миллат ва эл-юрт манфаати йўлида ёниб қалам тебратаётган журналистнинг меҳнати, албатта, қадр топади. “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвонининг таъсис этилгани, матбуотимизда самарали меҳнат қилган журналистлар ҳукумат орден ва медаллари билан тақдирланаётгани, қалам аҳлини рағбатлантириш мақсадида турли танловлар ўтказилаётгани бугун соҳа вакилларининг ижодий изланишлари учун кенг йўл очилганидан далолатдир. Мавжуд имкониятлардан фойдаланиш эса ҳар бир мухбирнинг саъй-ҳаракати, изланишига боғлиқ, албатта. Ўтмиш ҳодисалари ва бугунги ўзгаришлар қиёсланган, таҳлил қилинган, миллий ва умуминсоний қадриятларга асосланиб хулосалар чиқарилган, материал — мақола деймизми, очерк деймизми, репортажми, албатта, кўпчилик эътиборини тортиши шубҳасиз.
— Жамиятда кечаётган жараёнларга матбуотдан кўра тезроқ таъсир кўрсатадиган қудратли восита йўқ. Шу маънода, публицистика — жамият қалбининг акс-садоси, одамлар кўнглининг ифодачиси, деган нуқтаи назарни сиз қандай тушунасиз?
— Ҳаётимизнинг ҳар куни янгиликларга бой. Айнан ана шу янгиланишлар, ўзгаришлар журналистлар томонидан ҳозиржавоблик билан, ишонарли тарзда акс эттирилса, одамларнинг ҳаётдаги ўзгаришлар моҳиятини англаб етишига муайян даражада кўмаклашади. Публицистиканинг майдони аввал газета ва журналлар саҳифаси эди. Фан-техника тараққиёти туфайли унинг майдони кенгайди. Телекўрсатувлар, радио эшиттиришлар, интернет катта аудиторияни қамраб олди. Аммо газета-журналлардаги очерк, фелъетон, эссе, публицистик мақола, агар ҳақиқатдан ҳам, мазмундор, таҳлилга бой бўлса, тарих саҳифаларида қолади. Чунки публицистиканинг бундай намуналарида ўша замоннинг нафаси, жамиятдаги ўзгаришлар “об-ҳаво”си акс этади. Масалан, Назир Сафаров, Йўлдош Шамшаров, Суннатулла Анорбоев каби адибларимизнинг ўтган асрнинг 60 — 80-йилларда матбуотда чоп қилинган мақола, очерк, эсселарида ўша давр нафаси, гарчи ўз даврининг мезонлари доирасида бўлса-да, акс этганди. Истиқлол даври публицистикасида ҳаётимиздаги ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар, маънавиятимизда юз берган тозариш, улкан бунёдкорлик ишлари кенг ва чуқур акс этаётир. Бугунги давр публицистикасига хос хусусият — бу яратувчилик жараёни одамлар қалбида қандай акс-садо бераётганини, уларни нималарга даъват этаётганини теран илғаш ва кўрсата билмоқдан иборат.
— Публицистика Чингиз Айтматов, Абдулла Қаҳҳор, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Шукур Холмирзаев каби ёзувчилар ижодида жуда муҳим ўрин тутган. Бугун публицистларимиз улар ижодининг бу борадаги қайси жиҳатларини ўрганишлари мақсадга мувофиқ, деб ўйлайсиз.
— Ўқувчилар эътиборини тортган, адабиёт тарихида из қолдирган талайгина асарлар очеркдан “униб” чиққан. Ҳамид Олимжоннинг “Зайнаб ва Омон”, Абдулла Қаҳҳорнинг “Шоҳи сўзана” асарлари, Одил Ёқубовнинг “Диёнат”, Пиримқул Қодировнинг “Қадрим”, “Мерос” каби қиссалари, адабиётдаги яна кўпгина асарлар бунга мисол бўла олади. Ушбу машҳур асарлар замирида очерк туради. Адиблар айни асарлардаги қаҳрамонлар ҳаётини обдон ўрганган, уларнинг турмуш тарзи билан танишиб, феъл-атворларини яқиндан кузатган. Ҳаётнинг чуқур ўрганилиши эса бадиий асарларнинг таъсирчан бўлишига пойдевор яратади. Аслида ҳам ижодкор ҳикоя, қисса, роман, драма, комедия ёзаётганида, албатта, унинг кўз олдида турли характерли одамлар туради. У ўзи таниган, билган, кузатган одамларини хаёлидан ўтказиб, адабий қаҳрамонлар образини яратади. Адабиётимизда бугунги кун қаҳрамонлари образи биз кутган даражада етарли эмаслиги сабаби ҳам адибларимизнинг машҳур ёзувчиларимиз сингари ҳаётнинг ичига кириб боролмаётганидир. Яъни, янги асар ёзиш учун шаҳару қишлоқ, далаю дашт кезиб, қисқа фурсатда бир кўз ташлаб келишнинг ўзи камлик қилади. Зеро, турли тақдирли, касб-кори турлича бўлган кишилар билан астойдил мулоқотда бўлиш, улар сиртига чиқармаётган гапларни илғаб олишгина ёзувчи учун яхши асар яратишга пухта замин бўлади.
Бу борада ибратли мисоллар ҳам йўқ эмас. Масалан, Абдулла Ориповнинг “Буюк келажак манзаралари” (“Ўзбекистон адабиёти ва санъати”), Анвар Обиджоннинг “Тинчликнинг таъми” (“Халқ сўзи”), Ўрозбой Абдураҳмоновнинг “Киндик қони томган ер” (“Ҳуррият”), Ойбуви Очилованинг “Умр ўткинчидир, ҳаёт абадий” (“Маърифат”), публицистик мақолалари озод юртнинг обод масканлари ҳақида ўзига хос кузатишлар билан ёзилгани ўқувчини Ватанни севишга, озодликни кўз қорачиғидек асрашга даъват этади. Муҳаммад Алининг “Кенжа қиз” очерки (“Ёшлик”), Ғулом Мирзонинг “Истиқлол ва маънавият“ (”Шарқ юлдузи”), Фарруҳ Ҳамроевнинг “Президент орзусидаги қишлоқ уйлари”(“Ўзбекистон овози”), Улуғбек Ҳамдамнинг “Инсон билан юксалар замин” мақоласида замондошларимизнинг бунёдкорлик фаолияти тўлақонли акс эттирилган. Бундай таҳлилий очеркларга газетхонларда ҳамиша эҳтиёж катта. Қутлибека Раҳимбоеванинг “Халқнинг гулсўзли китоби” мақоласида эса ўзбек оиласи, урф-одатлари, қадриятлари ўзига хос тарзда очиб берилганки у ҳар бир ўқувчида катта таассурот қолдириши, шубҳасиз.
Кишиларнинг ҳаёт йўли чуқур таҳлил этилган, орзу-интилишлари ҳаққоний ёритилган, ҳаётий мисолларга асосланган публицистик мақола, очерклар бўлғуси бадиий асарларга “хамиртуруш” бўлиши баробарида, кимнингдир ҳаётда ўз йўлини топиб олишига, турмуш синовларига бардош беришига, дуч келган машаққатлардан муваффақият билан ўтиб олишига ёрдам беради. Очерк, мақола қаҳрамонининг бошидан кечирганлари, интилишлари одамларга ибрат, маънавий мададга айланади.
— Журналистларни, одатда, давр солномачилари, дейишади. Шу маънода бугунги публицистикамизнинг ютуқ ва камчиликлари нималардан иборат?
— Журналистларни “давр солномачилари” дейдиган бўлсак, улар олис қишлоқлардаги ислоҳотларни қуруқдан-қуруқ қилиб эмас, одамлар тақдири орқали кўрсатиши, ёшларга эътибор ва ғамхўрликнинг моҳиятини, қишлоқ ва шаҳарларимиздаги ўзгаришларни таҳлил орқали инсонларнинг онг ва шуурига етказишлари керак. Албатта, “у керак”, “бу зарур” дейиш осон. Жонкуяр журналистларимизнинг интилишу изланишларини инкор этмаган ҳолда улар юртимизда кечаётган жараёнлар ичига чуқурроқ кира олмаётганларини ҳам айтишга тўғри келади. Айрим мақола ва очеркларда, радиоэшиттириш ва кўрсатувларда мавжуд муаммоларга жуда юзаки муносабат билдирилади, уларнинг илдизлари теран таҳлил этилмайди ва муаммоларни қандай ечиш юзасидан таклифлар ўртага ташланмайди. Баъзан кимнингдир масъулиятсизлиги боис келиб чиққан камчиликларни хаспўшлаш ҳоллари ҳам учраб туради. Йиллар давомида тузукроқ танқидий-таҳлилий мақола ёзмаган журналистларимиз ҳам борлигига нима дейсиз!
Публицистика учун ҳаётда бўлаётган барча ҳодисалар мавзу бўла олади. Жамият ҳаёти маънавий-ахлоқий муаммолардан холи эмас. Бу ўринда бугун жиддий ташвиш уйғотаётган “оммавий маданият” билан боғлиқ муаммоларни эслашнинг ўзи кифоя. Фақат уларни синчковлик билан ўрганиб, таҳлил қилиш ва шу орқали ижтимоий фикр уйғотишга муносиб ҳисса қўшиш керак. Шу маънода, журналистларимиз долзарб масалалар, ўз ечимини кутаётган муаммолар ҳақида холисона ва атрофлича ёндашиб ёзилган очерклар, публицистик мақолаларга бугун эҳтиёж катталигини ҳар доимо ёдда тутишлари лозим, деб биламан.
— Публицист бирор мавзуни қаламга олар экан, миллат ва жамият манфаатлари уйғунлигини кўрсата билса, сўзнинг таъсир кучи ўн чандон кучаяди. Бугун халқимиз мустақиллигимизнинг 22 йиллик довонидан ошиб ўтаётир. Дастлабки пайтлардаги оғир курашлар, машаққатлар ортда қолган бўлса-да, юрт тинчлиги, фаровонлигини таъминлаш дунё қалқиб турган бугунги кунда ҳам ҳамон долзарб бўлиб турибди…
— Матбуотда, телекўрсатув, радио эшиттиришларда мустақиллик йилларидаги ислоҳотлар жараёни ҳақидаги чиқишлар кишиларимиз дунёқарашини тубдан ўзгартирди. Мустақилликка эришилмасдан илгари тилимиз қандай аҳволда эди? Динимиз, муқаддас қадамжоларимиз қанақа ҳолатда эди? Миллий қадриятларимизга муносабатимиз қандай бўлган? Тарихимизни қай даражада билар эдик, деган саволларга жавоб берсак, истиқлол йилларида миллий маънавиятимиз қай миқёсда ўзгаргани яққол сезилади. Биз миллий маънавиятимиз тиклангани ва юксалгани туфайли тарихан қисқа даврда сиёсатда, иқтисодиётда юксак натижаларга эришдик. Ўтган давр Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси давлат Мустақиллигининг 22 йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш тўғрисидаги қарорида таъкидланганидек, чинакам маънавий тикланиш ва юксалиш даври бўлди. Маънавият бамисоли тоза ҳавога ўхшайди. Ҳаво ҳамма жойни қамраб олгани сингари маънавият ҳам кишилар ҳаётининг барча соҳаларини ишғол этади. Миллатнинг маънавий даражаси қандай бўлса, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати хам шунга мос бўлади. Чунки маънавият мамлакат ҳар бир фуқаросининг фикри, дунёқараши, ҳаётга муносабати, бир-бири билан ўзаро муносабати, иймон-эътиқоди, виждони, ор-номус туйғуларининг мужассамидир.
Биз мустабид тузум даврида топталган маънавиятимизни тиклашда ўзимизга хос ва мос йўлдан бордик. Бошқалардан андоза олмадик. Шонли тарихимизга таяндик. Ўзбек халқи сингари буюк тарихга эга халқ дунёда кам. Биз юнонлар, хитойлар, ҳиндлар сингари қадим тарихга, юксак маданиятга эга халқмиз. Бу билан фахрланишга, ғурурланишга ҳақлимиз. Аммо ҳар биримиз шундай беқиёс маданиятни мерос қолдирган улуғ аждодларимизга муносиб ворис ҳам бўлишимиз керак. Ўзини юксак маданият эгаси санайдиган айрим мамлакатлардаги беҳаё турмуш тарзи улар ахлоқ бобида қанчалик таназзулга тушиб қолгани, маънавияти тубанлашганини кўрсатиб турибди. Журналистларимиз аждодларимиз ардоқлаган қадриятларда кўп асрлик турмуш тажрибаси мужассамлиги, катталарга ҳурмат кўрсатиш, кичикларни иззат қилишда, теран ҳикмат мавжудлигини образли ифодалар ҳаётий мисоллар асосида талқин этишлари зарур. Чунки маънавият барча замонларда ҳам инсоннинг ўзлигини сақлаш омили бўлган.
Одамлар орасидаги ҳамжиҳатлик, бир-бирига ишонч-ҳурмат мамлакатнинг ҳар жиҳатдан тараққий этишини тинчлик ва осойишталик мустаҳкам қарор топишини таъминлайди. Ватан ва миллат манфаати ҳамиша шахсий истак-хоҳишдан устун туриши керак. Бинобарин, журналист ўз ижодида доимо халқчиллик, ҳаққонийлик, умуминсонийлик тамойилларига Ватан ва халқ манфаатлари устуворлигига асосланиши лозим. Шундагина халқ олдидаги фарзандлик бурчини бажарган, виждон амрига қулоқ тутган бўлади. Ҳақ сўз ҳамиша қадр топади.
Гулчеҳра Ашурова суҳбатлашди.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 27-сонидан олинди.