Қўшиқчи шоир ва драматург Туроб Тўла 1918 йил 24 декабрь куни Қозоғистон республикаси Чимкент вилоятига қарашли Турбат қишлоғида деҳқон оиласида туғилиб, болалар уйида тарбияланди. 1933—1941 йилларда Тошкент педагогика институтининг кечки бўлимида таҳсил олди. Шу билан бирга, «Ёш куч» журнали, «Ёш ленинчи» газеталарида ишлади. Сўнгра Ўзбекистон Давлат нашриётида муҳаррир, Ўзбекистон Радиосида бўлим бошқарувчиси, «Ўзбекфильм» киностудиясида адабий бўлим мудири, Республика киночилар уюшмаси котиби, Санъат ишлари бошқармасининг бошлиғи, Ҳамза номидаги Академик драма театри директори, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошидаги адабиёт тарғиботи марказининг раҳбари каби бир қанча масъул лавозимларда фаоллик кўрсатди.
Туроб Тўла шеър ёзишни 1934 йиллардан бошлаган. 1939 йилда унинг биринчи шеърлар тўплами босилган. 1941—1945 йилларда унинг ҳарбий мавзудаги шеърлари халқимизнинг фашизмга нафратини ва ватанга бўлган меҳр-муҳаббатини ифодалади. Шоирнинг «Шодлигим» (1941), «Табассум» (1944) тўпламларидаги шеърлари ҳам қаҳрамон жангчиларга бағишланган.
Туроб Тўланинг «Бахт тонготари» (1948), «Сен ҳақингда», «Қанот қоқинг, қўшиқларим», «Камалак», «Нафосат» тўпламлари кўпгина шеър ва достонларни ўз ичига олган. У «Болалар достони» (1950) номли асарида мактаб ва дўстлик ҳақида ҳикоя қилади. 1955 йилда Туроб Тўла «Қанот қоқинг, қўшиқларим» шеърлар тўпламини ўқувчиларига тақдим этди. Унинг қўшиқ учун ёзилган ёқимли, жарангдор шеърлари замонамиз кишиларининг юрагига ҳамоҳангдир. У қўшиқчи шоир сифатида, айниқса, машҳур бўлган.
Бир қанча киноқиссалар, жумладан, «Раис», «Марғилонлик қиз», «Талант», «Мафтунингман», «Фурқат», «Шашмақом», «Тўққизинчи аср монологи», «Қаҳр» фильмлари сценарийси Туроб Тўла қаламига мансубдир.
Туроб Тўла драматург сифатида ҳам машҳур бўлиб, унинг «Қирқ қиз», «Қизбулоқ», «Момо ер» (Ч. Айтматов асари асосида), «Нодирабегим», «Қаҳр» пьесалари республика театрларида қўйилди. Шунингдек, у «Зулматдан нур» (Ойбекнинг «Қутлуғ қон» романи асосида) операси ҳамда «Самарқанд афсонаси» балетининг либреттоларини ёзган.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Туроб Тўла ўз шеърлари, қўшиқлари, музикали драмалари ва киносценариялари билан ўзбек китобхонлари ва томошабинлари қалбидан чуқур жой олган.
У Шекспирнинг «Қийиқ қизнинг қуюлиши» комедияси, А.С.Пушкин, М.Ю.Лермонтов, Н.А. Некрасов, Т. Шевченко, А. Тўқай, С. Муқонов асарларини ўзбек тилига таржима қилган.
У Ўзбекистон халқ шоири (1988). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1967).
Туроб Тўла 1990 йил 20 март куни Тошкент шаҳрида оламдан ўтган.