XX асрнинг 30-50-йилларида кўзга кўринган ёзувчилардан бири Парда Турсундир. У 1909 йил 7 ноябрда Наманган вилояти, Поп туманидаги Чоркесар қишлоғида деҳқон оиласида туғилди. Ота-онадан эрта етим қолган Парда Турсун сарсон-саргардонликда ҳаёт кечиради. Аёвсиз йиллар шамоли уни 1918 йилда Чоркесар қишлоғидан Тошкентга етаклайди. Кишилар эшигида хизматкор бўлиб кун кечиради. Ундаги илмга ташналик 1923—1927 йилларда тажриба кўрсаткич мактабига, 1927—1928 йилларда Карл Маркс номли педагогика билим юртига олиб келади. Сўнгра, 30-йиллар бошига қадар Тошкент вилоятининг Пискент туманидаги мактабларда ўқитувчилик қилади.
Унинг адабиётга қизиқиши худди шу даврдан бошланган. 1929—1934 йилларда «Қизил Ўзбекистон» газетаси саҳифаларида илк хабар ва очерклари чоп қилинган. 1930 йилда унинг «Зўрлик» номли биринчи ҳикояси эълон қилинган.
1934—1935 йилларга келиб адибнинг «Остонада», «Қўлдош ва Маруся», «Бир хотиннинг тарихи» каби ҳикоялари яратилади.
Парда Турсун ижодида унинг «Домла» (1937) ҳикояси муҳим ўрин тутади. Мазкур ҳикоянинг сюжет чизиғи, айтиш мумкинки, адибнинг қарийб барча йирик асарлари саҳифаларига кўчган.
Парда Турсун 30-йилларда замондошлари ҳаётидан олинган бир қатор ҳикоялар, ўнлаб очерклар яратди.
Унинг «Дадажон раис» (1932), «Янги раислар» (1933), «Мажлисда» (1934), «Қувноқ ҳаёт» (1935), «Яйловда» (1935), «Тракторчи» (1935) каби очерклари шулар жумласидандир. Адиб ҳикояларида бўлганидек, очеркларида ҳам ўзбек зиёлисининг босиб ўтган йўли, кураши ҳақида ҳикоя қилади.
1941—1945 йилларда адиб Иккинчи жаҳон урушида қатнашади. Урушдан кейинги йилларда олий ўқув юртларида талаба, ўқитувчи, нашриётларда муҳаррир бўлиб фаолият кўрсатади. 1947 йили унинг биринчи йирик асари — «Ҳақ йўл» номли қиссаси чоп этилади. Ундаги бош қаҳрамон — Холмурод Дўстматовнинг ҳаёт йўли тимсолида адиб ўзбек зиёлисининг босиб ўтган машаққатли йўлини гавдалантиради. У кейинроқ «Ўқитувчининг йўли» номи билан чоп этилган. 1950 йилларда мазкур қисса қайта ишланиб, «Ўқитувчи» номи билан роман сифатида нашр қилинган. Ундаги бош қаҳрамон Элмурод образида ўзбек зиёлисининг ҳаёти ва кураш йўли мужассамлантирилган.
Парда Турсун журналист ва ёзувчи бўлибгина қолмай, таржимон ҳам эди. У Салтиков-Шчедрин, А. Толстой, Эмиль Золя, Ги де Мопассан асарларини ўзбек тилига ағдарган.
У 1957 йил 28 сентябрда Тошкент шаҳрида вафот этган.