Нозимахоним (1870 – Тошкент — 1924) — шоира. Ўзбек аёллари орасидан чиққан биринчи журналист-публицист. Татар, араб ва форс тилларини ўрганган. Оренбург ва Қозонда чиқиб турган матбуотни мунтазам кузатиб борган. Европа адабиёти ва маданияти билан таниш, эркпарварлик ғояларидан баҳраманд бўлган. Ўзбек ва форс мумтоз адабиётини, айниқса, Саъдий, Ҳофиз асарларини ўқиган.
Шеър ва мақолалари 1900 йилдан матбуотда босилган. 20 ёшларида шоира «бешёғочлик Нозимахоним» номи билан машҳур бўлган. Тараққиёт, маърифат ва маданиятни ташвиқ этувчи шеър ва манзумалари, жаҳолат, бидъат-хурофотни фош этувчи асарлари, замонасидаги ижтимоий тенгсизлик ва авж олган миллий истибдоддан кескин норозилик баён қилинган ўткир ҳажвий шеърлари «Шуҳрат», «Садойи Туркистон», «Тараққий» каби газеталарда мунтазам чиқиб турган. Шоира меҳнаткаш халқнинг миллий озодлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаган, хотин-қизларнинг жамиятдаги роли ва ўрни ҳақида асарлар ёзган, жаҳолат ва зулм поймол этган ўзбек аёлининг миллий, инсоний ҳақ-ҳуқукларини талаб қилиб чиққан («Инсонга қанча эрк даркор?», «Илм ва маориф борасида бир-икки сўз», «Хотинлар ҳуқуқига оид» ва б.).
Нозимахоним шеърияти 1905—17 йиллар ўзбек адабиётининг етакчи тамойилларини аниклашда, 20-йиллар ўзбек шеъриятининг характерли хусусиятларини белгилашда муҳим аҳамиятга эга.