Муҳаммадамин Фахриддинов (1894 Тошкент — 1941) — ўзбек маърифатпарвари, педагог. Тошкентдаги мадрасалардан бири ва 2 босқичли рус-тузем мактабини тугатган.
1913—17 йилларда Тошкентдаги рус-тузем мактабларидан бирида ўқитувчи. Октябрь тўнтариши (1917)дан сўнг ўзбек мактабларида ўқитувчилик қилган.
Муҳаммадамин Фахриддинов янги усул мактаблари учун ўзбек тили дарслиги («Туркча қоида»), алифбе китоби («Раҳбари аввал»), географиядан қўлланма («Жуғрофияи риёзий»)лар ёзган.
«Туркча қоида» (1913, Тошкент) ўзбек тилида биринчи марта ёзилган мактаб дарслиги булиб, бошланғич синф ўқувчилари учун мўлжалланган. Унда ўзбек тили грамматикаси, имло ва тиниш белгилари ҳақида дастлабки назарий маълумотлар, машқлар берилган.
«Раҳбари аввал» (1917, Тошкент) усули маддия (ҳарфларнинг номига унли товушлар қўшиб, чўзиб бўғин ҳосил қилиш)даги биринчи расмли ўзбек алифбесидир. Дарсликда оригинал матнлар билан бир қаторда К.Д.Ушинский, Л.Н.Толстой ва бошқа рус педагогларининг болаларга мулжалланган асарлари ҳам берилган.