Ҳожиакбар Шайхов (1945.25.3, Шинжон, Хитой — 2002.27.5, Тошкент) — фантаст ёзувчи ва публицист. Ўзбек илмий-бадиий фантастикасининг асосчиларидан. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1997).
Ота-боболари асли тошкентлик бўлиб, Шарқий Туркистонга кўчиб кетишган ва 1955 йил ватанига қайтишган. Тошкент политехника интининг энергетика факултетини тугатган (1971).
Ўзбекистон Фанлар Академияси Электроника институтида етакчи муҳандис (1978—81), «Ёш гвардия» нашриётида бўлим мудири (1981—84), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ижодий ишлар бўйича ўринбосари (1984—89), 1999—2000 йилларда «Сирли олам» журнали ва унинг иловаси — «Қалб кўзи» газетасининг асосчиси ва бош мухаррири. «Ёзувчи» нашриётининг директори (1996—2000), Ўзбекистон ёзувчилари уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари (2001 йилдан) бўлиб ишлаган.
Ҳожиакбар Шайхов 30 дан зиёд илмий-фантастик ҳикоялар, қиссалар ва романлар муаллифи. «Рене жумбоғи» (1977), «Залворли одимлар» (1977), «Еттинчи операция» (1979), «Ғаройиб кўланка» (1980), «Олмос жилоси» (1983), «Сўнгги аждарнинг ҳалокати» (1985), «Ҳаётбахш хаёллар» (1985), «Аждодлар хотираси» (1986), «Ёнар даре» (1986), «Мактаб саҳнаси» (1988), «Сеҳрли қиз» (1989), «Телба дунё» (1990), «Туташ оламлар» (1996), «Жодугарнинг эри» (1999), «Икки жаҳон овораси» (2001) ва б. фантастик қисса ва романлари бор.
Асарларида эзгулик ва ёвузлик, тўғрилик ва эгрилик, бағрикенглик ва худбинлик ўртасидаги кураш илмийфантастик шаклларда ўзига хос йўсинда акс эттирилган. Воқеалар силсиласи қанчалик ғайритабиий, қаҳрамонлар эса қанчалик ғаройиб бўлмасин, воқеалар Ердагина эмас, бутун коинотда, қўшни сайёраларда рўй бермасин, улар охир-оқибат қай бир томонлари б-н одамларнинг бугунги ҳаёти ва ташвишларига боғланиб кетган. «Фан фидойиси» (1987), «Замин шайдоси» (1990) публицистик асарлари ҳам чоп этилган.
«Ғаройиб кўланка», «Рене жумбоғи», «Олмос жилоси» сингари асарлари кенг китобхонлар орасида шуҳрат қозонди, жаҳоннинг бир неча тилларига таржима қилинди.
Ҳожиакбар Шайхов ўзбек адабиётида фантастика жанрининг асосчиси сифатида эътироф этилган. АҚШда нашр қилинган жаҳоннинг энг етук фантаст ёзувчилари ҳақидаги энциклопедияга ўзбек адабиётининг вакили сифатида айнан Ҳожиакбар Шайховнинг номи киритилгани ҳам бунинг ёрқин далилидир. Адибнинг кейинги йилларда яратган «Туташ оламлар» трилогияси мустақиллик даври адабиёти ривожига қўшилган муносиб ҳисса бўлди.