Эргаш Жуманбулбул ўғли (1868, ҳозирги Самарқанд вилояти Қўшработ тумани Қўрғон қишлоғи — 1937.12.5, Қўштамғали қишлоғи) — ўзбек халқ шоири, достончи. Деҳқон достончи оиласида туғилган. Унинг етти ота-бобосигача, шунингдек, амаки ва момолари достончи-шоир ўтган (Ёдгор, Лафас, Мулла Тош, Мулла Холмурод, Жуманбулбул, Тилла кампир, Султон кампир, Жоссоқ, Ёрлақаб ва бошқалар 17—19-асрларнинг таниқли достончилари бўлганлар).
Эргаш Жуманбулбул ўғлининг улкан шоир-достончи бўлиб етишувида оиласи ва қишлоғидаги бой адабий муҳит катта роль ўйнаган. Достончилик таълимини отаси Жуманбулбулдан олган.
Асли саводсиз бўлган Жуманбулбул ўз ўғли Эргашнинг ўқиш-ўрганиши, билим олишига катта эътибор берган. 1884—86 йилларда Бухоро мадрасаларидан бирида ўқиб, форс тилини ўрганган, араб тили билан танишган, ҳуснихат машқ қилган. Навоий, Фузулий, Ҳофиз, Бедил, Машраб, Маҳтумқули асарларини мутолаа этган. Бироқ моддий қийинчилик ва отасининг вафоти (1886) туфайли ўқишни давом эттира олмаган. Қишлоғига қайтиб, мустақил ўқиш, достончиликда маҳоратини ошириш билан шуғулланган, маълум муддат мактаб устози ва қайнотаси Ўтамурод хатибнинг ёрдами билан деҳқонлардан кафсан йиғувчи бўлган. 1887—89 йилларда Эргаш Жуманбулбул ўғли Бухоро амирлигига қарашли Нурота беклигининг амлокдорларидан бири Қўзибекка мирза (котиб) бўлиб ишлаган.
Ўлкада бошланган қаҳатчилик, чигиртка ва вабо тарқалиши натижасида шоирнинг яхшигина достончи бўлиб етишаётган укалари Абдухалил ва Абдужалиллар, сингиллари ва фарзандлари бирин-кетин вафот этади. Бундай ғам-алам, ташвишда қолган шоир куйлашни ҳам ташлаб, тахминан 1904—05 йиллардан дарбадарликда ҳаёт кечирган. 1912—22 йилларда Булунғур, Ғаллаорол, Ургут туманлари, Жиззах ва Панжакент атрофидаги қишлоқларда табиблик, қиссахонлик, шеърхонлик қилиб юрган, баъзан достонлар куйлаган. 1923 йилда қишлоғига қайтган. 1924 йил Қоракиса қишлоғида бир хонали мактаб очган.
Эргаш Жуманбулбул ўғли 1925 йил Самарқандга келган. 1926—28 йилларда Булунғур тумани Қирқшоди қишлоғида Пўлкан шоир, Фозил Йўлдош ўғли билан биргаликда ёд билган достонларини ёздириш ва ўзи ёзиб қоддириш билан шуғулланган. 1929—36 йилларда Эргаш Жуманбулбул ўғли ўз қишлоғида, асосан, деҳқончилик ишлари билан машғул бўлган, достончиликда шогирдлар етиштиришни давом эттирган. 1936 йилда Тошкентга келиб, 1937 йил апрелигача фольклоршунос Ҳ.Т. Зарифов уйида яшаган. 1937 йил апрель охирларида қишлоғига қайтиб вафот этган.
Эргаш Жуманбулбул ўғлининг ижоди, репертуари бой ва ранг-баранг. Шоир «Кунтуғмиш», «Якка Аҳмад», «Алибек билан Болибек», «Далли», «Равшан», «Қундуз билан Юлдуз», «Хушкелди», «Холдорхон», «Қиз Жибек», «Гўрўғлининг туғилиши», «Ҳасанхон», «Авазхон», «Авазнинг Фарангга сафари», «Нурали», «Хиромон» («Жаҳонгир»), «Алпомиш», «Юсуф билан Аҳмад», «Тулумбий», «Қиронхон», «Қумри», «Ошиқ Ғариб», «Вомиқ билан Узро», «Варқа билан Гулшоҳ», «Маҳтумқули» каби 30 га яқин достонларни, жуда кўп термаларни ёд билган. Булардан дастлабки 9 та достон, «Ойсулув» достонининг мазмуни, кўпгина анъанавий ва замонавий термалар, ўзидан аввал ўтган бахшилар ва достончилик санъати ҳақида маълумотлар Эргаш Жуманбулбул ўғлининг ўзидан ёзиб олинган. Эргаш Жуманбулбул ўғли халқ достонларининг барча жанрларидан намуналар билган. Достонларнинг ғоявийлиги, халқчиллиги, бадиий гўзаллиги учун курашган.
Эргаш Жуманбулбул ўғли анъанавий достон ва термаларни куйлаб келиш билан бирга ўзи ҳам баракали шкод қилган. Унинг «Таржимаи ҳол» достони, «Келдим», «Тошкент таърифида», «Қизил», «Турсуной», «Охунбобоев», «Ғози Олим», «Отажон Ҳошим», «Шоирларга раҳбар Ҳоди», «Эшон», «Асов қизлар», «Бир ҳафта хўп бўдци ёғин» каби термалари эътиборга молик.
Эргаш Жуманбулбул ўғлининг мероси кенг равишда ўрганилмоқда: шоир ҳақида китоблар нашр этилди, ҳужжатли фильм яратилди. 1972 йил майда шоир туғилган куннинг 100 йиллиги кенг нишонланди. Нурота тумани марказида унга бюст ўрнатилди. Қўрғон қишлоғида мақбараси, ҳайкали ва уй-музейи бор. Бундан ташқари, Самарқанд шаҳрида Эргаш Жуманбулбул ўғли, Ислом шоир, Пўлкан шоир ва Фозил Йўлдош ўғлига комплекс ҳайкал ўрнатилган. Нурота туманида боғ, Қўшработ туманида мактаб, Тошкент ва Самарқанд шаҳриларида кўчалар шоир номи билан аталган. (Тўра Мирзаев)