Машҳур олим, физика-математика фанлари доктори, профессор Абдумажид Пўлатов Профессор 1949 йил 4 мартда Тошкентда таваллуд топган. 1966-1971 йиллари Новосибирск давлат университети математика факультетида таҳсил олган. 1971-1979 йиллари Новосибирскдаги СССР Фанлар академияси Сибирь бўлими Математика институти илмий ходими бўлиб ишлаган.
1976 йил физика-математика фанлари номзоди, 1979-1994 йилларда Тошкент давлат университети амалий математика ва механика факультети доценти, 1980-1992 йилларда бриллиант бичиш усуллари бўйича қатор грантлар соҳиби, дастурлар раҳбари бўлган.
Сўнгра 1992 йили физика-математика фанлари доктори, 1994-2000 йилларда ТошДУ математика ва механика факультети профессори, 2000-2002 йилларда ЎзМУ компьютер технологиялари факультети профессори, 2002-2006 йилларда ЎзМУ Ўзбек филологияси факультети Компьютер лингвистикаси кафедраси мудири сифатида фаолиятини давом эттирган.
1988 йилдан буён унинг раҳбарлигида 12та номзодлик диссертацияси ҳимоя қилинган. Математика соҳасида “Пўлатов мактаби”, “Тошкент мактаби” илмий йўналиши билан танилган.
1994-1998 йилларда Халқаро информатика жамияти (Германия), 1993 йилдан Ўзбекистон математиклар жамияти аъзоси, “XXI асрнинг 2000 машҳур олими” (Кэмбриж) китобига киритилган.
У “Қавариқ кўпёқлар” (Новосибирск, 1992), “Инглиз тили” (рус тилида. Тошкент, 1998), “Дунёвий ўзбек тили” (Т.Мўминова ва И.Пўлатова билан ҳамкорликда. Тошкент, 2003), “Ҳаёт формулалари” (қўлёзма), “Инглиз тили” (ўзбек тилида, қўлёзма), “Компьютер лингвистикаси” (2 жилд, қўлёзма), “Инглизча-ўзбекча- русча луғат” китоблари ҳамда “Компьютер лингвистикаси” (С.Муҳамедова билан ҳамкорликда. Тошкент, 2007) ўқув қўлланмаси муаллифи эди.
Абдумажид Пўлатов нафақат математика соҳасида, балки инглиз тили, тилшунослик, фалсафа фанлари доктори, профессори сифатида китоблар ёзгани учун АҚШнинг “Who is who?” (“Ким аслида ким?”) китобига киритилган.