Табиат ҳодисалари

Кўк кўйлакка қўл етмас.
(Осмон)

Кўк косани тўнтардим.
(Осмон)

Кўк кўйлакка ғўза ёйдим.
(Осмоп, юлдузлар)

Оппоқ сандиқ очилди,
Оламга нур сочилди.
(Осмон, қуёш)

Узоқ тоғда ўт ёнар.
(Қуёш)

Сувда ётар — сув ичмас,
Юрганини одам билмас.
(Қуёш)

Олтин келганда, кумуш кетар,
Кумуш келганда, олтин кетар.
(Қуёш, Ой)

Бир парча патир,
Оламга татир.
(Ой)

Кеча томда бир патир кўрдим,
Эрта қарасам — йўқ.
(Ой)

Том устида бир анор,
Ҳаддинг бўлса, ушлаб ол.
(Ой)

Онаси битта.
Боласи мингта.
(Ой ва юлдузлар)

Кечаси учакка жўхори сепдим,
Азонда қарасам йитибди.
(Осмон, юлдузлар)

Милдир-милдир мунчоқ,
Эрта турсам бири йўқ.
(Осмон, юлдузлар)

Оға-ини минг ботир,
Кўм-кўк гиламда ётир.
(Осмон, юлдузлар)

Қора уйда минг чироқ,
Уйни ёритмас.
(Осмон, юлдузлар)

Кичкинадир ўзи,
Йилтир-йилтир кўзи.
(Юлдуз)

Бир отаси, бир онаси,
Неча юз минг боласи.
(Қуёш, ой, юлдузлар)

Зар гилам, зар-зар гилам,
Кўтарай десам, оғир гилам.
(Ер)

Бир палосим бор,
Ҳеч йиғолмайман.
(Ер)

Едириб, едириб, ўзи ер.
(Ер)

Қишда яхламайди,
Ёзда яхлайди.
(Шўр ер)

Ойим кўрпа берди, кўтармадим,
Дадам пул берди, санамадим.
(Ер ва юлдузлар)

Оғир гиламни қоқолмадим,
Майда тошни теролмадим.
(Ер ва юлдузлар)

Кетаверади, кетаверади,
Орқасига қарамайди.
(Сув, ариқ)

Ўйиб олдим,
Изи йўқ.
(Сув)

Қилич урдим,
Ўрни йўқ.
(Сув)

Узун терак,
Сояси йўқ.
(Сув)

Узун-узун из келар,
Узун бўйли қиз келар,
Қошгинаси қалтираб,
Кўзгинаси ялтираб.
(Сув, ариқ)

Отаси эгри-бугри,
Онаси силлиқ жувон,
Ўғли қўшиқчи,
Қизи ўйинчи.
(Ариқ, сув, бақа, балиқ)

Қозонда эмас, қайнайди,
Қишин-ёзин тинмайди.
(Булоқ)

Жонон коса, кўзи ўйнар,
Сочлари жилва-жилва.
(Булоқ)

Кўзга кўринмас,
Қўлга тутилмас.
(Ҳаво)

Оёғи йўқ, қочади,
Қаноти йўқ, учади.
(Булут)

Қора биям қалт этди,
Қовурғаси ялт этди.
(Булут, яшин)

Шип этди,
Шивирғон кетди.
(Яшин)

Узун-узун из кетди,
Узун бўйли қиз кетди.
Тоққа бориб тақ этди,
Сирғалари ярқ этди.
(Яшин)

Ёруғи бор,    
Ўзи йўқ,
Довруғи бор,    
Овози бор.
(Яшин, момақалдироқ)

Новча йигит том тешар.
(Ёмғир)

Саман отим сой ёқалаб келади.
(Сел)

Қора туям қочяпти,
Қумалоғин сочяпти.
(Булут, дўл)

Томдан тухум ирғитдим.
(Дўл)

Гилам устида оқ бодроқ.
(Дўл)

Оппоққина дастурхон,
Ер юзини қоплаган.
(Қор)

Оқ товуқ,
Катаги совуқ.
(Қор)

Оққина товуқ хирмон сочар.
(Қор)

Оқ сигир туриб кетди,
Қора сигир ётиб қолди.
(Қор, ер)

Қўлсиз, оёқсиз гул солади.
(Совуқ, дераза қирови)

Бостирдим икки товуқ,
Бири иссиқ, бири совук,
(Қиш, ёз)

Ариқдан ойна олдим.
(Муз)

Оқсоқ жўжа ер қазир.
(Томчи)

Тумшуқсиз чумчуқ муз тешар.
(Томчи)

Жингила сичқон ер қазир.
(Томчи)

Чиқ-чиқ этди,
Уйдан чиқ, деди.
(Чакка ўтиши)

Қўлим билан ушлай олмайман,
Чўнтагимга сола олмайман.
(Туман)

Игна учи ялтироқ.
(Шудрипг)

Қўлсиз, оёқсиз эшик очар.
(Шамол)

Сўрамай-нетмай эшик очар.
(Шамол)

Сувсиз чўлда този ўйнар.
(Қуюн)

Тебранади, жони йўқ.
(Зилзила)

Бундан отган қиличим,
Зангар бориб очилди.
(Тонг ёриши)

Бир палакда ўн икки хамак.
(Йил, ўн икки ой)

Бир лочин ўн икки тухум туғди.
(Йил, ўн икки ой)

Бир япроқда ўттиз келин соч тарайди.
(Ой, ўттиз кун)

Зарга сотилмас,
Зўрга топилмас.
(Вақт)

Бир туп катта терак,
Туби бир, шохи ўн икки,
Япроғи уч юз олтмиш,
Япроғининг бир томони оқ,
Иккинчи томони қора.
(Йил, ўн икки ой, кунлар, кеча, кундуз)

Отлари ҳар хил,
Ёшлари бир хил.
(Ҳафтанинг кунлари)

Чопса, чопилмас,
Кесса, кесилмас.
(Соя)

Чопса, чанги йўқ.
Йўнса, қони йўқ.
(Соя)

Эсонбой акамнинг киссасин
Эл йиғилиб тиколмас.
(Ер ёриғи)

Икки йўрға кеча-кундуз юради, чанги йўқ.
(Қуёш, ой)

Икки йўрға йироқда,
Бири кунда, бири тунда.
(Қуёш, ой)

Бир оёқ катиқ,
Оламга татиқ.
(Ой)

Керагида корсон қуйруқ,
Кеса берса адо бўлмайди.    
(Ой)

Чинни, чинни, чинни қиз,
Чин тепага чиқди қиз.
Болаларин ияртиб,
Томошага чиқди қиз.
(Ой ва юлдузлар)

Кўмса, кўмилмайди.
(Соя)

Таги тоғора,
Усти ноғора.
Юз минг чечак,
Бир гули лола.
(Ер, осмон, юлдузлар, ой)

Тоғдан келар тошдай,
Ариллаган отдай.
(Сув)

Кетар, кетар изи йўқ,
Таянмоққа тизи йўқ.
(Сув)

Отаси эгри,
Боласи чопқир йўрға.
(Ариқ, дарё)

Бор-бор отим, бор отим,
Борганингча бор отим,
Ажриқ кўрсанг тишлама,
Айғир кўрсанг кишнама.
(Сув, ариқ)

Оппоқ қушим қақиллар,
Қанотлари шақиллар.
(Шаршара)

Кўпирим динг-динг этади,
Остидан беклар ўтади.
(Сув, оқим)

Бир қушим бор ҳанги,
Боғдан чиқади чанги.
(Яшин)

Мени сўрайдилар,
Кўринсам қочадилар.
(Ёмғир)

Қоқрон ерда қўзи ўйнайди,
Тоқрон ерда този ўйнайди.
(Дўл)

Оламда тўртта нарса йўқ.
(Осмоннинг устуни, ҳовузнинг қопқоғи, кўрпанинг енги, ошпичоқнинг қини)

Ажаб бир гумбазлик уй кўрдим,
На эшиги бор, на тешиги.
(Ёмғир кўпиги)

Учиб келар ғоз каби,
Ўрин олар муз каби.
Ғижирлар сахтиён каби,
Аччиқ бўлар, туз каби.
(Қор, аёз)

Бир бўри тўққиз қулонни еб турур,
Терисин офтобга ёймай кийиб турур.
(Қиш, ёз)

Милтиқ отдим,
Зарафшон кетди.
(Муз)

Бултур кетган бўз отим
Бу йил келармикан-да,
Оёғида қирқ кишан
Кишнаб келармикан-да,
Ажриқ, қамиш кўрганда,
Тишлаб келармикан-да.
(Қор, ёмғирнинг совуқ шамол билан келиши)

Ҳаккам чўлоқ ер тешар.
(Томчи)

Чўлоқ отасига гўр қазир.
(Томчи)

Ўтмас пичоқ ер кавлар.
(Томчи)

Бир коса сут,
Оламга дуд.
(Туман)

Ёпилса, очилмайди,
Очилса, ёпилмайди,
Нусхаси топилмайди.
(Тун, кун)

Исми бор,
Жисми йўқ.
(Шамол)

Оёғи йўқ, қўли йўқ,
Йўлда туриб йўл бошлар.
(Шамол)

У ёққа ўтдим, билдингми?
Бу ёққа ўтдим, билдингми?
Оқ қуврайнинг бошини,
Чертиб ўтдим, билдингми?
(Шамол)

Қамиш боши қалтироқ,
Жилға туби жалтироқ.
(Шамол, сув)

У ёғи алан, бу ёғи алан,
Ўртаси ола тўполон.
(Чанг)

Адрасман тубида
Ола сичқон ўйнайди.
(Қуюн)

Келар-кетар, изи йўқ,
Қарагали кўзи йўқ.
(Шамол)

Бир тол ўсди то кўкка қадар,
Бу толнинг ўн икки шохи бор.
Ҳар шохида тўрттадан уя бор,
Ҳар уяда еттитадан тухум бор,
Ҳар тухумнинг ярми қорадир кўрсанг,
Ярми оппоқдир, топган бўлсанг.
(Йил, ўн икки ой, ҳафта, кун, кеча-кундуз)

Тўққиз жондорни уч жондор еган.
(Тўққиз ой ишлайсиз, уч ой ейсиз — қиш)

Бир палак,
Бир палакда
Ўн икки ҳандалак,
Бу ҳандалакнинг ўн бирини еб,
Биттасини ея олмадик.
(Йил, ўн икки ой, бир ой рўза)