Бор экан-да, йўқ экан, оч экан-да, тўқ экан, бурунги замонда чол-кампир бор экан. Дунёда фарзанд юзини кўрмай, жуда ҳам камбағал яшаган эканлар. Чол ўтин сотиб, пулига чорак ғалла олиб кун ўтказар экан. Даладан ўтин таший-таший орқаси жовур бўлиб кетибди. Шунинг учун кампири уни Жовур чол деб чақирар экан. Кунлардан бир куни Жовур чол даладан саккиз қучоқ ўтин териб, яхшилаб бўғиб боғлаб бозорга кўтариб келаётса, бир тулки инидан бошини чиқариб:
— Жовур чол, Жовур чол, мен сенинг ўғлинг бўламан, — дебди.
Жовур чол:
— Эй худоё тавба, тулки ҳам гапирар экан-да, — деб пича қўрқибди.
Тулки:
— Чол ота, қўрқманг, мен сизга фарзанд бўлмоқчиман, — дебди.
Жовур чол кўниб:
— Майли бўлмасам, юр уйга, — дебди. Тулки Жовур чолнинг олдига чопиб келиб:
— Ота-ота, ўтинингизни мен кўтарай, — дебди. Чол ҳайрон бўлиб:
«Бунча ўтинни тулки ҳолати билан қандай кўтарар экан», деб ўйлаб, ўтинни ерга қўйибди. Қараса, тулки шунча ўтинни чумчуқни кўтаргандай қилиб кўтариб кетибди, уйига келгандан кейин чол-кампир тулкини жуда яхши кўриб қолишибди. Шу кундан бошлаб тулки Жовур чол отасига ҳар куни ўтин ташиб бериб, бир ғарам қилиб қўйибди. Бир куни оқшомда тулки Жовур чолнинг қўйнидан чиқиб кетаётса, чол унга:
— Тулкича-ю, тулкича, тунда қайга борасан? — дебди.
Тулки дебди:
Момам уйига бораман.
Ч о л:
Моманг сенга не берар?
Т у л к и:
Эчки соғиб, сут берар.
Ч о л:
Эчкисининг сути йўқ,
Кадисининг теги йўқ.
Т у л к и:
Мени, ота, алдаманг,
Боргандан сўнг биламан.
Сут бўлмаса майлига,
Момамни кўриб келаман, —
деб тулки жўнаб кетибди. Томма-том чиқиб, ҳамманинг мўрисидан қараб кета берибди Ахири, подшонинг томига етиб, мўрисидан қараса, уй ичини ёруғ қилиб подшонинг қизи ухлаб ётганмиш. Тулки қизни кўриб ошиқ бўлиб қолибди. Яна томма-том сакраб Жовур чол қошига келибди. Жовур чол тулкининг орқасини силаб эркалатиб:
Кечга қолдинг, тулкичам,
Кеч келдими эчкичам? —
дебди.
Т у л к и:
Бориб эдим қидириб:
Келдим момамни кўриб,
Момам бўлибди жинни,
Қилиб берди ғилминди, —
дебди.
Чол:
Не келмадинг шунгача?
Моманг бўпма женгача?
Ё бўлдими ўйинчи,
Ғилминдидан кейинча?
Т у л к и:
Момам айтди, бор деди,
Чўпчак териб кел, деди.
Ўрдан тердим ўн қучоқ.
Қирдан тердим қирқ қучоқ.
Сойдан-чи, саккиз қучоқ.
Шуйтиб келдим кечга чоқ, —
дебди.
Тонг отибди. Тулки Жовур чолга:
— Ота-ота, менга хотин олиб беринг, — дебди.
Жовур чол:
— Ўғлим, кимнинг қизини олиб берай? — дебди.
Тулки:
— Подшо бобомнинг қизини олиб беринг, — дебди.
Жовур чол:
— Ўғлим, подшо бобонг қизини сенга берармикан, — дебди.
Тулки:
— Берса ҳам, бермаса ҳам: «Бир тулки ўғлим бор, шунга қизингизни беринг», деб бир сўранг, — дебди.
Жовур чол тулкини жуда яхши кўрар экан. Сўзи ерда қолмасин деб подшоникига бориб:
— Подшо бобо, менинг тулки ўғлимга қизингизни беринг.— дебди.
Подшонинг аччиғи келиб:
— Мен сендай қашшоқ билан қуда бўлмайман, ўғлинг тағин тулки бўлса, — деб дарров жаллодларга буюриб, чолни ўлдиртириб юборибди.
Тулки бир кун подшонинг олдига келиб:
— Отам қани? — дебди. Подшо:
— Отангни ўлдириб юбордим, — дебди. Тулки бир жойга бориб:
— Жовур чол, Жовур чол! — деб қичқираверибди. Жовур чолнинг суяклари у ёқдан, бу ёқдан шалдираб йиғилиб келиб тирилибди:
— Ҳа, ўғлим, балли, мени тирилтирдинг, — дебди Жовур чол.
Тулки яна Жовур чолни подшо олдига юборибди. Бу сафар ҳам подшо Жовур чолни: «Сендай Жовур чолга қизимни берар эмишманми, ўғлинг тағин тулки бўлса», деб ўлдиртириб юборибди. Тулки яна бир жойга бориб чақириб Жовур чолни тирилтирибди. Уч мартаба тирилтиргандан кейин, подшо тулкининг бундай кароматларини кўриб қизини тулкига берибди.
Тулки қиз ёнига киргандан кейин пўстинини ечиб қозиққа осиб қўйибди, ўзи чиройли бир йигит бўлибди. Подшонинг қизи йигитни севиб қолибди. Тулки бўлиб юрганини ёқтирмай, бир куни тулки ухлаб ётганида пўстинини ўтга ташлаб куйдирибди. Тулки уйғониб пўстинини сўрабди. Хотини: «Сизнинг тулки бўлиб юрганингизни ёқтирмадим. Чиройли ҳуснингизга пўстин ярашмайди. Шунинг учун ўтга солиб куйдирдим», дебди.
Тулки:
— Бўлмаса сен менга йўқ, мен сенга йўқ, — деб чиқиб кетибди.
Хотини орқасидан:
— Мен сизни изласам қаердан топаман? — дебди.
Тулки:
— Мени излаб сарсон бўлма, агар жуда топмоқчи бўлсанг темир чориқ кийиб, темир ҳасса таяниб излайсан. Ҳассанг игнадай, чориғинг қоғоздай бўлиб қолса, шундагина топасан, — деб жўнаб кетибди. Тулкининг хотини ҳам подшоликни тарк қилиб темир чориқ кийиб, қўлига темир ҳасса ушлаб, бошига қаландар кулоҳ кийиб, дарвишликни ихтиёр қилиб, тулкини қидириб кетибди. Тулкини излай-излай темир чориқ қоғоздай бўлибди, темир ҳасса игнадай ингичка бўлиб кетибди. Бу орада бир қанча йиллар ўтибди. Бир тоғдан бораётса, тулки кўп жўралари билан ов овлаб юрган экан, хотинини кўриб, таниб отидан тушибди. Хотини билан кўришиб, сўрашиб, хотинини ўз шаҳрига олиб борибди. Аслида тулки бир катта подшонинг ўғли экан. У ўз севгани билан қовушгач, мурод-мақсадига етибди.