Ямоқчи

Бир бор экан, бир йўқ экан, ўтган замонда Маъруф ямоқчи деган бир одам бўлган экан. У фақат ямоқчилик қилиб, аранг кун кечирар экан. Маъруф домла-имомнинг маслаҳати билан Рузвон отин деган бир тул (бева) хотинга уйланибди. Рузвон отин жуда фирибгар хотин экан. Унинг касби ром очиш, фол боқиш каби хурофий ишлар экан.
Рузвон отин эрининг ямоқчилик қилиб топган пулига қаноат қилмас экан.
Бир кун Маъруф ямоқчи бозорда кун бўйи ишсиз ўтириб, кечқурун уйига қуп-қуруқ қайтибди. Рузвон отин эрини қарғаб-қарғаб уйдан ҳайдабди.
Маъруф ямоқчи ҳам роса жонидан тўйган экан. У шаҳардан чиқиб кетибди. Карвонларга қўшилиб, уларнинг туя, отларини боқиб, қоровуллик қилиб, минг азоб-уқубатлар билан Хўтан шаҳрига етиб борибди.
Хўтанда Маъруфнинг танишларидан Али деган бир катта савдогар бор экан. У Маъруфни кўриб қолиб, уни текинга ишлатмоқчи бўлиб, ҳийла-найранг билан уйига олиб борибди.
Уни дарҳол ҳаммомга тушириб, янги кийим-бош кийдириб, катта зиёфат қилибди. Эртасига Маъруфга алоҳида дўкон очиб берибди.
Маъруфнинг қўли жуда очиқ экан. У олдига тиланиб келган гадойларга дўкондаги моллардан, пулдан бериб жўнатаверибди. Хуллас, ўша куннинг ўзидаёқ дўконнинг минг тиллалик дастмоясини шаҳардаги гадойларга, етим-есирларга бериб, тамом қилибди.
Эртасига Али Маъруфга яна минг тиллалик мол бериб, “Энди бундай қилмагин” деб жўнатибди. Маъруф хўжайиннинг гапига кирмай, дўкондаги молларни тиланиб келган гадойларга яна бериб тамомлабди. Маъруфнинг овозаси Хўтан подшосига етибди. Подшоҳ уни чақиртирибди. Маъруфнинг келишига дастурхонлар ёзилиб, ранг-баранг таомлар ҳозир қилинибди. Овқатдан сўнг подшоҳ Маъруф ямоқчидан қайси шаҳардан келганини, касби-кори нима эканини сўрабди.
Маъруф катта савдогар эканини айтибди. Подшоҳ уни синаш учун қўлидаги узугини чиқариб, кўзи қандай тошдан экани ва нархи қанча эканини сўрабди.
Маъруф узукни тиши билан синаб кўраман деб, синдириб қўйибди. Сўнгра подшоҳга:
— Шоҳим, бу ярамас тош экан, минг тиллага арзимайди. Менда юз минг тиллага арзийдиган асл тошлар бор,— дебди. Подшоҳ узукни минг тиллага олган экан.
Подшоҳ вазир билан маслаҳатлашиб, ямоқчи таъриф қилган юз минг тиллали қимматбаҳо тошларни олиш учун қизи Жаҳонорони Маъруфга бермоқчи бўлибди.
Вазирлар Маъруфдан подшоҳнинг ягона қизи Жаҳонорони хотин қилиб олишини илтимос қилибдилар. Маъруф “Менинг молларим, туяларим йўлда, улар келгандан кейин тўй қилсак, қандай бўлар экан” деса ҳам кўнмабдилар. Қирқ кеча-ю қирқ кундуз тўй-томоша қилиб, Маъруфга Жаҳонорони олиб берибдилар.
Маъруф Жаҳоноро билан уч ой турмуш кечирибди. Сўнгра “Йўлда келаётган моллардан хабар олиб келаман” деб, Хўтан шаҳридан чиқиб кетибди, шу билан бошини ўлимдан сақлаб қолмоқчи бўлибди.
Маъруф ямоқчи Хўтандан чиқиб, анча йўл юрибди. Йўлда кетаётганида қараса, деҳқонлар ер ҳайдаётган экан.
Маъруф йўл юравериб, жуда чарчабди, очликдан қийналибди, бир деҳқондан нон билан қатиқ сўрабди. Деҳқон: “Ўғлим, менинг уйим ҳов анави тепаликда, сен ҳўкизларимга қараб тургин, мен бориб нон билан қатиқ олиб келаман” деб уйига жўнабди. Маъруф бироз дам олиб, “Деҳқон келгунча ерни ҳайдаб турай” деб, ер ҳайдай бошлабди. Бир вақт қараса омоч тиши бир нарсага қадалибди. Маъруф шунча ҳаракат қилса ҳам, ҳўкизлар юролмасдан тўхтаб қолибди. Маъруф ўзича: “Энди мени худо урди, пешонам шўр экан. Деҳқон келса нима деб жавоб бераман” деб қайғуриб, омоч тишини чиқазиб олишга уннабди. Лекин омоч тиши бир мармар тошга тақалиб қолганидан сира силжимабди.
Маъруф тупроқни кавлаб, тошни олиб ташламоқчи бўлибди. Ахири тошни базўр кўтариб, бир четга ирғитибди. Қараса, тошнинг тагида бир зинапоя бор экан.
Маъруф ўз бахтини синаб кўрмоқчи бўлиб, кўзини чирт юмиб, зинапоя билан чуқурга тушаверибди. Қадами ерга текканда кўзини очибди. Қараса, ҳамма ёқ кундуздек ёп-ёруғ эмиш. Лекин у ерда на чироқ бор эмиш, на шам. Маъруф ҳайрон бўлиб, бунинг сирини билолмабди, аммо эшик қуббаларига ўрнатилган гавҳарларни кўриб, ёруғлик шулардан эканини билибди.
Маъруф бу жойда қирқ уй кўрибди. Уларнинг эшиклари қимматбаҳо ёғочлардан ясалган бўлиб, эшикларига оппоқ пардалар тортилган эмиш. Шу уйларнинг бирига кирса, қатор-қатор сандиқлар турган эмиш. Ҳар қайси сандиқнинг калити бурнида эмиш.
Маъруф дарҳол бир сандиқни очиб қараса, ичи олтин-лал каби қимматбаҳо нарсалар билан лиқ тўла эмиш. Охирги уйга кирибди. Бу уй ҳаммасидан катта бўлиб, жудаям яхши безатилган эмиш. Аммо бу уйда сандиқ, олтин йўқ эмиш. Уйнинг тўрида тахт бўлиб, у энг қимматбаҳо тошлар билан безатилган эмиш. Тахт устидаги бир олтин сандиқча ичида зумрад кўзли кумуш узук порлаб турган эмиш.
Маъруф узукни олиб, бармоғига тақибди. Унинг кўзини синчиклаб кўрмоқчи бўлиб, қўли билан силаган экан, бирданига қаттиқ гулдураган товуш эшитилибди. Маъруф қўрқиб, ҳушидан кетаёзибди.
Қайси кўзи билан кўрсин, иккита биллур шохли катта бир дев унинг олдида таъзим қилиб турган эмиш. Дев Маъруфга қараб:
— Эй Саид, нима хизмат буюрасиз, тоғларни дарёга урайми ё шаҳарларни сувга ғарқ қилайми? — деб икки букилибди.
Маъруф қўрқа-писа ундан:
— Сен ўзинг кимсан? — деб сўрабди. Дев:
— Эй Саид,— дебди, — мени Раъдиқосиф дейдилар. Кўҳиқофдаги девларнинг подшоси бўламан. Етти юз минг лашкарим бор. Кимки шу узукни қўлига олса, мен унинг хизматкори бўламан. Хоҳласа бир шаҳарни кўчириб, дарёга ташлайман, хоҳласа бир лаҳзада чўлларда шаҳарлар барпо қиламан, — деб яна икки букилиб таъзим қилибди.
Маъруф эс-ҳушини йиғиб туриб, девга бундай дебди:
— Дарҳол тўққиз юз энг яхши от, тўққиз юз энг яхши нор туя ҳозирлаб, шу ердаги олтин ва қимматбаҳо тошларни ортиб, ташқарига шоҳона чодир тикасан. Ўн мингта жангчи полвонларни ҳозир қиласан, дунёда ҳеч ким киймаган шоҳона кийим-бошлар, қимматбаҳо тошлардан қилинган яроқлар тайёр қилиб қўясан!
Раъдиқосиф икки қўлини кўксига қўйиб, таъзим қилибди ва “Буйруғингизни дарров бажо келтираман” деб кўздан ғойиб бўлибди. Маъруф ташқарига чиқса, Раъдиқосиф ҳамма нарсани ҳозирлаб, Маъруфни кутиб турган эмиш. Маъруф дарҳол қимматбаҳо уст-бошларни кийиб, Раъдиқосиф тайёрлаган тахт устига чиқиб ўтирибди. Унинг атрофида одам суратига кирган девлар, Раъдиқосиф олиб келган кишилар, чиройли қизлар қўл қовуштириб, фармонга ҳозир бўлиб турган эмишлар.
Энди сўзни деҳқондан эшитинг.
Деҳқон бир кувача қатиқ билан тўртта қотган нон олиб келар экан, узоқдан ўз ерига қурилган чодирлар ва ажойиб отларни кўриб, эсини йўқотаёзибди. Маъруфнинг амри билан деҳқонни ичкарига олиб кирибдилар. Деҳқон Маъруфни подшоҳ деб ўйлаб, унга таъзим қилибди, қуруқ келгани учун кечирим сўрабди.
Маъруф ўрнидан туриб, деҳқонни қучоғига олибди.
— Отажон, сизнинг бу олиб келган нон билан қатиғингиз менга етти иқлим подшоҳлигидан ҳам ортиқ. Тиланг тилагингизни! — дебди.
Деҳқон Маъруфга таъзим қилиб, дебди:
— Подшоҳим, мен бу ерни экиш учун бир бойдан ижарага олганман. Бой мени кўп хўрлайди. Менга турли-туман жабр-зулмлар қилади. Олган ҳосилимдан тўққиз ҳиссасини бой тортиб олади, ўзимга атиги бир ҳисса қолади. Йил бўйи бола-чақам билан ишлайман, охири оч-яланғоч қоламиз. Тилагим шуки, сиз ўша золим бойнинг жазосини берсангиз, токи мен ҳам рўёбга чиқсам.
Маъруф дарҳол узук кўзига қўл тегизибди. Шу онда ҳозир бўлган Раъдиқосиф таъзимни бажо келтириб, ер ўпиб хизматга тайёр турибди.
Маъруф девга шу ер эгасини олиб келишни буюрибди.
Бой Маъруфни подшоҳ деб ўйлабди. Маъруф судхўр бойга қараб:
— Лаънати, сен нега деҳқонларни эзасан?— деб хитоб қилибди.
Бой эсанкираб, Маъруфнинг сўроғига жавоб беролмабди. Маъруф девларга буюриб, бойнинг бошини танасидан жудо қилдирибди. Ерни деҳқонга умрбод васиқа қилиб берибди.
Сўнгра деҳқонга қараб бундай дебди:
— Отажон, энди ер ўзингизники бўлди. Сизга ҳеч ким зуғум қилолмайди. Мен сизга ўн сандиқ тилла ҳам бераман. Сиз шу судхўр бойга ўхшаб, бошқа камбағал деҳқонларни эзмасдан, тиллаларни бошқа камбағал деҳқонларга ҳам бўлиб беринг, ўзингиз ҳам баҳузур харжлаб юраверинг.
Шу билан Маъруф деҳқонга ўн сандиқ тилла берибди.
Энди сўзни Хўтан подшосидан эшитинг.
Маъруфнинг қочиб кетганини Хўтан подшоси билиб қолибди.
Подшоҳ дарҳол Маъруф орқасидан чопарлар юбориб, уни қаерда топсалар ҳам боғлаб, кишанлаб олиб келишга буюрибди.
Подшоҳ қасамёд қилиб: “У нобакорни шундай азоб бериб ўлдирайки, бу воқеа бошқаларга катта ибрат бўлсин, бундан кейин ҳеч ким мени алдаёлмасин!” дебди.
Хўтан подшосининг чопарлари от қўйиб, Маъруфни излаб кетибдилар. Улар бу ердаги шоҳона чодирларни кўриб, ҳайрон қолибдилар, чунки умрларида бундай қимматбаҳо чодирларни асло кўрмаган эканлар. Чопарлар отдан тушиб, рухсат сўраб, чодир ичига кирибдилар, Маъруфга таъзим қилибдилар. Маъруф уларга қараб:
— Хуш келибсиз, Хўтан шоҳининг чопарлари! Хўш, нима хизмат билан келдингиз? — дебди. Чопарлар ер ўпиб:
— Э шаҳаншоҳ, жанобингизнинг қайноталари йўлга чиқиб сизни кутиб олиш учун юбордилар,— деб икки букилиб таъзим қилишибди.
Маъруф ўша онда хазиначини чақириб: “Ҳар бир чопарга минг тилладан пул берилсин” деб буюрибди. Чопарлар олтинни олиб, Маъруфга қуллуқ қилибдилар, сўнгра подшоҳга хабар бериш учун жўнаб кетибдилар.
Чопарлар орқасидан Маъруф ҳам ўзига қарашли одамларни ясантириб, чиройли отларга миндириб, дунё-дунё олтинлар, қимматбаҳо тошлар, лаъл-гавҳарларни нор туяларга юклаб, Хўтан шаҳрига равона бўлибди.
Чопарлар тезлик билан подшоҳ ҳузурига бориб, Маъруфнинг давлатини, шон-шавкатини подшоҳга шундай таъриф-тавсиф қилибдиларки, Хўтан подшосининг оғзи очилиб қолибди. Чопарлар эртаси эрта билан Маъруфнинг шаҳарга келишини подшоҳга маълум қилибдилар.
Эртасига чошгоҳ пайтида шаҳарнинг кунчиқар томонида чанг пайдо бўлибди. Орадан сал фурсат ўтмай, яхши отларга минган чиройли йигит-қизлар, Рустамдек полвонлар, юк ортилган нор туялар яқинлашиб келаверибдилар. Буларнинг олдида қанчадан-қанча соқчи аскарлар билан бирга шоҳона кийинган Маъруф асъасаи-дабдаба билан келмоқда экан.
Маъруф шаҳарга жар солдириб, ғариб-фақирларни ўз ёнига чақирибди, уларга қанчадан-қанча мол-дунё бериб, хурсанд қилибди.