Бор экан-да йўқ экан, оч экан-да тўқ экан. Қадим замонда, Миср деган томонда бир подшо бўлгап экан. У подшонинг битта-ю битта ўғли бор экан. У ўн етти ёшга кирганида отаси ўлиб, ўрнига подшо бўлибди. Вазир-вузаролар ҳаммаси йиғилиб, подшоваччага:
— Эй улуғ шоҳ! Сиз, энди балоғатга етдингиз, уйланишингиз зарур, — дейишибди. Подшовачча уларга:
— Хайр майли, уйлансам уйланай. Менга шундай хотин топингларки, қайсики, ун эласа кети қимирламасин, — дебди.
Вазир-вузаролари, чор тарафга одам қўйиб, ҳамма қизларни текшира бошлашибди. Синалмаган биронта қиз қолмабдики, лекин у айтган қиз тоиилмабди. Подшоваччага:
— Ҳамма қизларга ун элатиб кўрилди. Бироқ сиз айтган қиз ҳеч қаердан топилмади, — деб хабар беришибди. Подшовачча:
— Яна бир марта, яхшироқ текшириб кўринглар, — дебди.
Вазир-вузаролар кўп кампирларни ёллаб ҳар томонга жўнатишибди. Шаҳарнинг чет бир маҳалласида ямоқчи уста бўлиб, унинг ўн тўрт ёшли қизи бор экаи. Ҳалиги ёлланган кампирлардан биттаси қиз ахтариб юриб, апа шу ямоқчининг эшигига кириб қолибди. Чой-пой қилишиб, гапиришиб ўтириб кампир қизга:
— Эй чиройли қиз! Сенинг бахтинг очилиб турибди. Қани, бир ун элаб кўр-чи, агар ун элаганингда кетинг қимирламаса, подшоваччамиз сени қирқ кеча-ю қирқ купдуз тўй бериб, хотинликка олади, — дебди. Қиз унга:
— Менинг ҳам, ундай аҳмоқ подшоваччага тега қолай, деб кўзим учаётгани йўқ, — дебди. Кампир:
— Ҳай, подшоваччага тегмасанг, қандай одамга тегасан? — дебди. Қиз унга:
— Мен, овқат еганда мўйлови қимирламайдиган йигитга тегаман, — дебди.
Кампир, қиздан бу жавобни эшитиб подшоваччага хабар қилибди.
Подшовачча бу хабарни эшитиб жуда хурсанд бўлибди:
— Мен ана шундай, менинг гапларимга жавоб топиб берадиган эслироқ қиз истаган эдим. Менинг истагим ана шу қиз экан, — дебди. Яна ўзича: «Эси-ку жойида экан, чиройи ҳам бормикин, бир кўриш керак», деган фикрга келибди. Ҳалиги кампирни чақириб: — Уни қандай қилиб кўриш мумкин? — деган экан, кампир:
— Битта товоққа ҳолва тўлатиб, ҳолвафуруш бўлиб, қизнинг эшиги тагидан, «ҳолва кетдиё», деб ўтасан. Қиз, ҳолва олиш учун югуриб чиқади. Ана шунда кўрасан, — дебди.
Подшовачча кампирнинг айтганини қилиб, битта патнисга ҳолва тузаб, қизнинг эшигининг тагидан «ҳолва кетдиё», деб ўтиб кетаётган экан, қиз югуриб кўчага чиқиб:
— Ҳолва неча пул? — дебди. Подшовачча унга:
— Ҳолва пулга сотилмайди, — дебди. Қиз:
— Нимага сотилади? — деган экан. Подшовачча:
— Бир ўпич берсангиз, товоқ-повоғи билан бераман, — дебди. Қиз ҳали ёш экан. Яхши-ёмон гапни ҳали ажратмас экан. Ўпични бериб, бир товоқ ҳолвани олиб уйига қочибди. Подшовачча эртаси куни карнай-сурнайлар билан, қанча амалдору лашкарбошилари билан, олдинги сафда от ўйнатиб қизнинг эшиги олдидан ўтибди. Қиз карнай-сурнай овозини эшитиб, кўчага югуриб чиқибди. Буни кўрган подшовачча:
— Эй, бир товоқ ҳолвага ўпич берган қиз, — дебди. Қиз буни эшитиб, ура солиб уйига қочибди. Роса уялибди, охири отасига:
— Эй отажоним, менга бир пўстин тикиб беринг. У пўстиннинг ҳар бир тукига биттадан қўнғироқ тақилган бўлсин, — дебди.
Ямоқчи, қизининг айтганларидан ҳам зиёдароқ қилиб, пўстин тикиб, ҳар бир тукига биттадан қўнғироқ тақтирибди.
Қиз уни қўлига олиб, подшонинг саройига жўнабди. Ярим кечада, пўстинни тескари қилиб, кийиб, секин-секин подшовачча ухлаётган уйга кирибди. Ҳалиги қўнғироқларни жаранглатганича, югуриб бориб, шаҳзоданинг устига миниб олибди. Подшовачча, уйқу аралаш қўрқиб кетиб: «Субҳонолло, субҳонолло» дермиш. У зўрға эс-ҳушини йиғиб олиб:
— Сен кимсан? — деган экан, қиз:
— Мен Азроилман, жонингни олгани келдим, — дебди. Подшовачча қўрқиб кетиб, ялинишга тушибди:
— Эй Азроил ҳазратлари, менинг жонимни олманг. Жонимнинг эвазига, нима десангиз шуни берай, нимл десангиз шуни қилай! Ўн гулимдан бир гулим очилмаган йигитман! — дебди. Шу вақт қиз:
— Хайр, майли, бунчалик экан, бунинг битта-ю битта иложи бор. Агар, жон-дилинг билан шу ишни қилсанг, яна эллик йил умр кўрасан, — дебди. Подшовачча:
— Майли, нима десангиз ҳам жон-дилим билап қиламан, — дебди.
«Азроил» унга:
— Тўпиғимни ўп! Ўшанда яна эллик йил умр кўрасан, — дебди.
Подшовачча «Азроил»нинг тўпиғини ўпибди. «Азроил» эса шу заҳоти кўздан ғойиб бўлибди.
Подшовачча эртасига вазир-вузаролари ва лашкар бошилари билан карнай-сурнайларни чалдириб ўйин-кулги қилиб сафнинг олдида от ўйнатиб ўтиб кетаётган экан, қиз югуриб кўчага чиқибди. Уни кўриб подшовачча:
— Эй, бир товоқ ҳолвага ўпич берган қиз, — дебди. Қиз бўлса:
— Эй Азроилнинг тўпиғини ўпган йигит, — деб бақирибди.
Подшо, буни эшитиб, ер ёрилмабди-ю, ерга кириб кетмабди. Қизга эшиттириб:
— Ҳап сени, қараб тур! Бир қошиқ қонингни ичмасам; отамнинг ўғлимасман, — дебди.
Шу куниёқ совчи келиб: «Эртага тўй» деб тайинлаб кетибди. Қиз, қовоқдан одам ясаттирибди. У қовоқнинг ичини шинни билан тўлғиздирибди. Тўй ҳам бўлиб ўтибди. Янгалар қизни ёлғиз қолдириб чиқиб кетншибди. Янгалар чиқиб кетиши билан қиз ўрнига ҳалиги шинни тўлдирилган қовоқни қўйиб, ўзи токчага чиқиб, беркиниб ўтирибди. Куёв кириб:
— Ҳа, мана энди сенинг қонингни ичадиган кун келди, — деб, қиличини ялангочлаб, қовоқни чопиб ташлабди. Шиннилар тўкилиб кетибди. Подшо ёнидан қошиғини чиқариб, «Қизнинг қони»дан бир қошиқ ичибди. Қараса, жуда ширин экан.
— Эҳ, сенинг қонинг шунчалик ширин экан, ўзинг қандай эдинг-а? — дебди. Шу заҳоти қиз, токчадан ирғиб тушиб:
— Ўзим, мана шундайман, — деб қўлларини икки ёққа керибди. Шундай қилиб қиз подшоваччани енгган экан ва мурод-мақсадига етган экан.